Тил, дил ва миллий тараққиёт

21 октябрь – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун

 

Миллатнинг бош белгиси – тил. У халқнинг энг катта бойлиги. Аксаран миллат номи шу тил номи билан аталади. Давлатга ҳам шу мамлакатда аҳолининг асосий қисмини ташкил этадиган миллатнинг номи берилади. Шу тил давлат тили ҳисобланади ҳам.

Инсон айнан тили билангина бошқа жонзотлардан ажралиб туради. Тил – ҳар миллатнинг фикрлаш қуроли. Шундан миллий тафаккур шаклланади. Миллий таафаккур эса миллатнинг яшаш тарзини, демакки, дунёдаги умумий мавқеини белгилайди.

Республикамиз тарихда илк бор 1924 йили “Ўзбекистон” деб аталган. Гарчи шаклан миллий хусусиятларга эга, ўз Конституцияси, Герби, Мадҳияси бўлса ҳам, аммо у 1991 йилнинг 31 августига қадар ярим мустамлака ҳолатида эди.

1981 йили Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад таваллудига 60 йил тўлиши муносабати билан собиқ “Баҳор” залида концерт берилган. Уни атоқли хонанда Фаррух Зокиров бошқарган. Ўшанда “Саид­аҳмад ака” дегандан бошқа бирор ўзбекча сўз ишлатилмаган. “Бу хонандамиз ўзбекча ашулалар айтсалар ҳам, она тилимизда равон гапира олмас эканлар-да”, – деб хато ўйлаган эканман.

1984 йили камина ишлаётган Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳозирги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида орден топшириш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон Фанлар академияси катта мажлислар залининг тили бўлса айтсин, ўшанда бу тадбирда бир киши бир жумла ҳам ўзбекча гапирмаган. Ҳолбуки, бу илмий даргоҳ ўша пайтда ўзбек тили ва адабиётини тадқиқ этиш билан шуғулланадиган дунёдаги ягона институт эди.

1985 йили, бошқалар қатори,   Фанлар академиясининг ҳозирги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида Навоий билан боғлиқ диссертациямни рус тилида ёқлашга мажбур бўлганман. Ҳолбуки, Ихтисослашган илмий кенгаш аъзоларининг ҳаммаси ўзбек ада­биётининг йирик мутахассислари эди. Кенгаш аъзоси Нинель Васильевна Владимирова ҳам тилимизни ҳеч биримиздан кам билмас эди.

Эсимда, 1989 йилнинг 9 феврали куни Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳозирги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида анъанавий навоийхонлик илмий анжумани тугаб, тушдан кейинга Навоий кўчасидаги шоир ҳайкали пойида тадбир белгиланган эди. Ўшанда зиёлилар “Навоий тилига давлат тили мақоми берилсин!” деган шиор кўтариб чиққан.

Шундан давлат тилига муносабат бирдан ўзгарди. Масала: “Модомики, республикада аҳолининг тўртдан учи ўзбеклардан иборат бўлар экан, ўзбек тили давлат тили бўлиши керак, тамом-вассалом!” – тарзида аниқ-тиниқ қилиб қўйилди. Ўша йилнинг 21 октябрида эса “Давлат тили ҳақида”ги тарихий қонун қабул қилинди.

Бу амалда республиканинг мустақиллик сари ташлаган энг биринчи жиддий қадами эди.

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига, мана, 33 йил тўлди. Хўш, нималарга эришдик?

Тўғри, қонун қабул қилинганидан то мустақилликка эришганимизга қадар ўтган икки йилга яқин даврда ҳам анча ишлар қилинди. Ўзбекистонимиздаги барча олий таълим муассасаларида рус гуруҳларига ўзбек тилидан таълим бериш жорий этилди. Идоралараро ўзбек тилида ёзишмалар юбориш йўлга қўйилди. Давлат тилини ўқитадиган курслар очилди.

Лекин, очиғини айтганда, агар бу қонун қабул қилинган бўлса ҳам, республикамиз мустақилликка эришмаса эди, у қоғоздагина қолиб кетар эди. Чунки ўзи ҳали давлат бўлмаган бир республикада қанақасига давлат тили бўлиши – мумкин? Ахир, у бошқа бир давлат билан дипломатик муносабат ўрнатмаса, биргаликда шартнома, битим, меморандум ва бошқа дипломатик ҳужжатлар имзоламаса, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлмаса…

Мустақиллик йилларида тилимиз давлат тилига айланди. Ўзбекис­тон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбаридан туриб ўзбек тилида нутқ сўзлади. Ахир, мамлакатимизда ўзбек тилида давлат сиёсати юритилади. Халқаро маросимларни ҳисобга олмасак, мамлакатимизда давлат даражасидаги барча тадбирлар, жумладан, Президент ва бошқа раҳбарлар ўтказадиган мажлислар, Олий Мажлис палаталари йиғилишлари ва ҳоказолар давлат тилида ўтказилади. Икки давлат ўртасида имзоланадиган ҳар қандай ҳужжат уч тилда – шу икки давлат тилида ва БМТ тасдиқлаган олти халқаро тилдан бирида қабул қилинади.

Тилнинг ривожи – бу тилда фойдаланувчи аҳолининг миқдорига ҳам бевосита боғлиқ. Мустақиллик йилларида 21 миллионли халқ қарийб 36 миллионли халққа айланди. Шунинг 80 фоиздан ошиғи – ўзбекларимиз. Ўзбекистонимиздаги қорақалпоқ, тожик, қозоқ, қирғиз, туркман, татар, бошқирд, озарбайжон, уйғур, турк ва бошқа кўп миллатлар вакиллари ўзбек тилини билади. Табиийки, булардан бошқа миллат ва элатлар вакиллари орасида ҳам давлат тилини биладиганлар сони ортди. Ҳатто, хорижлик дипломатлар, ишбилармонлар, тадқиқотчилар орасида ҳам забонимизни ўрганганлар сони ошиб бораётир. Атрофимиздаги давлатларнинг ҳаммасида этник ўзбекларимиз яшайди. Афғонистон Ўзбекистонимиздан кейин ўзбек энг кўп истиқомат қиладиган мамлакат ҳисобланади. Тахминий ҳисоб-ки­тобларга кўра, у ердаги миллатдошларимиз сони 5 миллионга яқинлашади. Ёки Тожикистонда ҳар тўрт фуқародан бири – ўзбек. Саудия, Туркия, АҚШда ҳам қанча ватандошларимиз – бор. Шуларни ҳисобга олиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ер юзида 50 миллиондан ортиқ киши ўзбек тилида сўзлашишини айтдилар. Ҳолбуки, жаҳон тилшунослигида 5 миллион киши гаплашадиган тил катта тил ҳисобланади. Биз – бундан 10 баробар катта тил эгаси бўлган миллатмиз.

Лекин дунёда “аммо”, “лекин”, “бироқ”, “афсуски”, “наҳотки” деган сўзлар ҳам – бор-да…

Тўғриси, ўзбек тили 1989 йили илғор зиёлиларимиз интиқиб кутган даражадаги давлат тили мақомига эга бўла олмади. Бунинг объектив ва субъектив сабаблари – мавжуд, албатта. Айримларини санашим – мумкин.

Тил тараққиёти иқтисодий равнақ билан бевосита боғлиқ ҳолда кечади. Модомики, ҳамон рус тилини билиш келажакда иш топиш учун қулай бир имконият бўлиб тураверар экан, мамлакатда рус тили гегемонлигидан осонликча қутулиб бўлмайди. Ҳозир Тошкнент шаҳрида ишга таклиф қилинадиган эълонлар кўпайган. Баъзиларида рус тилини яхши билиш талаб қилиниши ҳам очиқ ёзилади. Шунинг учун мустақил Ўзбекистонда боласини рус мактабида ўқитишни истаётган ота-оналар оз эмас. Аммо бунда фарзандимиз ютганидан кўра каттароқ нарсани ютқазаётганини ҳали жамиятда ҳеч ким асос­лаб кўрсатиб берганича – йўқ. Бошқа тилда таълим олиш амалда, албатта, миллатнинг минг-минг йилларда мисқоллаб йиққан маънавияти, маданияти, тийнатини бой бериш ҳисобига юз беради. Буни ҳаёт ҳар куни исботлаб турибди. Шўро даврида миллатимизнинг атоқли-атоқли зиёлилари, ҳатто, буюк-буюк соҳиби қаламлари ҳам боласини русча ўқитган. Ҳозир шаҳарларда русча ўқитадиган оилалар сафи кенгайиб бормоқда. Иқтисод айнан ўзбек тилини билгани учун каттароқ даромад олиш даражасида ривожланмас экан, одамларни бу йўлдан қайтаришнинг имкони – йўқ.

Яна бир ҳақиқат шуки, аниқ ва табиий фанлар соҳасида русчада ва бошқа халқаро тилларда ҳаддан ташқари катта ахборот базаси – бор. Биздан 40 йиллар олдин мустақил бўлган Ҳиндистонда аҳолининг бир қисми айнан инглизча ўқигани учун бугун бу мамлакат ахборот технологиялари, доришунослик, тиббиёт ва бошқа соҳаларда дунёдаги олдинги ўринлардан бирига чиқиб олган.

Яна бир муаммо – бор. Ўтган йиллар янги алифбомизнинг хато ва камчиликларини кўрсатди. Уни аввал жиддий ислоҳ қилиб, кейин ёппасига   жорий этишга тўғри келади. Бу жараёнлар ҳам сустлагандан сустлаб ётибди. Каминага қолса, камида лабланмаган “в” учун лотинча “w”ни қабул қилиш, “жўжа”даги “ж” учун – бошқа, “журнал”даги “ж” учун – бошқа ҳарф олиш, модомики, бизда “нг” товуши учун алоҳида ҳарф олинган экан, “нғ” учун алоҳида ҳарф олиш, русча сўзларда қўлланадиган “о” билан ўзбекча сўзлардаги “о”ни бир-биридан ажратиш – лозим.

Шаҳарларимизда ташкилотлар, савдо ва хизмат шохобчалари номлари, бошқа рекламаларни рус ва инглиз тилларида ифодалашдан тийилмасак, бўлмас. Кўпинча бунга кўр-кўрона ёндашамиз. Қўшнимиз русча ёзса, русча, инглизча ёзса, инглизча ёзгимиз келади.

Фуқароларимиз онг-тафакурини рус тилининг қаттиқ босими тарк   этганича – йўқ. Пойтахт кўчаларида соф ўзбекча гапирсангиз, Худо ҳаққи, сизни ҳеч ким тушунмайдиган даражага бориб қолинган. Энг ёмони, буни унча сезмай ҳам боряпмиз. Таксига ўтириб: “Қардош­лик қабристонидан чапга буриламиз”, – десам, ҳайдовчи менга: “Дода, ўзбекчалаб тушунтиринг, қаердан бурилишим – керак?” – деб сўрайди. “Братская могиладан”, – десам: “Шундоқ демайсизми?” – дейди. “Ҳўв анави белгидан қайрилиб оламиз”, – десам, яна бақ­раяди. Кейин унга: “Ҳа, айтганча, разворот қиламиз”, – дейман “ўзбекчалаб”. Ёқилғи қуйиш шохобчасида зинҳор-базинҳор: “Тўлдириб қуйинг”, – деманг. Худо ҳаққи, тушунишмайди. “Ўзбекчаси”га: “Польный бак”, – денг, ишингиз осонгина битади-қўяди. Шунақа ва яна шунақа.

Шукур, бугун “министр”, “редактор”, “совет”, “комитет”, “корректор”, “район” демаймиз, “вазир”, “муҳаррир”, “кенгаш”, “қўмита”, “мусаҳҳиҳ”, “туман” биноийдек ўзлашди.

Лекин бирдан олдинга кетиш ўрнига орқага қайта бошладик ҳам. Кўп сўзу тушунчалар – аввалдан ўзимизда бор. Нима, бизда ҳеч кимни ҳеч ишга рағбатлантирмаганмики, “мотивация” сўзини худди бир умримизда энди эшитган янгиликдай қабул қилсак? Яқин бир-икки йилда кўплар, ўрни бўлса-бўлмаса, “мотивация” дейдиган бўлди. Бу ўзимиздаги “рағбат”нинг айнан ўзи эмасми, ахир! Ҳатто, бизда унинг кўп-кўп маънодошлари ҳам – бор. “Ундамоқ”, “илҳом бермоқ”, “руҳлантирмоқ”, “таъсир қилмоқ” каби ифодалар ҳам шу ёки шунга яқин маънони англатади-ку. Йўқ-да, ўзимизча: “Мотивация” демасам, бошқалар мени, ҳаётдан орқада қолган, деб ҳисобламасмикан?” – деб ўйласак керак-да.

“Тил” билан “дил” сўзлари ўзаро фақат оҳангдош ёки   вазндошгина эмас. Тожик биродарларимизда: “Мен дил қилсам, оламни гул қиламан” (“Ман дил кунам – оламро гул кунам”), – деган ажойиб мақол – бор. Муқаддас динимизда: “Ҳамма нарса – ниятга боғлиқ”, – деган ақида ҳам мавжуд. Тилимизни гул қилиш учун шунга дил қилишимиз – зарур. Ҳамма сидқидилдан шуни ният қилиб, жиддий ҳаракат бошламагунча бу олий мақсадга етиб бўлмайди. Тилимизни ўзга тиллар ҳукмронлигидан қутултирган бўлсак ҳам, ҳали муаммолар кам эмас.

Ҳа, тил – тафаккур қуроли. Бугун ўзбек тили ривожланмас экан, миллий тафаккур ҳам олдинламайди. Тафаккури ривожланмаган ҳар қандай халқнинг тараққиётда орқада қолиши – тайин. Буни эса ҳеч биримиз истамаймиз.

Султонмурод ОЛИМ,

филология фанлари номзоди,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × four =