Ўтаётган йилда…

Халқаро Журналистлар Федерацияси (ХЖФ) бугун халқаро ҳамжамиятни журналистларнинг хавфсизлиги ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича аниқ чоралар кўришга чақирди. Чунки  2022 йилда ўлдирилган ҳамда қамоққа олинган журналистлар сонининг кескин ўсиши қайд этилган. ХЖФ маълумотларига кўра 2022 йилда ўз вазифасини бажариш чоғида 67 нафар оммавий ахборот воситалари ходимларининг ўлдирилиши қайд этилган. Бу 2021 йил (47) га нисбатан 20 нафарга кўп эканлигини кўрсатади.    

Қайғули рўйхатда биринчи ўринни Украинадаги уруш ҳудуди эгаллаб турибди. У ерда 12 журналист ҳалок бўлган.

Иккинчи ўринда Мексика (11), сиёсий вазият таранглигича қолаётган Гаити (6) учинчи ўринда қайд этилган.

Покистондаги сиёсий инқироз даврида 5 нафар журналист ўлдирилган. Филиппинда президент Маркос ҳукмронлиги даврида журналистларга нисбатан зўравонлик оқибатида 4 нафари ҳаётдан кўз юмган.

Умуман олганда, Америка қитъасида 29, Осиё-Тинч океани ҳудудида 16, Европада 13, Яқин Шарқ ва араб дунёсида 5, Африкада 4 нафар журналист ўлими қайд этилган.

ХЖФ бош котиби Энтони Белланжернинг айтишича, бу бутун дунё ҳукуматларини уйғотувчи қўнғироқ сифатида баҳоланиши керак.

— Ҳаракат қилмаслик фақат эркин ахборот оқимини бостиришга ва одамларнинг ўз раҳбарларини жавобгарликка тортиш қобилиятига путур етказмоқчи бўлганларни, шу жумладан, ҳокимият ва таъсирга эга бўлганларнинг очиқ ва инклюзив йўлига тўсқинлик қилмаслигини таъминлашга ёрдам беради. Энди БМТ Бош Aссамблеяси томонидан ХЖФнинг Журналистларнинг хавфсизлиги ва мустақиллиги тўғрисидаги конвенциясини қабул қилиш вақти келди, – дейди Энтони Белланжер.

Шунингдек, ХЖФ 2022 йилда сиёсий репрессия қурбонига айланган журналистлар сонини ҳам очиқлади. Оммавий ахборот воситаларининг овозини ўчириш ва эркинлик норозиликларини бос­тириш мақсадида Хитой, Беларусь, Миср, Гонгконг, Эрон, Мянма, Россия сингари мамлакатларда журналистларни таъқиб қилиш кучайган. Ҳозирда камида дунё бўйлаб 375 нафар журналист ва оммавий ахборот воситалари ходимлари панжара ортида қолмоқда. Бу сўнгги икки йилдаги энг ёмон кўрсаткичдир.

Хитой ва Гонгконгда қамоққа олинган журналистлар сони энг кўп – 84 нафарни ташкил қилмоқда. Кейинги ўринларни Туркия (51), Эрон (34), Беларусь (33), Миср (23), Россия (29), Саудия Арабистони (11), Яман (10), Сурия (9) ва Ҳиндистон (7) эгаллаган.

Интернет маълумотлари асосида тайёрланди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 5 =