Буюк шоирнинг халқпарварлиги ёхуд Ҳиротдан Хоразмга минг оила кўчган(ми)?

Мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллиги

 

Навоий амирзода эди. Унинг отаси – Ғиёсиддин Кичкина темурийлар салтанатининг содиқ мулозимларидан бири бўлган. Онаси ҳам ана шу темурийлар хонадонининг хизматидаги аёллардан эди. Навоийнинг ўзи бу ҳақда:

Отам бу остоннинг хокбези,

Онам ҳам бу саро бўстон канизи, –

деб ёзган эди. Навоийлар оиласи билан темурийлар хонадони ўртасида илгари замонлардан кўкалдошлик, яъни сут эмишганлик бўлган.

Алишернинг онаси амирзода шайх Абу Саид Чангийнинг қизи бўлган. Тоғалари – Мир Саид Кобулий, Муҳаммад Али Ғарибийлар ҳам давлат хизматида бўлишган. Абу Саид Мирзо Султон Ҳусайн Бойқаронинг маслаҳатчиларидан бири бўлгани учун 1461 йили Мир Саид Кобулийни, кейинроқ эса Муҳаммад Али Ғарибийни ҳам қатл эттиради.

Олимларнинг тахминига кўра, 1453 йили Ғиё­сиддин Кичкина вафот этади. Отадан етим қолган 12 ёшли Алишер сарой хизматига киради. 1456 йили Абулқосим Бобур пойтахтни Машҳадга кўчиради. Навоий ҳам сарой аҳли билан бирга янги пойтахтга боради. 1457 йили бу ҳукмдор вафот этади. Демак, Навоий 4 йил унинг саройи хизматида бўлган.

1464 йили Навоий Ҳиротга қайтади. Лекин Ҳиротни Абу Саид Мирзо эгаллаган, пойтахтни Самарқанддан Ҳиротга кўчирган эди. Табиийки, Абусаид Навоийни ёқтирмайди. Шоир Ҳиротни тарк этишга мажбур бўлади. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ёзишича: “Билман, не жарима била Султон Абусаид Мирзо (Навоийни – С. О.) Ҳиридин ихрож қилди (четлаштирди – С. О.)”. 1466 йили Алишер Самарқандга келади.

Кўриниб турибдики, Навоийнинг ҳаёти бевосита сарой билан чамбарчас боғлиқ ҳолда кечган. 1468 йили Ғарбий Эрон учун юришлари чоғида Абусаид Мирзо ўлдирилади. 1469 йил бошида Султон Ҳусайн Бойқаро Мирзо Ҳирот тахтини эгаллайди. У зудлик билан махсус мактуб йўллаб, Навоийни Ҳиротга чақиради. Шоир Самарқанддан яна она шаҳри – Ҳиротга қайтади. Шу йилнинг апрель ойида Рамазон ҳайити муносабати билан Ҳусайн Бойқаронинг тахтни эгаллашини муборакбод этиб, “Ҳилолия” қасидасини битади. Султон Ҳусайн Навоийни муҳрдор қилиб тайинлайди. Кўп ўтмай бадиий ижод билан шуғулланиш илинжида Навоий бу лавозимдан истеъфога чиқади. Ўрнига дўсти Амир Шайхим Суҳайлий тайинланади.

1472 йили Ҳусайн Бойқаро, Навоийнинг норозилигига ҳам қарамай, уни амир, яъни вазир қилиб тайинлаб, унга “амири кабир”, яъни “катта амир” унвонини беради. Амир Музаффар барлосгина Навоийдан юқорига муҳр босиши мумкин эди. Демак, амалда шоир давлатнинг учинчи ўринда турадиган мансабдори эди.

1476 йили Навоий амири кабирлик мансабидан расман истеъфога чиқди. Бироқ “амири кабир” унвони унда умрининг охиригача сақланиб қолди.

1487 йил қишида Ҳусайн Бойқаро Навоийни узоқ Астрободга ҳоким қилиб жўнатди. Стратегик жиҳатдан Астробод Хуросон давлатининг ғарбий чегарасидаги энг муҳим жабҳа ҳисоб­ланар, серсув, кўкаламзор, обод, ипакчилик ривож­ланган, савдо-сотиқ учун энг қулай ер эди.

1488 йили Навоий ўз ўрнига Амир Бурҳониддинни қолдириб, ҳокимликни топшириш нияти билан Ҳиротга келди. Бироқ Султон Ҳусайн уни қайтариб юборди. Бир неча ойдан кейин, барибир, Навоий Ҳиротга қайтди.

Навоий ўрнига Астрободга Ҳусайн Бойқаронинг катта ўғли Бадиуззамон Мирзо ҳоким қилиб юборилди. Шунинг ўзи ҳам Астробод қанчалик стратегик жой бўлганидан далолат беради.

Демак, Навоий жами 13 йилча давлат хизматида бўлган. Бироқ умрининг охиригача у давлат ва жамият ташвишидан ортмаган.

Бир ерда шоир:

Йўқ эди бош қошиғали фурсатим, ‒

деб ёзади.

Махсус давлат хизмати топширилмаган бўлса ҳам, Султон Ҳусайн унга “муқарраби ҳазрати султоний”, яъни “ҳазрат султоннинг энг яқин кишиси” деган унвон берди. Бу унвоннинг бир ваколати шу эдики, муайян масала юзасидан ҳукмдорга тўққиз мартагача мурожаат қилиши мумкин эди.

Хўш, Навоий ана шу “муқарраби ҳазрати султоний” унвони ваколатларидан фойдаландими?

Ғиёсиддин Хондамирнинг “Макорим ул-ахлоқ” асарида далолат беришича, Навоий бу ваколатидан ўрни-ўрни билан фойдаланган ҳам. Бироқ ҳар гал у ўз шахсий манфаати учун эмас, халқ дарди билан шоҳга мурожаат қилган.

Биргина мисол келтирамиз. У замонларда Хоразм ҳам пойтахти Ҳирот бўлган Хуросон давлати таркибида эди. Ҳусайн Бойқаро Хоразмни янада юксалтириш учун Ҳиротдан 3 минг оилани Хоразмга кўчирмоқчи бўлади. Навоий қайта-қайта мурожаат қилиб, ҳукмдорни бундай қилмасликка чақиради. Чунки нақлиёт (транспорт) мукаммал даражада ривож­ланган ҳозирги замонда ҳам бир оилани мажбуран қарийб минг чақирим узоққа кўчириш ‒ қанчалар оғир ва мураккаб муаммо? Ахир, шунча одам ихтиёрсиз равишда мулкидан бемулк, ватанидан беватан бўлади-ку.

Ҳусайн Бойқаро қадрдон дўстининг раъйини қайтаргиси ҳам, ўз фикридан қайтгиси ҳам келмайди. Охири, Ҳусайн Бойқаро 3 минг эмас, 1 минг оилани Ҳиротдан Хоразмга мажбуран кўчиради.

Давлат сиёсатида салоҳияти қайсидир соҳага кучлироқ аҳолини нисбатан қолоқроқ ерларга кўчириш, шу тариқа бу ерда ҳам ривожланишни таъминлаш таж­рибасидан ХХ асрда шўро давлати ҳам тоза фойдаланди. 30-йилларда деҳқончилик маданиятини кўтариш мақсадида Фарғона водийсидан бир қисм аҳоли Сурхондарёга мажбуран кўчирилган. Кейинчалик бу тажриба Мирзачўлни ўзлаштиришда ҳам қатъий қўлланилди.

Ҳусайн Бойқаро ҳам бу аҳолининг Ҳиротдан Хоразмга деҳқончилик, умуман, ишлаб чиқариш маданиятини олиб келишини кўзда тутган.

Очиғини айтганда, бугун эса Хоразмда ҳаёт даражаси ҳам, умуммаданий юксалиш ҳам ҳозирги Ҳиротдагидан бир неча карра юксак эканини қайд этиб ўтиш шарт бўлмаса керак. Бу: “Цивилизациялар кўчиб юради”, – деган қоиданинг нақадар тўғри эканини кўрсатади.

Тарих шу ҳодисани ўрганиши, бу минг оила Хоразмнинг айнан қаерига кўчириб олиб келинганини, уларнинг кейинги тақдири қандай бўлганини манбалардан қидириб кўриши зарур. Чунки у замонларда “Хоразм” дейилганда ҳозирги Хоразм вилояти, Қорақалпоғис­тон Респуб­ликаси ҳамда қўшни Туркманистоннинг Тошҳовуз вилоятининг аҳоли зич яшайдиган обод, яъни сунъий суғориладиган ерларга эга жойлари кўзда тутилган.

Қўшкўпир туманининг “Оҳдарбанд” деган қишлоғида ҳозир ҳам форсий тилда сўзлашувчи аҳоли яшайди. Бу қиш­лоқ кексалари аждодларининг XIX аср 70-йилларида Эрондан келиб қолишгани ҳақида сўзлашади. Бу ерда форсий тил ҳозиргача сақланиб қолгани ҳам уларнинг яқин тарихда кўчиб келганидан далолат беради. Демак, булар Ҳиротдан кўчиб келганларнинг авлодлари эмас.

Кўнгилдан яна бир мулоҳаза ҳам ўтади. “Ҳазорасп” дегани “минг от” деган маънони англатади. Эҳтимол, ана шу Ҳиротдан келган оиланинг ҳар бири кўч-кўронини биттадан отга юклаб, Хоразмга равона бўлган ва ҳозирги Ҳазораспга келиб ўрнашгандир?

Яна ким билади? Чунки кўҳна тарих қумларга сингиб кетган ёмғирга ўхшайди…

Навоий замонасида Ҳирот шаҳри ва унинг атрофларида ҳозирги тожиклар, ўзбеклар ва туркманларнинг аждодлари истиқомат қилган. Аммо минг оила, яъни тахминан 5 минг киши ўша даврларда Хоразмга кўчирилган бўлса, табиийки, улар бизнинг даврларга қадар маҳаллий аҳолига сингишиб улгурган, яъни асси­миляция бўлиб кетган. Демак, бугунги хоразмликлар томирларида ана ўша ҳиротликлар қони ҳам оқади.

Бу факт буюк Навоийни яна бир жиҳатдан она юртимизга чамбарчас боғланганини кўрсатади.

Султонмурод ОЛИМ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 − 8 =