Туркий дунё овози баланд янграмоқда

Туркиянинг Анқара ва Истанбул шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан нашр этилган “Туркий адабиёт дурдоналари” юз жилдлик китоблар мажмуасининг тақдимотлари бўлиб ўтди

Ҳар қандай миллатнинг ўзлиги унинг тили, шу тил бойлиги ва қудратини намоён этувчи маданият ва санъат асарлари билан белгиланади. Шунинг учун ҳам адабиёт намуналари асрлар давомида дилларни дилларга боғловчи ришта, миллатнинг уйғоқ хотираси бўлиб келган. Чўлпон таъбири билан айтганда, адабиётнинг равнақи миллат келажагининг пойдеворидир.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан чоп этилган “Туркий адабиёт дурдоналари” туркумидаги бебаҳо асарлар тўплами нафақат мамлакатимиз, балки қардош туркий давлатлар маънавий ҳаётидаги муҳим воқеа бўлиб, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ва адабий алоқаларнинг янада мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.

Маълумки, ушбу мажмуа Самарқандда бўлиб ўтган “Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” мавзусидаги Туркий давлатлар кенгашининг илк саммити доирасида Ташкилотга аъзо мамлакатлар раҳбарларига тақдим этилганди. Шу тақдимотда Президентимиз мазкур улкан лойиҳани бош­­қа туркий тилларга таржима қилиб нашр этиш таклифини ўртага ташлаган эди.

Айтиш жоизки, бу шунчаки юзта китобдан иборат оддий бир тўплам эмас, аксинча, туркий дунёнинг кўпминг йиллик тарихини қамраб олиш, инсоният маданий онгининг эволюцион даврларини белгилаш, аждодларимизнинг илмий-маърифий, маданий орзу-интилишлари ва амалий саъй-­ҳаракатларининг ёрқин ифодаси сифатида майдонга келди. Ундан ўрин олган адиб ва мутафаккирлар ижоди асрий бирликни, қадимий илдизларни, руҳий-руҳоний қувватларнинг қайга ва нималарга бориб туташишини яққол кўрсатиб берадиган бир манбадир.

“Туркий адабиёт дурдоналари”нинг тақдимоти дастлаб Туркиянинг Анқара шаҳрида, Туркия Президенти Халқ кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти, Туркия Республикаси Президентининг Халқ кутубхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Маросимда ТУРКСОЙ ташкилоти Бош котиби Султон Раев, Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, Туркия Буюк миллат мажлиси депутати, Туркия–Ўзбекистон парламентлараро дўстлик гуруҳи раҳбари Усмон Мес­тен, Анқара Ҳожи Байрам Вали университети ректори Меҳмет Нажи Бос­танжи, Туркия кутубхоналар бирлашмаси раҳбари, Туркия Халқ кутубхонаси директори Айҳан Туғли, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси Алишер Аъзамхўжаев ва университетларнинг профессор-ўқитувчилари, дипломатик корпус ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, китобхон талабалар иштирок этишди.

Тақдимот маросимидан олдин Халқ кутубхонасида ТУРКСОЙ ташкилотининг Ўзбекис­тонга бағишланган фотокўргазмаси ташкил этилди. Бу фотосуратларда юртимизнинг ноёб табиати, осори-атиқалари билан бирга турли урф-одат ва маросимлари, сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган улкан ислоҳотлар ўз ифодасини топгани билан ташриф буюрганларда катта қизиқиш уйғотди.

Анжуманда сўзга чиққан ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар кенгашига аъзо бўлиб киргандан кейин қардош давлатлар ўртасидаги илмий, маданий, адабий алоқалар янгича мазмун ва моҳият билан бойиб бораётганини, бугун тақдимоти ўтказилаётган “Туркий адабиёт дурдоналари” мажмуаси бу борадаги самарали ҳамкорликнинг яна бир далили эканини таъкид­лади.

Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, биринчи галда маданият, адабиёт ва санъатга берилаётган юксак эътибор ва бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар кўпчилик учун ҳар томонлама ўрнак бўлаётганини, ушбу юз жилдлик нашр нафақат Ўзбекистон, балки барча туркий давлатлар учун бирдек муҳим аҳамиятга эга бетакрор лойиҳа эканини қайд этди.

Анқара Ҳожи Байрам Вали университети ректори Меҳмет Нажи Бостанжи китобларнинг ёзма манба ўлароқ инсоният тамаддунида тутган ўрнига тўхталиб ўтди. “Энг муҳими, — дея таъкидлади у, — бу тамаддунларда муҳим илмий кашфиётлар учун манба бўлиб хизмат қилаётган ушбу нодир манбалар бизнинг ота-боболаримиз томонидан яратилганлигидир. Бу юз жилдлик, ҳеч шубҳасиз, олис тарихдан то бугунги кунгача етиб келган туркий тамаддун ҳужжатлари исботидир”.

Ўзбекистон Президентининг маслаҳатчиси Хайриддин Султонов анжуманда “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдлиги лойиҳасининг амалга оширилиш тарихи, унинг туркий халқлар маънавий ҳаётида, ёшлар тарбиясида тутган ўрни ва аҳамияти ҳақида маъруза қилди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу мажмуадан умумтуркий адабиётнинг энг етук намуналари, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо Ўзбекис­тон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, шунингдек, кузатувчи мамлакатлар – Туркманистон ва Венгрия давлатларидан жами 450 дан зиёд атоқли шоир, адиб ва мутафаккирларнинг баркамол асарлари ўрин олгани унинг кўлами ва миқёсидан далолат беради.

Маърузачи ўз сўзи якунида Туркий давлатлар ташкилотининг Алишер Навоий номидаги халқаро мукофоти совриндори, атоқли қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг 95 йиллик таваллуд айёми барча туркий халқлар томонидан кенг нишонланганини, шу муносабат билан Ўзбекистонда ҳам кўплаб тадбирлар ўтказилиб, адибнинг 10 жилдлик асарлари ўзбек тилида нашр этилганини қайд этди.

Шу билан бирга, Ватанимизнинг буюк ўтмиши, халқимизнинг ўлмас қадриятларидан бугунги авлодларни баҳраманд этиш, уларни дунё маданий жамоатчилигига кенг танитиш мақсадида юртимизда “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” халқаро мультимедиа лойиҳасини амалга оширишга киришилгани, бугунга қадар мазкур лойиҳа асосида “Ўзбекистон маданий мероси” туркумидаги 50 жилдлик китоблар тўплами нашр этилганига эътибор қаратилди.

Тадбирда “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдлиги, Чингиз Айтматов танланган асарларининг 10 жилдлиги, “Ўзбекистон маданий мероси” 50 жилддан иборат тўплами Туркия Президенти Халқ кутубхонаси ҳамда ТУРКСОЙ ташкилотига тақдим қилинди.

Туркия Президенти кутубхоналар бирлашмаси раҳбари, Халқ кутубхонаси директори Айҳан Туғли қимматли китоблар учун кутубхона маъмурияти ва китобхонлар номидан самимий миннатдорлик билдирди.

Ушбу муҳташам маърифат кошонаси 2015 йилда Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг ташаббуси билан қурила бошлаган. Кутубхонанинг расмий очилиш маросими 2020 йилда бўлиб ўтган, унда Ўзбекистон Президенти бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этган.

Бугунги кунда дунёдаги энг катта кутубхоналардан бири дея эътироф этилаётган илм-фан ва маданият саройининг умумий майдони 125000 м2дан иборат бўлиб, у бир вақтнинг ўзида 5500 кишига хизмат кўрсата олади. Йигирма тўрт соат мобайнида узлуксиз ишлайди ва бу даргоҳга ташриф буюрувчи китобхонлар, асосан, мактаб ўқувчилари ва талабалар бепул иссиқ овқат ва чой билан таъминланади.

Чиндан ҳам, китоблар – миллатнинг уйғоқ хотирасидир. Хотирасини эъзозлай олмаган миллат олға бора олмайди.

“Туркий адабиёт дурдоналари”нинг кутубхонамизга ҳадя этилиши бизни ниҳоятда қувонтирди. Энг муҳими, бу буюк меросни ўрганишга бўлган ёшларнинг қизиқиши ҳаммамизни хурсанд қилди. Бизга Ўзбекистон томонидан ҳадя этилган бу китоблар кутубхонамизнинг энг тўрида сақланадиган, китобхонларимизга энг кўп тавсия этадиган адабиётлар бўлиб қолишига ишонаман”, деб таъкидлади Айҳан Туғли.

Юз жилдлик мажмуа, шунингдек, “Ўзбекис­тон маданий мероси” тўпламларининг тақдимот маросими Истанбул шаҳрида жойлашган Туркий давлатлар ташкилотининг Котибияти қароргоҳида ҳам бўлиб ўтди.

Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев ўз нутқида Ўзбекис­тоннинг Туркий давлатлар ташкилотида тутган ўрнига юксак баҳо берди. Самарқандда бўлиб ўтган саммитда Туркий давлатлар ташкилоти юзага келгани, мазкур ташкилотнинг ўрни, мақоми ортганини алоҳида эътироф этиб, бунинг учун Ўзбекистон Президентига миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон тарафидан илгари сурилаётган ташаббуслар Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятини янада кучайтиришга хизмат қилаётганини, “Туркий адабиёт дурдоналари”ни дунёнинг бошқа тилларига таржима қилиш Ташкилот олдида турган муҳим масалалардан бири эканини қайд этди.

Тадбирда Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов сўзга чиқди.

Тақдимот доирасида Туркий давлатлар ташкилоти кутубхонасининг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Анжуман иштирокчилари томонидан айтиб ўтилганидек, мажмуадан ўрин олган асарлар, асосан, аслиятдан таржима қилингани билан аҳамиятлидир. Бу каби улкан ва муҳим ло­йиҳалар халқларимизни бир-бирига янада яқинлаштириш билан бирга, зиёлиларимиз, олим ва адибларимиз олдига янги вазифаларни ҳам қўяди.

Боболаримизнинг эзгу орзуси бўлган туркий давлатлар бирлиги бу – 160 миллионлик иқтисодий имконият, 160 миллионлик маданий ҳудуд, 160 миллионлик тафаккур кенглиги, 160 миллионлик мудофавий бирлик ҳам деганидир. Бу бирликка қадам-бақадам эришиш учун эса олдимизда ҳали кўплаб вазифалар турибди. Шундай вазифалардан бири – маданий-гуманитар ҳамкорликни ҳар томонлама кучайтиришдир. Бу борада Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган “Туркий халқлар хартияси” таклифи муҳим аҳамиятга эга.

Тилшунос, адабиётшунос олимларимиз муштарак меросимизни ҳамкорликда ўрганиши, биргаликда тадқиқ этишида “Туркий адабиёт дурдоналари” мажмуаси намуна бўлиб хизмат қилиши лозим бўлади. Яъни, бу асарлар муҳим ҳодиса сифатида бугунги адабий жараёнлар майдонида янги ғоя, янги фикр ва янги изланишлар, янги адабий кашфиётлар эшигини ҳам очиб беради. Ўтмишни ўрганиш, ундан зарур сабоқ ва хулосалар чиқариш, руҳий қувват олиш келажакда ҳам бирлашишга, тафаккур ва маданиятда, ҳар жабҳада яқинлашишга пухта пойдевор яратади.

Жаббор ЭШОНҚУЛОВ,

филология фанлари доктори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × five =