Энамга мактублар (шу номли туркумдан)

Бу  нарсаларни  айтмоқчи  эмасдим.  Мажбур  бўлдим,  қийналдим,  ўзимни   енгиллатмоқчи  бўлдим, ўзимни- ўзим  овутмоқчи бўлдим, юрагимнинг  тафтини олади,  деб  ўйладим.

Дунёда  ҳамма  жонли  ва  жонсиз  нарсаларнинг  таянчи,  суянчи  бўлади:  дарахт  илдизига,  минорлар,  бинолар  пойдеворига  таянади.  Қолгани  тушунарли.  Инсоннинг  таянчи,  суянчи   энаси  бўлади,  отаси  бўлади.  Менинг  шодлигимни,  ташвиш, ғамимни  кўтарган  ва  кўтара   оладиган  зотлар—  энам  ва отам  бўлган экан. Изтиробларимни, эҳтиросларимни, мунгли  нолаларимни, алам  ва  ҳайратларимни  кўтарадиган,  сиғдирадиган  нарса  ижодим,  шеърларим экан.

Бу  битикларда  ўзимни  доно  ва  билимдон  кўрсатишдан  йироқман.  Шунинг   учун  у  ёки бу  уламо,  фузало,  шоиру   олимлардан  иқтибослар,  ҳадис  ва  ҳикматлардан,  ҳикоят  ва  ривоятлардан  мисоллар  келтириб  фикримни  асослашга  рағбат  ва  ҳожат топмадим.  Бир  ҳодиса туфайли  лаҳзалик  ҳолатдаги  руҳий  кечинмаларимни   айнан  муҳрлаш  қалбимга  мос,  кўнглимга  хос  келди.  Бу  битикларни  қалам  билан  эмас,  киприкларим  учида  шабнам  заррасидек  тизилиб   келаётган  қалб нури   билан   битдим.

Шу   ёшга  кириб  волидаи  муҳтарамамнинг  боши  ёстиққа  келганини,  бирон  марта  умридан,  ҳаётидан,  болаларидан,  набира- чевараларидан,  қўни- қўшниларидан  нолиганини,  шикоят  қилганини  эшитмаганман. Энам  икки марта  инфаркт — юрак  хуружи  ўтказдилар.   Бунинг устига   кунаро қон  босими  даҳшат  солади.  Шу  туфайли   у  киши  ўзларини  йўқотиб, ҳаракат  ва  тилдан маҳрум бўлиб  қолдилар.  Бу  нарса  бир неча  кун давом  этди.  Энам  лаҳат  ва  қабр   ёнларида  турсаларда, ҳатто шу онларда  фарзандларининг  дарди  уни ташвишга  соларди.  Энамнинг  ёнларида  қўлларини,  бошларини  силаганча  икки  кеча  кундуз  ич-ичимдан  қон  йиғладим.  Бир кун  шифокорлар   мени  ташқарига  чорлаб:  “Ука,  сиз   ёш   эмассиз.  “Болам деган  қиёмат,  онам   деган  саодат,”  шундай   аччиқ  мақолни  эшитганмисиз?   Моманинг кўпи билан бир  ҳафталик умрлари  қолган.  Ҳеч  нарса  фойда  бермайди.  Яхшиси,  созини   қилганларингиз  маъқул”  деди.  Бу  гап   мени  энамнинг  олдига  янада  михлаб  қўйди.  Ишга  ҳам   боролмайман,  кўчага  ҳам  чиқолмайман,  энамнинг   қўлидан  қўлим   узилса,  жоним   узулгандай  ўзимни  ҳис  қилардим.

Жимгина  хонага  кирдим.  Совуқ  деворга  кўксимни  босдим.  Девор  ўрнидан   чекинди,  руҳан    тоғларга   чиқдим,  елкамни  қўйиб   дардлашдим,  ишонасизми,  тоғлар  силжиди, жуссам   муаллақ  қолди.   Толиққан  жуссам  билан  чинорни  қучоқладим,  чинорни  ҳам  титроқ  босди.  Яшил  барглари   кузакдагидек   тўкила  бош­лади. Мен  қаттиқроқ  қучоқладим,  сен  менинг  суячим   дедим,  сен  менинг  таянчим  дедим,  водариғ,  у юра  бошлади,   у  қоча   бошлади…

Эна,  туғишганларимга   суяндим,  миннат  қилдилар,  дўстларимга  суяндим,   туҳмат  қилдилар,  мансабдорларга  таяндим  товон  олдилар,  элимга   суяндим,   иллат  билдилар.

Ўғлимга,  қизимга,  набираларимга  талпиндим.  Уларнинг   қалбида,  кўзида   ўзга  дунё   кўрдим,  ўзга  қалб  кўрдим.  Сирларимни,  дардларимни    айтишга   иймандим.  Уларга  боримни  бердим, топганимни тутиндим,  ёлғон  айтдим,  чин  айт­дим,  борим  деб,  орим  деб  яшадим,  улар эса буни  фарз,   деб   билдилар.

Хотинимга  талпиндим,  суйдим,  суйкандим,  борим  дедим,  зарим  дедим, ягона  дедим, тенгсизсан,  топилмассан  дедим.  Ҳам  ёқам,  ҳам   енгимсан  дедим,  нурга  ўрадим,  зарга  ўрадим,  ойга  қиёсладим, гулга  менгзадим,  қуёшга  ўхшатдим,  юлдузлардан ортиқсан  дедим,  охири буларни  қарз,  деб  билдилар.  Суйганимга  топиндим,  совғалар  қилдим, сарполар қилдим,  тунлари  ухламай  ширин   сўзлар  ахтардим,  дил бисотимни  пойига сочдим,   сочларини  эркаладим,  хушомад, деб  кулдилар.

Етти  марта тўй қилдим,  элга  ош  бердим,  кимдир суюниб,  кимдир куюниб,  биров  дўст  кўзи,  биров  душман  кўнгли  билан  келди. Катта-катта тўёналар,  улгулар,  совинлар  қўшишди,  баландпарвоз  ти­лаклар,  дуолар  қилишди,  гўё  қадрим ошди,  қарзим  ундан  ҳам ошди.  Маст- аласт  биров   кулди,  биров  ўйнади,  аллаким   ғийбат  билан  машғул  бўлди. Эна,  сиз  эса  қувончдан  йиғладингиз:  “Улумни   ёмон кўзлардан   ўзинг  асра,”  дея   шукроналар  қилдингиз.  Кимларнингдир  молхонасига  орзимайдиган  айвонимга  кўзтиканлар  илдингиз,  қалампурмунчоқлар,  дуғдоналар   бойладингиз.  Менинг  бирорта  жон  дўстим,  кўз   тегмасин деган  сўзни  хаёлига  ҳам  келтирмаган бўлса  керак.   Сизнинг  ҳорғин  мижжангизда  табассум  эмас,  мунчоқ- мунчоқ,  маржон- маржон арғимчоқ  солаётган беадад армонларни,  аламларни,  умидларни, соғинчларни, Бойсунтоғ қадар  бардошларни, отамерос мангу  сабурларни кўрдим…

Акам,  укам,  синглим, тоғам,  амакиларим, жиянларим,  бўлаларим,  холаларим,   поччаларим   сиз   берган  тўёнани    қилолмаслигини,  беролмаслигини,  сиз   қилган  ишларни  икки дунёда ҳам  бажаролмаслигини   мен  сўқир  жуда- жуда  кеч  англадим,  Энажон!

Ғолиб  бўлдим  кўзингизда ёш,  мағлуб  бўлдим  кўзингизда  ёш,  бемор  бўлдим  кўзингизда  ёш,  узоқ  кетсам кўзингизда  ёш,  ёшлигимда  кураш тушиб улгу  олиб келсам  кўзингизда ёш…  Эна,  сиз  аёл  эмассиз,  сиз   мунгли  қуйма  тошсиз,  сиз  асли бардошсиз.  Бошим эгилса   болишсиз,  қошим  чимирилса  нолишсиз,  кўзим  намланса  дастрўмол,   жоним қийналса дастамалсиз,  қўлим синса  енг  бўласиз, лат  етсам танг бўласиз,  каллам  ёрилса  қалпоқ бўласиз,  тупроқла  тенг бўласиз,  Энагинам!

…Кўчаларга чиқдим,  ариқ бўйига  бордим,  сувга  узоқ тикилдим,  осмонга  термулдим,  норасида  гўдакларнинг  ўйинига  овунмоқчи  бўлдим,  чекдим,  ишга унадим,  ўзимни чалғитишга  уриндим,  ҳеч  нарса  диққатимни  тутиб  қололмади.  Яна отамнинг уйига,  Энамнинг  ёнига бордим.  Мен  ишга  келсам,  жоним  уйда  қоларди,  кўчага чиқсам   жоним  йўлда   қоларди.  Танамни,  жисмимни  суяйдиган,  кўтарадиган,  бехос  қалқиб кетганда  тутиб турадиган суянчиқ – юпанч  излардим.

Парвоздаги  қуш   овчининг  ўқидан жароҳатланиб, осмону  фалакдан  тушаётганини  кўрганмисиз?  Умримда  биринчи  бор  ўзимни  ана шу бехосдан  ўқ  еб,   чархпалак  бўлиб  ерга  қулаётган  қушдек  ҳис  қилдим. Ҳеч  нарса тутиб қолмайдиган,  ҳеч  нарса суяй  олмайдиган,  гўё  нимага ва  кимга  суянсам   йиқилиб, нураб,  йўқолиб   кетаётгандай  эди.  Бу даҳшатдан  фақатгина  Энамнинг  жонсиз  қўллари   сақлаб  қоладигандай.  Эна дегани  шунчалик  қудратли,  шунчалик  мўъжизакор,  шунчалик  илоҳий  бўладими?!

Пешоналарини  силаб,  қўлларини   тутсам  бўлди, қулаб,   титилиб, сочилиб  кетаётган  нарсалар   ўрнига  қайтади.  Гўё  ўн  саккиз минг оламдаги  барча мувозанатлар  шу  жонсиз  қўл  ва  совуқ  тер  чиқаётган  пешонага   боғлиқдек.  Умримда  биринчи  марта  энамнинг бошларини   силаб,  қўлларини уқалаётган  эдим.  Ахир,  мен  олдин  ҳам  бор  эдим-ку,  мавжуд эдим-ку?!  Нега  “қораоқсоғим  қўзғади”,  деб  нолиётганларида,  суякларим  қақшайди,  деганларида  хаёлим  ҳам  бузилмаганига  биринчи  марта  ҳайрон  қолдим.

Китоб   ўқиб  йиғлаганмиз,  ривоят  ва  ҳикоятлар   эшитиб  “уҳ”  тортганмиз.  Энамиз,  отамиз  касал бўлганда  эътибор бермаймиз,  қаричилик  деймиз. Соа­тига,  кунига   ҳикматга,  ибратга дуч келамиз,  мингта  ҳикматга  кўзимиз тушади,  лекин  ибратдан- ибрат,  ҳикматдан  хулоса  чиқармаймиз.  Буни —  ғофиллик,  сўқирлик  дейдилар.  Энада  гина- кудрат,  таъна- таъма,  миннат- иллат,  қарз-фарз,  шубҳа- гумон,  фитна- фасод,      иззатталабликлар, ҳурматталабликлар   бўлмайдими?  Эна  дегани  шунчалар  хокисор   инсонми?

Ҳайит  ва  байрамларда  ўғлимга,  қизимга,  хотинимга  турли- туман  совғалар  улашиб,   сизга  эса  ақали   бир рўмолча  ёки  бир  дона гул   у  ёқда  турсин,  “Жуда   банд  бўлдим ҳайит  кунлари,”  дея   неча  бор  ёлғон  гапирганда,  Эна  нега  тилларим кесилиб тушмади,  кўзларим   гавҳари  оқиб  кетмади.  Лекин  сиз  “Ўзинг  келибсан  болам,  шунинг  ўзи  катта  совға”  дейсиз. Эна,  кўрмасангиз  ҳам  ҳаммасини  юракдан  ҳис   қиласиз,  энди  билдимки,  Энажон,  эналарнинг  кўнгли,  кўзи  фарзандининг  гуноҳи  ёки  савобини,  чин  ёки  ёлғонини  билиши,  кўриши  шарт  эмас  экан.  Уни  яширишнинг иложи  йўқ   экан,  ҳатто  юз  ёшга  кирган   ожиз  Энанинг  кўзи  ва  қалби  буни  бошида  турган гувоҳдан,  Яратгандан  кўра  яхшироқ  кўраркан  ва  биларкан.  Мен  ношуд,  мен  нотовон,  мен  сўқир  эса  баҳоналар  қилиб,  ўзимнинг  ношудлигимни,  бебурдлигимни,  нотовонлигимни,  ноқобиллигимни,  сўқирлигимни  ўзим  билмаган  ҳолда  бот- бот  эътироф  этар  эканман…

Амалдорларга ёки   пулдор  кимсаларга  қилган   хушомадлар,  ялтоқланиш,  таъзим-тавозелар,  елиб- югуришлар,  сарфланган  пул  ва  асабларни,  ёки  бир пулга  қиммат  ҳавойи  орзу ҳавас  ва  илтимосларга  кетган   қимматли  вақтимнинг,  умримнинг  мингдан  бирини   сизга  бахшида  этганимда,  бу қадар  юзингизга  эрта  ажинлар тушиб,  белингиз  букчайиб,  минг  бир  дардга чалиниб  қолмасмидингиз, Эна.

Эрмак  қиладиган  касбим,   излаб борадиган  қўноғим,  кўз тиккан   қароғларим – фарзандларим, эшигимни  очиб турадиган  жуфти  ҳалолим,  туғишганларим   бор.  Тўрт  кўз  тугал,  Худога  шукр.   Яна   дўстлар,  таниш- билишлар…   Эна,  билмайсиз-да,   шунча  мунис  кўзлар,  меҳрибон  қўллар,  самимий  диллар   қуршовида  ўзимни  баъзида  жуда  ёлғиз,  танҳо…  ва   кераксиз  ҳис  қиламан.

Худо  шоҳид,  ҳамма-ҳаммасига  қўл  силтаб,  бу  дунёдан  воз  кечишга  неча  бор  чоғланганман.  Сизни, фақат сизнинг  ёнингизга  боргандагина,  товушингизни  эшитганда,  суҳбатингизни  олганда,  бу  оғир  хаёлларимдан,  қилиқларимдан  уялиб  кетганман, ичимда  тавба  қилиб,  калима  қайтарганман.   Фақат  сизнинг  ҳузурингизда  ўзимни  ёлғиз  ва кераксиз,   кимсасиз  ҳис  қилмайман, Эна.  Дардимни   ва  сиримни  фақат сизга  ва  қаламимга айта  оламан.

Эна,  сиз  ва  қалам  олдида  ўзимни,  ёлғизлигимни  унутаман,  керакли  эканлигимни,  кимсасиз  эмаслигимни  англайман. Ўзимга, ўзлигимга  қайтаман. Бесўнақай  танамга  руҳим  қайтиб киргандай  бўлади.  Сизга  тикиламану  поёнсиз  хаёллар,  қўл  етмас орзулар,  беадоқ  ният ва  тилаклар  оғушида   жоним танамга  қайтади,   қалбимга  ҳаловат  инади. Ва  шунга иймон келтираманки, Эна, Аллоҳ,  сиз  ва  қаламимдан бошқасига суяниб,  таяниб,  ишониб  бўлмайди.   Аслида мен  суянадиган,  таянадиган  кимсалар  ва  нарсаларнинг  барчаси  таянчга  муҳтож  ва  ночор  эканлигини  ҳам  англадим.

Эна,  ҳар йили   уч  юз  олтмиш беш хонадонга бош  суқдим, уч  юз олтмиш беш   бор  қуёшни кутдим ва  кузатдим.  Эллик  йил  сабр ва   умид  аталмиш  ўткинчи  тириклик  кошонасида  бу  ҳол  қайта  ва қайта   такрорланиб келмоқда.  Оқибат  анг­ладимки,  Аллоҳ,  сиз  ва  қаламдан   ўзга менга  таянч  нуқта,  суянчиқ  ва  сирдош  кимса йўқ  экан.

Ниҳоят,  Эна  дегани   шунчалик  бардошли,  шунчалик  метин,  шунчалик  тош,  шунчалик   кечиримли – Ер каби   сахий  бўлса!..  Фарзандига берган  нонига  ачинмаса,  оқ   сутини  миннат  қилмаса,  бедор  тунларини  писанда  этмаса,  фарзандининг  таъна-дашномини,  ҳурматсизлигини, беодоблигини,  қадр-қимматини ерга  уришини   яширса, берган  меҳрини, тузини пеш  қилмаса, қилган меҳнатидан,  чеккан  азоб- уқубатидан  шикоят  қилмаса,  йўғини  яшириб,  камини  ошириб,  ранжиганда  ҳам дуолар қилса.  Эналарнинг  гуноҳлари нима? Бу бардош  нимадан  ва қандай  пайдо  бўлади?  Эна  тупроқдай  хокисор,  Ер  каби сахий эмасми!?  Туғилганда  Эна, ўлганда  Ер  беминнат  бағрига олади, яхши- ёмон,  оқ- қора демайди.  Бу  тенгсиз қиёс, муқояса  деб ўйласангиз,  янглишасиз, бу  мўъжиза,  Яратганнинг  истаги  ва  кароматидир.  Негадир  уни  ёшликда,  вақтида  тан олмаймиз ёки  кечроқ  англаймиз. Эна,  яна шуни  англадимки,  ёнимизда  турган суянч  тоғини топиш,  таянч  нуқтага эга бўлиш учун —  Аллоҳни англаш  ва тан олиш  жоиз  экан.

Энанинг   қарғиши  тегмайди,  дейдилар.  Унинг  оқ сути  ора  кирармиш. Ана шулар   Энадаги  чексиз фидойилик, сахийлик  ва  ҳотамтойлик, бардош  ва  чидам хусусиятидан  келиб чиққан, дея  қадим    авлодлар бу  ҳикматни чуқур  англаб етишган.

Дард  бошқа, ажал бошқа  экан,  Эна.  Ўша кунларда бир  ҳамкасбим менга  кўнгил бериб, “Ака  биласизми,  Аллоҳ  бандасини  ҳамма нарсага  олдиндан кўниктириб,  тайёрлаб боради.  Унинг  бандасига  меҳрибонлиги ва марҳаматининг  кенглиги ҳам шунда”, деб  тасалли берганди. Кўнгил  сўраган, тасалли берган инсон бу ҳисларни аллақачон  бошидан кечирганлигини  мен  англамабман. Аввалига ғашим  келди. У  ҳақ  экан.  Инсон қайсидир  маънода  суянч ва таянч  нуқтасидан ажралмасдан илгари уни англаса, эъзозласа, авайласа, қад­рига етса,  ўзини  беқадр,  кераксиз, гуноҳкор, нотовон  ва  сўқир ҳис  қилмайди. Азизлар,  бу ҳақиқатга интилинглар, ногоҳ  ундан маҳрум бўлиб  қолмангизлар…

Эна, бугун  ёнимдасиз,  жонимдасиз, ёдимдасиз… Бу  ҳам мендек бир гуноҳкор бандасига  Аллоҳнинг  катта инояти  эканлигини шукроналар ила  тан оламан. Энажон, мени танийдиган, танимайдиган энажонларим, муштипарларим, мўътабарларим, табаррук  зотларим. Энажон,  энажонларим, мендек  ўғлингизни  кечиринг. Агар кечира олсангиз, пойинтар-со­йинтар гапларим,  сўзларим  учун ҳам  яна  кечиринг…

ЭНАЖОН, энажонлар, мен  жуда кеч англадим.  Сизлар тупроқсизлар, Сизлар  заминсизлар,  Сизлар сахийсизлар, Сизлар  мўъжизасизлар, Эна!  Мен эса  кўзим юмулгунча  мўъжизаларга  талпиниб,  интилиб,  сиғиниб  яшайман, ЭНА!!!

Сафар  ОМОН

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − 9 =