Пойдеворсиз уй қуриш мумкинми? Ёки сўзимиз қурилиш соҳаси ҳақида эмас!

Яқинда зарурат юзасидан чет тилини билиш даражасини аниқлаш имтиҳонига кирдим. Мақсад — инглиз тили бўйича сертификат олиш эди. Мени ҳайрон қолдиргани имтиҳоннинг таркибий тузилиши бўлди. Бутун дунё давлатларида амал қилаётган бу тизимга кўра, талабгорларнинг инг­лиз тилида ўқиш, эшитиш, ёзиш ва гапириш кўникмалари синалар экан. Қолаверса, саволлар фақатгина ўша тилдаги сўз бойлигини билиш учун эмас, мантиқий фикрлаш ва саводхонлик даражасини белгилайдиган тамойиллар асосида тузилган. Демак, инглиз тилидан яхши даражадаги сертификат олмоқчи бўлган одам ўша тил грамматикасини, фонетикасини билиш баробарида равон ва хатосиз ёзиш маҳоратига, теран тафаккурга эга бўлиши керак экан.

Юқорида айтиб ўтганимдек, имтиҳонда ёзиш синови ҳам мавжуд бўлиб, бунда талабгорлар камида 150 сўздан иборат хат ва 250 сўздан иборат иншо ёзишлари керак бўлади. Асосий эътибор нафақат сўзлар саноғи, балки имло ва пунктуация қоидаларига ҳам қаратилар экан. Маълумки, ҳозирги кунда фақат бизда эмас, балки бутун дунё тилларида шевалашув жараёни бор. Инглизлар ҳам турли шеваларда гаплашишади. Аммо IELTS имтиҳони шундай тафаккур билан тузилганки, ҳатто айрим инглизларнинг ўзлари ҳам тайёргарликсиз ўз она тилисида бўладиган имтиҳондан ўта олишмаса керак. Буни тилга ҳурмат, уни асрашга астойдил интилиш дея баҳолаш мумкин.

Тўғриси, имтиҳонда ўтира туриб, ҳавасим келди: “Қанийди, ўзбек тилидан ҳам шундай имтиҳон олинса. Хорижликларку майлия, ўзимиз шу имтиҳондан ўта олармиканмиз?” Аслида бугун хорижий тилларни ўрганишга эҳтиёж кучайгани, олий таълим ва ундан кейинги таълим турларида ҳам тил билиш даражасини билдирувчи миллий ёки халқаро сертификат талаб қилинаётгани яхши, албатта. Аммо ўзбек тили унинг соясида қолиб кетаётгандай туюлади менга. Нега “сертификат”и бор одам имтиҳондан озод қилинадию, унга қўшимча ҳақ тўланадию, ўзбек тили қонун-қоидаларини билиш, уни соф ва бехато қўллаш борасида ҳеч қандай рағбатлантириш, талаб йўқ. Балки шунинг учундир бугун кўплаб ёшларимиз ёппасига хорижий тил сертификатини қўлга киритишга ҳаракат қилишяпти, лекин ўз тилларида икки қатор гапни хатосиз ёза олишмайди! Бундай танқидий фикрни бехижолат айтаётганимга асос бор, албатта. Мен ҳам инглиз тилини билиш даражасини билдирувчи сертификат олишга тарёргарлик жараёнида ўқув курсига қатнадим. Курсдаги ёшларга қараб туриб, баъзан раҳмларим келиб кетди. Уларнинг кўпи ўзбек тилида икки гапли хат ёзишни билмайдию фалон пул тўлаб чет тилида хат ёзишни ўрганишяпти. Мана, ўша ёш дўстларимнинг телеграм гуруҳидаги ёзишмалардан мисол тариқасида айримларини келтираман:

“Wunda 3partni iwlimizmi

Yu bugun essay yuvordila

Oziz wuni qibersezchi”

Бу — гуруҳ ўқувчиларининг ёзишмалари. Энди эса шу гуруҳ устозининг гапини ўқинг:

“Kimda savolla, сhunmagan narsalariz, qiynalvotgan joylariz bo’sa mandan so’rela!!!!!!!!”

Албатта, бировнинг хатини, ёзишмасини изнсиз овоза қилиш ҳам гуноҳ, ҳам ноқонуний, ҳам ахлоққа зид. Аммо мен бу кўчирмани муаллиф ва аниқ манзилисиз фақатгина фикр уйғотиш мақсадида улашяпман. “Бу шунчаки кундалик ёзма суҳбатлар, бунда адабий тил қонунлари, имло қои­даларига риоя қилиш шарт эмас”, деган қараш ҳам мавжуд. Аммо инсон фитратида ўрганиб қолиш одати борки, шундай ўзаро ёзма гурунгларда қилинган эътиборсизликлар дои­мий одат тусига кириб қолиши ҳеч гап эмас. Шу боис ҳам тил ва унинг имло қонуниятларини билган одам, аввало, ўз ҳурмати учун, қолаверса, суҳбатдоши, энг асосийси, тилни эъзозлагани учун саводсизларча ёзишдан ти­йилади. Эътибор берган бўлсангиз, виртуал оламнинг ўзига хос “алифбо”си ҳам пайдо бўлган. Яъни ш ҳарфини инглиз тилидаги w билан ифодалаш аллақачон “урф”га айланмоқда. Ким билсин, балки бу алифбомиздаги ҳамон ечимини топмаган ҳарф бирикмалари (Sh, Ch)нинг ёшлар томонидан ўйлаб топилган осон ечимидир. Катталар йўл кўрсатмаганидан кейин болаларнинг ўзи йўлини топади-да.

Умуман, айтмоқчи бўлганим, саводхонликка интилиш, рағбат, муносабат жуда ўзгариб бораётгандай туюлади. Бир пайтлар нуқул беш баҳога ўқийдиганларни иккичилар ёқтирмагани, даврага қўшмагани учун ўғил болалар аъло баҳога ўқишдан уялишарди, ўқитувчининг саволларига жавобни билишса-да, иккичи ўртоқларининг истеҳзоларидан қочиб, билмайдигандай тураверишарди. Назаримда, ҳозирги кунда виртуал оламдаги дўстлик ҳам имло хатолари билан ўлчанаётгандай. Тўғри ва равон ёзган одам шева ва имло хатолар билан ёзувчилар орасида отнинг қашқасидай кўриниб қолади. Ҳайрон қоласан киши: Наҳотки, саводсизлик урфга кираётган бўлса? Бу йўлнинг охири қандай? Бора-бора биз Навоий бобонинг тилини тушунишда қийналаётганимиздек, болаларимиз биз ёзган китобларни тушунмай қолишадими? Ахир, саводсизликнинг кейини илмлилик бўлиши мумкинми? Балки аждодларимизнинг ёзиш маданиятини унутганимиз учун ҳам биз бир неча асрларни бой бергандирмиз?!

Қисқаси шуки, саводсизлик урчиган жойда илм, маънавият-маърифат, маданият ҳақида сўз бўлиши мумкин эмас! Барча илмларнинг аввали саводхонликдир, дейишган экан машо­йихлар.

Аслида савод чиқариш ибтидоий таълим ҳисобланадику. Болага, энг аввало, алифбо ўргатилмайдими, ахир?! Алифбони ўрганган болалар бироз улғайгач, икки жумлани бир-бирига боғлаб, фикрини тўлиқ ва хатосиз баён этолмай қолса, бу жуда уятли ҳолат эмасми? Аввало, савод мустаҳкам бўлмаса, илмий салоҳият, интеллектуал тафаккур ҳақида орзу қилиш у ёқда турсин, шунчаки хаёл суриш ҳам бефойда! Ахир, пойдеворсиз иморат қуриш мумкинми? Афсус, минг афсусларки, бугун барча ёшларимиз ҳам ўзбек тилида саводли ва бехато ёза олади, деб баралла айта олмаймиз. Буни кундалик ҳаётда, таниш-билишлар орасида кўриб, англаб бораяпмиз.

Турмушнинг турли соҳаларида ризқини териб юрганларку, майли дейлик, аммо ҳеч қурса, олий маълумот эгаллаш жараёнида турган талабалар саводлими? Бирор олий ўқув юрти ректори “Бизнинг юз фоиз талабаларимиз бехато ёзиш кўникмасига эга” деб айта оладими? Йигирма нафар талабага диктант ёздирилса, уларнинг барчаси хатосиз ёза олишига кафолат бера оладиганлар борми? Сизни билмадиму, мен бунга ишонмайман. Ҳатто, айрим тил ва адабиёт ўқитувчиларининг ҳам “Қаттиқ х бўладими, юмшоқ ҳ?” деб юришганига гувоҳ бўлганмиз, афсуски. Шу ўринда айтиш жоиз: “Ўқитувчиларнинг мақомини юксалтириш керак”, деб бот-бот гапирилаяпти. Аввало, устоз деган инсон саводли бўлмаса, ҳеч қандай қонуну буйруқлар билан унинг мақомини кўтара олмаймиз. Саводсиз ўқитувчини ҳеч қайси бола ҳурмат қилмайди! Урсангиз ҳам, сўксангиз ҳам, қонуний жазоласангиз ҳам! Афсуски, мактаблардаги устозлар орасида савод масаласида оқсайдиганлари кам эмас…

Бу гапларим билан ҳаммани ёппасига саводсизга чиқариш фикридан узоқман, албатта. Ёшлар орасида саводи баланд, тафаккури кенг, илмлилари кўп. Устозларнинг ҳам ўз устида умр бўйи ишлайдиган, жамиятга ўрнак бўлгуликлари бисёр. Аммо кўп таассуфларким, чаласаводлик жамиятимизда урчиб бораётган касалликка ўхшаяпти. Энг ёмони эса бунга оддий ҳолдек қараш, мослашиш кузатиляпти. Шундай хавотирларимизни билдиряп­миз, холос. Савод масаласи иморат пойдеворидай муҳим аҳамият касб этар экан, унга беписандларча қараб бўлмаслигини таъкидламоқчимиз.

Халқимизда “Пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса бировга” деган ажойиб нақл бор. Шу ўринда ўзим учун ҳам оғриқли бўлган бир масалани айтмасам бўлмас. Бугун замон талаби, обуначиларнинг озлиги боис газета-журналлар кам ададда ва шунга яраша кам сонли ходимлар билан чиқарилаяпти. Ҳатто, айрим таҳририятларда мусаҳҳиҳлик ўрни бутунлай олиб ташланибди. Табиийки, мақола тайёрлаш жараёнида билиб ёки билмай хато ўтказиш ҳолати бўлади. Ана шундай имло хатоларини “ушлаб қолиш” мусаҳҳиҳ деган заҳматли иш эгаларининг зиммасида эди. Бугун шу ходимларнинг айрим газета-журналларда йўқлиги муштарийларга жуда билинади. Сабаби имло хатолари, таҳрирталаблик газеталарда кўзга ташланиб қоляпти. Авлоний бобомиз “Газеталар халқнинг ўқитувчиларидир” деганларида “Саводсизликка ҳам ўқитаверади” маъносида айт­магандирлар. Ҳар ҳолда ҳамкасбларимиз бу масалани бир ўйлаб кўришлари лозим. Бугун бош муҳаррир ўринбосарисиз, бўлим мудирларисиз, ҳаттоки, журналистсиз ҳам газета чиқариш мумкиндир, аммо мусаҳҳиҳсиз газетанинг “юзи қора” бўлади. Яъни, бирор илмли одам шу газетани ўқиса, ёки айримлар айтмоқчи бир чеккага улоқтиради ёки эринмаса битта-битта хатоларини тўғрилаб чиқиб, газетанинг ҳам, газетчининг ҳам “юзини қора” қилади. Шу боис ҳам матбуот   ҳар қандай қийин шароит бўлмасин, саводхонлик масаласида, аввало, ўрнак бўлиш вазифасида маҳкам туриши керак эмасми? Электрон оммавий ахборот воситалари, яъни сайтлар, блог­ларнинг йўриғи бошқа. Улар айтаверадиям, қайтаверадиям. Яъни, ҳозир қилинган хатолик бироз фурсатдан кейин тузатилиши мумкин. Аммо босма нашрларда бу имконият йўқ. Айтилган гап — отилган ўқ. Хатолар ҳам! Бир пайтлар “Адабиёт ўладими?” деган масала кўтарилгани каби бугун айримлар матбуотни “ўлди”га чиқаришаяпти. Аммо шу аниқки, балки кам нусхада бўлар, аммо зиёлилар, жамиятнинг пешқадам вакилларининг севимли машғулотлари ва бир-бирига мақтанадиган олиймақомлик белгиларидан бири сифатида газета-журналлар яшайверади. Қолаверса, таҳлилий журналис­тик мақолалар, бадиий-публицистика намуналари туфайли ҳам матбуотнинг ўрнини бошқа оммавий ахборот воситалари боса олмайди. Ҳатто, айрим ривожланган давлатларда электрон оммавий ахборот воситалари соясида кўринмай қолган нашрлар бугунга келиб, яна кўп нусхаларда чоп этила бошлангани бу соҳанинг эртасидан нишона бериб турибди. Энг муҳими эса мана шундай бироз мушкул давр­­да ҳам матбуот ўз йўлидан оғишмаслиги, жа­миятнинг саводхонлик даражасини оширишга хизмат қилиши шарт.

Эсимда, болалигимизда қайсидир сўзнинг ёзилиши ҳақида баҳс бошланса, газеталарни титкилаб, ўша сўзни топардик. Газета биз учун имло луғатидай гап эди. Чунки у ерда саводли инсонлар ишлашига ишонардик. Умумий қилиб айтганда, газета-журналлар бошқа вазифалари қаторида саводхонликка масъул­ликларини ҳам ҳеч қачон унутмасликлари лозим. Зотан, чаласаводлик ҳеч кимга обрў келтирмайди.

Кўча-кўйдаги жой номлари, реклама баннерлари, телеканаллардаги хатоликлар ҳақидаку, умуман гапиргиси келмайди кишининг. Бефойда! Муаммонинг илдизи йўқ қилинмас экан, у томир отаверади. Илдиз эса болаликка бориб тақалади. Бугун мактабларимизда она тили фани қай даражада ўқитилаяпти? Ўқитувчиларнинг саводхонлиги баландми? Ўқувчилар диктант ёзишяптими? Фонетика ва имло қоидаларини ўзлаштира олишяптими? Умуман, ўзбек тилини яхши билганлик учун рағбат борми? Бу саволларга жавоб топиш муаммонинг кўламини белгилайди.

Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларида тест тизимидан фойдаланилаяпти. Албатта, инсон омили аралашувини камайтириш маъносида бу тўғри йўл. Аммо тест тизими абитуриентнинг саводхонлигини тўлалигича аниқлай олмайди. Балки она тили ва адабиёти тест саволлари орасига кичик ҳажмдаги иншо ёки хат ёзиш вазифасини ҳам киритиш керакдир? Чунки савод масаласи фақат тилшунослар учун эмас, ҳамма соҳа кишилари учун зарур. Бу борада соҳа масъуллари бир ўйлаб кўришса, фойдадан холи бўлмасди.

Энг асосий айтмоқчи бўлганимиз, хорижий тиллардан миллий ёки халқаро сертификат олган абитуриентлар чет тили тест имтиҳонидан озод этиларкан. Нега она тили ва адабиёти фани учун ҳам мана шундай тизим яратилмаяпти? Имконият, рағбат бор жойда ижобий натижалар ҳам бўлади-да. Сертификат зарурати учун ўзбек тилини чуқур ўрганишга тўғри келса саводхонлик масаласида ҳам ҳар ҳолда анча-мунча ўзгариш­лар бўларди. Қолаверса, давлат тилига ҳурмат ва уни эъзозлаш, соф адабий тилни сақлаш борасида сезиларли натижаларга эришиларди.

Бугунги кунда нутқнинг ёзма шакли, боз устига, қўл билан ёзиш камёблашиб бораётгани бор гап. Баъзан компьютерда терилган матнларга имзо қўйиш учунгина қўлимизга қалам оламиз. Шу боисдан бўлса керак, бирор ташкилотга ёзма ариза беришни билмайдиганлар ҳам бор. Аризани намуна асосида ёзганда ҳам уч-тўртта хато қилганларни учратамиз. Ҳозирги кунда таълим муассасаларидагина қалам ва дафтар ишлатилаётган кўринади. Шу ўринда айтиш керакки, жаҳоннинг энг оммавий тилларидан бўлган инглиз тилини билиш даражасини аниқлаш имтиҳонида қўлда хат ва иншо ёзиш топшириғи берилгани бежиз эмас. Чунки ёзув инсоннинг қалбини англатади. Бекорга бошланғич синф ўқитувчилари “Дафтаринг — сенинг юзинг” дейишмас эди. Уч-тўртта жумлани эплаб ёзолмайдиган, битта аризада тўрт-бешта хато қиладиганларнинг, қайси соҳа вакили бўлишмасин, илмию маҳоратига албатта шубҳа бўлади. Ўқитувчилар диктант ёки иншони текшираётганда битта хато учун тўрт, икки ё учта хато учун зўрға уч баҳо қўйишарди. Энди бир тасаввур қилинг-а, биз бугун неча баҳога лойиқ инсонлармиз.

Алқисса, саводхонлик масаласига жиддий эътибор қаратиш ва бу муаммонинг илдизларига барҳам бериш заруратга айланиб бўлди. Зотан, саводли халқдангина интеллекти юксак шахслар чиқади. Эртамиз эгаларининг ҳар томонлама баркамол инсонлар бўлишини истарканмиз, аввало, саводлилик масаласини ҳал қилишимиз лозим. Саводсизликка қарши курашнинг самарали усулларини топишимиз керак. Зотан, пойдеворсиз уй қуриб бўлмаганидек, чаласаводли одам, ҳатто ўз исм-шарифини хатосиз ёзолмайдиган киши комил шахсга айлана олмайди.

Ситора ТОЖИДДИНОВА,

ЎзФА адабиёт музейи докторанти

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen + eight =