Эҳтиром дарёсидан бир қатра…

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ­Холиқназаровнинг куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идорасида тақдимоти бўлиб ўтган “Тасаддуқ, ё Расулуллоҳ!” номли китоби муқаддимаси жумладан шундай сўзлар билан бошланади: “Раббиъул аввал ойи Ислом уммати учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган ойлардан саналади. Боиси бу ой — Аллоҳнинг маҳбуби, бутун оламларга раҳмат бўлиб юборилган севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган ойдир. Шу муносабат билан бу ой кириб келган кунлардан бутун дунёда у зотнинг ҳаётларини ўрганиш, салавотлар айтиш, шаънларига мавлид ўқиш тадбири ва маросимлари ўтказилади”.

Тадбирда Ўзбекистон Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров, Дин ишлари бўйича қўмита ва Диний идора раҳбар ва ходимлари, Ҳадис илми мактаби мударриси, Мисрнинг Ал-Азҳар университети ҳанафий шайхи Жамолиддин Ҳошим Маҳмуд, фахрий устоз Абдулқаҳҳор домла Шоший ҳамда диний таълим муассасалари талабалари иштирок этди.

Маросим анъанага кўра Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди. Дастлаб “Тасаддуқ, ё Расулуллоҳ!” китобининг мазмун-моҳиятига бағишланган видеолавҳа намойиш этилди.

Сўнгра Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов сўзга чиқиб, Муфтий ҳазратлари ва аҳли илмларни барчага манфаатли китоб нашр этилгани билан муборакбод этиб, Расул­уллоҳ (с.а.в.) ҳаётлари тўғрисидаги китоб мўмин мусулмон халқимизга, хусусан, диний соҳа ходимларига муносиб туҳфа бўлгани, Пайғамбаримиз алайҳиссалом сийратларига оид мазкур нашр тақдимоти Раббиъул аввал ойида ташкил этилгани айни муддао эканини алоҳида таъкидлади.

Сўзга чиққан Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ҳам муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасига раис бўлган қисқа вақт ичида дин ривожи, юрт равнақи ва мўъмин-мусулмон халқимизга манфаатли, хайрли ишларни амалга ошириб келаётганларини таъкидлаб, хусусан, муфтий ҳазратнинг ижтимоий тармоқларда икки миллиондан зиёд обуначига эгаликлари, марказий нашр ва телевидениелардаги доимий чиқишлари элимиз томонидан яхши кутиб олинишини билдириб, мазкур еттинчи “Тасаддуқ, ё Расуллуллоҳ” китоблари ҳам халқимиз томонидан хурсандчилик билан қарши олинажагига ишонч билдирди.

Тақдимотда Диний идора раиси ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ҳам китоб ҳақидаги айрим мулоҳазаларини билдириб, улуғ айём кунларида нашр қилинган мазкур китоб Набий алайҳиссаломнинг таваллуд топганларидан то Рафиқул аълога кўтарилган кунларига қадар Ислом тарихида чуқур из қолдирган воқеалар келтирилгани билан аҳамиятли экани, Муфтий ҳазратларининг бундан олдинги “Ҳаж”, “Умра”, “Никоҳнома” каби китоблари ҳам муборак зиёратни ният қилган, оила қурмоқчи бўлган ватандошларимизга манфаатли бўлгани, мазкур рисола ҳам юртдошларимизга манзур бўлиши сабаблари ҳақида сўз юритди.

Муҳтарам устоз Муҳаммад Айюбхон Ҳомидов Пайғамбаримиз сийратларига оид ушбу китобни мутолаа қилган ўқувчи уни бир нафасда ўқиб чиқишини қўшимча қилди. Бундай содда ва равон, таъсирчан услубда ёзилган китоб муаллифнинг бошқа “Ихлос -амаллар зийнати”, “Исломда Ватан тушунчаси” китоблари каби ўқувчилар эътиборига тушишини қайд этди.

Тадбир давомида Мисрнинг Ал-Азҳар университети ҳанафий шайхи, Самарқанддаги Ҳадис илми мактаби устози Жамолиддин Ҳошим Маҳмуд сўзга чиқди, мўмин-мусулмонларнинг кутубхонаси Пайғамбар алайҳиссалом сийратларига оид яна бир китоб билан бойигани, бу эса дунёдаги миллионлаб ўзбекзабон инсонларга етиб бориши ва уларнинг илм олишида муҳим манба бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирди.

Шунингдек, тақдимотда Мадина шаҳридаги ватандошимиз Шайх Абу Ёсирнинг тақдимот иштирокчиларига видеомурожаати намойиш этилди. Шайх Абу Ёсир Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари масъулиятли вазифада бўлсаларда, “Тасаддуқ, ё Расул­уллоҳ!” китобини таълиф этганлари таҳсинга сазоворлиги, бу Пайғамбаримиз (с.а.в.)га бўлган муҳаббатлари изҳори экани, уларга ҳадя тариқасида юборилган ушбу китобдан Саудиядаги ватандошлари миннатдорлиги, бундай хайрли иш, хушхабарлар бардавом бўлиши учун доим дуода эканликларини изҳор этди.

Тадбир чоғида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари иштирокида Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳаётларига оид ижодий чиқишлари тинг­ланди. Шунингдек, Тошкент ислом институтининг иқтидорли талабалари орасида “Сийрат билимдони” мусобақаси ташкил этилиб, унда талабалар Расулуллоҳ алайҳиссалом сийратлари бўйича беллашдилар. Маросим сўнггида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров сўз олиб, Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг сийратларини ўрганиш, уларни фарзандларимиз дунёсига сингдириб бориш ҳар биримизнинг бурч ва вазифамиз экани, мазкур таълиф этилган китоб халқимиз, хусусан, ёшларни Аллоҳнинг фазли ила Расул алайҳиссаломга янада муҳаб­батли ва яқинроқ қилиш йўлидаги камтарона уриниш эканини баён этиб, китоб ҳақида билдирилган фикр­-мулоҳазалар учун нотиқларга миннатдорлик билдирди. Бундан ташқари, ҳар йил бу муборак ойда Пайғамбаримиз (с.а.в.) мадҳларида, қайси жанрда бўлмасин, ёзилажак асарлар учун ижодий мусобақа уюштириш, мутлоқ ғолиб деб топилган ватандошимиз ( қайси соҳа эгаси бўлмасин) ни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳисобидан Ҳаж зиёратига юбориш ва тезда ижодий мусобақа дастурини тузишга киришиш таклифини билдирди.

Тақдимот якунида сийрат мусобақаси қатнашчиларига ҳадялар берилди ҳамда тадбир иштирокчиларига “Тасаддуқ, ё Расулуллоҳ!” китоби тақдим этилди.

Ўз мухбиримиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

8 + 19 =