Агар илмий ёндашсак…

Микродунё. Макродунё. Мегадунё. Бу дунёлар энг майда заррадан тортиб бутун борлиқни ташкил қилади. Бир-бирига таъсир ва акс таъсир этган ҳолда ўзига хос қонуниятлар асосида ривожланади. Биз яшаётган жамият ва табиат макродунёнинг таркиби сифатида ўзига хос муайян қонуниятлар асосида тараққий этади. Бу қонуниятларнинг бузилиши, табиатда ҳам жамиятда ҳам меъёр ва мувозанатнинг издан чиқишига сабаб бўлади.

Ҳар соҳада қилинаётган ишлар илмий ёндашув асосида бўлмас экан бизнинг амалга ошираётган ишларимиз, ислоҳотларимиз самара бермайди. Жамиятнинг барча соҳаларида илмий ёндашув лозим, дея кўпгина йиғилиш ва маърузаларида қайта-қайта таъкидламоқда Президентимиз Шавкат Мирзиёев.

Ютуқлар ўзимизники. Биз хато ва камчиликларни бартараф этиш учун ҳаракат қилишимиз керак. Бугун бир қанча муаммо ва камчиликлар фақат вазият комида, ижтимоий тармоқларда вақтинча кўз-кўз қилиниб ҳал қилинмоқда. Унинг асорати эса муаммо устига яна муаммоларни кўндаланг қўймоқда. Президентимиз куюниб айтган гапларни жамиятимиз ҳаётида юзага келаётган ижтимоий муаммоларда кўриб турибмиз.

“Ҳар фаслнинг ўз хислати бор, ҳар фаслнинг ўз фазилати”, дея ёзган эди элимизнинг ардоқли шоири   Ҳамид Олимжон.

Кумуш қишнинг зийнати, зумрад баҳорнинг таровати, нафосати каби фаслларнинг хислат ва фазилатлари ижтимоий муҳитда содир бўлаётган муаммолар соясида қолиб кетаётгандек. Юзага келаётган муаммоларнинг аксарияти эса фасл ҳам танламаяпти.

Уй қурсак ёрилиб кетяпти, йўл қурсак ўпирилиб, кўприк қурсак қулаяпти. Ёғингарчилик мавсумларида оқова сувларни чиқариш тармоқлари (дренажлар), оқинди сувлар канализациялари ишламай ҳаммаёқни сув босаяпти. Газ ва электр энергиясида мунтазам узилишлар бўлаяпти. Яшил макон умуммиллий лойиҳаси доирасида неча миллион туп дарахт кўчатлари ўтқаздик, ўтқазаяпмиз. Кўкаламзорлаштириш масаласида амалга ошираётган ишларимиз жаҳон ҳамжамиятида ҳам эътироф этилмоқда. Бироқ экилаётган аксарият дарахт кўчатлари ҳар бир ҳудуднинг туп­роқ бонитетини инобатга олмасдан, ўша ҳудудга мос бўлган дарахт кўчатларини инобатга олиб экилмоқда, деб айта олмаймиз. Ўз навбатида мавжуд дарахтларни сақлаб қолишда ҳам одилона муносабатда бўлмаётганимиз бор гап. Бўлмаса шунча йиллар мобайнида экилган ва мавжуд дарахт кўчатларимиз экологик мувозанатнинг бузилишига, ҳавонинг ифлосланишига, чанг тўзон тарқалиши бўйича ҳам дунёда етакчи ўринлардан жой олишга имкон бермас эди. Демак, биз барча соҳаларга билиб билмай, ҳудудларнинг ўзига хос, ўзига мос жиҳатларини ўрганмай, ҳар жабҳада меъёрга амал қилмай умуман илмий асосда ёндашмаётганимиз сабаблигини тушунишимиз шарт. Жамиятнинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, маънавий, ҳуқуқий, маданий ва бошқа соҳаларига илмий ёндашув лозимлигини чуқур тафаккур қилишимиз лозим.

Илмий ёндашув бўлмас экан ижтимоий ва табиий муҳитдаги меъёр ва мувозанат бузилаверади, бузилаверади. Қайси соҳада бўлишидан қатъи назар вазият комида ҳал бўлган иш вақтлар силсиласида, фасллар алмашинувида янги муаммоларни бошлаб келаверади, келаверади. Натижада турли кўнгилсизликлар, ноқулайликлар, талафотлар юзага қалқиб чиқаверади, чиқаверади. Қилинаётган қанчадан қанча меҳнат, вақт, сарф-харажатлар ўзини оқламай так­рор ва такрор қайта қилишга эҳтиёж туғилаверади, туғилаверади…

Шу сабабдан ҳам асрлар силсиласига дош бериб келаётган ота-боболаримиз томонидан бунёд этилган шаҳарлар, бино ва иншоотлар, боғу роғлар ҳанузгача барча фаслларда янгича кўрк ва тароват касб этиши, уларнинг ҳар жиҳатдан илмий асосда бунёд этилганлигини англатади. Биз ҳам келажак авлодга бугун амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотларимиздан юзага келадиган муаммоларни бартараф этиш вазифасини эмас, ҳам сурати гўзал ҳам сийрати мукаммал шароитларни қолдирайлик. Улар ҳам биздек аждодлардан фахрланиб юрсин. Ҳозир эса…

Баҳром БОЙМУРОДОВ,

“Янги Сирдарё” газетаси

бўлим мудири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 + 7 =