“Жорийланиш” жорий этиляптими?

Илм аҳлига очиқ хат

 

Юртимиздан қанча кўп олимлар етишиб чиқса, бу бизнинг ютуғимиз, фахримиз. Тарихий тараққиётга назар ташласак, ҳамма даврларда ҳам одамлар илм аҳлига эргашган. Уларнинг кўрсатмаларига риоя этиб, тўғрию хатони ажрата олишган. Қолаверса, юксак интеллектуал ва ахлоқий онгнинг шаклланишида олимларимизнинг илмий тадқиқотлари ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Фикримизни Сирдарё вилояти мисолида давом эттирсак. Гулис­тон давлат университети ва Тошкент кимё технологиялари институти Янгиер филиали профессор-ўқитувчилари томонидан 2022 йилда 51 та PhD — фалсафа фанлари доктори ва DSc — фан доктори илмий тадқиқот ишлари ҳимоя қилинган. Шундан 17 та PhD ҳимояси (33 фоиз) таълим-тарбия назарияси, педагогика, психология, сиёсий маданият, онг, маданият соҳалари бўйича бажарилган. Буни рес­публикамизнинг 14 та ҳудудлари кесимида таҳлил қилсак, 714/238 нисбатда, мавжуд 200 та олий ўқув юртлари кесимида 5100/1700 нисбатда бўлади. Юқоридаги олий ўқув юртларининг 50 таси сўнг­­ги йилларда ташкил этилганини ҳисобга олиб, 150 таси мисолида кўрсак, тахминан 3825/1275 нисбатга тўғри келади. Кўриниб турибдики, бир йилда катта кўрсаткич. Улар томонидан бажарилган илмий тадқиқот ишлари сони ҳамда уларни ижтимоий муҳитга тадбиқ этилиши миқёсини тасаввур қилиб кўринг энди. Ҳақиқатан ҳам, қувонарли. Аммо уларнинг ҳамма илмий янгиликлари амалиётга жорий этиляптими? Муаммо ана шунда.

Юқоридаги таълим соҳалари PhD илмий тадқиқот ишлари ҳимоя қилинишидан аввал, асосан, таълим муассасаларида, хусусан мактабларда жорийланишдан ўтган, албатта. Бу бир томондан илмий тадқиқот ишининг муҳимлигини, зарурлигини кўрсатса, иккинчи томондан мактаб ўқитувчиларига, ўқувчиларга янги методика (ўқув қўлланма, услубий кўрсатма кабилар) қўлланилиши асосида маънавий-маърифий муҳитнинг яхшиланишига, таълим сифати ва самарадорлиги кўтарилишига хизмат қилади.

Эътибор бериш лозим: табиий, аниқ ва техника фанлари илмий тадқиқот доирасида тажриба ва синовларни қишлоқ хўжалиги, саноат ва бошқа соҳаларда синаб кўради. Улар томонидан яратилган препарат ёки бирор жиҳоз жамиятнинг ўзига хос муайян соҳаларида қўлланилади. Таълим соҳаларида бажарилаётган илмий тадқиқот ишлари эса инсоннинг маънавий савияси, индивидуал онги, руҳий соғломлиги, ахлоқий қобилиятини ривожлантириш учун хизмат қилиши лозим. Шундагина бажарилган илмий тадқиқот иши самара берган ҳисобланади. Бу эса муайян вақт билан боғлиқ бўлган жараён.

Шу боис таълим соҳалари йўналишларида илмий тадқиқот олиб бораётган тадқиқотчиларимиз бошқа соҳа вакиллари каби илмий ишни тезроқ ҳимояга олиб чиқиш ҳаракатида бўлиши нотўғри. Уларнинг илмий тадқиқотлари жорийланиши кўпроқ муддат давом этиши керак. Негаки, ижтимоий онг билан боғлиқ жараёнларнинг натижаси дарров билинмайди. Янги методика қанчалик манфаатли эканини билиш учун вақт керак.

Ҳар бир илмий тадқиқот иши натижасида муайян янгилик яратилиши, унинг негизида фақат илмий мақола, қўлланмаларгина эмас, ўзига хос методика, шу асосда методологияда ҳам янги бир йўналиш вужудга келиши лозим. Илмий тадқиқот иши қилишдан мақсад — жамият ҳаётидаги мавжуд муаммони муайян ижтимоий соҳа йўналишида тўғри аниқлаб, тадқиқот доирасида ечимига эришиш. Тадқиқотда мавжуд муаммо юзасидан гипотезани илгари суриб, унинг ечимини назария орқали топишдир. Бу илмий янгилик. Илмий янгилик эса ижтимоий ҳаётнинг ижтимоий онгида акс этса, вазифа уддаланган, мақсадга етилган бўлади.

Маълумотларга кўра, Сирдарё вилоятида 2022 йилда мактаб ўқувчилари томонидан 51 та жиноят содир этилиб, 2021 йилга нисбатан 12 тага кўпайган. Балоғатга етмаган қизлар ўртасида эрта ҳомиладорлик 2022 йилда 2 та, ўз жонига қасд қилиш (суицид) ҳолати 14 тани ташкил этган.

Демак бундан кўриниб турибдики, мактаблардаги маънавий-маърифий ишларни амалга оширишда мактаб, маҳалла, профилактика инспекторлари, амалиётчи-психо­логлар ва ота-оналарнинг ҳамкорлигида ҳали камчиликлар бисёр. Амалиётчи-психо­логлар ўқувчилар билан индивидуал шуғулланиб, хулқий оғиш (девиант хулқ)га майлларини аниқламаган.

Мана шундай ҳолатларда илмий тадқиқот олиб борувчилар томонидан тайёрланган методик қўлланмалар, услубий кўрсатмалар, луғатлар ёки тавсиялар таълим муассасаларида муҳитнинг ижобий бўлиши, ўқитувчи ва ўқувчилар ақлий, ахлоқий онгининг ўсиши учун хизмат қилиши лозим. Илмий тадқиқот ҳақиқатда долзарб бўлиши, зўр ёритиб берилган бўлиши мумкин. Бироқ унинг натижаси жамиятда кўринмаса, ижтимоий ҳаётда акс этмаса, тадқиқотчининг рутбаси ошишидан бўлак наф йўқ.

Очиғини айтганда, бошқа соҳаларни билмадиму, таълим соҳасида тадқиқотчиларимиз илмий тадқиқотларининг жорийланишида шошма-шошарлик билан фақат ҳужжат учун ҳаракат қилиши хатодир. Жорийланишга тизимли, аниқ, мақсадли ёндашсалар, юқоридаги каби салбий ҳолатлар мактабларимизда камаярмиди?..

Таълим соҳалари бўйича илмий тадқиқотчиларимизнинг ижтимоий онгга таъсир кўрсатувчи янги методикаси ҳақиқатда янгилик бўлса, мактаб ва олий ўқув юртлари ўртасида ўзаро боғлиқлик ва алоқадорликда ҳам муаммо бўлмайди. Олий ўқув юртларининг мактаб­ларга методик ёрдам кўрсатишлари янада юқори босқичга кўтарилади. Мактаб раҳбарларининг ўзлари илмий тадқиқот ишларининг жорийланишини хоҳлаб қолишади. Таълим соҳаси юзасидан муайян илмий тадқиқот ишининг таълим муассасаларида тўғри жорийланиши ўқувчи ёшларимиз, ўқитувчи педагогларимиз ақлий, ахлоқий онги ривожланиши учун, умуман, ижтимоий онг даражасининг ўсиши учун, албатта, хизмат қилади. Бунинг учун эса илмий тадқиқот ишларимизни шошма-шошарлик билан эмас, муайян илмий янгилик қилиш учун амалга оширсак, мақсадга мувофиқ.

Илмий тадқиқот ишлари ижтимоий онг даражасининг ўсишига хизмат қилар экан, уларнинг барча таълим масканларида кенгроқ жорий қилиниши тарафдоримиз, албатта. Шундагина фақат илм аҳллари эмас, халқимиз ҳам олимларимиз қилган ва қилаётган ишларидан хабардор бўладилар. Олимларимизга юксак ҳурматимизни сақлаган ҳолда хулоса қилишни уларнинг ўзларига қолдирамиз.

Баҳром БОЙМУРОДОВ,

“Янги Сирдарё” газетаси

бўлим мудири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 + 10 =