Сўз “юк”ини кўтариб…

Бу китобни албатта ўқинг

 

Хадичахон Каримова нафақат вилоятимиз, балки республикамиз журналистикасида ўз ўрнига эга забардаст ижодкорлардан. У тирик, мағрур ва ҳақ сўзни ўз қуролига айлантирган журналистика фидойиси. Қўштепа туман ҳокимлигининг “Истиқбол йўли” газетаси масъул котиби, вилоят хотин-қизларининг “Ойдин” газетаси бош муҳаррири сифатида фаолият юритиб келаётган устоз элнинг эъзоз-у эътирофларини қалами билан қозонганидан фахрланса арзийди.

Яқинда етмиш ёшни қаршилаган Хадича Каримованинг янги нашр этилган “Буни умр дерлар” номли китоби унинг умр сарҳисоби, касб машаққатлари ва шарафининг кўзгуси сифатида оқ қоғозлардан ёруғ нур таратгандай таассурот уйғотади ўқувчида.

Сўзни машъаладек тутиб, адолат ҳимояси учун майдонга тушган журналистнинг ҳаёт йўли, шунинг баробарида, жамиятдаги ўзгаришлар ва ислоҳотлар қаламга олинган китобда журналис­тиканинг долзарб муаммолари, публицистик мақолалар учун қаҳрамон бўлишга арзирли юртдошларимиз ҳақида сўз борган. Уларда она Ватанга садоқат, юрт ишига камарбасталик, эзгулик ғоялари илгари сурилганки, даврнинг бутун бўй-басти, оғриқлари, замондошларимиз ҳаёти, орзу-ўйларини ҳис қилиш мумкин.

Китобга киритилган сафарнома, очерк ва эсселар, мулоҳаза, кечинма, ҳикоя ва қатралар Хадича Каримованинг бедор тунлари, беором кунлари, ривожланган давлатлардаги ҳамкасблари тажрибаларини ўрганишдаги ҳайратларининг акси бўлиб жонланади.

Саудия Арабистони, Хитой Халқ Рес­публикаси, Корея Республикаси, Россия федерацияси каби дунёнинг турли-туман давлатларида бўлганда ҳам қўлидан қалами тушмаган ижодкорнинг йўл таассуротларини сафарномаларга жойлагани, албатта, ҳар бир ўқувчида катта қизиқиш уйғотиши, табиий.

“Ҳаёт чорраҳасида турган ёш дўстим!”, “Йигит – элнинг оридир”, “Меҳр-муҳаббат ҳам “сайқал” талабдир”, “Устун”ларни қурт емасин”, “Юртим бағридаги ниҳолим болам!” каби мақолалари ўқувчини ҳушёрликка чорлаб, ўзини тафтиш қилишга, қалби ухлаб ётган мудроқларни уйғотишга, ўйлашга, мулоҳаза ва мушоҳада қилишга ундайди.

Яхшиси, китобни албатта ўқинг! Ярим асрдан буён журналистиканинг “қаттиқ нони”ни еб, матбуот соҳасида собитлик, фидо­йилик билан меҳнат қилиб келаётган журналистнинг иқрорларини қалб қулоғингиз билан тинглаб, кўнгил кўзингиз билан мутолаа қилинг! Ҳақиқат-у адолат билан ёзилган ҳар бир сўзнинг “юк”ини Сиз ҳам кўтариб кўринг.

* * *

Кеча Аҳмад Фарғоний номидаги Фарғона вилоят ахборот-кутубхона марказида Хадичахон Каримованинг “Буни умр дерлар” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Унда журналистлар, шоир ва ёзувчилар, маънавият тарғиботчилари иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов олиб бориб, китоб журналистиканинг публицистика, очерк, эссе, сафарнома каби муҳим жанрларида ёзилган ижодий асарлар жамлангани билан қимматли эканлиги, бу эса матбуот илмини ўрганишга бел боғлаган ёшлар учун керакли манба бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Иброҳимжон Ҳалимбеков, Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Маъсуд Сулаймонов, “Оқила аёллар” ҳаракати вилоят бўлими раҳбари Юлдузхон Раҳимова, Фарғона давлат университети профессори Турғуной Эгамбердиева, “Қува ҳаёти” газетаси бош муҳаррири Зуҳра Алиева, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Дилшода Эргашева ҳамда Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Дилнавоз Қўлдашева сўзга чиқиб, устоз журналистнинг ижод намуналарида акс этган давр муаммолари, жамият ҳаётида юз бераётган воқеа-ҳодисаларга муносабати ва фалсафий қарашлари маҳорат билан ифодаланганини эътироф этдилар.

— “Буни умр дерлар” китобини ҳеч қандай руҳий зўриқишларсиз мутолаа қилиш мумкин, — деди АОКА вилоят бош­қармаси бошлиғи Иброҳимжон Ҳалимбеков. – Чунки унда воқеалар хронологиясига алоҳида эътибор берилган. Китобхоннинг диққатини тортувчи иборалардан моҳирлик билан фойдаланилган. Китобнинг ёшлар тар­биясидаги ўрни эса катта бир мавзу.

Тақдимотда устоз журналистнинг ҳаётий кузатишлари акс этган, ўзбек халқига хос асрий қадриятлар жо бўлган, бадиийлик билан тўйинган қатраларидан намуналар ўқилиб, тадбир жўшқин назм-у мумтоз наволарга уланди. Журналистикани руҳий эҳтиёжга айлантирган, қалами билан халқ дардига дармон бўлаётган Хадичахон Каримованинг китоби ўқувчиларнинг тафаккурини бойитадиган асар бўлиб қолишига умид билдирилди.

Гўзал ОХУНОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × three =