Аттестация коррупция билан эгизакми?

Бир-бирига ўхшаш одамлар, эгизак фарзандлар, шаҳарлар, бинолар, кўприклар, миноралар борлигини биламиз. Лекин шундай соҳалар борки, уларнинг эгизак эканлиги одамда шубҳа уйғотади. Масалан, от билан эчки, ит билан эшак ўхшаш бўлмаганидек, коррупция билан аттестация қандай эгизак бўлсин? Бири одамни порахўрлик жиноятига бошласа, бири илмини, билимини оширишда имконият яратади. Афсуски, одамнинг нафси, жиғилдони туфайли бу икки соҳа “эгизакка” айланди.

Масалан, таълим ва тиббиёт соҳасида бўлаётган жиддий ва изчил ислоҳотлар туфайли коррупция ва порахўрлик барҳам топса керак, деб катта умидлар қилган эдик. Умидимиз пучга чиқди.

 

Қаердаки, давлат бюджетидан катта-катта маблағ ажратилса, ўша соҳада ўғирлик ва порахўрлик авж олар экан. Айниқса, таълим, мао­риф соҳасида бўлаётган аёвсиз юлғичлик, талон-тарожлик ва порахўрлик ҳақида ижтимоий тармоқларда ўқиб, телекўрсатувларда кўриб ёқа ушлайсиз. Соҳанинг айрим мутасаддилари “текин бўлса, ямламай ютадиган”лардан чиқиб қолди.

Мактаб ва таълим дейишимиз билан кўз олдимизга, аввало, устоз ва ўқитувчиларнинг муборак сиймолари келади. Кейин таълим ва тарбия намоён бўлади. Шу боис муҳтарам Президентимиз таълим соҳасида йирик тарихий ислоҳотларни амалга ошираётгани халқ ва Ватаннинг нурли келажагини ўйлаб қилаётган улкан бунёдкорликдир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев алоҳида таъкидлаганидек: “Шундай жамият қуришимиз керакки, ўқитувчилик энг обрўли касб бўлиши лозим! Бу йўлда биз, аввало, ўз ҳаётини ёш авлод тарбиясига бағишлаган, минг-минглаб устоз ва мураббийларга таянамиз!”.

Дарҳақиқат, таълим соҳаси ўз-ўзидан ҳалоллик ва поклик тушунчалари билан боғланиб кетганлигини инкор этиб бўлмайди.

Инсоф билан айтинг, таълим соҳасига энг катта маблағлар ажратиляпти, ўқитувчиларга қатор-қатор имтиёзлар бериляпти, ойлик маош­лари мунтазам оширилмоқда. Давлат мукофотларига сазовор бўлаётирлар. Моддий ва маънавий қўллаб-қувватланаётган соҳа ҳам таълим эканлигини унутишга ҳаққимиз йўқ.

Лекин коррупция ҳам коронавирусга ўхшаб, ҳар хил штампларда намоён бўлмоқда. Бугун битта шохини кессангиз, эртага яна иккитаси ўсиб чиқади. Масалан, таълим соҳасида коррупциянинг янги-янги усуллари пайдо бўлаётгани жуда ташвишли ҳолдир.

Яхши биламизки, мактабларимизда фаолият юритаётган ўқитувчилар вақти-вақти билан билимларини янада такомиллаштириш ва соҳадаги янгиликларни ўрганиб, билим бериш мақсадида аттестациядан ўтказиб турилади. Бу жараён ўқитувчилар ўз устида жадал ишлаш ва изланишни талаб этади. Аттестация эса ҳалол ва шаффофлик билан ўтказилиши керак.

Аттестация халқ таълими тизимига тегишли ташкилотларнинг қарори билан ҳар беш йилда бир марта ўтказилиши аниқ кўрсатиб берилган. Сўнгги йилларда ўқитувчилар учун навбатдан ташқари аттестация жорий этилди.

Афсус надоматлар бўлсинки, коррупция деган бало-қазо навбатсиз аттестация жараёнига илондай сездирмай кириб келди. Ёки олди-берди бўлган бўлса, кўзга ташланмагандир. Ҳар қалай, аттестация деган тоза оламга коррупция деган бало-қазонинг кириб келганини ҳеч бир нарса билан оқлаб бўлмайди.

Баъзан одам ўйлаб қолади: коррупция кирмаган, ин қурмаган соҳа бормикин? Агар бор бўлса, қайси соҳа у? Оғир савол. Аниқ жавоб бериш мураккаб. Лекин бир ҳақиқатни очиқ айтайлик, коррупцияга мойил, текин бўлса ямламай ютадиган баъзи одамлар ва амалдорлар тоифаси борки, ундайлар ҳар қандай тоза, озода муҳитда ҳам порахўрлик олди-бердисини ими-жимида ютадиган қулай ва осон муҳитни ярата оладилар. Бундан фақат бир тўда муттаҳамлар ҳузур қиладилар, бойиб кетадилар. Масалан, халқ таълими соҳасидаги ўмаришлар, олди-бердилар, порахўрликдан аввало мактаб директорлари, сўнг “РайОНО” ва охирида йиғилиб-йиғилиб “Облоно”дагилар лўқ-лўқ ютадилар. Лекин улар ўзларининг фарзандлари, набираларининг ҳаққига, ризқига хиёнат қилаётганларини билармикин?! Биладилар,   албатта. Ҳамма бало шундаки, билиб нафс қурбонларига айланадилар.

Ўрни келди айтишнинг, яна бир соҳа борки бюджетни кемиришда халқ таълими абжирларидан мутлақо фарқ қилмайдилар. Бу тиббиёт соҳаси. Порахўрлик тиббиётда ишга киришдан бошланади. Айрим инсофсиз тиббиёт ходимлари ишга кирган кунидан беморнинг қўлига қарайди.

Аслида-ку, фақат тиббиётда эмас, мактабга ҳам ишга кириш осон эмас. Олий ўқув юртини қандай тугатишингиздан қатъи назар мактабга – директор ҳузурига чўнтак деган нарвондан ўтиб борасиз.

Қанча соат дарс олишингиз чўнтакнинг семиз, ориқлигига боғлиқ. Шу билан чўнтак операцияси бошланади. Чўнтаги баракали ўқитувчининг иш фаолияти ҳам баракали бўлади. Чунки, чўнтак қурғур айниқса, аттестация мавзусида ҳам семириб-озиб туради. Айрим ўртамиёна, дангаса ўқитувчилар ўз билимларини ошириш, изланиш ўрнига чўнтакни қаппайтириш билан машғул бўладилар.

Порахўрлик жараёни сичқонни қопқонда тутиш ёки мушук ёрдамида ушлаш ўйинига ўхшайди. Сичқоннинг ҳамиша емиши текин овқат бўлади. Текинини топган сичқон темирдан бошқасини кемириб, пайҳон қилади. Баъзан қопқонга қўйилган луқмани ҳам ўмариб, қопқоннинг зарбидан қутулиб қолади. Сичқон сезгирлиги, айёрлиги билан ҳушёр мушукни ҳам чув тушириб кетади.

Аслида аттестация жараёнида олди-берди, порахўрликка асло йўл қўйилмаслиги керак. Лекин йили сичқон ёки сичқон мижоз кимсалар борки, турли порахўрлик усулларини ўйлаб топадилар. Сичқон текин тўйиб кемирганидек, айрим аттес­тация ташкилотчилари ҳам давлат бюджетига очкўзлик билан чанг соладилар. Масалан, аттес­тациянинг нархи турли вилоят ва шаҳарларда турли хил қилиб белгиланган. Айтайлик, бой вилоят ёки тўкин-сочин шаҳарларда анча баланд. Айтишларича, беш юздан, минг долларгача этиб белгиланган эмиш! Бунча маблағ мактаб ўқитувчисида бўлмаслиги мумкин. Лекин у аттеста­циядан ўтолмай, ишидан ажралиб қолишни истамайди. Маошини рўзғорига, фарзанд­лари тар­биясига, ўзига ишлатмай йиғиб-териб оқибатда, бир сичқонга ёки аллақачон каламушга айланган текинхўрга қўш-қўллаб топширади.

Яхши биламизки, илм-фанда, техника ва технологиялар, саноат ишлаб чиқариш соҳаларида тез-тез янгиликлар яратиб, ишни енгиллаштирадиган асбоб-ускуналар ишлаб чиқадиган конс­трукторлик бюролари ишлаб келади. Афсус надоматлар бўлсинки, осойишта, ҳалол-пок яшаш йўлларини бузиб, тўғри одамларни йўлдан оздириб ҳаромхўрлик, порахўрликнинг янги усулларини, йўлларини тадбиқ этадиган очкўз, текинхўр кимсалар ҳам борки, бундайлар жамиятга жиддий зиён етказиш билан бирга инсон тар­биясига, маънавий ва маърифий юксалишига тўсиқ бўлади. Одамни ҳалол ва пок яшашини издан чиқаради. Тубанликка бошлайди…

Шу ўринда жуда муҳим рақамлар – 2023 йилда таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига давлат бюджетидан триллионлаб сўм ажратилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимиз. Бу жуда улкан рақамлар. Лекин улардан соҳалар равнақи, тараққиёти учун ҳалоллик билан фойдаланадиган мутасаддилар билан бирга фирибгарлик, ғаламислик ва нопоклик билан уларни ўмаришга шай турганлар борлигини ҳам унутмаслик керак.

Биз, бу мулоҳазалар билан бирга ўқитувчилар аттестациядан фақат чўнтакнинг кучи билан ўтадилар, деган фикрдан мутлақо йироқмиз. Албатта, билимдон, ўз устида мудом ишлайдиган фидойи ўқитувчилар кўп. Улар ўз билимларига ишонадилар. Лекин аттестацияда фақат чўнтагига суяниб, умид қилиб келадиганлар ҳам кам эмас. Бундай ўқитувчиларнинг борлиги аттестация мутасаддиларининг чўнтаклари қаппайишига мадад бўлади, холос.

Биз, ушбу долзарб мавзуни мухтасар этиб, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мутасаддиларидан аттестацияни коррупциядан ажратиб, улар ниҳоятда иноқлашиб, эгизак бўлиб кетишларининг тезроқ олдини олиш­ларини сўраб қолардик. Халқимизда кўз яраси одамнинг танасини эгалламасдан бурун, уни илдизи билан олиб ташлаб, дарҳол даволаган яхши, деган гап бор.

Ашурали ЖЎРАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven + fifteen =