Кечинма ёки фермернинг Жилвон ариғи билан хаёлий суҳбати

Ғиждувондан келаётган енгил машина Қўриқ бурилишидан Шофиркон йўлига қайт­­ди. Ва Жилвон чўлини катта-кичик қиш­лоқлардан ажратиб турувчи канал бўйлаб шитоб билан елиб келди-да, Денов қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги деҳқон фермер хўжалиги (собиқ Й.Охунбобоев)га қарашли қишлоқ — Олотга етай деганда секинлади. Кўприк ёнида тўхтади. Ундан нуроний чеҳра, сўзлашлари, хатти-ҳаракатида самимият балқиб турадиган, етмишдан ошган киши тушди. У асли неккишилик бўлиб, ҳозирда Ғиждувон шаҳрида истиқомат қилувчи, шофирконликлардан “ўзимизнинг раис” ёрлиғини олган, бугунги кунда Жилвон чўлида фермерлик қилаётган Қаҳрамон Абдуллаев эди. У баҳор ҳавосидан ҳузурланган алфозда оҳиста юриб, кўприк устига чиқди. Оқаётган сувга термулиб қолди.

 

— Эй, минг йиллар оша бағрингдаги “оби ҳаёт” билан борлиққа жон бағишлаган муқаддас Жилвон ариғи, — беихтиёр пичирлади у. — Мавжларингда ҳаёт моҳиятини кўраман. Сен яқин-яқинларгача Деновни чўлдан ажратиб турувчи бир восита эдинг. Обод турмуш чўлга ҳам ўтди. Жилвонда қишлоқлар пайдо бўлди. Энди уларнинг ўз мактаблари, болалар боғчалари, дўконлари бор. Бир-биридан чиройли уйлар қурилган. Ҳовлилар боғларга бурканган.

— Бу қишлоқларнинг барпо бўлиши ва обод бўлишига ўзингиз бош бўлгансиз, — сувдан садо эшитилгандай бўлди. — Иш фаолиятингиз ўта синовли – қайта қуриш, ошкоралик ҳамда мустақилликка эришувимиз жараёнидаги ўтиш даврларига тўғри келди.

– Бунга мен эмас, халқимиз онгидаги ўзгаришлар сабаб бўлди,–хижолат тортган бўлди Қаҳрамон ака.

– Тўғри, ишни давр талабини тушунган, жойлардаги раҳбарлар бажаради, – унинг камтарлигини шарҳлагандай бўлди Жилвон ариғи. – Сиз хизмат вазифангизга масъулият билан ёндашдингиз: одамларга уй-жой қуриш ва томорқа учун ер ажратилди, аҳоли ичимлик суви, табиий газ билан таъминланди. Кўмакка муҳтож оилалар назоратингизда бўлди. Ҳудуддаги уч мактаб бештага етди. Ўша вақтларда хайр-саховатга йўғрилган ишлар мамлакатнинг барча вилоятларида ҳам бирдай амалга ошдими? Қанча раҳбарлар совуққонлиги учун ишдан олинган эди.

– Букланган симни тўғриласанг, букланган ерда тўпиқча қолади. Тўпиқчани йўқотиш учун симни тескари томонга қайириб, қайта тўғрилаш керак. Кечувда отни алмаштириб бўлмаса ҳам, юрт равнақи учун баъзи касбдошларимизга симга мурожаат этилгандай муносабатда бўлингани тўғри бўлган.

— Деҳқон нега ўз ишидан сира чалғимайди? Нима учун у ҳамма даврда ҳам ёруғ юз билан юра олади?

— Деҳқонга деҳқончиликка алоқаси бўлмаганлар қийинчилик туғдиради. Ундайларга, ўз йўлингдан қолма, ўз йўлида бўлганларни чалғитма, дегинг келади. Деҳқоннинг доим мағрур, эркин юришига сабаб унинг ҳалол меҳнатга кўникканлигидир. Қўл меҳнатига асосланган бошқа касб эгалари ҳам шундай. Уларнинг бахтиёрлиги – бойлик, мансаб, сохта обрў илинжида юрганларнинг хушвақтлигига ўхшамайди. Шу сабабдан мағлубият, зафар тушунчалари нисбийдир.

— Буни қандай изоҳлайсиз?

— Вақт деган ҳакам олдида баъзан мағлубият зафарга, зафар мағлубиятга айланиши мумкинлигини кўп инсонлар тақдирида кўрдик. Бир ўринбосар ўн беш йиллар бошлиғи ортидан зимдан иш кўриб, охир лавозимидан четлатишга эришди. Собиқ раҳбар партиядан ўчирилди. Унинг ўрнини эгаллаган ўринбосар ўша йили туғилган ўғлига Зафар, деб исм қўйди. Лекин эришгани зафар эмас, мағлубият бўлиб чиқди. Раҳбарлиги бир йилга ҳам бормади – қамалди. Кўп ўтмай дунёдан ўтди. Демоқчиманки, раис ҳам аслида кўп қатори деҳқон пешона тери ортидан келадиган даромаддан ризқланувчи инсон. Унинг далада ясаниб-тусаниб, виқор билан юриши тўғри эмас. У ҳам деҳқончасига кийиниши, жайдари муомалага кўникиши шарт.

— Хўжалик раиси, аввало, деҳқонни ҳимоя қилувчи, унинг эркин ишлаши, ўз даромадидан эркин фойдаланишини таъминловчи шахс, демоқчисиз-да?! Ўрни келганда айтай. Сиз шунга риоя қилдингиз. Ўша қийинчилик­лар даврида иккита мактаб қуришнинг ўзи бўлмайди.

— Бир аччиқ ҳақиқат бор. Хўжалик эҳтиё­­жи учун бўлсин, сармоядорга мурожаат қилдингми, сенга нисбатан тўғри муносабат билдирилмайди. Шу сабаб, вазифамни ҳамиша масъул ташкилотлар орқали бажарганман.

— Манфаат менга ўхшайди, — тўлғонди Жилвон ариғи. — Сузишни билмасанг, чўкасан. Билсанг, маза қилиб чўмиласан.

— Тўғри, ҳозир аҳвол ўзгарди. Тадбиркорлик, фермерликка кенг йўл очилди. Аёнки, ҳамкорлар орасига манфаат аралашса, бу уларни яқинлаштириши ҳам, бир-биридан узоқлаштириши ҳам мумкин. Чунки бир-биримизга нисбатан маънавий инъомимиз бўлмаса, дийдор, суҳбат зерикарли алоқага айланади.

— Талабалик давридан тумандошимиз, атоқли адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул билан дўст бўлганман. У киши орқали кўп адабий давраларда бўлдим. Олимдан олганим – фикр. Бу эса меҳнат фаолиятимда асқотди. Хўжалик ҳудудида яшовчи Очил Мўминов, Аҳад Ҳасан, Халил Қодиров, Акбар Ҳакимов, Тошпўлат Аҳмад, Афзал Каримов, Илҳом Ҳайдаров сингари вилоят, республика миқёсида ном қозонганлар билан доимий мулоқотни канда қилмадим. Маслаҳатларига суяниб иш юритдим.

— Кўпчиликка ёққан жиҳатингиз шундаки, кимнинг халқ учун амалий хизматини билсангиз баралла айтдингиз. Бу одатингизни, айниқса, ўқитувчилар қадрлашади.

— Мактаб ва ундаги устозлар дийдорини маънавий эҳтиёжлар дояси, дейиш мумкин. Улар шунинг учун ҳам шарафли касб эгаларики, сабоқ бериш учун синфга – ўқувчилар олдига уларнинг ўзлари кириб келадилар. Ҳолбуки, толиблар илм олиш учун устозлар йўлига умрларини тикишган. Шарқ фалсафасида “руҳий устознинг нилуфар мисол пойқадами” деганда ўқитувчи назарда тутилган.

— Деҳқон ҳам маънавият кишиларига жуда яқин бўлган касб эгаси. Етиштирилган маҳсулоти иқтисодий эҳтиёжимизни қондирса, у яшнатган далалар шукуҳи дилларга завқ бағиш­лайди.

— Қайси соҳа эгаси бўлмасин, инсонда заковат ва ҳиссиёт қуввати муштарак бўлса, тафаккурининг “чеҳра”си очилади, турмуши гўзаллашади.

Қаҳрамон Абдуллаев лойқаланиб бўлса ҳам, эркаланиб оқаётган Жилвон ариғи билан суҳбатлашдими, ўзини ўзи саволга тутдими, ҳар ҳолда руҳиятида анча енгиллик сезди. Келиб машинасига ўтирди. Газ берди. Олот, Қуйи­болойирўт, Маҳаллаи боло, Маҳаллаи Боқи, Работ қишлоқлари оралаб, Неккиши томонга йўналди. Уни ота уйида — юртимизнинг турли гўшаларида масъул вазифаларда ишлаётган, ўз соҳалари бўйича Қаҳрамон аканинг эзгу ишларини давом эттираётган фарзандлари – Асилжон, Алижон, Акмал ва Телмонжонлар кутиб туришган эди.

И. ЙЎЛДОШЕВ.

Бухоро

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 5 =