Ясама атамалар

Яқинда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг номи Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси деб ўзгартирилди ва тўғри қилинди. Нуфузли ташкилотнинг номидаги “ижодий” сўзи мазкур атамага юзга чиққан сўгалдай ортиқчалик қилиб турганди. Чунки “журналист” сўзининг тагзамирида ижодкор маъноси ҳам мужассамлиги икки ўн беш бир ўттиздек аён ҳақиқатдир. Бошқача айтганда, “журналист” ва “ижод” сўзларининг маънолари бир-бирига яқин синоним сўзлар десак, асло хато қилмаймиз.

Президентимизнинг профессионал байрамимиз арафасида имзо чеккан “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг 7-бандида бу “Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси олий органи қарори билан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси деб қайта номлангани маълумот учун қабул қилинсин”, дея муҳрлаб қўйилди.

Худди шу ерда ўзимизнинг баъзи бир мулоҳазаларимизни айтишни жоиз деб билдик. Узоқ эмас яқин ўтмишда уюшмамиз юқорида номи зикр этилган қарорда кўрсатилгандек, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси деб аталарди. Кимларнингдир “билимдонлиги” туфайли рисоладагидек атама тупиклаб ёпиштирилган “ижодий” сўзи билан тўлдирилди. Бундай ҳол атамашунослигимизда ягона ҳодиса эмас. Келинг, мисолларга мурожаат қилайлик. “Халқ таълими бўлими” атамаси (шаҳар ва туманлардаги) узундан-узоқ, айтганда нафасинг қайтиб кетадиган, ёзганда ҳам анча жойни эгаллайдиган (қоғозни ҳам тежаш керак), унча-мунча одамнинг хотирасида турмайдиган “халқ таълими бўлимини методик таъминлаш ва ташкил этиш” бўлими атамаси билан алмаштирилди. Оддийгина, ҳамма тушунадиган ном ўрнини ғализ бир атама эгаллади. Бу каби атамаларни ўзгартириш учун давлат буюджетидан қанча маблағ сарфланганини ҳисоблаб кўрсангиз, лабингизга учуқ чиқиб кетади.

— Ўша пайтлари Гулистон шаҳар халқ таълими бўлими мудири лавозимида фаолият олиб борардим, — дейди Раъно Абдужалилова. – Бўлимимиз номи ўзгариши билан муҳрларимиз ва штампларимиз (улар 7 та эди), пешлавҳаларимиз ҳам ўзгарди. Энг катта қийинчилик умумтаълим мактаблари гарданига тушди. Улар ҳам муҳрлари, пешлавҳалари, ички ҳужжатларини тўлиқ ўзгартиришди. Республикамизда 10 мингдан зиёд мактабнинг бошига шундай ташвиш тушди. Уларни пулга чақадиган бўлсак, миллион-миллион сўм маблағ бўлади. 2011-2014 йиллар миёнасида ана шундай узун ном билан юрдик. Ҳақиқат қарор топиб аввалги содда, ҳамманинг қулоғига сингиб кетган “ХАЛҚ ТАЪЛИМИ БЎЛИМИ” деган атамага қайтдик.

Эски атамага қайтилгани адолатдан бўлган. Бироқ бу юмушни яна амалга ошириш учун давлат бюджетидан кетган яна бир неча юз миллион (балки миллиард)лаб сўм маблағнинг жойини ким тўлдиради? Ўзини ақлли деб билган бир раҳбарнинг хоҳиши билан атамалар ўзгараверса, мамлакатимизда ривожланиш бўладими?! Халқнинг пулини елга совирган бу кимсалар жазо олмайдими? Ҳукумат ва Атамашунослик қўмитаси бу масалада қачон ўз сўзини айтади?

2021 йил ўғлим ва келиним Ўзбекистон бадиий ижодкорлар уюшмасига қабул қилинди. Гувоҳномадаги шу атамани ўқиб энсам қотди. “Бадиий ижод” кенг қамровли тушунча. Журналистдан тортиб, ёзувчигача, актёрдан тортиб, шоиргача, режиссёрдан тортиб, рассомгача бари бадиий ижод билан шуғулланади. Илгарилари бу атама оддийгина, боз устига, аниқ-тиниқ “Ўзбекистон рассомлар уюшмаси” деб юритиларди. Янги номнинг ниҳоятда мавҳумлиги уюшма аъзоларининг ҳам ҳафсаласини пир қилган бўлса, не ажаб!

Ўтган йили “Ишонч” газетасига “Атама ўзгариши қанчага тушмоқда?” сарлавҳали кафтдеккина мулоҳазали мақола ёзган эдик. (“Ишонч”, 2021 йил 27 февраль (№27) сони) Унда иккита атаманинг нотўғри (бизнингча) ўзгартирилганига муносабат билдиргандик. Шулардан биринчиси “болалар ва ўсмирлар спорт мактаби” атамасининг “болалар-ўсмирлар спорт мактаби” дея ўзгартирилишидир. Тил қонунларига назар ташлайдиган бўлсак, “ва” боғловчиси дефис билан бир хил кучга эга экан. Яъни синонимик хусусият касб этаркан. Хўш, нега унда нотўғри ўзгаришдан давлатимиз бюджети миллионлаб сўм зарар кўриши керак?! Ўзингизга маълум: республикамиз шаҳар ва туманларида камида биттадан, айрим аҳолиси ва ҳудуди катта регионларда эса икки-учтадан БЎСМ (болалар-ўсмирлар спорт мактаби) фаолият юритади. Мазкур мактаб­ларнинг муҳри, штампи, пешлавҳалари, ички ҳужжатларини алмаштиршга кетган маблағни ҳисоблаб чиқадиган бўлсак, каттагина рақам келиб чиқади.

Яна бир мисол: шу пайтгача болалар боғчалари мактабгача таълим муассасаси деб юритилар эди. 2020 йилдан бу атама мактабгача таълим ташкилоти деб ўзгартирилди. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “муассаса” сўзига шундай изоҳ берилади: “Хўжалик, савдо-сотиқ ва шу кабиларнинг бирор соҳасини бошқарувчи ёки илмий, таълим-тарбия ишларини олиб борувчи, белгили штат ва маъмуриятга эга бўлган ташкилот” (қаранг: “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, “Ўзбекистон” нашриёти, 5 жилдлик, 2-жилд, 622-623-бетлар). Шу ўринда ҳақли савол туғилади: халқимиз нутқига сингиб кетган   мактабгача таълим муассасаси атамаси нега “мактабгача таълим ташкилоти”га айлантирилди. Бу атамалар орасида катта фарқ борми? Яна изоҳли луғатга мурожаат қиламиз. “Ташкилот – аниқ таркиб ва вазифасига, иш дастурига эга бўлган ижтимоий, хўжалик бирлашмаси ёки давлат муассасаси” (қаранг: ўша китоб, 4-жилд, 22-бет) Бундай олиб қараганда бу икки атаманинг орасида Хитой девори йўқ.

Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, мамлакатимизда атамашунослик масалалари мақтанадиган даражада йўлга қўйилмаган. Истеъмолдаги атамаларни синчиклаб кўздан кечирсак, бу каби тишга тегадиган ғализликлар исталганча топилади. Аслида, атамаларни ўзгартириш шу соҳанинг етук вакиллари билан маслаҳатлашилган ҳолда республика Атамашунослик қўмитасининг (агар шундай ташкилот ҳозир ҳам фаолият юритаётган бўлса?!) “фотиҳа”си билан муомалага киритилиши керак эмасми?! Зеро, бу жабҳада асло ўзибўларчиликка йўл қўйиб бўлмайди. Инчунун, бу юмуш давлат аҳамиятига молик масаладир.

Муҳаммадали АҲМАД,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve − 2 =