Афсонавий дарвеш (Вамбери)

Бундан   30   йиллар муқаддам венгриялик киночилар   Хива шаҳрида бадиий   фильм суратга олишди. Оммавий саҳналарда маҳаллий аҳоли   ҳам иштирок этди.   Шаҳарнинг ўзи фильм   учун тайёр декорация   вазифасини бажарди.

Кейин бу фильмни   кўрдим. У машҳур венгр   олими, ғарбда “Оқсоқ   дарвеш” номи билан танилган Вамбери ҳақида эди.

 

Энциклопедия маълумотлари:

“Арминий ВАМБЕРИ   (1832—1913) венгриялик   туркшунос олим,   этнограф, сайёҳ, Венгрия Фанлар   Академиясининг мухбир аъзоси, профессор. 20 га яқин   тилларни ўрганган. Чиғотой, уйғур, турк—татар, фин—угор тиллари   лексикасига оид асарлар   ёзган.

1863 йили   дарвеш ниқоби остида   Хива ва Бухоро, Шимолий Афғонистонда бўлган. Унинг   “Ўрта Осиёга саёҳат” китоби барча европа     тилларига таржима қилинган.”

Бу илмий нашрларда   берилган маълумотлар.

Шунинг ўзи Вамберини   Марказий Осиё ҳақида   Ғарб мамлакатлари учун   мукаммал маълумот билан   таништирган олим эканидан   дарак беради.

Тарихдан маълумки, венгрлар бир вақтлар Волга бўйида   яшаб, халқларнинг ялпи   кўчиши оқибатида ҳозирги   жойга — Венгрияга бориб ўрнашиб   қолишган. Вамбери айнан шу   масала юзасидан, яъни, венгрларнинг аждоди қаердан эканлиги   устида жиддий ўйланади. Шарқ мамлакатлари, хусусан,   Марказий Осиё унинг   диққатини жалб қилади.

Ўзи ногирон, оқсоқ бўлишига   қарамай, ниҳоятда   машаққатли ва хавфли   сафарга отланади.

У Истамбул шаҳрига   етиб келганча йўл-йўлакай   турк тилининг Истамбул   шевасини мукаммал ўрганиб   олади. Ислом дини   амалларини тўла ўзлаштириб, Ҳаж сафарига кетаётган гуруҳ билан   Макка ва Мадинада   бўлади. Кейин Теҳрон шаҳрига   келади. Сафар давомида араб   ва форс тилларини   ўрганади.

Олдинда Дашти намак, Қорақум ва Қизилқум саҳролари, уларнинг ортида   эса афсонавий Хоразм ва   Бухоро уни ўзига   тортарди.

Бу ниҳоятда қалтис   сафар эди. Бухоро ва   Хивага қадам қўйган   европаликларнинг боши кесиларди.   Уларга айғоқчи, жосус сифатида   шубҳа билан қараларди.

Вамбери Ҳаж сафаридан   қайтаётган дарвеш қиёфасида   туялар карвони кетидан   пиёда Хива сари   йўл олади!

Йўл давомида сайёҳ   қанча ташвишларни бош­дан   кечирмайди, дейсиз! Бир гал кечаси, саҳрода уйқусираб, ўз она   тилида гапириб юборади. Ҳамроҳи — афғон уни   кофир деб сирни   фош қилади. Вамбери   диний амалларни мукаммал   бажо келтиргани сабабли   ўлимдан қолади. Кейинги   гал карвонбоши   синчиклаб кузатиб,   уни “ажнабий” эканлигини   сезиб қолади ва   жазо сифатида ёлғиз   ўзини қум саҳрода   ташлаб кетишга қарор   қилади. Вамбери авлиё   дарвеш образига кириб, жазава билан шундай зикр   тушадики, тўсатдан гармсел   тўфони кўтарилиб, карвон қум   остида қолади. Гармсел тугаганда   одамлар ва туяларни   қум остидан чиқариб   оладилар. Карвонбоши Вамберини   ҳақиқий авлиё — дарвеш деб   тан олади ва   мурувват кўрсатади.

Ниҳоят, карвон Хива   шаҳрига кириб келади.

Вамбери ўзини нақшбандийлар таълимотининг муриди бўлган   турк сайёҳи Рашидбек   деб таништиради. Хива   хони уни қабул   қилиб, суҳбатлашади, моддий   ва маънавий кўмак   кўрсатади.

Хиваликлар ундан дуо олишга, бетоблар эса дам солишига мунтазир бўлиб туришади.

Вамбери Хоразм воҳасининг   Гурлан, Ҳазорасп, Хонқа, Куня   Ургенч, Манғит, Қўнғирот ва   бошқа шаҳарларида бўлади, Амударёнинг Орол   денгизига қуйилиш жойларига   боради, ўзбеклар,   туркманлар, қорақалпоқлар, қозоқларнинг тили, ҳаёт тарзи,   урф-одатлари, тарихини   ўрганиб, бой этнографик   материаллар тўплайди.

Вамбери хотираларидан сатрлар:

“Боғларга   кўмилган Хива тарихий   обидалари билан узоқдан   кишида ажойиб ҳис   туғдиради”.

“Соя жойда тўхташим   билан мени оломон   ўраб олиб, Хивадан ҳам   яхшироқ жой борми?, деб сўрашади.”

“Хива   мусиқачилари ва қўшиқчилари   нафақат Туркистон ўлкасида, балки бутун мусулмон   дунё­сида   энг моҳир машшоқлар   бўлишса керак. Улар ғижжак, доира, дутор чалишади.   Хон ҳузурида Навоий   ва бошқа шарқ   шоирлари шеърларини куйлашади”.

“Хивалик ўзбек камтар   ва содда, жуда одамшаванда   экан”.

“Куня Ургенч   харобаларини кўриб, бу шаҳар   бир вақтлар қудратли   Хоразм давлатининг пойтахти   экани кўз ўнгимда   гавдаланди.Тўрабек хоним, Пириёр, Шайх Шариф, Нажмиддин Куброларнинг улуғвор   қабрлари кишини ҳайратга   солади.”

Сайёҳнинг шу сатрлариёқ   бизда унга нисбатан   миннатдорлик ҳиссини уйғотса,   қуйидаги хабар:

“Оренбург — Хива йўналишида келаётган   2000 туядан иборат карвон   қароқчилар босқинига учраб,   ундаги 60 кишидан   атиги 8 киши зўрға Хивага қайтиб   келганлар” сатрлари эса   бизни ўша даврдаги   ҳаётга қайтаради.

Вамберининг   Бухоро амирлигига сафари   ҳам худди шундай   қийин бўлган. Бухорога   карвон кетидан келаётганда   унинг европалик экани   фош бўлиб   қолади. Юқорида айтганимиздек, уйқусида ўз   тилида гапириб юборганини   карвон соқчилари эшитиб   қолишади. Энди уни   ўлим кутарди. Шунда   Вамбери об-ҳавонинг ўзгариб   боришини синчиклаб кузатиб,   жазава билан зикр қила бош­лайди. Гапидан у   Оллоҳдан бўрон-гармсел юборишини   сўрарди. Ҳеч ким унга   ишонмайди. Бироқ бироздан   сўнг шундай қаттиқ   қум бўрони бўладики,   карвон қум ичида   қолиб кетади. Эртасига   ўзига келган карвонбоши   Вамберига таъзим қилиб,   унинг авлиёсифат инсон эканига   ишонч билдириб, ўз отини унга   совға қилади!

Олим бир йилдан сўнг Бухоро, Самарқанд, Қарши, Керки, Андхой, Маймана, Ҳирот, Машҳад орқали Теҳронга қайтиб келади.

Унинг сафар хотиралари   Европа ва Америкада   катта қизиқиш уйғотади. Бу даврда ривожланган мамлакатларнинг диққати Марказий Осиёга   қаратилган зди. Россия   Туркистонни забт этишни   бош­лаб юборган, оқибатда Россия   ва Англия ўртасидаги   муносабатлар кескинлашиб кетганди.

Босқинчиларни бу ерларнинг   беҳисоб бойлиги, “олтинни оддий   белкурак билан қопларга   солиш мумкин”лиги ҳақидаги   афсоналар, энг муҳими, унинг   стратегик аҳамияти ва   арзон хомашё қизиқтирарди.

Вамбери — тилшунос, этнограф, географ олим   эди. Айни вақтда унинг   асарларидаги баъзи маълумотлар   ҳарбийларни ҳам қизиқтирган   бўлиши мумкин. Масалан, унинг қуйидаги изоҳларига   эътибор қилинг:

  1. “Амударёнинг   ҳамма жойида кема ҳаракатини   амалга ошириб бўлмайди.   У Туркистоннинг асосий   сув йўли бўлаолмайди. Ўрта Осиёни забт   этиш, Туркистоннинг ичига кириб   бориш учун Сирдарёнинг   аҳамияти кўпроқ.
  2. Амударёда   учта пароход билан   Хива хонлигини назоратда   тутиш   ва ҳарбий   қисмларни Туркистон юраги — Бухорога етказиб бориш   мумкин.  
  3. Амударё   Хива шаҳридан — 6 тош (чақирим), Тошовуз — 6 тош, Хўжайли — 2 тош, Гурлан—1 тош, Хонқа—1 тош, Кят —1,5 тош. Иляли – 8 тош узоқликда жойлашган.
  4. Амударё — тезоқар   дарё, ўз ўзанини тез   ўзгартириб туради. Дарё остидаги   қум уюмлари кемачиликка   ҳалал беради.”

Бу каби маълумотлар   Фанлар Академияси қатори   кучли Европа давлатлари   ҳарбий кучлари Бош   штабларини ҳам қизиқтирган   бўлса керак.

Вамберининг ўзбек тилида   нашр этилган “Бухоро   ёхуд   Мовароуннаҳр тарихи”   китобидан парчалар:

“Ўтмиши   кўмилган миллатнинг истиқболи   ҳам зулмат пардаси   остидадир”.

“Темур   салтанатида асарлари билан   бизни ҳайратга солган   рассомлар, меъморлар ва бош­­қа   санъат аҳли доимо   ижод қилганига мазкур иморатлар   шоҳиддир. Нақадар вахший   этиб тас­вирланган жаҳонгирнинг дилида гўзаллик ва   юксакликка муҳаббат — шу қадар   кучли эдики, бунга унинг   даврида яратилган санъат   ва меъморий   асарлар   далилдир… Ўрта Осиёнинг маънавий   тараққиёти, билвосита бўлмаса   ҳам, ҳар ҳолда Амир Темур   хизмати ва ҳимматига   чамбарчас боғлиқ ҳолда   кечди”.

“Бобур Мирзо ўша   вақтда ёш йигит   бўлиб, шаҳзодаларнинг энг   ақллиларидан эди. Уни   ҳақли равишда шарқу — ғарбнинг   энг шарафли шаҳзодаларидан бири деса арзийди.   Ўша замон шарқшунослари хотирасида у шарқ   Қайсари (Цезари) деб зикр   этилади. Ўзининг “Бобурнома” эсда­ликларида ёзган   нарсалари билан у   бизнинг кўз ўнгимизда   ҳайрон қоладиган даражада   ҳам шоир, ҳам сиёсий   арбоб, ҳам файласуф сифатида   гавдаланади.”

Бу сатрлар 1863 йилги   сафар хотиралари бў­йича, бир ярим аср муқаддам ёзилган бўлиб, Вамбери қаламига мансубдир.

1957 йили   Лейпцигда нашр этилган   “Чиғотой тили” дарслигида Навоий   ҳақида шундай ёзган: “Мен биринчи бўлиб туркий   тилни жорий этган, ўша   тилни асос билиб,   ўз асарларини битган   улуғ олим Мир   Алишер юрти маданий   бойликларини Оврупо халқига   маълум   қилмоқчиманки…ҳозирги   кунда Навоий тили   Ўрта Осиёнинг адабий   тилига айланган”.

Арминий Вамбери жасур этнограф, иқтидорли ва   серғайрат олим, ғарб мамлакатлари учун Туркистонни очган одам   сифатида шуҳрат қозонган.

Вамберининг   асарлари:

“Немисча—туркча   луғат”.

“Немисча—чиғотойча   луғат”.

“Чиғотой тили дарслиги”.

“Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи” (ўзбек тилида ҳам нашр қилинган).

“Ўрта Осиёга саёҳат”.

“Менинг ҳаётим”.

“Эрондаги   дарбадарлик ва ташвишларим”.

“Шарқ ҳаёти ва   урф-одатлари”.

Туркий халқлар   фольклорига оид 30 дан   ортиқ асарлар ҳақида   маълумотлар ва парчалар, Навоий, Фузулий, Насимий, Сўфи Оллоёр ғазалларидан намуналар, 112 та ўзбек мақолини араб   ва лотин ёзувида ва немисча таржимасини   тайёрлаган.

Ҳа, Афсонавий дарвеш А.Вамбери   юртимизни, тарихимизни, маданиятимизни   дунёга олиб   чиқишга ҳисса қўшган заҳматкаш олим,   жаҳонгашта сайёҳ эди. Унинг ҳамма   асарларини ўзбек тилига   ўгириб, нашр қилинса, ажойиб иш бўлар эди. Негаки, бу тарихимизни, ўтмишимизни янада ёрқинроқ ўрганиш йўлида катта аҳамиятга эгадир.

Анвар ТОЖИЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × five =