Аёл менталитет қурбони бўлмасин

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси экспертлари хулосасига кўра, Ўзбекистонда ҳар 100 000 аёлдан 29 нафари гендер тенгсизлик туфайли вафот этади. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) матбуот хизматининг маълум қилишича, аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари йилдан-йилга ошиб бормоқда.

2021 йилнинг 15 апрелига қадар Омбудсман номига хотин-қизлардан йигирмага яқин жинсий ва жисмоний зўравонлик, руҳий тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича мурожаат келиб тушган. Уларнинг аксарияти Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига тўғри келади.

Суд-ҳуқуқ идораларига мурожаат қилмай, оилам бузилиб кетмасин, болаларим етим қолмасин, деган истиҳола устунлик қилиб келаётган ҳолатларни ҳам ҳисобга олсак, хотин-қизларга нисбатан бўлаётган зўравонликлар аслида келтирилган рақамлардан кўпроқ ҳам бўлиши мумкин.

Шу кунларда жамоатчиликнинг, айниқса, юқори идора вакилларининг тилидан тушмай келаётган “Гендер тенглик” атамаси ижтимоий ҳаётимизга кечагина кириб келгандек гўё. Аммо бу тушунча анча йилдан буён ғарб мамлакатларида қўлланиб келинади. Баъзи ҳолларда “гендер” тушунчаси “жинс” тушунчасининг синоними сифатида нотўғри ишлатилаётганига унчалик аҳамият беравермаймиз. Аслида эса жинс ва гендер ўртасидаги фарқ асосий ҳисоб­ланади. Чунки аёл ва эркак ўртасидаги фарқлар биологик бўлмаган сабабларни ҳам ўз ичига олган. Гендер тушунчаси ақлий, маданий ва ижтимоий фарқларга таъсир қилса, жинс тушунчаси фақат жисмоний, анатомик ва физиологик фарқларни анг­латади.

Демак, гендер тенглик фақат аёллар манфаатларини ифодаламайди. Балки ҳар икки жинс вакилларининг ўз орзу ва мақсадлари сари дадил одимлаши, ҳаёт сифатини ошириш учун бир хил имкон бериш кераклигини илгари суради. Айнан ривожланган жамиятнинг талабларидан бири бу эркак ва аёл ҳуқуқлари тенглигининг таъминланишидадир.

Бутун жаҳонда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам гендер тенг­лик инсонларни икки тарафга бўлиб қўяётган ижтимоий мунозарадек гўё. Бундай дейишимизга сабаб, мамлакатимиздаги диний эркинлик ва қарашларнинг шаклланиб бораётгани муносабати билан хотин-қизлар мавқеига талаблар ҳам ўзгармоқда. Шундай қилиб ҳозир аёлларга нисбатан икки қутбли қараш юзага келди. Яъни, диний нуқтаи назардан “Эркаклар аёллардан ҳар нарсада устун туради” дейилса, иккинчи томондан “Аёллар ва эркаклар ҳуқуқ ва имконият томонидан тенгдирлар” деган фикрни илгари суради.

Ҳозир масала у ёки бу томоннинг фикрини тасдиқлаш эмас. Аслида гап ўзимиз гендер тенглик моҳиятини, унинг жамиятимиз учун қанчалар зарурлигини оз бўлса-да, тушуниб олишимизда.

Минг афсуски, хотин-қизлар кўпинча ривожланиш жараёнидан четда қолади. Унда иштирок этган тақдирда ҳам жуда катта қи­йинчиликлар ва ҳатто йўқотишлар (кўпгина ҳолларда оилавий низолар, ажримлар) эвазига эришади. Бунга сабаб менталитетимиздан келиб чиқиб, қиз болага, умуман аёл кишига “ўзига хос” ёпиқ стандартлардан иборат қолип яратиб олганимиздир. Келинг, шуни ҳаётий мисоллар билан таҳлил этиб кўрайлик:

…Орзу-умидлари осмон қиз. Мактабни тамомлаб ўзи хоҳлаган олий ўқув юртига кирмоқчи бўлганида оиласининг қаршиликлари, “Қиз болага ўқиб бало борми? Тезроқ эрга тегмасанг қари қиз бўлиб қоласан” қабилидаги таъналар… Ёки бўлмаса, аёл – оила бекаси, ҳамма уй юмушларига жавобгар шахс. Оила бекаси бу – хизматкор… Бу каби мисолларни санаб саноғига етолмайсан киши.

Бир сўз билан айтганда: аёл – менталитет қурбони…

Реал ҳаётимизга кўз ташлайдиган бўлсак, айрим хонадонларда бўладиган келишмовчиликлар кўпинча оиладаги “хотин киши”ни дўппослаб “эсини киргизиб” қўйиш билан якунланади. Аслида аёлларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик барча ақлли жамиятларда, жумладан, Исломда ҳам қораланади. Аёлларга нисбатан куч ишлатиш тажовуз ҳисобланади. Уларга нисбатан ҳеч қандай зўравонлик, уруш, калтаклашни ишлатиб бўлмайди.

Аввало аёлга ОНА сифатида қараш зарур. Чунки у миллат давомчиларини тарбияловчи, вояга етказувчи шахс. Қачонки аёллар савияли, билимли бўлса, ана ўша мамлакатда ривожланиш бўлади. Ундан туғилажак фарзанд ҳам ақлий ва жисмоний томондан соғлом дунёга келади. Бу эса жамият ривожига сезиларли таъсир ўтказади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда аёллар ҳуқуқлари, гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соҳага доир 25 та қонун ҳужжати қабул қилинди. Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди. Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида, улар билан манзилли ишлаш мақсадида “Аёллар дафтари” тизими жорий этилди.

Шуни айтиш жоизки, ҳар бир инсон унинг жинсидан қатъи назар тенг ҳуқуқлидир ва мавжуд имкониятлардан ҳам тенг фойдаланишга ҳақли. Бу барча жойда бир хил бўлиши лозим – хоҳ жамиятда бўлсин, хоҳ оилада.

Дилдора ДЎСМАТОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen + twenty =