“Йўл оловли чоҳдан ўтади”
ёки ёзувчи Темирпўлат Тиллаевнинг “Ўлим ўпқони” қиссасини ўқиб…
Байрам кунларида Темирпўлатнинг “Ўлим ўпқони” асарини ўқишга тушдим. Жиддий ўқияпман. Жуда катта истеъдод соҳиби экан у. Уни уйига бориб “Nasaf” нашриётига чорлаганимдан ўкиндим. Қишлоғида ўқитувчилик қилиб асарлар ёзиб юрганда яхшироқ бўлар эканми, деб ўйлаб қолдим. Очиғи, шаҳар унинг истеъдодини кўммочида куйдирганидан ачиндим. Ўттиз йил аввал унга қаттиқ дашном бериб: “Йиғиштиринг анови холтўра жўжаларингизни хом хатала “асарлар”ни китоб қилишдан” деганим рост. Шаҳар оҳанжамоли хотинга ўхшайди. Алдайди. Тирикчилик йўлида ивирсиришга ундайди. Темирпўлатниям йўриғига солди. Умр – оқар сув, уни тутиб бўлмайди. Ўттиз йил ичида у камида икки-учта роман ёзиши мумкин эдими? Мумкин эди. Ўзимизнинг “Габриэл Гарсиа Маркес”имиз бўларди. Балки Нобелга илк ўзбек адиби сифатида эга чиқарди. Ундаги фавқулодда истеъдод ҳодисага айланарди. Нима ҳам дейсиз? “Ўлим ўпқони” ҳақида таассуротларимни ёзишга аҳд қилдим.
Дунёда ўзи билан ўзи энг узоқ гаплашадиган энг инжиқ одам мен бўлсам керак. Баъзан хомхаёл қули ёхуд банги хаёл тўрига илиниб типирчалаётган ўйларим мени кўп бор чалғитган. Нега Темирпўлат адабиётдан ўзини чеккага тортди ва бир чақага қиммат думбул “шоиру шоирача”ларнинг бошсиз бошини силашга киришиб кетди. Тушунмайман. Баъзида сенга нима?, — деган ичимдан садо келади. Аммо саркашлигим боис “девор” сузаман. Раҳматли Муҳаммад Очил ва Али Ниёзга “кўчанинг гапи билан адабиётни алдаб бўлмайди” деганим бор гап. Негадир иккиси ҳам ўлими олдидан менга: “Сиз ҳақ экансиз?” дейишган. Али Ниёз “Тақдир қўнғироғи” қиссаси учун янги мавзу ва ғоя тополганди. Бироқ тили қашшоқлиги анча панд берганди. Маҳорат етишмади. Аммо дуруст асар эди “Тақдир қўнғироғи”. Темирпўлатда эса услуб янги, маҳорат кучли. У Достоевскийдан қолишмайдиган асарлар ёзиши мумкин эди. У ёғини унинг ўзи билади. Демоқчиман, қўпол бўлсаям ҳозир ўзини адабиётшунос дейдиганлар қўзиқориндан кўп. Аммо улардан садо йўқ. Илмий даража ва илмий унвон гадоси десам ҳақиқату, яхшиси қумга сингган сувдай на овоз, на садо бор уларда. Йўқса, “Ўлим ўпқони” ҳақида ёзишган бўларди. Балки эътиборсизлик Темирпўлатниям чалғитдими, билмадим, аммо иззатталабликни адабиёт ёқтирмайди. Андак аччиқланиб айтсак, болаларига шафқатни хуш кўрмайди, сийлашдан йироқ. Шу боисми, у ижоддан тўхтади. Хайрият, Азизбек Норов “жим”ликни қўзғатиб юборди. Унинг “Азал ва абад йўли” карвони йўлга тушди. Мангулик саодатини манзил этишига умидим катта. Шеърият ҳақида бунақа гапириб бўлмайди. Рауф Парфининг йиртиқ пайпоғини кийгизган билан шоир чиқаролмайсиз. Шоирлик — Аллоҳдан, шеър — идрок маҳсули. Шоирликнинг мактаби йўқ (такрор-такрор айтамиз). Чин шоирнинг ўзи ўзига мактаб. Қўлбола деганларини ўнта академияга ўқитсаям шоир чиқмайди. Уринишлар бўлаяпти. Аммо ахийри бахайр бўлсин. “Ўлим ўпқони” баҳонасида тўкилдим. Узр.
Темирпўлат Тиллаевнинг қаҳрамонлари денгиз жониворлари каби вазнсиз оламнинг тутқунларидир. Улар қичқиргани билан овозини ўзидан бошқа эшитмайди. Суд “тамға”си урилмаган маҳбуслар ҳам дейсиз. Аммо улар тақиқ чизиғи мавжудлигини ўзини англаб етмаган маҳкумлардан ўлароқ чуқур идрок этади, гарчи абсурд бўлса-да мунозара ва мушоҳада майдонида ўзи билан беллашишга куч топади. Бемаъниликдан маъни излаш янги қитъа очишдай гап. Яъниким қаҳрамонлари саркаш, ўжар, ўзиникини ўрал билган, ҳатто муаллифини ҳам баҳслашишда очиқ майдонга қувиб солишдан тоймайдиган андак андишасиз, аммо ғурурли, туфлаган тупугини қайтариб ютишни ор биладиган ўзидан юраги катта шахслардир. Уларда субутсизлик бегона, гапини ичига ютмайдиган (Норбой), вайсақиликдан ҳомуза тортишни эп билган дангал ва чапани, ўз рақибига тик боқиши билан ажралиб туради. Адибнинг “Ворис” қиссасида қишлоқ ҳаёти айрича ички конфликтларга қурилганлиги, серҳашам бўёқлардан холилиги, воқеалар оддийдан мукаммалликка уйғунлиги, сиполикдан кўра даштликларга хос очиқ-ошкора “бетга чопар”(ростгўй)лик китобхонни мулоҳазага чорлайди. Мактабларда доимо муаммога айланган ўқитиш тизими оқсоқлиги, саводи ҳаминқадар ўқитувчиларнинг учраши (Менгноров), бойликка ўч кимсаларнинг маънавий тубанлиги (Чала) бадиий кашф этилган. Асарда чаласаводлик, фикрсизлик чалаларнинг йўқ танглайини “кўтариш” бароварида илмсизлик таназзули пайдо қилиш манзаралари маҳорат билан акс эттирилади.
Адибнинг “Ўлим ўпқони” асари мутлақ бошқача тарзда битилган. Юқорида денгиз жониворлари ҳақидаги фикрим шу асарга мосдир.
Бадиий адабиётнинг абадий ва азалий унсурларидан бири ва балким, энг асосийси бўлган тимсол санъатини билмаган, жилла қурса ундан озгина хабардор бўлмаган ўқувчи Темирпўлат Тиллаевнинг “Ўлим ўпқони” қиссасини ҳеч қачон тушунмайди, завқ билан ўқий олмайди, кўнгилни мудом безовта қилиб турадиган “қиссадан чиқадиган ҳисса” моҳиятини англай олмайди, мабодо турли сабаблар билан ўзини мажбурлаб ўқиса ҳам, туйқус донгдор, замондош ёзувчи каби якдил бир фикрга келади: “Бу қисса бориб турган фантастика-ку?!”
Лекин мен ишонч билан айтишим мумкинки, “Ўлим ўпқони”— бешафқат реализм руҳи билан суғорилган, ҳеч бир қолипларга тушмайдиган, ҳар лаҳзасида инсоний изтироб ва қайғулар талотумида, қувонч ва бахтнинг саодатманд гуллари барқ уриб очилиб турган кошонасида мангу тириклик андуҳлари акс-садо бераётган, Ватан деб сўзлаб шон-шарафга чулғанаётган кимсалар қаторида, Ватан деб қон туфлаётган, азоб чекаётган ва мана шу мангу азоб лаззатидан девона бўлиб яшаётган “туронлар ҳаёти” адабий санъат даражасида талқин қилинишини ўз олдига мақсад қилган, баъзи ўринларда бу салобатли даъвога эришган, гоҳ эса эришолмаган, нима бўлганда ҳам чинакам адабиёт мухлисларининг баҳс-мунозараларига лойиқ ҚИССАДИР.
Фёдор Достоевскийнинг улуғвор ғояларни ўзларининг қашшоқлик ва бечоравашлик, фаҳш ва таназзул, изтироб ва алам ҳукмронлик қилган ипирисқи ҳаётларига эш қилиб олган ва мана шу бешафқат ҳаёт исканжасида яшаётган адабий қаҳрамонларнинг теран ва мислсиз руҳий – психологик таҳлилини, Михаил Бульгаковнинг роман ичидаги роман композицион тузилишига эга, афсонавий асари – “Уста ва Маргарита” романининг бадиият тилсимларини, Габриэл Гарсиа Маркеснинг Олам ва Ҳаёт ибтидоси ва интиҳосини ўзида мужассам этган “Юз йил танҳоликда “ романининг фусункор реализм оҳанграбосини, Чингиз Айтматовнинг “Қиёмат” романидаги барча адабий қаҳрамонларнинг мудҳиш тақдиридан келиб чиқадиган, улуғ адибнинг қалб изтиробига айланган буюк Огоҳномасидан озми-кўпми хабардор бўлган, Назар Эшонқулнинг ҳозиргача чоп этилган барча асарларидаги инсон ҳаётининг моҳиятини тимсоллаштириш санъати ҳодисасини билиш назаримда, “Ўлим ўпқони”ни тушунишнинг биринчи босқичидир.
Соддароқ қилиб айтсам, “Ўлим ўпқони” қиссаси ўқувчини зериктирадиган, тушунишга қийнайдиган, шунчаки фантастик бўлиб кўринадиган асар бўлмасдан, ўзида бугунги дунё адабиётида кечаётган адабий жараёнларнинг таъсирини намоён этган, миллий адабиётимиздаги янги қисса эканлигини тушуниш, мазкур қиссанинг адабий тилсимлар қулфини очиш, юқорида номлари келтирилган адибларнинг асарларини тушунишдан бошланади.
Мен Темирпўлатни бир қадрдон сифатида яхши билганлигим боис, шундай ҳукми хулосага келдим. Назаримда, “Ўлим ўпқони” асари бир инсон қалб сайёрасининг фожиавий манзараларини ибтидо ва интиҳоси тажассуми десам янглишмайман. Ровийу ҳаким, Вафоқулу Турон ҳам бир шахс тимсолида тамсил қилинган. Габриэл Маркес ўз Макондосини яратиб, жаҳолатпарастлигу ишратпарастлик (ва бошқа парастлик) гирдобига чўктириб юборгандай, Темирпўлат ўз Элсаройини кўнгилхушлик, хуморпарастлик, лоқайдлигу бегонасирашлик ва ҳоказо каби инсоний туйғуларни қовжиратиб, кўнгил водийсини саҳрои кабирга айлантиргувчи дўзахий макон тимсолида идрок кўзгусида пайдо қила олган. Халқ тилида “Элга бало доримасин, ҳўлу қуруқ баравар ёнади” деган гап бор. Элсаройга келган бало Раббим қорининг алаҳсираш аралаш тилга келиб айтган гапида очиқланади: “Қон томчилаяпти, бўталарим!” Узуккун ёққан ёмғирдан усти-боши жиққа ҳўл бўлган элсаройликлар жўр бўлиб қўшиқ айтишади:
Ким бизга душман-янчамиз!
Янчамиз! Янчамиз! Янчамиз!
Айниган, моғор ҳиди анқиган ва ёвузликка қалбини қул этиб, юрагига зулм ғулини осган издиҳомнинг мазахомуз таънаси вужудни сескантириб юборади ва қонни тўнглатиб, фикрсизлик балчиғига итқитади. Балки, адиб Шўронинг қўрқув салтанати тимсолида инсон қалбида эзгулик гуллари сўлиб, шиорбозлик қиёфасида маҳдуд ва манфур кўринишини шу тахлит жонлантиришниям назарда тутгандир. Чунки қисса шўро даврида битилган. Бу менинг фикрий тахминларим. Ҳарнечук машъум манзара бизнинг гумонларимизга соя ташламайди: “Қори ҳазратнинг жанозасидан қайтиб, тарнов тагидаги пачоқ тоғарадан тошиб тўкилаётган қон аралаш қип-қизил сувни кўриб қўрқувдан баданим музлаб кетди.
Ўзимни қўярга жой тополмай, уйимиз ортидаги ариққа чопдим; ёмғирнинг оқова кўлмаклари тушган суви ҳам қип-қизил эди. Ана шунда шайтонлаб қолишимга оз қолди; бошим ғувиллаб, баданим қизиб кета бошлади”. Қишлоқ ҳакимхонаси ҳакимининг ваҳимаси босариқ туш каби туюлса-да, аммо чин иқрори бу. Ана шу қонли ёмғир ортидан шафқатсиз ўлат воқеа манзарасини ойдинлаштиради: “Ахир қўрқмай бўларканми; айтганимдай — ёмғирнинг биринчи куни, Эски элсаройлик Раббим Қори оламдан ўтди, иккинчи куни — Шерна бахши Қиллининг кечувида фалокатга йўлиқди, отининг бели синиб, ўзи тилдан қолди, учинчи куни — Элоға оқсоқолнинг бошига қон қуйилиб бир умр фалаж бўлиб — тўшакка михланиб қолди, тўртинчи кун — Қирон мерган бўри қопқонига хўрак тайёрлаётиб ўзини-ўзи заҳарлаб қўйди, оқибат кўздан ажралди, бешинчи кун — Ойтуман янга ўзига қўшиб икки боласига ҳам ўт қўйиб юборди, ўзи-ку майли-я, иккита норасиданинг қонига зомин бўлди, олтинчи кун — Туркон оқсоқолнинг эгизаклари тепалашиб бир-бирларини қонга ботирди; бировнинг ўнг қўли елкасидан чиқиб кетди, иккинчисининг оёғи ошиғидан синди; синиқ-мертикларнинг оғриғи энди уларга умр бўйи азоб беради, еттинчи куни — ҳа, ўшанда еттинчи куни бўлажак фалокат содир бўлмаганди. Кўп қатор мен ҳам ҳали содир бўлиши мумкин бўлган бу фалокатнинг содир бўлмаслигини жуда-жуда хоҳлардим. Олти кундирки, югур-югур ва чопа-чоплар менинг тинка мадоримни қуритиб юборган эди. Лекин мен бир нарсага амин эдим; пойма-пой содир бўлаётган бу фалокатларнинг бирдан-бир сабабчиси ёмғир эди. Мана шу ёмғир тўхтаса бутун Элсаройга юқумли ўлатдай даҳшат солган туйқус фалокатлар ҳам барҳам топишига мен — қазаверса қоқ ердан ҳам олтин чиқишига ишонган телбадек ишонардим”.
Қонли ёмғир – рамз, зулм ва зўравонлик рамзи. “Янчамиз” эса йўқ жойдан ғаним излаб, бани башарни янчиш учун хунрезлик майига бўккан элсаройликларнинг жўровоз қўшиғи, балки мадҳиясидир. Ўша ёмғирнинг еттинчи кунида ҳаким хуморпараст, кўнгилхушлик йўлида атрофни, одамларни, ўзларини унутган улфатлар ёнидан қайтиб, ўт-олов ичида иҳранаётган Туронни муолажа туфайли ҳаётини сақлаб қолади. Унинг алаҳсираш айтган аччиқ иҳтезосида онгимиз тубида “ўз ёғи”га қоврилиб ётган тилсим очиқланади: “Лекин кейин ҳам мен узоқ вақт унинг ўшанда алаҳсиб айтган гапларини унутолмай юрдим. “Тилларига занжир осган лаънати итбалиқлар! Лаънати итбалиқлар! Лаънат! Лаънат! Лаънат!” — деб бақирганди у ўшанда биринчи марта алаҳсиганда.
Кейинги алаҳсиб айтган гаплари ҳам ҳозир қулоғим остида жаранглаб турибди. Лекин ҳозир ҳам, ўшанда ҳам ҳеч нарсага тушунмаган эдим. “Ҳуррият оловли гулхан ортида! Йўл оловли чоҳдан ўтади, ҳой итбалиқлар!” — деб ўкириб-ўкириб йиғлаб юборганди ўшанда Турон”.
…Ён-верингда, хусусан, Қаршида яшаб доимий суҳбатдош, фикрдош адиб борлигидан кўнглим нурланади. У ўзи ўқиган барча асарлар ҳақида фикр юритганда, тасодифий ва кутилмаган бир ҳолда янги гаплар айтадики, ўз қалб сайёрамга ёвуқлашаман. Баъзида таънали, аччиқ истеҳзомни ҳам кўтаради. Бундай адабий суҳбатларни мен — таниқли рассом Азамат Сатторов ва Темирпўлат билан биргаликда тунларни тонгларга, кунларни ойларга улаб суҳбат қурганмиз. Худди шу ўринда менга адабиётнинг азалий мавзуларидан бири тақлид ва таъсир мавзуси бўй кўрсатди.
Ўйлашимча, “ЎЛИМ ЎПҚОНИ” қиссасини кенг китобхонлар оммаси “қабул қила олмаётганлиги”нинг яна бир сабаби шундаки, қисса воқеалари кўп қатламли, кўп оҳангли ва кўплаб қарама-қарши фикрлар асосига қурилганлигидир.
Айтиш мумкинки, қисса полифонияси жуда мураккаб ва мантиқий чалкашлик асосига қурилган. Аслида, мана шу “мураккаблик ва мантиқий чалкашлик” ҳам ёзувчининг ўзига хос адабий услубининг ёрқин бир қиррасидир.
Тўғри, бу жараён бадиий адабиётда мавжуд ҳодиса. Бугунги жаҳон адабиёти вакиллари бўлган кўплаб атоқли ёзувчиларнинг қарийб барча асарларида бу жараён яққол кўзга ташланади ва уларни улуғлик шоҳсуппасига кўтарган “адабий кашфиёт”ларининг асосини ташкил этади.
Таниқли адабиётшунос олимларнинг фикрига кўра, полифония истилоҳини бадиий адабиётга биринчи марта файласуф ва улуғ назариётчи олим Михаил Бахтин олиб кирган бўлиши мумкин. Лекин назаримизда адабий полифония ҳодисаси азал ва абад адабиётнинг туб моҳиятини белгилайдиган унсурлардан бири сифатида мавжуддир.
Ҳомернинг “Илиада” ва “Одессия” каби асарларида бўлгани каби Навоийнинг ҳар бир ғазалида ва ҳатто ҳар бир сатрида кўп қатламлилик, кўп овозлилик ва айни лаҳзаларда бир-бирини инкор этадиган турфа фикрлилик ҳодисаси мавжуд.
“Ўлим ўпқони” полифониясини мен шундай тасаввур қилдим ва англадим: бу қисса; бирор-бир саҳифасида номи зикр этилмаса-да, “Ватан озодлиги ва Ватан изтироби” ҳақидаги асардир.
— Бу асар; жумлалар тарҳини минг ёриб изласак-да тополмайдиганимиз — мустабидлик ва ана шу мустабидликнинг оғир асорати ҳақидаги бешафқат баённомадир.
— Бу битиклар “телбаваш ва бир қадар жайдари” қаҳрамонларининг тақдир ва умр кечмишларида зулм ва зўравонликнинг инсон зотини ерпарчин қиладиган разиллиги акс этган, ҳамма бирдек ишонмайдиган қадим ривоятлардир.
— Бу қисса; маҳкумлик изтироби ҳақидаги беун ҳайқириқдир, лекин уни ҳамма ҳам эшитавермайди.
— Бу асар инсон ҳаётини муқаррар сўнгги манзил сари элтадиган паймона элчиларининг ёвуз тимсолларини ўзида мужассам этган замонавий афсонадир.
— Бу изтиробли баённома; иймон ва эътиқод, хиёнат ва қўрқув салтанатиниг абадийлиги ва таназзули ҳақидаги нотугал, номукаммал, ноилмий иқрорномадир.
Яқин дўстларининг таъбирича замонавий Дон Кихоту дарвеш, олатасир давралардан мудом ўзини олиб қочадиган, “минглаб баҳона”лари ўтмай бундай “издиҳом”ларда иштирок этишга мажбур бўлиб қолса, киройи анжуман “мулозим”ларининг кўнглига йўл топаоладиган, киришимли даврагир, аммо яхши гапга кўнмайдиган, тўғри маслаҳатга қулоқ осмайдиган “ижодкор”лар билан ўзининг “Ағнаган томонига итар” деган шиорига амал қилиб, кўпам тортишиб ўтирмайдиган, ўттиз йилки, “гулдай” ижодни “охири йўқ ва бемаъни” тирикчилик ташвишларига алмаштирган аммо барибир, олтин – зангламас деганларидек, ўз истеъдодини битта асар билан кўрсата билган адиб Темир Пўлат Тиллодир.
Энди ундан яна баркамол асарлар кутишга ҳақлимиз.
Ўроз ҲАЙДАР