“Бунчалар ширинсан, эй аччиқ ҳаёт!”

2023 йил 26 декабрь куни Туркиянинг Карабук шаҳрида таниқли ёзувчи Хайриддин Султоннинг турк тилида чоп этилган “Sen ne kadar tatlisin, ey aci hayat!” (“Бунчалар ширинсан, эй аччиқ ҳаёт!”) китобининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Карабук университетида ўтказилган тадбирда мазкур дорилфунун профессор-ўқитувчилари ва талабалари, адабиётшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар, адабиёт ихлосмандлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Шуни айтиб ўтиш керакки, жами 50 мингга яқин, жумладан 15 минг нафар хорижлик талаба таълим олаётган Карабук университети Туркиянинг энг нуфузли олийгоҳларидан бири ҳисобланади.

Дорилфунун мамлакатимизнинг 30 дан зиёд университет ва институтлари билан ўзаро алоқаларни йўлга қўйган, ушбу даргоҳда 500 га яқин ўзбекистонлик йигит-қизлар бакалавр, магистратура ва докторантура босқичларида таҳсил олмоқда.

Тақдимот маросимида ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти Бош котиби, Қирғизистон халқ ёзувчиси Султон Раев, Карабук университети ректори, профессор Фотиҳ Киришик, мазкур илм маскани қошидаги Чингиз Айтматов номли Туркий дунё тадқиқотлар маркази мудираси, доктор Жилдиз Исмоилова, адабиётшунос Шаҳноза Бурҳониддинова, китоб таржимони, Анқарадаги Ҳожи Байрам Вали университети профессори, доктор Вали Саваш Йелок, ушбу университет профессори, доктор Зайнобиддин Абдурашидов, ўзбекистонлик олим, Алишер Навоий номидаги адабиёт музейи директори, профессор Жаббор Эшонқул ва бош­қалар сўзга чиқиб, Хайриддин Султоннинг ўзбек адабиёти ривожига қўшган ҳиссаси, юксак адабий маҳорати, асарларидаги тарихий ҳақиқатнинг бадиий талқини ва адиб ижодининг бошқа жиҳатлари хусусида фикр билдирдилар. Хусусан, доктор Вали Саваш Йелок Хайриддин Султон “ўз асарларига мавзу бўлган инсон ҳаёти, унинг ички дунёси ва руҳий туғёнларини бутун кўлами, психологик кечинмалари билан тасвирлаганини” қайд этди.

Тақдимот маросимида сўзга чиққан Хайриддин Султон “Бунчалар ширинсан, эй аччиқ ҳаёт!” китобини Туркияда чоп этишда ташаббускор бўлган барча ташкилотчи ва ижодкорларга, қардош турк диёрида ўзбек тили ва адабиётини кенг тарғиб қилаётган барча дўстларимизга миннатдорлик билдирди.

Тадбирда Ўзбекистон делегацияси томонидан Чингиз Айтматовнинг яқинда чоп этилган 10 жилдлик асарлар тўплами ҳам Туркий дунё тадқиқотлар марказига эсдалик сифатида топширилди.

Ж.ЭШОНҚУЛОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 2 =