Қадимий Ғованинг бугуни

Наманган вилояти Чуст туманининг шимолий қисмидаги тоғ оралиғида, тиниқ ва зилол суви, сўлим ҳавосига эга Ғова қишлоғининг довруғи ўлкамизда машҳур. Бу ер аҳолиси асосан деҳқончилик, боғдорчилик, чорвачилик ва асаларичилик билан шуғулланади. Қишлоққа саёҳат қилар экансиз, ўзингизни мисоли жаннатга тушиб қолгандай ҳис этасиз. Баҳор фаслида қўш билан ер ҳайдаётган деҳқонлар, мевазор боғларни парвариш қилаётган боғбонлар, ёзда эса сой бўйида дам олаётган шаҳарликлар, соя-салқинда дўппи тикаётган қиз-жувонларни кўриб, кўзингиз қувонади. Одамларнинг меҳмондўстлиги, бир-бирига меҳр-оқибати, каттага ҳурмат ва кичикка иззатда бўлишлари, шарқона анъанавий хусусиятлар сақланиб қолгани халқимизнинг дурдона урф-одатлари авлоддан-авлодга безавол ўтаётганидан далолат.

Қишлоқнинг Ғова деб номланиши ҳақида турли қарашлар мавжуд. Аммо бир тўхтамга келинган эмас. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг “Бобурнома” асарида Ғовада бир муддат бўлгани ҳақида ёзган, аммо Ғова сўзига изоҳ бермаган. Аллома ёзади: “Ахсидан кетгач, ундан икки шаръий узоқликдаги Санг суви бўйлаб юқори юрдик… Бу сув юқорироғида унга қўшилувчи сувли ирмоқ учради, бу ирмоқ билан яна юқори юриб бориб сувли ирмоқни ўнг қўлга қўйиб, унга қўшилувчи сувсиз чап ирмоқ билан Тузга Чуст чиқдик. Туз томондан бир қоя кўринди, бизни қувловчи душман билиб бошқа йўлга юришни маслаҳат қилдик. Дедиларким, олдимизда Ғаво (ҳозирги Ғова) йўли яқиндир. Ул йўл билан Фаркатга ошарлар. Ул йўлга юрдик. Карнон сойи Ғаводан чиқиб келади. Ул орқали Ғавога бориб, бир муддат турдик, ундан кейин Андижон томон йўл олдик”.

Чуст туманида олиб борилган илмий тадқиқотлар туфайли археолог В.И.Спришевский фан учун ғоят қимматли бўлган яна бир муҳим ноёб топилмани қўлга киритди. У Ғова қишлоғи яқинидаги адирли ерларда тошдан ясалган гумбаз мозорларни очиб текшириб юрганда эрамизнинг III-IV асрларига доир бир тутам пахта ипи ва чигит қолдиғини топади. Бу ип ёғоч найча ичида бўлгани учун минг йиллар давомида чиримай турган. Бу топилма юртимизда пахтачилик тарихини ўрганишда катта аҳамиятга эга бўлди. Ғова қишлоғининг қадимги аҳолиси ҳозирги ўрнидан Шарқ томонда жойлашган (бугунги Оққир атрофлари ҳисобланади). Шу ерда ғоваликларнинг азалдан мавжуд Кўкламмозор қабристони бор. Қишлоқ айни пайтдаги ўрнидан Ғарб томонга кенгайган. Чунки сой ҳам табиат қонунлари асосида Ғарб томонга сурилиб борган. Асосий машғулотлари деҳқончилик, чорвачилик бўлган. Ирригация масаласида анча тадбиркор халқ. Сойдан кўтарма усулида дашт ерларга сув чиқаришган, янги ерлар очиб, боғ, узумзорлар барпо қилишган. Бугун ҳам дашт ерларда деҳқончилик қилиш учун ша­роитлар яратилмоқда.

Ғова асосан картошка етиштиришга ихтисос­лаштирилган. Мазкур қишлоқда картошка экмайдиган, уни узоқ муддат қойиллатиб сақламайдиган хонадонни топиш амримаҳол.

Деҳқончиликнинг қизиқ томони, экинни ерга қадаш, унга ишлов бериш ва ҳосилни йиғиш ишлари от ва эшаклар ёрдамида амалга оширилади. Картошка шунчалик кўп экиладики, мавсумда қиш­лоқда картошкани улгуржи сотувчи алоҳида бозор ташкил қилинади. Деҳқонларнинг айтишича, баъзида бу бозордан кунига 500 тоннагача картошка бошқа ҳудудларга сотиларкан.

Яқинда “Варзигон” ва “Ғовасой соҳили” МФЙда тиббиёт пункти очилди.

— Йўл азоби ҳақидаги нақллар бежиз айтилмаган. Айниқса, кексалар ва болалар, бемор кишилар учун узоқ масофага қатнаш янада қийин кечади, — дейди меҳнат фахрийси Ортиқпошша момо Насимова. — Муаммони тасаввур қилиш учун эса айнан чўлда яшаш шарт эмас, мутахассис сифатида жиддийроқ ўйлаб кўрилса кифоя. Қишлоқ оилавий поликлиникасигача 6-8 километр пиё­­да бориб, қайтишда яна шунча чақиримни босиб ўтишга мажбур эдик. Бу эса бизга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатига ҳам салбий таъсир қиларди. Аммо шу йил эрта баҳорда Президентимизнинг соғлиқни сақлаш ходимлари билан ўтказган очиқ мулоқоти давомида оғриқли масалага ечим топилди. Қишлоқ оилавий поликлиникасининг маҳаллаларга яқин филиали ташкил қилиниши муносабати билан янги тиббиёт контейнерлари ўрнатилди. Замонавий иншоотда малакали тиббий хизмат кўрсатишяпти ва барча турдаги зарур дори-дармонлар билан таъминланган.

Баъзиларга гул қаламчаси (кичик шохи)дан берсангиз ҳам парваришлаб, кўпайтира олади, айримлар эса тайёр кўчат совға қилсангиз ҳам эплашолмайди, чунки уларда иштиёқ йўқ. Қолаверса, гул парваришининг ўзига хос сир-асрорлари бор.

Гулларнинг ҳам ташқи муҳит таъсирини сезиши аниқланган. Уруш-жанжал бўладиган хонадон ёки жойларда тез нобуд бўлиб қолади, тинч ва осуда гўшаларда эса яшнаб ўсади. Чуст туманининг “Тинчлик” маҳалласида яшовчи Наргиза опа Сайдуллаева хонадонида қиш фаслида ҳам баҳорий муҳит ҳукмрон. У томорқасида гул етиштириш ҳадисини олган.

— Гулчиликни бошлаганимга икки йил бўлди ва аввалига бу иш шунчаки қизиқиш эди. Оиламиз аъзолари билан ҳавасга гул етиштирганмиз, — дейди Наргиза опа. — Кейин фаолиятни кенгайтирдик. Ҳозирда икки сотихга яқин ерга 30-40 хил гул экканмиз. Гул етиштириш худди чақалоқни парвариш қилиш, унга меҳр бериш билан баробар. Меҳр қўясиз, иссиғу совуқдан, ёмонликлардан асраб-авайлайсиз. Даромади ҳам мақтанса арзигулик. Шу меҳнат орқасидан уй-жойларимизни замонавий қиёфада таъмирладик. Иссиқхонада етиштирилаётган гулларимизга нафақат ички бозор, ҳатто қўшни Қирғизистондаги гулчиларнинг ҳам ишқи тушяпти ва экспортга жўнатиш ниятидаман.

Яна бир фидойи гулчи Матлуба опа Имомхўжаевани суҳбатга тортдик. У “Янги ҳаёт” маҳалласида истиқомат қилади. Бир неча йиллардан буён қалб қўрини бериб, гулчилик билан машғул. Хонадонида 20-30 хилдан ортиқ гуллари бор. Ҳовлиси доимо озода ва турфа гулу чечак­ларнинг хушбўй иси келиб туради.

— Гулларни болаликдан ёқтираман, шунинг учунми, доим ранг-баранг гулларни экиб, яқинларимга улашардим, — дейди Матлуба опа. — Ўсимлик оламига қанча меҳр кўрсатсанг, кундан-кун гуркираб ўсавераркан. Бошида оддий қизиқиш бўлиб туюлган бу машғулот эндиликда асосий даромад манбаимга айланди. Мана, гулларимни аста-секинлик билан бозорга олиб чиқиб, яхшигина пуллаяпман. Инсон чин дилдан интилса, ниятига албатта эришади, деганларидек, меҳнатимга яраша баракасини беряпти.

Ҳа, Чуст марказидан 20 километр олисда жойлашган Ғова қишлоғининг мавқеи туманда юқори. Айни пайтда қишлоқда 20 га яқин нодавлат тоифадаги боғчалар фаолият юритмоқда. “Тинчлик” маҳалласидаги “Сўғдиёна” ва “Дурдона” нодавлат мактабгача таълим муассасаларида 50 нафардан зиёд кичкинтой таълим-тарбия олишмоқда. Якка тартибдаги тадбиркор банкдан 40 миллион сўмлик кредит асосида лойиҳасини ривожлантиряпти. Муассасадаги шароитлар кўнгилдагидек, қамров кўрсаткичи ҳам баланд. Юқоридаги икки хусусий боғча қишлоқда номдор. Тиниб-тинчимас Муҳаррамхон Усвалиева етакчилигида ташкил қилинган мазкур муассасаларда намунали тартиб-интизом йўлга қўйилган.

Саратон ойи жазирамасида вужудимиз сокин ва салқин масканларда ҳордиқ чиқаришни тусайди. Ёз фасли кириб келиши билан кўпчиликнинг тилидан тушмайдиган Ғова қишлоғи ҳам шундай баҳаво жойлардан. Иссиқ кунларда тоғли ҳудудлардаги ғоят сўлим ва хушманзара диёр ўзига чорлайди. Атрофи тоғлар билан ўралган беназир маконга бутун мамлакатдан меҳмонларнинг қадами етади. Аҳоли тоғ ёнбағирларидаги ерлардан унумли фойдаланишади. Доривор ўсимликлар ва дарахтлар мўллиги учун асаларичиларнинг севимли гўшасига айланган. Боғларнинг ички қисми ва тепаликларда қатор асалари уяларини учратасиз.

Хуллас, Ўзбекистоннинг энг чиройли манзилларидан бири Ғова десак, айни ҳақиқат. Имкон топиб, бу ерга бир келсангиз, асло афсусланмайсиз. Ҳа, Ғова қишлоғи яқин беш йил давомида сезиларли ўзгаришларга юз тутди. Сабаби аҳоли ўсиши ҳамда даромадли бўлиши учун ҳар қарич ердан мақсадли фойдаланиш илинжида турли дизайнда дам олиш масканлари, 20 га яқин оилавий уй меҳмонхоналари ташкил қилиняпти. Тарихи яқин 3 минг йилга бориб тақаладиган Ғова ўзининг ғоят бетакрор табиати, қиру тоғлари ва тошқин сою жилғалари билан асрлар давомида минглаб сайёҳларни ўзига оҳанрабодек тортиб келган. Сўнгги йилларда қишлоқнинг туризм салоҳиятини янада юксалтиришда кенг кўламли ишлар бажарилмоқда.

— Жамики ҳаракатларимиз замирида Ғовани ривож­лантириш, туризм инфратузилмасини яхшилаш, қиш­лоғимиз меҳмонлари учун қулайликлар яратиш ва шу қатори аҳолини иш билан таъминлаш мақсади мужассамлашган оилавий уй меҳмонхоналари ташкилланмоқда, — дейди ёш тадбиркор Зиёвиддин. Бундай иссиқ ҳавода хушманзара Ғовада мириқиб дам олиб кетишга нима етсин?!

Агар аёл зоти одам этиб яралмаганида, у капалак бўлиб дунёга келарди, деб ёзилганди бир рисолада. Чунки бу жонсарак хилқат нозик бўлишига қарамай, елкасида бир дунё армонларини орқалаб, қалб тубидаги олам-олам орзуларига кўмилиб, осмонларда парвоз этиб яшайди, гўё. Турфа феъл атвори ила ҳам кўнгил олишга қодир, ҳам рўзғор деган ғорнинг етиб-етмаганини ҳеч кимга ошкор этмай, керак бўлса, ўзи барчасини уддалайди. Шунинг учун у ҳамиша эъзозу эътиборга лойиқ бўлиб яшайди ва яшайверади. Ғова қишлоғининг маҳаллаларида юз ёш билан юзлашаётган дуогўй момоларимиз тўғрисида қисқача сўз юритмоқчимиз.

Башорат момо Эргашева салкам бир аср умр кечириб, бу йил ўзининг 92 баҳорини қаршилади. Фарзандлар ардоғида, набиралар қучоғида умргузаронлик қилмоқда. Пиру бадавлат онахонимиз 1930 йил Чустнинг “Янги ҳаёт” маҳалласида туғилган. Ўғли Жўравой ҳамда келини Марҳаматхон, ўғил-қиз ва набиралари билан бирга яшаб келмоқда. Онахон ортда қолган йилларга назар солар экан, шундай ҳикоя қилади: “Бошланғич синф­­ни зўрға битирдим. Болалигимиз очарчилик, қатағон йилларига тўғри келди. Кўпчилик қатори суронли йиллар машаққатини кўрдик. Ўн тўрт ёшимдан бошлаб уй юмушлари билан бирга колхоз ишларида оиламга ёрдамлашардим. Иккинчи жаҳон урушидан қайтган мард ўғлон – раҳматли турмуш ўртоғим Ҳусанхон Маматов билан турмуш қурдик. Токи нафақага чиққунча колхозда ишладим. Ҳамқишлоқларимиз билан доимо бир-биримизни қўлладик, оғир дамларда суяндик, елкадош бўлдик, оқибатни йўқотмадик…”.

Онахоннинг ёнига ўтириб, сўзларини диққат билан тинг­лаймиз.

— Болаларим, бошимиздан ўтган қийинчиликларни сизлар умуман кўрманглар. Колхозда буғдой, пахта экиларди. Бизни баҳордан то кузгача пахтани парваришлаб, яганалаб, чопиб, “чеканка” қилиб, очилганида териб, қиш бўйи пахтани кўсагидан суғуриб, давлатга топширардик. Келин бўлиб тушган еримда овсиним, қайин эгачим, қайинсингилларим билан аҳил яшадик. Ҳаммамиз бир-биримизни аярдик, кўмаклашардик. Тақчиллик бўлса ҳам меҳр-оқибат кучли эди. Пахта далаларида халқ қўшиқларини куйлаб, ўзимизни ўзимиз хурсанд қилиб, уқубатларни енгиб ўтардик. Бугун эса фақат шукурли, сабр­-тоқатли ва бардошли бўлиб яшаш лозим. Негаки, давлатимиз тинч, ҳар жабҳада меҳнат қилса, роҳатини кўришлик бисёр.

Ғова қишлоғининг “Tинчлик” маҳалласи Қирғизис­тон Республикаси Олабуқа тумани “Кўктош” овули билан 2,5 километр масофада чегарадош. Маҳаллада истиқомат қилаётган 2 минг 675 нафар аҳолининг 609 нафари ёшлардир. Турли миллат вакиллари ҳам аҳил-иноқ яшашмоқда. Ёшлар етакчиси барча хонадонларга кириб, муаммоларни ўрганиш баробарида иқтидорли, изланувчан, ташаббускор ёшларни топиб, уларнинг камолотига алоҳида вақт ажратмоқда. “Бахт” кўчасида яшовчи Гулҳаё Раҳмонова, Озода Иброҳимова, Маҳмуда Аҳророваларга турли ширинликлар пишириб, даромадга эга бўлиши учун печлар тақдим қилинди. Олти нафар ёш талаба шартномасининг 50 бараваригача миқдоридаги тўлови ўтказиб берилганидан мамнун. Йигит-қизларнинг масалалари ва мурожаатлари маҳаллалар кесимида ижобий ҳал бўлаётганидан барча хурсанд.

Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан маҳаллаларга 500 миллион сўмликдан иборат спорт инвентарлари топширилмоқда. Энг олис қишлоқ маҳалласи сифатида “Тинчлик”ка ҳам мазкур анжомлар туман ҳокими ва сектор раҳбарлари иштирокида тантанали тарзда етказилди.

Мавзумиз марказидаги Ғовада бешта – Тинчлик, Юқори, Янги ҳаёт, Ғовасой соҳили ҳамда Варзигон маҳаллалари жойлашган ва қарийб 19 мингга яқин аҳоли ушбу қишлоқда бахтли-саодатли истиқомат қилмоқда.

Орифжон ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси,

Отабек ҚОБИЛОВ,

Чуст туманининг

Ғова қишлоғидаги

“Тинчлик” МФЙ

ёшлар етакчиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − 9 =