Тақиқда мантиқ борми?

Водийга одам кузатиш учун Андижон “питак”ка бордим. Йўл четига “тўхтаб туриш тақиқланади” деган — 3.27 белги қўйилган. Бу белги доим бўлган. Йўл четида машинани қўйиш мумкин эмас. Ичкарига кирасиз — “стоянка”, яъни автотураргоҳ дейишади. Лекин мантиқан мумкин эмас, бу ерда, асосан, йўловчилар — халқ тўпланади: болалар, аёллар, ёшу улуғлар… Одамларни ҳурмат қилган бу ерга машинада кирмайди.

Шунинг учун машинамни “3.27” белги қўйилган жойдан анча нарига қўйдим, юк машиналари “питаги”га яқин жойга.

ДАН (ЙҲХХ таҳ) машинаси келиб, машинам­нинг олдига кўндаланг қўйди. Худди ашаддий жиноятчини тутаётгандек. Бордим. Иккита ёш йигит.

“Ассалому алайкум, инспектор Олимов Йўлдош, ҳужжатларингиз!”

“Нима иш қилдим?” (билиб турибман).

“3.27” белги қўйилган жойда тўхтадингиз. Ҳужжатларингиз!”

“Қаерда тўхташим керак эди? Белгининг борлигини Тошкентга келганимдан бери биламан!”

“Стоянкага қўйишингиз керак…”

“Қайси стоянкага?”

“Ҳов, анави!”

“Одамлар тўпланиб турганми?”

“Ҳа!”

“У ерда одамлар йиғиладими ёки машинага стоянками?”

“Иккаласиям!”

“Мантиқ борми?”

“Қанақа мантиқ?!”

“Шунча одамнинг орасига машинада қандай кириш мумкин? Одамларнинг орасида, тор жойда, олдинга-орқага юргани мен қўрқаман, ёш болалар бор…”

“Ака, гапни кўпайтирманг, қоидани буздингизми, тан олинг!”

“Мен бошқача фикрдаман. Сизлар белгини нотўғри ўрнатгансизлар! Катта йўл, адашмасам, 4-5 бўлакли, ҳаракатга халақит берадими шу ерга кузатадиганлар келиб машинасини қўйса. Ёши катталар келяпти, одамлар юки билан келяпти…”

“Мен билмайман! Бу белгининг паспорти бор, ҳаммаси қонуний! Одамлар орасига киролмасангиз бошқа жойга қўйинг.”

Ёш йигит. Гап уқдириш бефойда. Роботга ўхшайди. Буларнинг қўлига ҳужжат қилиб берилган. Асоси тўғрими-нотўғрими, фарқи йўқ, шунга қараб ҳукм чиқаради. Бу тоифа на оддий фуқарони, на зиёлисини ҳурмат қилади.

Зиёли сифатида, фан доктори сифатида мана шу белгини қўйган расмийларга бир фикримни айт­моқчиман. “Водий питак” ёнидаги йўлдаги 3.27 белгиси нотўғри қўйилган. Сабаби, одамларни кузатишга келган машиналар махсус “стоянка”га кириши керак. Лекин бу ерда, асосан, йўловчи халқ тўпланади. Машиналар туриши лозим бўлган жойларда ўтиради, кутади.

Уларнинг орасига машиналарни қўйиб бўлмайди. Айниқса, байрам кунлари бу ерда одам жуда кўп бўлади, ишонмасангиз, бориб кўринг. Бизнинг Водий халқи одамлар тўпланадиган жойга машинасини кўндаланг қилиб қўймайди, бировга малол келадиган иш қилмайди.

Иккинчидан, асосий “стоянка”да кира қилувчи ҳайдовчилар пул тўлайди, биз — кира қилгани бораётганимиз йўқ.

Учинчидан, йўл четида тўхтаб туриш катта кўчадаги ҳаракатга умуман халақит бермайди.

Мен ҳорижда кўп йиллар ишлаганман. Жамоат жойларига бундай тақиқловчи белгилар қўйишни кўрмаганман.

Менга жарима ёзилди. Бунга қаршилик қилмадим. Одамларнинг устига ҳайдашдан кўра шуниси маъқул. Лекин ишончим комилки, тизимга адекват кадрлар келганида бу белги кўп жойлардан олиб ташланади. Ана ўшанда мендан юлиб қолинган бу жарима сизларга ҳалолми ёки ҳаром, хулоса ўзингиздан. Жамиятнинг зиёли фуқароси сифатида айтар гапим ва узил-кесил хулосам: “ишончим йўқ!”

Машинага ўтираётсам ўша йигит айтиб қолди. “Тўғри тушунасиз, ака, хизматчилик!”

“Тезроқ машинангни ол, ука, ҳаммага шу ҳунарингни қилаверма! Кўзингга жиноятчи бўлиб кўриндимми, дарров машинангни тираб қўйибсан, уялмайсанми!”

“Узр, ака…”

“Муомалани ўрган, китоб ўқисанг кўп чиройли сўзларни ёдлаб оласан, бунақада қатордан тушиб қоласан!”

Машинасини олишини кутмадим, ўзим юрдим. Кўнглим бузилганди. Бу тоифанинг сўзи ва қўлига мутеъ қилмасин, деб қўйдим.

P.S. Тартибли юраман, қоидаларга амал қиламан. road24 иловасида шу кунгача жарима йўқ…

 

Бахтиёр АБДУҒАФУРнинг

“Facebook”даги саҳифасидан олинди.

 

ТАҲРИРИЯТДАН:

Таниқли ижодкор ҳамюртимизнинг ижтимоий тармоқда эълон қилган ушбу “пос­т”ни эълон қилишимизга сабаб бор: биринчидан жуда тўғри масала, керак бўлса, долзарб муаммо кўтарилган. Иккинчидан, йўлларда, айниқса, пойтахт йўлларида тақиқловчи белгилар ҳаддан зиёд кўп, керак нокерак жойга қўйиб ташланган, бу атай, яъни жарима ундириш учун қўйилгани (ҳа, шундай!) ҳақида “Hurriyat” сўнгги пайтларда бир қанча танқидий мақолалар эълон қилган эди. Аммо биз “кутганимиздек” на ИИВдан, на ЙҲҲБдан, на бошқа жойдан бирор муносабат, жавоб йўқ. Ахир халққа қулай хизмат кўрсатиш сизнинг бурчингиз, вазифангиз эмасми? Шундай экан, биз бу сафар шахсан Ички ишлар вазири Пўлат Раззоқович Бобожоновнинг мавзуга эътибор қаратишига умид қиламиз.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × five =