Бобом кўмган хазина
Бундан бир неча йил аввал “Севимли” телеканали орқали намойиш этилган Катта Лангар Қуръони тарихи ва тақдирига бағишланган кўрсатувни катта қизиқиш билан томоша қилгандик. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси буюртмасига асосан Катта Лангар Қуръони изидан илмий изланишлар олиб борган экспедиция аъзолари (бир гуруҳ журналистлар, жумладан, BBC мухбири Луиза Искандарий, диний идора вакиллари, тарихчи ва қуръоншунос мутахассислар) томошабинларни ушбу муқаддас Қуръон тўғрисидаги бир-биридан қизиқарли ва ноёб янги маълумотлар билан таништириб боришгани ҳамон ёдимизда. Биз ушбу кўрсатув орқали Муқаддас Қуръони карим ҳақида, шу билан бирга, дунёнинг турли бурчакларида бўлгани каби республикамизнинг барча ҳудудларида ҳам турли даврларда мусулмон олами учун табаррук саналган ушбу китобни беҳад қадрлаган, уни ёддан билган, қироат билан ўқийдиган қорилар, чуқур диний билимга эга мулла (домла)лар билан боғлиқ воқеалар ҳақида гап очилса, марҳум Қунназар бобом ҳақида онамдан эшитганларим ёдимга тушади.
Ўтган асрнинг 20 – йиллари, яъни Ислом динига, унга эътиқод қилувчиларга қарши кескин кураш очилган, илмли, зиёли, тақводор кишилар қувғин остига олинган пайтларида Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги Жалоер қишлоғида туғилиб ўсган, ўша пайтда Самарқанддаги мадрасада диний таълим олиб қайтган бобом ҳамқишлоқларининг ҳурматига сазовор бўлиб, мулла Қунназар, деб ном олган. Қишлоқ аҳли бобомни беҳад иззат қилган, ҳеч бир тўй-маърака, маросимлар, йиғинлар бобомсиз ўтмас экан. Ўша-ўша суронли, “қизиллар”нинг қўли баланд бўлган, Ислом динига ишонувчиларни қидириш, қамаш, Россиянинг совуқ ўлкаларига сургун қилиш авж олган алғов-далғов даврларда нияти бузуқ кимсаларнинг қадами Зомин қишлоқларига ҳам етиб келиб, бобом каби диндор кишилар сиқувга олинган. Тез кунда навбат ўзига ҳам келиб қолишини сезган бобом уйидаги диний китобларни ёт қўлларга тушмаслиги учун бир қопга жойлаб, терига ўраб (сув тегмаслиги ва чиримаслиги учун бўлса керак) томорқасининг бир чеккасидан чуқур ўра қазиб, кўмган экан. Лекин бобом бу ҳақда ҳеч кимга айтмаган ва билдирмаган.
— Ёдимда, ўшанда отам китобларнинг ҳар бирини оппоқ сурпга ўраб, қопга жойлаган эди. Айниқса, уларниг орасидаги бошқаларидан ҳажми каттароқ ва оғирроқ бир китобни алоҳида авайлаб, ўраб-чирмаб, бир неча бор ўпиб, кўзларига суртиб, алоҳида халтага, кейин қопга солганини кечагидек эслайман. “Бу муқаддас Қуръони карим, ҳаммасидан улуғ, бебаҳо табаррук китоб, сизларга уни ўқишни ўргатмоқчийдим, ўзимдан кейин мерос қилиб қолдирмоқчи эдим, афсуски, насиб этмади, омон-омон замонлар келса, балки қайтиб келиб, олиб кетармиз, илоё ёмон ниятли кишиларнинг қўлларига тушмасин-да, улар буларни хор қилишади”, – деганди кўзларида ёш билан отам. Шундан сўнг отам қопни ҳеч кимга кўрсатмай, ҳовлининг қаеригадир кўмиб қўйди, — дея гапириб берган эди менга онам. — Бир неча кундан сўнг отам “кутган” ўша қора кун келади… Ҳаловатсиз бўлган қиш тунларининг бирида қишлоқдаги оиламизга яқин бир одам келиб, бобомни “мулла бобо, тезда, бу ердан кетинг, бироздан кейин сизни олиб кетиш учун уйингизга келишади”, деб огоҳлантирган. Бобом шошганидан маҳсисининг бир пойини кийганча иккинчисини кийишга улгурмай, эшикка отилган. Бир лаҳза ортига қараб, “оилам, болаларим нима бўлади”, деганича тўхтаб қолибди. Шунда ташқарида уни кутиб турган киши бобомга, “домла тез қочинг, бўлмаса, сизни ҳам Сибирга сургун қилиб юборишади, уйдагилардан хавотир олманг, биз уларни ортингиздан етказамиз”, деб қўлига бир нечта нон солинган халтани тутқазибди.
Мен ўша пайтда ёш бола бўлганим учун бу нарсаларга унчалик эътибор бермаганман. Бобом шу кетганича, пана-паналаб, қишлоқларни оралаб қочиб, тонг отарда бехавотир бир жойдаги кулбага яширинган эканлар. Кундуз куни дам олиб, кечаси яна йўлга тушган. Шу кўйи бир неча кун деганда, Ховоснинг Хўжамушкент деган ҳудуди (ҳозир бу ҳудуд Жиззах вилоятининг Янгиобод туманига тегишли) “Уювли” қишлоғидан кўчиб келган аҳоли жойлашган, яъни ҳозирги Гулистон туманидаги “Дўстлик” хўжалиги (СИУ) нинг собиқ Чапаев қишлоғига келиб қолган. Бобомдан бир неча кундан кейин яхши кишиларнинг кўмаги билан оиласи (бувим, ўша пайтда 8-9 ёшларда бўлган онам, холам, тоғаларим) ҳам шу қишлоққа кўчиб келиб жойлашишган. Уювлиликлар мулла бобомни илиқ қарши олиб, ҳурматини жойига қўйишган, оиласини уй-жой билан таъминлашган. Бобом умрининг охиригача шу ерда яшаб, масжидда имомлик қилганлар. Лекин орадаги нотинчликлар, қатағон, уруш йиллари, кейин эса хасталиги (ўшанда маҳси кийилмаган бир оёғини совуқ урган ва унинг асоратидан неча йил қаттиқ азоб чеккан эканлар) сабаб бобом қишлоғига бориб, ўша Қуръонни ва бошқа китобларни кўмган жойидан ковлаб, олиб келишга имкон топмай, дилида ва тилида шу армон билан дунёдан кўз юмган эканлар. 50-60 йилларда тоғамлар Жалоер қишлоғига бориб, қоп кўмилган жойни қидириб топа олишмаган. Бу ноёб китобларнинг тақдири ҳанузгача номаълум. Кимдир уларни ковлаб олгандир, балки чириб кетгандир? Лекин ўша муқаддас китоблардан бири, аниқроғи, Қуръоннинг бир нусхасини бувим сандиғидаги буюмлар орасида яшириб, сақлаб қолган ва уни онамга берган экан. Ўша Қуръони карим онамдан биз — фарзандларига мерос бўлиб қолди ва уни бобом, бувим ҳамда онамдан хотира сифатида ҳамон кўз қорачиғидай сақлаб келаяпмиз. Ўшанда Катта Лангар Қуръони ҳақидаги кўрсатувлар чоғида юртимиздаги таниқли имом-хатиблардан бири, қаерда муқаддас Қуръони карим ёки унинг бир бўлаги — варақлари сақланаётган бўлса ҳам, шу заминни, элни Аллоҳ бало-қазолардан асрайди, обод ва фаровон қилади, деган пурмаъно фикрларни айтган эди. Яратганнинг назари тушган юртимизда ҳамиша тинчлик ва осойишталик, омонлик, тўкинчилик бўлишининг сабабини заминимизда бу каби муқаддас китобларнинг, табаррук қадамжоларнинг асраб-авайланиши, халқимизнинг иймон-эътиқоди бутунлигида деб биламиз. Ҳар бир ибратли ҳаракат ва хислатнинг ҳикмати бор деганлари шу бўлса керак. Яна бир гап: оиламиз бошига тушган бирор ташвиш тезда ариса ёки хасталикдан тузалсак, хонадонимизда ўша муқаддас китобнинг борлигига шукрона келтирамиз. Чунки чин эътиқод билан яшаган инсоннинг кўнгли ҳамиша хотиржам, нияти пок, армонлари ижобат бўлади .
Холида ПАРДАБОЕВА.
Ўзбекистонда
хизмат кўрсатган журналист