Ўқимишли авлод дунёни қутқаради

Тарихни ғолиблар ёзади, деган фалсафадан келиб чиқсак, миллатпарвар халқларга хос табиат бизни ўз тарихимиз ҳақида мушоҳадага чорлайди. Билимсизлик, жаҳолат, айниқса, хотин-қизларга тубан муносабатда бўлиш жамиятни қандай қиёфага келтиргани ҳақида хулоса қилишимиз, бугунги кунда хотин-қизларга яратилаётган шарт-шароитларнинг қадрига етишимиз лозимлигини англашимиз учун узоққамас, яқин ўтган кунларимизга назар солишимизнинг ўзи кифоя.

“Ўткан кунлар”ни ўқимаган “Меҳробдан чаён”ни англаб етмайди. Чўлпоннинг “Адабиёт надур”ига кўз югуртирмаган Авлонийни танимайди. Фитратнинг фитратли йилларни қўмсаб ўтказган бедор тунларини ҳис қилмаганлар бугунги тинчлик замонининг қадрига ҳам етмайди.

Бугунги мушоҳада майдонида умид­­ли ёшларимиздан бири – Севара Зиё тахаллуси билан ўқувчиларга “Кўнгил мавжлари”, “Кўкдан тўкилган юлдузлар”, “Яшил туйғулар” номли ижод намуналарини тақдим этган, адабиётнинг бадиий публицистика, назм ва наср йўналишида 2022 йили Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган, кўплаб халқаро платформалар иштирокчиси, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Шарқ филологияси ва таржимашунослик факультети 3-курс талабаси Севара Баҳодировадир.

– Илк бор “Меҳробдан чаён” романини ўқиганимда, асар қаҳрамони – Раъно мендан бир неча ёш катта эди, мулоҳаза юритади у. – Ҳозир эса синг­лимнинг ҳаётини ўқигандек бўламан. Лойдан кирланган этаги учун отасидан гап эшитган, турмуш қуриш ҳақида гап кетганда уялиб юзи билан онасининг бағрига беркинган шўх ва андишали Раънонинг беғуборлиги, илмга чанқоқлиги ва юксак тарбияга эгалиги ҳар доим ҳавасимни келтирган.

Зулфия номидаги Давлат мукофотининг тақдирлаш маросими муносабати билан республикамизнинг барча ҳудудларидан 28 нафар қиз йиғилди. Бири опам, бири синглим, бири тенгдошим бўлган қизлар билан суҳбатлашганимда уларнинг ҳам худди мен каби бу даражага етиб келишлари осон бўлмаганини ҳис қилдим. Ўз ёшига нисбатан тиришқоқ, умидли ёшлар қаторида турганимдан ич-­ичимдан фахрландим, рости. Улар замонамизнинг Раънолари. Ҳамма ҳам оиласининг кўмаги, кенг имкониятлар, яхши шароитлар туфайли ютуққа эришавермайди. Уларнинг бири тушгача мактабда ўқиб, тушдан кейин репетиторлик қилиб топган пулига китоб сотиб олган, яна бири бир неча чақирим йўлларни пиёда босиб, йўлкира учун берилган пулларни мусиқа мактабида ўқишга сарфлаган…

Абдулла Қодирий “Меҳробдан чаён” романи ҳақида ёзаркан: “…мен бу сўнғи марғуб қаҳрамонларни ўзбек тарихининг ҳазми кўтарган қадар ўз ҳолича олишқа тиришдим. Уларнинг хон ва уламога қарши исёни табиъий – шаръийдир. Чунки шундан ортиғи сохта бўлиши устига китобнинг қадрини ҳам тушурар эди. Шу икки синф курашини тас­вир қилиш воситасида хон ҳарами, хотинлари, қирқ қизлар, тарихий ва этнўғрафий лавҳалар, ўзбек ҳаёти, қизиқчилиғи, танқидчилиғи, ўзбек хотин-қизлари орасидағи истеъдод, шоиралар, азкиячилик ва бошқа яна кўб нуқталарни қамраб олинди”, дейди.

“Ўткан кунлар”га нисбатан “Меҳробдан чаён”да хотин-қизлар тимсоли бир неча баробар кўпроқ қамраб олинади. Ёзувчи такид­лаганидек, уларнинг бири қизиқчи, бири танқидчи – истеъдодли хотин-қизлар. Аммо афсуски, уларнинг ҳаётлари ва истеъдодлари ҳарам деворларини ёриб ўтолмайди.

Эътибор берадиган бўлсак, эркакча либос кийиб, Анварнинг қўлига қўл берган Раъно шижоати билан янги замон, яъни маърифатли аёллар қиёфасига чизги беради. Раъно мисоли зиёга чанқоқ, илм олиш учун уммонлар ошган, тақдирини ўз қўллари билан яратишга интилган юзлаб хотин-қизларимизнинг тақдирлари, минг афсуски, уларнинг кейинги аччиқ қисматлари ҳақидаги ўйлар хаёлимни чулғаган пайтда яна бугунги тинч замонанинг қадрига етиш ҳақидаги ўйларимга қайтаман. Биздек бўлишни, Севарадек ютуқларга эришишни орзу қилган улар…

– Ўқишни шунчалик яхши кўрардимки, мактаб ёшига тўлмасдан мактабда ўқишни истардим, – болалигини хотирлайди Севара. – Биринчи синфга қабул комиссиясида имтиҳон қилган ўқитувчилар ёшимга етмаганимни айтиб қайтаришни исташди, “ўша кичик имтиҳончада” мендан давлат мад­ҳиясини сўрашган. Жуссам кичкиналигидан бўйим зўрға партага етарди, лекин ҳар кун эрталаб радиода эшитиб ёдлаб олганим – давлат мадҳиясини айтиб берганман ўқитувчиларга. Мактабдаги илк кунларимдан илҳомланиб, биринчи шеъримни ёзганман ўшанда:

Мактабим, жон мактабим,

Кўзим қувнаб кўрганим.

Дарслардан олиб билим,

Бўлайин зукко, олим…

Бола шуурим билан ёзган шу қисқа сатрлардаги ҳаётни яшаяпман бугун. Мактабга чиққунимгача расм чизишга унчалик қобилиятим йўқ эди. Бошқа кўплаб фанлар қатори тасвирий санъат дарси менинг ҳаётимга янги ранглар олиб кирган. Ҳатто бироз каттароқ бўлганимда чизган расмларим болалар журналлари ва газеталарида эълон қилинган. Ҳозир шу газета-журналларни кўриб, кичкина Севаранинг қилмаган иши қолмаган экан-да, деб қўяман ўзимга-ўзим.

Лекин унинг ўқувчилик даврларидаги энг гўзал кунлар бошланғич синфларни тамомлаб, 5-синфга ўтганида, дарсларга адабиёт фани кириб келганида бошланган. Эртак китоблар ўқиб юрган Севара катта бадиий асарлар ўқий бошлаганини шундай эслайди:

– Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” романларининг тарихий воқеалар акс этган қисмлари мени тушкунликка солар, Отабек-Кумуш, Анвар-Раъно муҳаббатларини тўлиқ тушунмасам-да, уларнинг тақдирлари, қисматлари нима билан якун топиши мени қизиқтирарди. Улар билан бирга яшардим. Шеър ёзишимга мактабдаги илк кунларим илҳом бўлган бўлса, насрдаги ижодий машқларим бадиий асарларга муҳаб­батим билан чамбарчас боғлиқ. Лицейда ўқиб юрганимда устозларимнинг тавсияси билан бадиий публицистик мақолалар ёза бошладим. Университетда таржима соҳасига қадам қўя бошладим. Адабиётга бўлган меҳрим туфайли бугун у менинг ҳаётимга мазмун олиб кираяпти.

Севаранинг 2022 йилда Туркиянинг “Тürk yayınеvi” нашриёти томонидан нашр этилган ва амаzоn.cом платформасига жойланган “Тürkçе`nin dünyadаki özbеk sеsi” 2-халқаро антологияси”дан ижодий ишлари ўрин олган. Ўша йили “Таржимашунослик ва халқаро журналистика” кафедраси мутахассислари ва “Бу қадимий санъат” таржима мактаби талабалари томонидан тайёрланган “Саид Фоиқ Абасиёниқ ҳикоялари” тўпламига таржима қилган ҳикояси киритилган. Буюк Британия, Польша, Россия, Болгария, Чехия, Германия каби давлатларда бўлиб ўтган 10 га яқин халқаро, Республика илмий конференцияларида адабиётга оид илмий мақола ва тезислари билан иштирок этиб, сертификатларга эга бўлган. Москва халқаро фан ва таълим маркази томонидан нашр этиладиган “Студенческий форум” илмий журналида мақоласи нашр этилгани учун махсус сертификат билан тақдирланган.

Севара Баҳодированинг эришган ютуқлари кўп. Аммо уларнинг ҳар бири ортида илм-маърифатга чанқоқлик, бедор тунлар, минглаб китобларнинг мутолааси, ижодий изланишлар, энг асосийси – мақсаддан оғишмаслик йўлидаги матонат ва ирода бор.

Шунингдек, у бешта партия негизида ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда ўтказилган “Ёшлар парламенти модели” Республика конференциясида иштирок этгани учун сертификат ва ташаккурнома ҳамда “Янги овоз” Ўрта Осиё ёзувчилар уюшмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллуди муносабати билан ўтказилган Халқаро ижодий ишлар танловида ғолиб бўлгани учун 1-даражали диплом, Республика лидер қизлар фес­тивали, “Студенческий вестник” илмий журналида мақоласи нашр этилгани учун махсус сертификатлар билан тақдирланган. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Жиззах вилоят кенгаши қошида “Ёш ижодкорлар” ва Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жиззах академик лице­йида “Интеллект” волонтёрлар клубларини ташкил қилган.

– Ўқиб олим бўлармиди, яқинда турмушга чиқади, ўқиб нима қилиб берарди қиз бола, деган қолипларга исён билан жавоб қайтариш керак эмас. Ўқиб олима бўлиш, фаровон ҳаёт қуриш, соғлом болаларни тар­биялаш орқали жамиятга ҳисса қўшиш мумкинлигини исботлашимиз керак, – дейди Севара замонавий ёшларга хос фикрлаб. – Бугун қизларга ўқиш учун шунчалик имкониятлар кўпки, уларни ўйлаб ақлинг шошади. Бир қанча тавсияномалар орқали қўшимча гранд асосида талаба бўлиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларининг тўлов-контрактини давлат ва тегишли идоралар томонидан тўлаб берилиши, таълим учун узоқ муддатга, фоизсиз кредитлар, магистратурада мутлақо гранд асосида ўқиш имко­нияти, докторантура учун алоҳида квоталар… Мен таълим соҳасидаги имкониятларимиздан бир шингилини санаб ўтдим. Қатор камчиликларни санаб, нолиб, четга интилаётган ёшларга аввал шу имкониятлардан албатта фойдаланиб кўришни тавсия қиламан. Мен тасодиф деган гапга ишонмайман. Бу ҳаётда ҳамма нарсанинг бир сабаби бордир. Ҳаётимизни нолиб ўтказиш ёки уни мазмунли кечириш ўзимизга боғлиқ. Бирон нарсага эриша олишимиз ҳам, эриша олмаслигимиз ҳам насибдан. Муҳими, бундан тўғри хулоса олиш. Зулфия мукофотига етти йилда эришдим. Лекин ҳеч қачон бу йўлга тушганимдан афсусланмадим. Чунки бу йўлда мен ўз йўлимни, устозларимни, карьерамни, дўстларимни ва қадрдон китобларимни топдим. Қиз бола ўқиб ким бўларди, дейдиган оилаларга ўтинчим шуки, қизларингизни, аёлларингизга бўш вақтларини телефонда эмас, ҳунар ўрганиш марказларида, кутубхоналарда ўтказишлари учун шароит яратинг. Орзуларига қанот бўлинг. Биз сизнинг дуоларингизга, қўллаб-қувватлашингизга, ишончингизга муҳтожмиз…

Севаранинг мушоҳадаларини ўқиб, бугун юртимизнинг қайсидир бурчагидаги қайсидир бир қизнинг билим олиш орзуси ниш уришига, яна бириники куртак ёзишига ишонаман. Бугунги жамият маърифатли бўлиш йўлида ҳар қандай машаққатни моҳирона енгиш, тадбиркорлик билан уларга барҳам бериш, матонат билан аёллик жозибасини сақлаб қолиш чинакам ўзбек аёлининг зийнати эканини исботлаш ҳар бир ўзбек қизининг бурчига айланишига эҳтиёж сезади.

Зиёда АКБАРҚУЛОВА,

Республика Маънавият ва

маърифат маркази ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

7 + twenty =