Қалдирғоч

Кўкламнинг илк ойлари эди. Бувим бизни ёнларига чақириб ҳовли чеккасидаги уйдан темир-терсак, ёзда қоплаб қўйилган донларни омборхонага олиб чиқишни буюрдилар. Берилган топшириқни бажаришга чумолидай ёпишдик. Бир зумда уй бўм-бўш бўлди, қолди.

— Бувижон, у уйни нега тозаладик, — сўрадим ҳайрон бўлиб.

— Болам, яқинда қалдирғочлар келади. Ўтган йили ҳам ўша уйимизга ин солиб, полапонларини учирма қилиб кетишган эди-ку. Эсингдами, пахмоқвойинг полапонларини оламан деб деворга тирмашганда қалдирғочлар чўқиб ташлашган. Шу-шу мушугимизни ўша уйга кирганини кўрмадим-а, — мириқибгина кулади бувижоним.

Улар ҳақлар. Мошвойнинг аҳволини кўриб роса кулган эдик. Қочаман деб ҳар қанча уринмасин иккита қалдирғоч унинг думидан, қулоқларидан чўқилаб, роса таъзирини беришганди. Анчагача шўрлик мушук осмонда қушларни кўрди дегунча қочишга пана жой излаб юрган.

Саҳарда қалдирғочларнинг чуғурлашидан уйғониб кетдим. Бувижоним ичкари уйда, биз— набиралар эса сўрида ухлар эдик. Иккита қалдирғоч бир уй ичига, бир биз томон келиб чуғурлар, худди ёрдам сўрагандек тинмасди. Ҳаммамиз ҳайрон. Ортидан уйга кирдим. Қарасам бир илон деворда қалдирғоч ини томон судраляпти. Ундаги полапонлар худди хатарни сезгандек безовта чириллайди. Она қалдирғоч эса гоҳ болалари, гоҳ илон устида чарх уради.

Биз илондан қўрқамиз, бувим ҳам хавфсираб турибди. Бирдан катта акам тандир кўсови билан илонни қаттиқ урди. Илон судралиб ерга тушди. Акам ўйлаб ўтирмай уни бошидан ушлаб, деразадан ташқарига улоқтирди. Аммо ўлдирмади. Полапонлар жимиб қолди. Орага сукунат чўмди. Уйдан ташқарига чиқдик. Акамнинг мардлигини кўриб, ҳурматим ошди. Ҳавасим қелди.

Тушлик қилиб ўтирганимизда эса бояги қалдирғоч сўридан уй шифтига тортилган арқонга келиб қўнди. Бизга раҳмат дегандай “вижир-вижир” қилиб, бир икки айлангач, учиб кетди.

— Баракалла болаларим, кўрдингизми, қалдирғоч ҳам сизлардан миннатдор бўлди, — дея акамнинг елкаларига қоқиб қўйди бувим. Мақтов эшитган акаму мен дилимда кечган алланечук ҳислардан мағрур эдик.

Ислом АСИЛБЕКОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen − 3 =