Ёмғирда “пок”ланган туйғулар

Ёмғир шаррос қуйиб турганда аксарият кишилар ўзини панага олади.   Аммо бундай манзарадан руҳланадиганлар, лаззатланадиганлар ҳам бор. Аммо ёши етмишни қоралаган отахонни “ёмғирли лаҳзалар”ни севувчилар қаторига қўшиб бўлмасди.

Ўша куни ёқилғи танқислиги туфайли бўлса керак, йўлда енгил автомобиллар   қатнови камайганди. Эл қатори автобусга чиқиб, ҳайдовчининг ортидаги ўриндиққа ўтирдим. Бехос кўзим ёмғирпўшсиз отахонга тушди. Оппоқ кийими, ёмғирдан ивиган яктаги отахоннинг танасига ёпишиб кетибди. Қомати ёйдек   эгилганча шаррос қуяётган ёмғир остида шумшайиб турарди. Отахоннинг юзига нур бағишлаб турган оппоқ соқоли ҳам аллақачон шалаббо бўлганди. Қора салафанга ўралган дўпписи оқ аралаш қўнғир сочларининг бир қисминигина ёмғирдан тўсиб турарди.

Ярим соатдан бери автобуснинг тўлишини кутаётгандик. Бир киши учунгина жой қолди. Назаримда, ҳайдовчи ҳам ўша отахонни кутаётганди.

Тахминим тўғри чиқди. Отахон автобуснинг олд ўриндиғидаги бўш жойга чиқиб ўтирди. Ҳайдовчи ҳассасини ўриндиқ остига жойлаштиришга уринаётган отахонга сўз қотти:

— Отахон, шундай об-ҳавода нима қилиб юрибсиз?

Бу саволнинг жавоби мен учун ҳам қизиқ эди. Бобо эса хотиржам дўпписига ўраган целлофанни олди. Сўнг жавоб қилди:

— Болам, автобуснинг орқа томонида мендан ҳам мўйсафидроқ киши турганди, кўрдингми?!

— Йўқ.

— Ўша одам бир вақтлар менга устозлик қилган. Синфдошларимиз билан уни жудаям ҳурмат қилардик. Буни қараки, неча йил деганда шу ёмғир остида кўришиш насиб қилди. Салом берсам танимадилар. Шундай бўлса-да, одамгарчилик юзасидан у кишини уйимга таклиф қилдим. Вақти тиғизлигини, автобуси келса, уйига тезроқ бориши кераклигини айтиб, суҳбатга якун ясаб қўяқолди. Энди айт­гин-чи, устозимдан олдин автобусга чиқиб ўтиришим тўғримиди? Устозим ёмғирда автобусини кутиб турганда мен панада ўтиришим адолатдан бўлмасди…

Шу гапдан сўнг ҳайдовчи ҳеч нарса демади. Отахон манзилига етиб, автобусдан тушгачгина ҳайдовчи:

— Наҳотки шу қадар худбин бўлсам, отахонни одамгарчилик юзасидан ёмғирда тургани хаёлимнинг бир чеккасидан ҳам ўтмади-я… енгил машина   кутаётгандир, ёмғир ақлини ювиб кетган бу нодон чол автобусда юришни хоҳламаганини кўринг, деган ноўрин хаёлларга бориб юрибман-а, деб … ўз-ўзини койиди.

Очиғи, худди шундай фикр бироз аввал менинг ҳам хаёлимдан ўтганди…

Зулхумор АЛИҚУЛОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × five =