Ваҳима ортида нима бор?

“Диққат! Юртимизда бола ўғрилари пайдо бўлган. Улар озчилик эмас, тахминан ўттиз-қирқ кишилар атрофида. Ҳурматли ота-оналар, фарзанд­ларингизнинг мактабга бориб-қайтишларида назоратни кучайтиринг. Уларга кўчада ёлғиз юрганда бегоналар билан суҳбатлашмасликни, нотаниш кимсалар билан қўл бериб сўрашмасликни, ширинлик, пул ва турли совғаларни олмасликни қатъий тайинланг. Агар бирор нотаниш киши зўрлик билан қўлидан ушласа зудлик билан қочиши, ён-атрофдаги одамлардан ёрдам сўраши ва овозининг борича бақириши зарурлигини уқтиринг.”

Бундай сўзларни ўқиган, эшитган одам борки, вазият чиндан ҳам жиддий экан деган хаёлга бориб, фарзандларини кўчага чиқаришга ҳам чўчиб қолиши, боғча ёки мактабга юборганда ҳам токи улар уйга қайтиб келишгунича юрак ҳовучлаб, минг бир хаёлда ўтириши турган гап. Ахир ўз жигарпораларидан хавотирланиш ҳисси фақатгина одамзотга эмас, балки бутун тирик жонга хос бўлган ҳиссиётдир. Бироқ бошқаларнинг бундай хавотир ҳиссидан ўз мақсади йўлида фойдаланиши эса фақатгина одамзотга хос. Имкон борича бунга чиройлироқ қилиб баҳо беришга уринсак ҳам виж­донсизлик деган сўздан муносиброғини топа олмаймиз.

Сўнгги ҳафтада ижтимоий тармоқларда бола ўғрилари пайдо бўлгани, кўча-кўйда ҳатто мактабларда уларни ўғирлаш ҳолатлари кузатилаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалиб, жамоатчиликни анча сергаклантирди, маълум маънода хавотири ва қўрқувига ҳам сабаб бўлди десак тўғри бўлади. Балки бунга Тошкент шаҳри, Янгиҳаёт туманида 12 ёшли қизалоқ билан бўлган ўша мудҳиш воқеанинг одамларга қаттиқ таъсир этгани ҳам сабаб бўлгандир.

Аммо нима бўлганда ҳам бу каби ёлғон ахборотларни тарқатиш йўли билан ўз обуначилари сонини кўпайтириб олмоқчи бўлганлар оз бўлсада ўз мақсадларига эришиб, халқнинг кўнглига ғулғула солишни уддалашди.

Аввалига “Тошкентда номаълум шахс болани мактаб ҳудудидан судраб олиб кетмоқчи бўлди. Ҳолат Яшнобод туманидаги 151-сонли мактаб қаршисида бўлгани айтилмоқда” деган ваҳимали сарлавҳа билан видео материал тарқатилди. Ўша видеода юқоридаги сарлавҳада айтилганидек ҳолат акс этмаган бўлсада нима учундир бу одамларни қўрқита олди. Бунга ўша видеодаги одамнинг ҳақиқатдан ҳам шубҳали кўринишда эски қора плаш ва кенг соябонли шляпа кийиб олиб, атайин, олдиндан режалаштирилгандек ҳаракатлангани сабаб бўлгандир.

Бу хабар одамлар орасида ҳали ҳазм бўлиб улгурмасидан яна шу тарзда “Ўзбекистонда бола ўғирлашга уриниш ҳолатлари кўпайди” деган сарлавҳа билан нотаниш аёллар кичкина болалардан уйга сумка кўтаришда ёрдам беришларини сўраб, қоронғу жойга олиб бориб, ўғирлаб кетишга уринганликлари ҳақидаги иккинчи видео эълон қилинди.

Бу икки хабарга ижтимоий тармоқ кузатувчилари томонидан ёзилган турли изоҳлар эса вазиятни янада кўпиртириб, ваҳимали тус бера бошлади. Ҳамма мана шундай хабарлар таъсирида кейинги постларни кутадиган, охири нима бўлиши билан қизиқадиган бўлди. Кимлардир асл воқелик қандай бўлганидан бехабар видеодаги шубҳали шахсларга энг оғир жазо тайинлашни, уларни тезроқ топиб халқнинг ўзига сўроқ қилиш учун топшириш кераклигини айтса, кимлардир шаҳарлардаги назоратнинг етарли даражада эмаслиги ҳақида гапирарди.

Бу орада яна худди шу мазмундаги учинчи хабар ҳам жойланди. Унда “Бола ўғрилари ушландими?” сарлавҳаси билан Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида бир неча аёллар бола ўғирламоқчи бўлишгани ва маҳалла аёллари тезда ҳаракат қилиб бу ҳақида милиция ходимига хабар беришгани айтилади. Юқоридаги ҳолатларга ҳали аниқлик киритилмасидан, ўша воқеалар юз берган жойлардан аниқ маълумотлар олинмасдан бу каби хабарларнинг тарқатилгани табиийки одамларнинг кўнглига ғулғула солиши бор гап. Аммо биринчи хабар тарқалган куннинг эртасигаёқ мутасаддилар томонидан расмий муносабат билдирилиб, воқеага аниқлик киритилганди.

Унга кўра: Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида 2023 йил 19 февраль куни соат ўн икки-ю ўттизларда спиртли ичимлик истеъмол қилиб олган ҳолда Яшнабод туманидаги 151-сонли мактаб биноси олдида ўтиб кетаётган вояга етмаган 2011 йилда туғилган ўғил болани ҳеч бир сабабсиз тўхтатиб, мантиқсиз саволга тутиб, қўлидан маҳкаб сиқиб қўйиб юбормасдан, майда безорилик қилган деб топилган шахс ушбу ҳаракатлари билан Маъмурий Жиноят тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилди ва 10 сутка озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Иккинчи хабар юзасидан ҳам ўтказилган текширув жараёнида қуйидагилар аниқланди, дея расмий муносабат билдирилди:

“Жорий йилнинг 17 февраль куни тахминан соат 20.00 ларда 2013 йилда туғилган А.А. футбол машғулотидан сўнг Яккасарой туманида жойлашган уйига қайтаётган вақтида кекса ёшдаги аёл қўлидаги халталарни кўтаришда ёрдам беришини сўраган. Вояга етмаган А.А. кекса аёлга халталарини кўтаришда ёрдамлашиб, 71-уйнинг олдига борганида номаълум эркак кишини кўриб қолган. Вояга етмаган А.А. қоронғу бўлиб қолганлиги сабабли уйга кетишини билдириб, қўлидаги халталарни ерга қўйиб, уйи томон югуриб кетган. Кекса аёл ва номаълум эркак томонидан воя­­га етмаган А.А.га нисбатан ҳеч қандай ноқонуний ҳаракатлар содир этилмаганлиги маълум бўлди.

Ҳозирда вояга етмаган А.А. ота-онаси билан бирга соғ-саломат ҳолатда”.

Ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлган “Оҳангаронда бола ўғрилари ушландими? сарлавҳали видео хабар юзасидан ҳам Яккасарой тумани ИИО ФМБ томонидан текширув ўтказилаётгани айтилган.

Маълум қилинишича, ҳолат Тошкент вилояти ИИББ томонидан ўрганилган. Интернетда тарқатилган ушбу хабар, мазмунан ҳақиқатга тўғри келмайди.

Aниқланишича, 20 февраль куни 3 нафар аёл ҳашаротларга қарши дори воситаларини сотиш мақсадида Оҳангарон шаҳрига борган.

Жараёнда уларнинг хатти-ҳаракатидан маҳаллий аҳоли шубҳаланиб (аёллар бола ўғирлашмоқчи изоҳи билан видеога олиб), ҳудудий ИИБга хабар берганлар.

ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган суриштирув давомида аёлларнинг шахсига аниқлик киритилиб (1985 й.т. Д.Ш. ва М.К. ҳамда Д.Қ., Тошкент шаҳрида яшовчилар), фаолиятини ўрганиш учун солиқ органи жалб қилинган.

Аммо ҳар уччала ҳолат бўйича ҳам ўз вақтида берилган бу расмий муносабатлар негадир ижтимоий тармоқларда берилмади. Одамларни тинчлантириш, росмана маълумотларни очиқлаб, вазиятга холисона ёндашиш ўрнига текширилмаган хабарларни тарқатиш билан кўпроқ одамларни жалб қилиш истаги устувор кўрилаётгандек.

Ким билан гаплашманг ҳамма бола ўғрилари ҳақида гапиради, ҳар тонг уйдан чиқиб кетадиган фарзандларидан хавотирланади. Улар ўқиган хабарлар ёлғон экани, текширилмагани, катта эҳтимол билан фақатгина шов-шув учунлигини қанча уқтирманг ишонгиси келмайди. Ҳеч қайсилари юқорида келтирилган расмий жавобларни кўрмаганини таъкидлайди.

Мана ҳали-ҳануз бу жавоблар ижтимоий тармоқда бола ўғрилари ҳақидаги хабарлар тарқатилган каналларда эълон қилингани йўқ. Бундан кўринадики, у каби канал маъмурларига узатилаётган ахборотнинг жамоатчиликка қандай таъсир қилиши мутлақо аҳамиятсиз. Улар фақатгина бир нарсани жуда яхши билишади: ваҳимали хабарлар орқали одамларни жалб қилиш, эътиборини тортиш – биринчи масала.

Ўйланиб қоласан киши, бу тақлид фаолият юритишдан кўзланган мақсад нима? Ҳеч қандай мақсадсиз фақат кўнгил очиш, обуначилари сони кўплиги билан мақтаниш учунгина ўз лентасини тўлдирадиган бўлишса, элу-халқнинг ҳис-туйғулари билан ўйнашишнинг нима кераги бор?

Тўғри, огоҳлик яхши. Ҳар қандай ноқонуний, шубҳали хатти-ҳаракатларга жамоатчилик назорати кучли бўлиши керак. Аммо бу дегани бўлган, бўлмаган нарсаларга ваҳима, сохта “шов-шув” кўтариш ҳам маъқул эмас-да.

Эътиборлиси, аста-секинлик билан ижтимоий тармоқларда ҳам назорат кучайтирилиб, ёлғон ахборот тарқатиш билан шуғулланадиганларга жазо чоралари кўрилмоқда. Бу орқали эса юқоридагидек ҳолатлар сезиларли тарзда камайса, ажаб эмас.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 − 4 =