Қаҳратон қиш синовлари

Маълумки, шу йилнинг 16 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда кейинги кунларда юртимизга қаттиқ совуқ оқимининг кириб келишидан сўнг юзага келган коммунал соҳадаги муаммолар очиқ ва чуқур таҳлил қилинди. Аҳолини қийин аҳволга солган вазият юзасидан тезкор чоралар кўрилишини таъкидлади давлатимиз раҳбари.

— Мен совуқдан қийналаётган ҳар бир оила ҳар бир инсонни ҳолатини чуқур ташвиш ва изтироб билан юрагимдан ўтказаяпман, — деди Президентимиз. — Буни ҳар бир раҳбар ҳис қилиши керак. Бу йилги совуқ бутун тизимнинг аҳволини, қишга тайёргарлик енгил-елпи бўлганини кўрсатди. Энди бундай давом этиши мумкин эмас. Юзага келган вазиятни ўнглаш учун тезкор чоралар кўрамиз.

Қаҳратон совуқ забтига олганда бирданига светнинг ўчиб қолиши, газнинг бўлмаслиги… Ва бу аҳвол бир-икки соат эмас, бир-икки кунларга чўзилса, жуда ачинарли, албатта.

Ўтган қишнинг совуғи йўқ, дейдилар. Ҳар йили ҳам қиш — қишлигини қилиши мумкин. Аммо бу йилги совуқ, кучли қор ёғиши сўнгги 10-15 йилда ҳам кузатилмаган эди. Энди бу нарса бир сабаб бўлмаслиги керак. Қишга тайёргарлик асосан қиш келгунича бўлиши керак.

Тунов кунги қора совуқда бир туман раҳбари ижтимоий объектлардан бирига бориб, иссиқлик қувурини ушлаб кўряпти, мавжуд аҳвол билан танишаяптилар экан.

Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда эълон қилинди ва кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлди: “Ҳоким бува, қишга тайёргарликни ҳаммаёқни қор босганда, 20 даража совуқда ўрганадиларми? Шу пайт­гача уйқудамидингиз?” деб ёзишди ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари.

Дарҳақиқат, нега шундай? Нега ҳеч бир иш ўз вақтида амалга оширилмайди. Ахир халқимизда “Ер ҳайдасанг куз ҳайда — куз ҳайдамасанг, юз ҳайда” деган нақл бор. Доно халқимиз билиб айтганда. Яъни, бундан муддао шу бўладики, агар сен ҳаракатингни ўз вақтида емасанг, тайёргар­лигинг­ни кўрмасанг, эртага кеч бўлиши мумкин. Кўзлаган ҳосилни кузда олиб бўлмайди. Шу сабаб доно халқ “Жўжани кузда санаймиз” дейди…

Сўнгги ҳафталарда юртимизга кириб келган қаттиқ совуқ об-ҳаво эса ушбу мақолнинг яққол исботи сифатида кўриниб қолди. Нега бу жараёнларга мутасадди ташкилот вакиллари ўз вақтида тайёрланишмаган?

Энергия ва иссиқлик таъминотидаги камчиликлар пойтахтимиз Тошкент шаҳрида ҳам мавжуд вазиятнинг анчагина оғирлигини кўрсатди. Белгиланганидан ортиқ кучланишда ишлаган ўнлаб трансформатор ва паст кучланишли тармоқлар ортиқча юкламага бардош беролмасдан турли авариялар келиб чиқишига сабаб бўлди. Бунинг сабаблари мамлакатимиз раҳбари томонидан кескин танқид қилиниб, пойтахт шаҳар ҳокими вазифасидан олинди. Йиғилишда электр ва газ тармоқларида талон-тарожлик кўплиги ҳам кўрсатиб ўтилди. Охирги ойларнинг ўзида нефть-газ ва энергия назорати тизимларида 192 та коррупция ҳолатлари аниқланган. Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратурага бу соҳалардаги коррупцияни йўқ қилиш, автомобилга газ қуйиш шохобчаларидаги ўғирликларга барҳам бериш бўйича кўрсатмалар берилди.

Президентимиз доим жон куйдириб таъкидлайди. Бугунги халқимиз кечаги халқ эмас. Бугунги одамлар кечаги одамлар эмас. Улар эртага ёки келажакда яхши яшашни эмас, бугун муносиб яшашни исташади. Муаммоларни ўзимиз ҳал қилишимиз лозим. Буни бирорта одам четдан келиб қилиб бермайди. Фақатгина ўзимиз…

Йўқса, бундан 7-8 йил аввал чекка вилоятларда, туманларда, қишлоқларда 15-18 соатлаб электр энергияси берилмаслиги, узиб қўйилиши бор гаплар эди. Лекин “оҳ-воҳ”лар шу кунлардаги каби унча билинмас эди. Бунинг сабаби эса, бугунги халқимиз уйғоқ, ўз фикрини, муносабатини билдирадиган эркин кишиларга айланаётганлигидадир. Жамиятимизда эса эркин ва адолатли тизим барпо қилинаётганлигидан дарак.

Хўш, бугун аҳвол ўша йиллардагидекми? Йўқ, албатта. Имкон қадар электр энергияси билан таъминлашга ҳаракат қилинмоқда. Лекин газ билан таъминлаш масаласи туманларимизда ҳамон оғриқли.

Юртимизда одамларни рози қилиш, муносиб турмуш шароитини яратиш йўлидаги бу депсинишларга барҳам берилишига шубҳа йўқ. Чунки Ўзбекистондаги бор саъй-­ҳаракатларнинг мазмун-моҳияти инсон қад­ри учун йўналтирилгандир. Ҳамма гап ҳар бир соҳа мутасаддисининг ўз вазифасига виждонан ёндашувига боғлиқ.

Энди ерни юз бор ҳайдамаслик учун шуд­горни кузда, қишга пухта тайёргарликни эса фасл келгунича бажариш талаб этилади, холос.

Ислом АСИЛБЕКОВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven + four =