Хўжакўрсинга ишлаётган қонунлар

— Кечирасиз, “аптека”дан мана шу дорини олиб чиқиб бера оласизми, — дея кимдир қўлимдан тортқилади. Ўгирилиб қарасам, ногиронлик аравачасида ўтирган ёши каттароқ киши.

— Узр, ука. Хижолатдаман. Малол келмаса мана шу рўйхатдаги дориларни олиб чиқиб бера олмайсизми. Зинадан чиқай десам биз учун йўлакча йўқ экан, чиқа олмай боядан бери қийналиб ўтирибман.

— Майли, бемалол, беринг, — дея қўлидаги қоғозни олдим-да, дорихона томон юзландим. Дориларни олиб чиқиб бердим. Ногиронлик аравачасидаги инсон менга ўз раҳматини айтганча манзили томон кетди…

Қизиқ, нега улар учун муносиб шарт-шароитлар йўқ деган савол эса мени ўйлантириб қолди. Ҳақиқатдан ҳам нега шунақа экан-а?..

Маълумотларга қараганда бугунги кунда Ўзбекистонда имконияти чекланганлар сони 760 минг нафарга яқин экан. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида расман 45 минг нафар имконияти чекланган инсон бўлса, норасман уларнинг сони 70 мингдан кўпроқни ташкил этади.

Нега бу далилларни келтиряпмиз. Бугун сиз билан бирда эътибор қилсак бирда бепарводек ўтиб кетадиган худди мана шу мавзу ҳақида ёзмоқчимиз. Хўш, бугун имконияти чекланган инсонларнинг кўчаларимизда, бекатларда, метроларда, дорихона-ю бошқа савдо шохобчаларида ҳаракатланиши учун етарлича шароит борми, бор бўлса қай даражада, нега биз уни сезмаймиз, кўрмаймиз.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича бир қатор қонунлар қабул қилиниб, қатор чора-тадбирлар белгиланган бўлса-да, улар учун инклюзив шароитлар кўнгилдагидек эмас.

Қонунчиликка кўра, шаҳарларни, бошқа аҳоли пунктларини, тураржой ва рекреация зоналарини, умумий фойдаланишдаги транспорт воситаларини ногиронлиги бўлган шахс­ларнинг улардан монеликсиз фойдаланиши учун мослаштирмасдан қуришга ёки ишлаб чиқишга йўл қўйилмайди.

Сенатор Одилжон Иминовнинг таъкидлашича, бу борада қонунчиликда барчаси рисоладагидек, бироқ амалда уларнинг ижроси катта сўроқ остида.

Ўрганиш натижаларига кўра, Тошкент шаҳри ижтимоий инфратузилмаси объектлари ва биноларининг 85 фоизи ҳанузгача ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тўсиқсиз фойдаланиш учун мослаштирилмаган.

Ер ости транспортидан қулай фойдаланиш учун зарур шароитлар яратилмаган. Метро станцияларининг кўплари пандуслар билан жиҳозланмаган, бу эса шаҳарсозлик меъёрлари талабларига жавоб бермайди.

Масалан, Қўйлиқ бозорида жойлашган 7-бекатда пандус қиялиги 45 градусни ташкил этмоқда (амалда 8 градус бўлиши керак). Вагон ва перрон орасидаги бўшлиқ аравачалар ёрдамида ҳаракатланадиган ногиронлар учун жиддий ноқулайликларни келтириб чиқармоқда.

Метронинг эски йўлларидаги станциялар кўзи ожиз шахслар учун тактил қопламаларга эга эмас.

Янги вагонларни инобатга олмаганда мет­рополитен поездларида қулоғи оғир инсонлар учун ахборот маълумотлар кўрсатувчи электрон таблолар мавжуд эмас.

“Чилонзор” метро станциясидаги ҳожатхонани лойиҳалаштиришда ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин фойдаланиш имкониятлари инобатга олинмаган. Жумладан, ҳожатхоналардаги баланд остона, тор эшиклар (70 см), ушлагичларнинг мавжуд эмаслиги, қўл ювиш раковиналарининг баландлиги аравачалар ёрдамида ҳаракатланадиган ногиронлиги бўлган шахслар учун улардан фойдаланиш имконини бермайди.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар томонидан шаҳар ер усти транспортидан мус­тақил фойдаланиш имконияти тўлиқ яратилмаган. Айниқса, аравачалар ёрдамида ҳаракатланадиган ногиронлиги бўлган шахслар, кўзи ожизлар ва қулоғи оғирларнинг эркин ҳаракатланиши учун жамоат транспортининг мослашмагани, хусусан автобус салонларида электрон ахборот таблоларининг, эшитиш мосламалари ва бошқа ёрдамчи воситаларнинг мавжуд эмаслиги мураккабликлар келтириб чиқармоқда.

Ўзбекистон ногиронлар уюшмаси томонидан ўтказилган сўровномага асосан ногиронлиги бўлган шахсларнинг 93 фоизи ер усти жамоат транспортини тўсиқсизлик нуқтаи назаридан қониқарсиз деб баҳолашган.

Йўл бўйи инфратузилма объектлари (ер ости ва ер усти ўтиш йўллари) бир қатор сезиларли камчиликларга эга.

Хусусан, айрим ер усти ўтиш йўлларида (масалан, Себзор ва А.Қодирий кўчаларининг кесишмасида) лойиҳалаштириш жараёнида лифтлар кўзда тутилган бўлса-да, амалда мавжуд эмас. Шунингдек, мазкур жойда эскалаторлар ҳам ишламайди.

Мисол учун, Яшнобод тумани Фарғона йўли кўчасида Ислом ота масжидига етмай жойлашган ер усти йўли деярли стандартларга мос равишда қурилган, унга зиналар ва пандуслар ўрнатилган. Аммо афсуски, аравачада ҳаракатланадиган инсоннинг чиқиши учун қулай эмас. Ногиронлиги бўлган инсон бировнинг ёрдамисиз йўлнинг нариги тарафига ўта олмайди.

Бу пандуснинг усти ёпилмаган, ногиронлиги бўлган шахслар қop ёки ёмғирда ундан чиқа олмайди, сирпанчиқ бўлиб қолади. Шунча пул сарфлагандан кўра, муаммони битта лифт билан ҳал қилса бўларди. Ногиронлиги бўлган инсон бу пандусга чиққандан кўра, йўлни кесиб ўтишни маъқул кўради.

“Айрим ер ости ўтиш йўллари ностандарт пандуслар билан жиҳозланган бўлиб, ногиронлик аравачалари ғилдираклари мазкур пандусларга сиғмайди, бу эса ҳаракатланиш имконини бермайди.

Жамоат жойларида ногиронлиги бўлган шахслар учун зарур эшитиш ва кўриш маълумотлари, шу жумладан рельеф нуқтали брайль шрифтида тайёрланган кўрсаткич ва белгилар мавжуд эмас.

Пиёдалар йўлакчаларида техник мосламалар, яъни кўзи ожиз шахслар учун овозли ишора билан жиҳозланган светофор мавжуд эмаслиги сезиларли тўсиқлардан биридир, бу ногиронлиги бўлган шахсларнинг нафақат фаол ва мустақил ҳаракатланиш имкониятини тўсмоқда, балки ҳаракат вақтида уларнинг ҳаё­тини хавф остига қўймоқда.

Бу ҳолатлар ногирон юртдошларимизнинг ёрдамга муҳтож тарзда ҳаракатланиш учун яқинларига қарам бўлиб қолишини тақозо этмоқда.

Майли, ушбу тоифадаги фуқароларимиз бир амаллаб манзилларига етиб олдилар, ҳам дейлик. Уларни у ерда ҳам қийинчилик кутиб туради”, деди сенатор.

Жамоат автобуслари на пандус туширади, на кондуктор тушиб имконияти чекланган йўловчига ёрдам беради.

Яқинда Андижон вилояти ҳокими матбуот хизмати Шуҳратбек Абдураҳмоновни янги Андижон шаҳри лойиҳаси бўйича қурувчи ва ло­йиҳачилар билан учрашув ўтказгани, янги қурилаётган кўп қаватли уйларда имконияти чекланган кишиларнинг ҳаракатланиш имкониятини текширгани борасидаги бир неча видеотасвирларни эълон қилди.

— Масалан, мен ногиронман, ёки ногирон қариндошим бор. Уни уйингни ичига олиб кирасан. Қаергача борасан, кўрамиз, дейди ҳоким.

Ҳоким ўзи билан 7 та ногиронлик аравачаси келтиргани кўринади.

“Уй қургандан кейин ҳаммаёғи билан қуриш керак. Ҳозир битта ногиронни олиб келинг, олиб кира олмайсан уйингга. Ҳеч биринг олиб кира олмайсан”, — дейди ҳоким атрофидаги масъулларга.

Ҳоким очиқ гаплашишни таклиф қилади. У рўпарасидаги уйни кўрсатиб, дўконига ногиронларга кириш йўлаги йўқлигини кўрганини айтади.

Ҳоким Жанубий Кореянинг Инчон шаҳрида кўрганларини қурувчилар билан ўртоқлашади.

— Инчонда янги шаҳар қуришган, 4 йил бўлган қурилганига. Кириб кўрдим, худди шу каби шаҳар. Уйларнинг таг қисми, йўл юзалари – 100 фоиз хизмат кўрсатиш тармоқлари. Эртага шунча одам яшаяпти, қаерда хизмат кўрсатиш бор? Кўп қаватли уйда яшайдиган одамга маиший хизмат кўрсатадиган, айтайлик сартарош­хона керак, тўғрими? Агар сизлар бир хилда қилиб чизиб бермасанглар, камида 1-қаватнинг 50 фоизини хизмат кўрсатиш нуқталарига айлантириш керак, — дейди Шуҳратбек Абдураҳмонов.

Аммо нега бу каби ташаббуслар қурилиш вазиридан, транспорт вазиридан чиқмайди? Нима улар ўзга сайёрада яшашадими?! Ахир улар ҳам мана шу жамият фуқароси-ку. Бир икки марта автобусга чиқиб аҳолига яратилган шароитлар билан танишгандек бўлишди. Биз айтган масалалар-чи, эътибор берилдимикин, ёки бу бўйича махсус йўл харитаси ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини кутиб ўтиришибди эканми?

Сўнгги йилларда ногиронлиги бор шахслар учун олий таълим муассасаларида квоталар оширилмоқда, уларнинг бандлигини таъминлаш учун чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Аммо улар ўқишга, ишга бориб келиши учун ҳам мана шу пиёдалар йўлакчасидан, жамоат транспортларидан фойдаланиши инобатга олинмаяпти. Қулай инфратузилма ва шарт-шароитлар йўқлиги, жамиятдаги кўпчилик ногиронлиги бўлган шахсларнинг имкониятлари чекланишига олиб келади ва ушбу инсонларни жамият ҳаётида барча билан тенг равишда тўлақонли ва самарали иштирок этишларига йўл қўймайди. Қисқача айтганда, аслида, имкониятлар чекланиши турли хил нуқсонлар туфайли эмас, балки кўпроқ жамиятимизда тўсиқлар борлиги туфайли рўй беради.

Ислом АСИЛБЕКОВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen + seven =