Бувимнинг армони
Бувим ёмғирни яхши кўрарди. Ёмғир ёғаётганда ҳаммамиз уйга биқиниб олган пайтларимиз ҳам бувим ташқарида куймаланиб юраверарди, бошларидаги рўмоллари жиққа ҳўл бўлгандагина, алмаштиргани уйга кириб, тағин ташқариларди.
Ёмғирни яхши кўрарди-ю, аммо маҳалламизнинг лой кўчаларидан юришни унча ёқтирмасдилар. Ёғин-сочинли кунларда бобомга нолиб қоларди:
— Қўни-қўшниларнинг бошини бирлаштириб, кўчага шағал тўкишни уюштирсангиз бўлмайдими? Бутун қишлоқнинг бошини қовуштирган киши, битта кўчани обод қилишга кучингиз етмайдими?
Шунда бобом : — Қўявер кампир, бу ишнинг ҳам мавриди келиб қолар, — дея тасалли берардилар.
Мавриди келди-ю, лекин…
Бувижонимнинг жигари хаста эди. Жони узилар куни ҳам эрталабдан ёмғир ёға бошлади… Бувим дераза олдидаги каравотда ётар, кўринишидан умри тугаётган одамга сира ўхшамас, шунчаки ёмғирнинг қандай ёғишини жимгина, хотиржам томоша қилаётгандек эди. Мен бувимнинг кўзларида чуқур бир андуҳни кўрардиму унинг нималигини сира англай олмасдим.
Бувим бирдан жимликни бузиб, паст овозда:
— Кўчамиз жуда лой бўлгандир, — дедилар. Неча кундан бери гапирмаётган, ҳатто еб-ичишдан ҳам тўхтаган бувимнинг бу гаплари ғалати туюлди. Ўз дардлари қолиб нега кўча ҳақида эслаб қолдилар, деб ўйладим. Аммо бунинг сабабини кейинроқ англадим. Бир умр бошқаларга оғирлигини солмай келган бувим: — Тобутимни кўтарганларга малол келмасин, — деган бўлсалар керак.
Беозор, меҳрибон бувижоним…
Ҳафта якунида шаҳардан қишлоққа келганимда онажонимдек меҳрибонлик билан, атрофимда гир-гир айланиб, сандиқчасига яшириб қўйган қанд-қурс, туршак, майизлардан ҳовучимни тўлдирардилар. Бирор юмушга уринсам: “Сен қўяқол қўзим, китобингни ўқи, ўзим қиламан”, деб уринтирмас эдилар. Бошқаларга оғирлигини туширмай келган бувим охирги кунини ҳам ўйлаган экан-да…
Ўша куни ёмғир тинмай ёғди. Кўчалар балчиқ бўлиб, сувга тўлди. Таъзияга келганлар у ёқдан – бу ёққа ўтиб, оёқларини лойдан зўрға узишар, айниқса, кексаларга йўлда юриш қийин эди. Қўни-қўшнилар билан ҳар жой-ҳар жойга териб чиққан тошлар ҳам лойга ботиб, юришга ноқулай бўлиб қолди. Тобут ортидан кетар эканмиз хаёлимдан бувимнинг йўлга шағал ётқизиш фикри айланар, бобом бу ишни ортга сурганида эса чуқур уҳ тортиб қўйишларини эслаб кўзларимдан ҳам “ёмғир” қуйиларди.
Бугун қишлоғимиз йўллари равон, асфальт қилинган. Лекин бувим йўқлар. Қачон шу равон кўча бўйлаб уйимизга борсам, кўчасининг текис бўлганини кўрмай, ундан ақалли бир неча қадам бўлсада юрмай армон билан ўтган бувимни эслаб қалбим ўртанаверади…
Ислом ЭГАМБЕРДИ ўғли