Порахўрнинг қабри қаерда?

Мурда кирпини шошиб олди, қалтираган қўллари билан оғзига элтиб, кўпдан бери пора ўтмай битиб кетган томоғини очиш, каттароқ очиш учун кирпини тескари ютди.

Абдулла ҚАҲҲОР

 

У қазо қилганида тобутни кўтаришга одам топилмади. Аслида у нуфузли идораларда ишлаган номдор амалдорлардан бири эди. Қайси жойда, қайси лавозимда ишламасин фақат унинг наҳангдай нафси ором олмади. У кўрган ва ушлаган нарсасини ямламай ютишни яхши кўрарди. Жуда бўлмай кетса, бир чимдим татиб, таъмини тезроқ билгиси келарди.   Бир чимдимни у бир кафт, деб тушунар эди. Унинг сеҳрли кафтлари катта ва чуқур бўлиб, анча-мунча нарса сиғар эди. Баъзида кафтлари орасида юк ортилган “КаМАЗ” йўқолиб кетарди. Баъзан иштаҳаси хумор қилганда юк вагонини “лўқ” этиб, ютиб юборарди.

У кимсан, порахўр ва таъмагирларнинг машҳур устози Ҳойбос Ҳойбосовичнинг раҳнамолигида азамат ва чаққон еб тўймас ва устаси фаранг тамагир бўлиб танилди. Устозидан ўтишга кўп бора интилди-ю, лекин ўтирган амал курсиси андак торлик қилди.

У ишдан келиши билан ҳар куни садоқатли хотини ялаб-юлқаб кутиб оларди. У божхонанинг хизмат итига ўхшаб, эрини бошдан оёқ ҳидлаб кўрарди. Қайси чўнтагида пул борлигини дарров сезарди ва шу заҳотиёқ юмшоқ бармоқлари билан суғуриб оларди.

У эркалаб хотинининг юзидан ўпар экан, ҳар сафар: “анавуларга қўшиб қўйгин”, деб аста шивирлар эди…

Ана шундай “олди-берди”лар қизғин кечаётган жараёнда машҳур ва таниқли пора устаси кутилмаганда (ўлим кутилмаганда келар) оламдан ўтди. Ишхонасига келган текширувчилар каттагина камомадни қайд этгач, иш ҳуқуқ идораларига оширилди. У ёққа қатнаб юрган кунларида буни қарангки, у сирли равишда оламдан ўтди. Кечки пайт ювиниш учун ваннага кирди-ю…

Жанозада тўрт-бешта қариндошлари, қуда-андалари, олди-берди қилиб юрадиган танишлари тобутни амаллаб, дафн машинасигача етказишди. Машина мурдани уйидан унча узоқ бўлмаган қаб­ристонга бир зумда етказди. Пешин намозидан чиққанлар ҳам жаноза сафига қўшилдилар. Жаноза қисқа бўлди. Мурда ҳақида ҳеч нарса дейилмади.

Уни қабристоннинг бир четида қамиш босган жойда қазилган кўримсиз қабрга қўйишди.

Унинг бевақт ўлимини эшитган таниш-билишлари ичларида: “Худо раҳмат қилсину, лекин жуда очкўз эди-да”, дейишди.

У билан ишлаб, пора бериш азобини роса тортганлар: “Худо бор экан, жазосини берди”, – деб шивирлашди.

Ундан кўп марта озор чекканлар, олди-бердидан қийналганлар эшитилар-эшитилмас: “Илоё, гўрингда тўнғиз қўпсин. Сендайларга ер остида жой йўқ”, – деб дуоибад қилдилар.

Айниқса, порахўрни яқиндан билган маънавият, маърифат, маданият ва санъат соҳасидагилар, пора ташийвериб оёқ-қўллари қаварганлар, доимий олди-берди қилиб ҳолдан тойганлар, андак эркин нафас олиб, бир ашаддий порахўрни ер юзидан батамом йўқотгани учун Яратганга қайта-қайта шукрлар қилишди.

Бутун умри давомида ҳаловат нималигини билмай бойлик, очкўзлик ва порахўрлик билан яшаб ўтган ғаламис банданинг ўлимидан унинг пулпараст хотини оғир қайғуга ботди. Сўнгги пайтларда пора йўли билан олган пуллари қаерда, қайси ковакка тиқиб қўйган бўлиши мумкин? Бир гал ўмарган порасини бир ковакка бекитганида, салкам уч миллион пулни сичқон ғажиб, қийқим қилиб ташлаган экан. Эссизгина пул! Илоё, тишларинг қопқонни темирида қолиб, синиб тушсин!..

Хотин шўрлик пулни ўйлайвериб, эрининг тобутини кўтариб кетишганидан бехабар қолди. Ёлчитиб йиғлай олмади.

Эртаси куни олис қишлоқдан жанозага кеч келган марҳумнинг укаси, эрталаб поезддан тушиб, пушта бошига борса, қабр очилган ва текислаб қўйилган эмиш. Борганлар ҳайрон: жасадни ким ковлади, нега ковлади, қаерга олиб кетди? Ўлик қани?!.

Қабр устида ёзилган бир парча хат бор эди:

“Қанча-қанча одамларни азоблаб, қийнаган, қон-қақшатган бундай ашаддий порахўрга ер остида ҳам жой йўқ. Бу тупроқ остида ётган азизларнинг руҳларини безовта қилманг! У қилмишига яраша жазо олди!..”

Во дариғ, бу қандайин қисмат бўлди? Порахўрнинг қабри қаерда? Ҳеч ким буни билмас эди.

Ашурали ЖЎРАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 5 =