Газета ўқишга эҳтиёж бор, лекин…

Ёшлигимизда қишлоғимиздаги ҳар бир хонадоннинг кириш эшигида почта қутиси бўлар эди. Айрим хонадонларда ҳозир ҳам сақланиб қолган. Фақат бу қутиларга “замонавий кишилар” ажабланиш ва ҳайрат ила боқадилар. Чунки, унга ҳозир ҳеч ким газета журналларни солиб кетмайди. Эсимдан чиқмайди ҳар тонг ота-оналаримиз ишга кетишидан аввал, почта қутисига келган газета ва журналларни мутолаа қилиб кейин ишга отланар эди. Обуна мавсумида фарзандлардан сўралар эди. Ўғлим ёки қизим сени қайси журналга ёки газетага обуна қилдирай? “Ғунча” маъқулми ёки “Гулхан”? Фарзандлар ўзларини қизиқтирган газета ва журналлар номини айтар эди. Оилада ҳар бир фарзанднинг ўзи қизиқтирган нашрларга обунаси албатта мавжуд бўлар эди.

Биз бугун ўтмишнинг жамият учун ижобий жиҳатларидан андоза олмай фақат тош отиб унинг ёмон жиҳатларини айтишга ўрганиб қолгандекмиз. Ҳар бир жамиятнинг ҳам ижобий ҳам салбий томонларини инобатга олиб, яхши томонларидан ўрнак олсак мақсадга мувофиқ.

Бир вақтлар оталар фарзандларидан қайси газета ёки журналларга обуна бўласан деб сўраган экан, ўйлайманки, улардан ҳам сўралган. Қайси ижтимоий-сиёсий газета журналларга обуна бўлдинг деб. Ҳозир эса обуна масаласи айрим раҳбарларимиз наздида жамият иллатидек гўё. Ўзлари бирор газета ёки журналга обуна бўлмайди ва буни бошқалардан ҳам сўраб ўтирмайди. Шундай бўлгач табиийки ўқимайди, ўқимагандан кейин, фикрларида ўсиш бўлмайди, янгича ёндашув қила олмайди.

Бу масалани икки томонлама, уч томонлама, тўрт томонлама умуман жамиятнинг барча жабҳаларини инобатга олиб таҳлил қилсак ҳам барчасида ўз аксини кўрсатаверади. Яъни, ижтимоий ҳаёт газета журналларга обуна бўлар экан унинг орқасидан таҳририят, босмахона ходимлари, тарқатувчи ташкилотларда қанча одам ишли бўлади, оиласини теб­ратади. Энг муҳими, жамият ҳаётида плюрализмнинг шаклланиши, илм-маърифатнинг тарқалишига замин яратилади. Ўз вақтида Исҳоқхон Тўра Ибрат Оренбургдан литографик машина сотиб олиб келганида бу орқали илм, зиё тарқатишни мақсад қилган. Ижтимоий ҳаёт ҳам унга лаббай деб жавоб бериб бундан инсон ва жамият фақат манфаат топишини тушунган. Бугунги замонавий кўринишдаги бундай дастгоҳларни олиб келган матбаачиларимиз фаолияти нима бўлади. Улар бу орқали қанча одамни иш билан таъминлаши мумкин. Газета журналларга обуна йўқми одамларга иш йўқ, иш йўқми маош йўқ, маош йўқми, камбағаллик бор, камбағаллик борми, боқимандалик бор, боқимандалик борми, билим йўқ, билим йўқми, савия йўқ, савия йўқми, ўз фикр ва қарашига эга шахс камолоти ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Одамларда пессимистик қарашлар, ишончсизлик, барчадан шубҳаланиш, руҳий зўриқишнинг вужудга келиши ҳам мана шу омилларга боғлиқ менинг назаримда.

 Воқеа

Яқинда бир китоб тақдимотига бағиш­ланган тадбирда Сенат аъзоси бўлган зиёли шахс билан мулоқот қилиб қолдим. Сўралган ҳол аҳволдан сўнг: — Газетада нима янгиликлар?

Нашр бўляптими ёки тўхтаб қолдими? — дея сўради. Чиқяпти. Кузатиб бормаяпсизми дедим. У:

— Биласизми газета, китоб, журналларнинг даври ўтди. Мен йигирма йилдан бери газета, журнал ўқимайман. Бунга эҳтиёжим ҳам, хоҳишим ҳам йўқ, деса бўладими. Бир зиёли одамнинг кўпчилик олдида айтган гаплари унга бўлган ҳурматимни йўққа чиқарди. Яширмайман, очиғи хаёлимдан “сенатор” эмас “сен-аттор” бўлишинг керак экан” деган ўй ўтди.

Энди тасаввур қилайлик ўзимиз газета, журнал, китоб ўқимасдан ёшларга қандай ўқи деб айтамиз. Қайси китоб ва ёки газета журналларни ўқишни тавсия этамиз.

Бу ўринда китоб ўқинглар, газета, журнал варақлаб туринглар, дунёқарашларинг ошади, фикрлаш қобилиятларинг теранлашади деган умумий гап­лардан нарига ўта олмаймиз.

Бугунги исталган ўқувчидан қайси газета, журнал ёхуд охирги ўқиган китоби ҳақида сўрасангиз, кўпчилиги вақтли нашрлар ҳақида умуман маълумотга эга эмаслиги ойдинлашади. Китоблар ҳақида эса асосан кино қилиб ишланган “Ўткан кунлар”, “Шум бола” каби асарлар номини ёки мактаб дарсликларида мавжуд асарлар номини келтириб ўтадилар. Замондошларимизнинг аксарияти адибларимиздан О.Шарофиддинов, А.Орипов, Э.Воҳидов,   М.Юсуфларнинг номларини зикр этишади холос.

Ёки “ойнаи жаҳон”даги бир кўрсатув бўляпти. Мактаб ўқувчиларига бугун нима етишмаяпти, нега улар ўқимаяпти, нега ўқитувчиларни ҳурмат қилмаяпти. Миллий анъаналаримиз қаерда қолди деган мазмунда. Бошловчининг исми ҳам кийган кийими ҳам миллийликни, анъанавийликни, ахлоқийликни акс эттирмайди.

Таклиф

Бугун аксарият раҳбарларимиз томонидан уюштирилаётган шоу, фестиваль ёки тушунарсиз челленж, пиарларнинг жамият учун нафи йўқ. Раҳбарларимиз жамиятни олға тортувчи маънавий жиҳатларга эътибор бериб, обуна масаласида челленж ўтказишса, бундан давлат ҳам жамият ҳам фақат ва фақат фойда топади. Аксинча бўлса…

Бугун ҳар бир раҳбарнинг фикрини маъқуллаб, у қилган ёки буюрган ишни қилишга одатланган ўзида ижтимоий-сиёсий фикр йўқ айрим ташкилот раҳбар ва ходимлари вақтли нашрларга топшириқ бўлмаса обуна бўлмаслиги кундай равшан. Ўзида фикр бўлмаган кишига эса бунинг ижтимоий салбий оқибатларини тушунтириш тошга сув қуйиб кўкаришини кутгандек гап.

Баҳром БОЙМУРОДОВ,

“Янги Сирдарё” газетаси

бўлим мудири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 − 8 =