Устоз “зулми” ота меҳридан афзалми?

Ижтимоий тармоқларда тез-тез умумий ўрта таълим мактабларида ўқитувчилар ва ўқувчилар ўртасидаги келишмовчиликлар тасвирланган лавҳаларга кўзимиз тушади. Кимдир ўқувчини, кимдир ўқитувчини қоралайди. Менимча, бундай ҳолат вужудга келишида ҳаммамиз, хусусан биз, жамоатчилик айбдор. Аслида бугун фарзандларимиз камолоти йўлида фидойилик кўрсатаётган ўқитувчининг ёнида туришимиз, таълим-тарбия ишига унга кўмакчи бўлишимиз лозим.

Фарзандларимизнинг таълим-тарбияси, унинг ўзини тутиши, муомаласи, кийиниши, ўқиши билан кўпчилик ота-оналар деярли қизиқмайди. Болада бирор салбий ҳолат кузатилса, албатта, фақатгина “айбдор” ўқитувчи бўлади.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги ўқувчи ва унинг устози билан боғлиқ кўнгилсиз воқеаларни кузатар эканман, биз, ўрта ва кекса авлод вакиллари бу воқеадан ҳозирги ёшлардек “завқланмаслигимиз” аниқ! Негаки, ўша авлодларнинг бир вакили сифатида мен ҳам 45 йил олдин шу ўсмир каби мактаб битирувчиси эдим. Тан оламан, ўқитувчиларимдан дашном ҳам эшитганман. Бундай “насиба”дан биронта синф­дошимнинг қуруқ қолганини эслай олмайман. Ўша давр­ларда ва кейинчалик ҳам дарс тайёрламаган, ножўя ишлар қилган ўқувчилар ҳеч қачон ўқитувчилар томонидан кўриб-кўрмасликка, билиб-билмасликка олинмаган. Аксинча, устозларимиз дашном берган, дакки эшитиб, бир-икки огоҳлантирган. Яна такрорласак шапалоқ ҳам еганмиз. Ҳақ-ноҳақ шапалоқ есак ҳам уйга келиб, ота-онамизга айтмаганмиз, устозимиздан шикоят қилмаганмиз. Агар уларга бу ҳақда арз қилганимизда ҳам “айб ўзингда”, деб оғзимизни ёпиб қўйишарди.

Устозларимиздан қанчалик “жабрлансак” ҳам уларнинг қаттиққўллиги, талабчанлиги, бизга нисбатан меҳру муҳаббатини ҳис қилиб турганмиз ва мана бугун ўша даврни яхши хотиралар билан эслаймиз. Шу ўринда машҳур донишманд Ҳасан Басрийнинг: “Устознинг зулми ота меҳридан афзал”, деган пурмаъно гапларини ёдга олмоқ жоиз. Демак, устоз ҳеч қачон шогирдига ёмон бўл, ёмон йўлдан юр, ёмон ишни қил, деган мақсадда ранжитмайди, койимайди. Ахир, бугунги жамиятимизда энг эъзозга, ҳурмат ва эътиборга лойиқ инсонлар ўқитувчилардир. Улар ҳақида бўлар-бўлмас гапларни гапириш, ижтимоий тармоқлар орқали оламга ёйиб, “сенсация” қилиш яхши эмас. Чунки ўқитувчининг қўлида халқимиз, мамлакатимиз, давлатимиз келажаги камолга етмоқда. Шундай экан, бугунги кунда ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги оддий ҳаётий зиддиятларни чуқурлаштириб, устозлар обрўйини тўкмайлик!

Албатта, беш қўл баробар бўлмаганидек, ўқитувчи ва муаллимлар орасида ўз касбига нолойиқ кишилар ҳам учрайди. Аммо улар жуда кам.

Бошланғич синф ўқувчисини полга ётқизиб олиб тепаётган, оғзидан энг хунук гаплар чиқадиган кимсалар—устозликка муносиб эмас. Бироқ бу асло ҳалол, самимий, меҳрибон, ўрни келганда қаттиққўллик қила оладиган педагоглар фаолиятига соя солмаслиги керак.

Қувондиқ ХАЛИЛОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 − two =