“Домла”

Ўша пайтлари ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультети кечки бўлимида ўқирдик. Курсдошим, Турсуной болалар газетасида, мен “Гулхан” журналида ёнма-ён ишлардик. Одатда ҳар куни ўқишга бирга кетамиз. Жума куни — уларда верстка (газета босмахонага топшириладиган кун). Бу жума Турсуной навбатчи экан. Муҳаррир газета саҳифаларини чоп этишга рухсат бериб имзо қўйишини кутиб кеч қолдик. У пайтда биз асосий корпусда — Талабалар шаҳарчасида ўқирдик. “Навоий-30” дан чиқиб, 28-автобусни кутдик. (Талаба таксида юрармиди). Аксига олиб автобус ҳам бирам секин юрди. Университет дарвозасидан киришимиз билан кириш қўнғироғи чалинди.

Коридорга кириб борганимизда аудиторияларда дарслар бошланиб кетган, ёпиқ эшиклардан домлаларнинг овозлари эшитиларди. Аудиторияга етиб бордик. Гарчи Турсуной мендан аввал эшик ёнига етиб келган бўлсада тутқични тортишга журъати етмади. Таққа тўхтаб менга қаради. Курсимизнинг энг кичиги, аълочиси бўлганим учунми мен анча эркатой эдим. Шартта эшикни очдим. Турсуной эргашди. Аммо остонадаёқ таққа тўхтади. Чунки   домланинг ўрнида бизга нотаниш жингалак сочли, ёқимтойгина йигит ўтирарди. Эшик очилиши билан ўрнидан даст турди, аммо кўзи бизга тушгач, яна жойига қайтиб ўтирди.

— Кечиринг домла, верстка эди, кеч қолдик, – дедим узрли оҳангда.

— Асло, сираям кечирманг, домлажон. Бу қизлар фақат бугун эмас доим кеч қолишади. Яна конспектларини ҳеч кимга беришмайди, – деди ўрта қатордаги биринчи партада ўтирган Азим ака.

— Вой ўзингиз курсга яқинда қўшилдингиз-ку, ҳар доим кеч келишимизни қаердан биласиз?, дедим жаҳлим чиқиб. – Мен сираям кеч қолмаганман.

— Тўғри, тўғри, улар кеч қолишмайди, – гапимни тасдиқлашди бошқа курсдошларим.

— Майли ўтиринг, – деди домла менга, кейин боядан бери жимгина турган Турсунойга юзланди, — сиз ҳам шу курсда ўқисангиз керак.

— Ҳа, — деди Турсуной эшитилар-­эшитилмас овозда.

— Бўпти, ўтиринглар. Аммо бундан кейин кеч қола кўрманглар, бир марта кечирдим, — жилмайди домла. Кейин қўшиб қўйди, — агар семинарни ёзган бўлсангиз Азимбойга бериб туринг. У — яхши шоир.

Аудиторияда гур кулги кўтарилди. Аммо кулгиларини ҳам тугатмасдан ҳамма ўрнидан турди. Не кўз билан қарайки суюкли домламиз Бегали Қосимов кўзойнагини тўғрилаганча аудиторияга шошилиб кириб келяпти.

— Узр, мажлис бироз чўзилиб кетди, — деди у хижолатомуз. Ўтиринг, ўтиринг­лар.

Бундай қарасам “янги домла” Азим аканинг ёнида ўтирибди. Боплаб лақиллатишганига бир жаҳлим чиқди, бир кулгим қистади. Кейин билсам “домла” Саъдулла Ҳакимов — Азим ака (Азим Суюн)нинг собиқ курсдоши экан. Улар яқинда ҳарбий хизматдан қайтишибди. Талабалик имтиёзидан фойдаланиб энди ўқишни биз билан давом эттиришар экан. Ўша-ўша Азим ака менга Саъдулла ака ҳақида гапирса “домлангиз” дейдиган бўлди. Саъдулла ака билан чиқишиб кетдик. Аммо у камтаргина эмас, камгапгина ҳам эди.

— Саъдулла ҳам жуда бийрон йигит эди, шўрлик уйлангач шу аҳволга тушиб қолди, — хоҳолаб куларди Азим ака. – Саъдулланинг эгизак фарзандлари бор. У табаррук инсон, – дерди сўнг жиддий тортиб. Чуқур дарё сокин оқади деганларидек, Саъдулла ака гарчи тортинчоқ туюлса-да жуда билимли, тафаккури кенг йигит эди. Билмаганларимизни, маърузада тушунмаганларимизни ундан сўраб олардик. Бундай пайтда акамизнинг чиройи очилиб, тортинчоқлиги йўқоларди.

— Сизни курсингизни яхши кўраман, худди саралаб олингандай. Ҳаммангизни ўзига яраша қобилиятингиз бор, – дерди деканимиз Абдулла ака Сайфиддинов. Чиндан ҳам курсимизда истеъдоли қаламкашлар тўпланган эди. Саъдулла Ҳаким, Азим Суюн, Хуршид Даврон, Нарзулла Жўраев, Рустам Ғаниев, Карим Рихсиев, Тўхтамурод Тошев, Саиджон Ҳидоятов… Лекин Саъдулла ака ҳам, Азим ака ҳам машғулотларга доим ҳам келаверишмасди. Ўша пайтда ҳам улар нуфузли газеталарда ишлашарди-да. Улар дарсга келган кун байрам бўлиб кетарди. Ҳамма янги ёзган шеърларини бир-бирига ўқиб фикрлашарди, баҳру байт мусобақаси ўтказардик. Бу давраларга Азим ака бош-қош бўларди. Айниқса, ўша пайтда Саъдулла аканинг “Кумушбиби сизни севиб қолдим мен”, Азим аканинг “Оппоқ булут ҳақида қўшиқ” шеъри жуда машҳур бўлганди. Курсдаги 32 талабанинг ҳаммаси бу шеърларни ёдлаб олгандик. Азим аканинг бахшиёна бир руҳдаги, жунбушли товуши, Саъдулла Ҳакимнинг шикаста овоз билан бошлаб тобора юқорилашиб борадиган сеҳрли овози бизни Форишнинг гўзал табиати, сўлим гўшаларига етаклаб кетарди. Бир куни “Матбуотчилар уйи”дан чиқиб келаётсам Саъдулла акани учратиб қолдим. “Муҳаб­бат, сизни ёнингизга бораётгандим, бу сизга деб қўйниларидан бир китоб чиқариб бердилар. Бу шоирнинг илк китоби “Ҳамал” эди. Унга мен учун атайлаб дастхат битган эканлар. Қувониб қутладим. “Ҳали бунақа китоблардан кўпини совға қиласиз деган умиддаман”, дедим.

— Аммо бир шарт билан, – кулди у киши, – бу китоб сизга қарз. Ниятим сизнинг ҳам китобларингизни ўқиш… Тўлқинланиб кетдим. Худди ўз оғамдек меҳр билан хайрлашдим. Саъдулла ака кейинчалик “Маърифат” газетасида муҳаррирлик чоғларида ҳам мени, Турсунойни йўқлаб, қўнғироқ қилар, сизлар мактаб, маориф ҳаётини яхши биласиз. Муаммолар бўлса очиқ-ойдин қилиб ёзиб беринглар, дердилар. Бу таклиф баҳона кўплаб эътирофларга сазовор бўлган бир қанча долзарб мавзулардаги мақолаларим ёзилган.

1998 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Бу юксак мукофотни   меҳрибон оғам, дўстим Саъдулла Ҳакимнинг қўлидан олганим бир қувончимга ўн қувонч қўшган. Саъдулла аканинг мен ҳурмат қиладиган энг ажойиб фазилати у юқори лавозимларда ишлаганида ҳам камтарлигини, самимийлигини йўқотмади. Дўстлари учун эшиги ҳам, қалби ҳам ҳамиша очиқ эди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига раҳбар бўлиб келганларини эшитиб жуда севиндим. Аммо янги режалар, топшириқлар билан иш бошлаган раҳбарни безовта қилгим келмади. Ниҳоят, фурсат келиб бир куни ёнларига тушдим. Юқоридаги фикримни айтиб, узр сўрадим.

— Асло, дўстлар билан, айниқса, сиздай фидойи қаламкаш синглим билан   суҳбатлашишга доим вақт топаман. Биз ҳамкасбмиз ахир, соҳамизнинг баланд пастини сиз ҳам яхши биласиз, — дедилар, — қатъий оҳангда. Кейин столлари устида турган “Кокилли илон”, “Хакка холанинг ҳангомалари” китобларимни олиб, болаларга атаб ажойиб ҳикоялар ёзибсиз. Табриклайман. Агар иложи бўлса набираларимга дастхат билан тақдим қилсак, — деб китобларни қўлимга тутқаздилар.

— Вой ўзим бермоқчийдим, нега сотиб олдингиз, – дедим хижолат бўлиб.

— Ҳойнаҳой ҳали уларга қалам ҳақи ҳам олмагандирсиз, – жилмайди оғагинам. Саъдулла ака жилмайганда ёшариб кетарди. Кейин қўшиб қўйдилар: Насиб қилса ҳадемай журналистларимизга имтиёзлар яратамиз, муаллифлик ҳуқуқларини ҳам тиклашга ҳаракатлар бор. Сизлар журъатли, камчиликларга муросасиз бўлиб жамиятдаги нуқсонларни атрофлича ёритиб, тараққиётга ҳисса қўшиб турсаларингиз бўлди. Саъдулла ака ана шу эзгу ниятлар рўёби учун астойдил ҳаракат қилди. Кўп нарсаларга эришдилар.

Курсдошимиз Рустам Ғани пандемия­дан вафот этганда у киши қаттиқ қайғурдилар. Рустам ака ҳақидаги хотираларини тинглаб ўтирганимда ҳадемай   мана шу олижаноб дўстимдан ҳам ажралиш хаёлимнинг бир четига ҳам келмаганди. Ҳаётни жуда севган, унинг қадрига етган бу инсон назаримда ҳали узоқ узоқ яшайдигандай туюлганди. Афсус, бешафқат ўлим сўраб, маслаҳатлашиб келмас экан. Бу яхши одам у ҳали эзгу ишлар қилишда давом этсин ёки бу ёмон одам ундан бошқаларни ҳалос қилиш керак, деб ўтирмас экан.

Ҳар гал Саъдулла ака билан хайрлашаётганимда у кишининг:

“Бу ёғини сўзлама хайр,

Сўнгги гапни қолдир эртага…” деган мисраларини такрорлардим.

У киши яйраб кулиб, мен қолдирган орадаги сатрни қўшиб қўярдилар:

— Орамизда нимадир қолсин…

Ҳа, суюкли “домлам” билан орамизда жуда чиройли хотира, гўзал шеърлар ва адоқсиз соғинч қолди. Зеро, кишилар қалбида яхши хотира билан қолишнинг ўзи катта бахт. Охиратингиз обод бўлсин, сиз домлаликка арзийдиган билимдон устоз, меҳрибон дўст эдингиз. Илоҳим, жаннатларда ҳам дўстларингиз сафида бўлиш насиб қилсин.

Муҳаббат ҲАМИДОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen + 12 =