Миллий қаҳқаҳамиз сардори
(“Муштум” журнали 100 ёшда)
Маълумки инсон ҳаётида кулгининг аҳамияти каттадир. Сиҳат-саломатлик, ҳаёт завқи, ташқи оламдан мамнунлик ва шу билан бирликда турмушдаги мутаносибликнинг фавқулодда ўзгариши инсонда беихтиёр табиий кулги уйғотади. Шу билан бирликда жамият ҳаётида, яъни ижтимоий кулги ҳам мавжуд бўлиб у ижтимоий сабаблар натижасида юзага келади.
Мутафаккир олимлар кулгининг ижтимоий-маънавий асосини тўқлик даъво қилувчи пучликдан, чиройлилик даъво қилувчи хунукликдан иборатдир, деб таърифлайдилар. Яъни ўз умрини яшаган тартиблар ва замонага ярашмаган ҳолда қонунийлик даъво қилувчи хатти-ҳаракат, ўзини қонуний деб чиранувчи қонунсизлик ва бошқа ижтимоий номутаносибликлар табиийки инсонни ранжитади ва улар устидан норозилик кулгиси уйғонади. Рус ёзувчиси Н.Гоголь “Иллат учун унинг пайқалгани ва унинг устидан қаҳқаҳали кулги уйғонганини англашдан бошқа даҳшатлироқ нарса йўқ”, деб бежиз айтмаган эди.
Шунга биноан халқимиз ҳам эскирган тартиблар, ўзини абадий ҳукмрон деб билувчи подшолар, хонлар ва уларнинг амалдорлари устидан, турмушда юз берадиган турли номутаносибликлар, иллатлар, одамлар феъл-атворида учрайдиган нуқсонлар устидан турли латифалар, қочиримли аскиялар, лапар ва томошалар воситасида ҳамиша кулиб, эскиликни масхаралаб келганлар.
Бу жабҳада ривожланган мамлакатларда нашр этиб келинадиган ҳажвий журналлар ҳам муҳим ўрин тутган. Ана шундай нашрлардан бири асримиз бошида ўлкамизда вужудга келган “Муштум” журнали бўлди, унинг биринчи сони бундан роппа-роса юз йил олдин – 1923 йилнинг 18-февралида дунё юзини кўрган эди. Унинг асосчиларидан бўлмиш атоқли ўзбек адиби Абдулла Қодирий журналнинг биринчи сонида босилган “Муштум” таърифида” деб номланувчи бош мақоласида “Бу “Муштум” зўрлик муштуми эмас – ҳақлик муштумидир; золимлар муштуми эмас мазлумлар муштумидир”, деб таъриф бериб ўтган эди.
“Муштум” журнали мамлакатимизда юз берган жуда мураккаб бир тарихий шароитда дунё юзини кўрди. 1917 йилнинг октябрида Россияда В.Ленин бошчилигидаги коммунист-большевиклар партияси давлат тўнтаришини амалга ошириб, ҳокимиятни қўлга олган ва бу ўша пайтда Россиянинг мустамлакаси бўлган Туркистонда ҳам зўравонлик билан амалга оширилган эди. Большевиклар ўз ҳукмронликларига эришиш учун ҳарбий ва ижтимоий зўравонликлар қаторида матбуотдан ҳам кенг фойдаландилар ва Россия қаторида Туркистонда ҳам мавжуд бўлган барча матбуот кўринишларини тугатиб, ўз ғояларига хизмат қилувчи нашрларни вужудга келтирдилар. “Муштум” ҳажвий журнали ҳам худди ана шу мақсадда ташкил этилиб, унинг олдига мамлакатда мавжуд бўлиб келган ижтимоий қарашлар ва ғояларни сиқиб чиқариш, эски тузумни масхаралаб, уни маҳв этиш ва янги тартибларни жорий этиш вазифаси қўйилган эди.
Бутун умри бўйи меҳнаткаш омма тарафдори бўлган Абдулла Қодирий журнал ходими ва асосий муаллиф сифатида ишга киришиб, биринчи ўзбек ҳажвий журналининг вазифаси большевиклар белгилаб берган тор синфий зўравонлик эмас, жамиятимизда асрлардан буён ҳукм суриб келаётган қолоқлик, жаҳолат ва эскилик қолдиқларига қарши курашга қарши қаратишни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйди. У журнал муҳаррири сифатида иш олиб борган Ғози Юнус билан “Муштум”нинг ижтимоий ва ҳажвий тамойиллари борасида матбуот саҳифаларида олиб борган тортишувларида ҳажвий журнал фақат сиёсий қурол бўлиб қолмасдан чинакам ҳажвий нашр бўлиши ва ижтимоий кулгига асосланиши шартлигини қайта-қайта таъкидлаган эди. Адиб ўзининг қисқа ҳажвий-журналистик фаолиятида бу қонуниятига оғишмай амал қилди ва ўз фельетонларида асрлардан бери давом этиб келаётган эскирган тартиблар, жаҳолат ва қолоқликни аямай фош қилди. Мисол учун, Абдулла Қодирий “Муштум”да босилган “Тошкент бойлари” деб номланувчи давомли фельетонида меҳнаткашларни талаб бойлик йиққан кўплаб бойларни фош қилса, “Эшонларимиз” деб номланган фельетонлар туркумида эса асрлар давомида оммани алдаб бойлик йиғиб келган, қирқталаб хотин олган машҳур эшонлар ва уларнинг авлодларини келтириб ўтади.
“Масковдан хатлар” деб номланган фельетонлар туркумида эса адиб Россия пойтахти – Москвада бўлгани пайтида кўрган-кечирганлари ҳамда ўша пайтда чиқиб турган ўзбек матбуотидаги хом материаллар ва шеърларга ўзининг ўткир кулгули ҳажвий муносабатини билдириб ўтган эди.
Ўзига Жулқунбой деган халқона ҳажвий тахаллус қўйган Абдулла Қодирий “Муштум”даги қисқа ҳажвий фаолиятида ҳажвий журналистиканинг энг мураккаб ва мўътабар жанри – ҳажвий образ билан бирлашган фельетонлар туркумларини ярата олди. Булар – унинг “Калвак махзумнинг хотира дафтаридан”, “Тошпўлат тажанг нима дейди” ва “Ширвон хола нима дейди” каби фельетонлар туркумларидир. Бу хилдаги фельетонлар туркумларининг ўзига хос хусусиятлари шундан иборатки, уларда ижтимоий воқеалар ёзувчи томонидан ўйлаб топилган тўқима индивидуал образлар орқали акс эттирилади. Адиб “Калвак махзум нима дейди” фельетонлар туркумида бир диндорнинг тўқима образи орқали асрлар давомида халқни жаҳолат ва қоронғуликда сақлаб келган диний муттаассиблик ва жаҳолатни фош этса, “Тошпўлат тажанг нима дейди”да эса қолоқлик ва илмсизлик устидан кулади. Шу билан бирликда мазкур образдан ҳаётда юз бераётган янги тартиблар меваси бўлган тўрачилик ва бошқа иллатларни фош этишда ҳам фойдаланилган. “Ширвон хола нима дейди” деб номланган фельетонлар туркумида эса хотин-қизлар ҳаёти қаламга олинган. Адиб журналда босилган ва ўқувчилар томонидан севиб ўқиладиган ҳажвий асарлари учун “Фельетонлар қироли” ва “Кулдириб йиғлатувчи ва йиғлатиб кулдирувчи” деган ном олган эди.
Афсуски, Абдулла Қодирийга ҳажвий журналистика соҳасидаги бой ва ижодий кашфиётларга бой фаолиятини тўла ишга солишга имкон берилмади, у кўп ўтмасдан юқори доиралар томонидан уюштирилган туҳмат натижасида “Муштум” журналидаги фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди. Ўша йиллари ҳажвий “Муштум”да қатнаша бошлаган шоир журналда босилган ҳажвий мақолаларидан бирида адибнинг ҳажвий фаолиятини қаттиқ танқид остига олиб ўтган эди…
1920-1930 йилларда “Муштум” журналида шоир Ғафур Ғулом, ёзувчи Абдулла Қаҳҳор, журналист Зиё Саид ва бошқалар фаолият кўрсатдилар. Журнал ҳажвий жиҳатдан “жиддийлашиб” борди ва коммунистик партиянинг ғоявий қуролига айланди. Иккинчи жаҳон уруши йиллари чиқишдан тўхтаган “Муштум” 1951 йилдан бошлаб яна фаолият юрита бошлади. Журналда шоирлардан Ғафур Ғулом, Собир Абдулла, Чархий, ёзувчилардан Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, Мирмуҳсин, Сами Абдуқаҳҳор, Неъмат Аминов, журналистлар Тўлқин Алимов, Олим Қўчқорбеков ва бошқалар фаолият кўрсатдилар. Журнал ҳаётимиздаги камчиликларга қарши курашда иштирок этди, ўқувчиларнинг ҳурматини қозона олди. Ўз даврида Абдулла Қодирий “Муштум” оқсоқланган эмиш”, дея журналнинг моддий аҳволини ёзиб чиққан бўлса, 2018 йилга келиб, журнал яна чиқмай қолган эди. Аммо кўп саъй-ҳаракатлар боис, журнал бир йилдирки, яна нашр этилаётгани мақтовга сазовор. Ҳозирда ўзининг бир асрлик тўйини нишонлаётган “Муштум” журналининг ижодий жамоаси мамлакатимизда олиб борилаётган улкан ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий-маънавий ислоҳотларнинг амалга оширилишида, ижтимоий иллат ва нуқсонларга қарши курашда фаол иштирок этиб, халқимизни кулдириб юришида катта ижодий муваффақиятлар тилаймиз.
Шоир Собир Абдулланинг қуйидаги шеъри журнал ва унинг ходимлари, маҳаллий мухбирларининг фаолиятига берилган холис баҳо бўла олади
Кўринг, саф-саф, қатор – муштумчилармиз,
Қаламкаш, бахтиёр муштумчилармиз,
Хиёнат аҳлини қўймай савашда
Халойиққа мадор муштумчилармиз.
Кимики бўлса нафс овораси, бас –
Келур бизга дучор – муштумчилармиз,
Қилиб ҳажв, кулдириб ҳам йиғлатармиз,
Бу – бизнинг касбу кор – муштумчилармиз.
Мухтор ХУДОЙҚУЛОВ,
собиқ “Муштум”чи