Ўгай мактаб

Аввалроқ Сирдарё тумани халқ таълими бўлимининг мудири Рустам Дўстмуродов билан мак­табларнинг моддий-техник таъминоти ҳақида суҳбатлашиб қолгандик.

— Таъминотимиз ёмон эмас, — деганди мудир. — Лекин туманимиз мактаблари орасида узоқ йиллардан буён таъмирланмай, авария ҳолатига келиб қолганлари бор. Шулардан бири Бахт шаҳридаги 32-мактаб.

Наврўз байрами арафасида мудир таъкидлаган мактабда бўлдик.

— Мактабимиз бундан роппа-роса 50 йил муқаддам қурилган, — дейди Барно Умарова. — Ишонасизми, ўшандан буён бирон марта ҳам капитал таъмирланмаган.

Фақат бундан 15 йил муқаддам спорт залимизнинг томини ёпиб беришганди холос.

Ҳақиқатан ҳам, 410 нафар ўқувчи таҳсил олаётган ушбу таълим ўчоғининг аҳволи анчайин хароб. Деворлари дарз кета бошлабди, синфхоналари, пол ва шифтлар, эшиклар абгор аҳволда.

— Юқори ташкилотларга бир неча марта мурожаат қилганмиз, — дейди директор. – Ҳатто туман ҳокими ва бошқа мутасаддилар номига депутат сўровномаси ҳам киритганмиз. Лекин ҳозирча бирон-бир ижобий жавоб йўқ.

Директорнинг айтишича, бундан бир неча йил муқаддам мактабни Бахт енгил саноат коллежининг бўшаб қолган биносига кўчиришмоқчи бўлишган. Лекин кейинроқ вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан, у бинога 71-махсус мактаб-интернат жамоаси кўчирилибди.

— Мактабимиз жойлашган “Ишонч” маҳалла фуқаролар йиғини “Обод маҳалла-2023” дастурига киритилган, — дейди Б.Умарова. — Зора, бизга ҳам эътибор қаратишса, бизнинг ўқувчиларимиз ҳам хавфсиз, обод ва шинам синфхоналарда таҳсил олишса…

Ҳайдарали МАМАТОВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five − five =