Қалбларга экилган эзгулик

Одатда, инсон катта ҳаётга илк қадамларини қўйиб, ўз йўлини топгунига қадар бошқаларнинг кўмагига эҳтиёж сезади. Шундай дамда яхши одамлар уни қўллаб юборади. Бироқ у оёққа туриб, яхшилик кўрганларини йўқлайдиган, уларга беғараз берган ёрдами учун миннатдорлик билдирар паллада эса, кўпинча минг афсуски, ўша одамлар бу ҳаётда бўлмас экан

Биз тенги кўплаб журналистларни суяган ана шундай инсонлардан бири, юзлаб шогирдларнинг бошини силаган меҳрибон ва ғамхўр устози, бир неча йиллар “Туркистон” газетаси бош муҳаррири лавозимида хизмат қилган Абдуқодир Ниёзов эди. “Туркистон” (бугунги “Ёшлар овози”) газетаси биз ЎзМУ талабаси бўлган 2000 йилларда мамлакатнинг етакчи нашрларидан бири эди. Дорилфунуннинг журналистика факультети талабалари ҳам “Туркистон”нинг ҳар сонини қўлма-қўл қилиб ўқишар, айрим мақолаларда кўтарилган долзарб масалалар дарсларда қизғин муҳокамага сабаб бўларди. Агар “Туркистон”да бирор мақоламиз чиқиб қолгудек бўлса, ўша кезларда биздан бахтиёр талаба йўқ эди.

Ҳафтанинг чоршанба куни “Hurriyat”, жума куни “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, чоршанба-шанба кунлари “Туркистон” газетаси чиқишини ҳаммамиз ёддан билардик, шу нашрларни интиқ бўлиб кутардик. Бугунгидай ижтимоий тармоқлар бизни чирмаб олмаган, уяли телефон ҳам саноқли инсонлардагина бўлиб, газета-журналлар ҳақиқатан ҳам чанқоқлик билан ўқиладиган пайтлар эди.

Шу боисданми, журналистика факультетининг биринчи босқичида ўқиб юрган чоғимиздаёқ биз – бир гуруҳ талабалар “Туркистон”га йўл олдик. Газета таҳририяти азим Тошкентнинг Матбуотчилар кўчасидаги ўша тарихий бинонинг 5-қаватида жойлашган эди. Ўн нафардан ортиқ талабанинг бир ой давомида дарсдан кейин “Туркистон”да кечган кунларимиз бизда газетачиликка меҳр уйғотди, тенгдошларимиз билан бирга ўзимиз учун муҳим деб билган мавзуларда мақолалар ёздик. Ҳатто нашрда алоҳида “Минбар” номли янги саҳифа ҳам ташкил этдик. Факультетда ҳам бизни “туркистончилар” деб атайдиган бўлишди.

Шундай кунларнинг бирида “Туркистон” газетаси таҳририятида йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда мен ва сабоқдошим Зиёда Ашуровани (ҳозирги кунда “Халқ сўзи” газетасида фаолият юритади) “Туркистон” газетасига 0,5 ставкага ишга қабул қилинганимизни эълон қилишди. Бу устоз Абдуқодир Ниёзовнинг ёш кадрларга эътибори ва ишончи, биз учун эса катта имконият эди. Биринчи босқич талабасининг тан олиниши ҳаётимизда қанчалик катта воқеа бўлганлигини бундай ҳолатни бошидан ўтказганларгина яхши биладилар.

Катта йўлга чиқиб, чорраҳада қайси томонга юришни билмай, қай бир кўча, қай манзилга олиб борар экан, деб довдираб, иккиланиб турган пайтингизда, қўлингиздан тутиб, сизни тўғри йўлга бошлаган инсонни унутиб бўларканми?! Ўша пайтлари ўзимизга нисбатан ишончимизни оширган, бизга куч берган, илҳом берган инсон эса “Туркистон” газетаси бош муҳаррири Абдуқодир Ниёзов эди.

Устоз бугун орамизда бўлмасалар-да, биз шогирдлари у инсонни ўзгача бир ҳурмат-эҳтиром, қарздорлик ҳисси билан ёдга оламиз, уларнинг берган сабоқларини, оталарча меҳрибонликларини бот-бот эслаймиз.

“Туркистон” газетаси мухбири сифатида иш бошлаган илк кунларимизда иккимизга яъни мен ва Зиёда Ашуровага “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири устоз Озод Шарофиддинов билан суҳбат уюштириш топширилди. Замонанинг жасоратли ижодкори билан мулоқот қилиш биз учун катта шараф эди, албатта. Лекин зукко мунаққид, етук адабиётшунос, забардаст публицистга муносиб,   ўринли саволлар бериш   масъулиятини ўйлаб юрагимиз орқага тортиб кетганди. Шунинг учун бир ҳафта-ўн кунлар тайёргарлик кўриб, ниҳоят, юрак ютиб домланинг ҳузурига бордик.

Аллома инсоннинг биз ёшлар билан дилдан, самимий, узоқ суҳбатлашгани, китобга тўла хоналари, улуғ олимнинг мулоқот асносида берган маслаҳат ва йўл-йўриқлари ҳеч қачон ёддан чиқмайди. Орадан кўп ўтмай “Туркистон” газетасида бир саҳифадан иборат “Бир инсон яшаса шундай яшасин” номли суҳбат чоп этилганди.

Ҳа, Абдуқодир Ниёзов биз каби кўп­лаб ёшларни шу тарзда чархлаб, тўғри йўлга бошлаганликлари, ижодий шакллантирганликлари ҳам ҳақиқат. Биз устознинг шижоати, ишга бўлган муносабатидан ҳамиша ибрат олишга интилардик. У киши одатда ҳар қандай бошлаган ишига астойдил киришардилар, юракдан ишлардилар. Шу сатрларни ёзаяпману, устознинг енги шимарилган, бўйинбоғи бўшатилган ҳолда, қўлида саҳифа билан хонасидан шитоб чиқиб келишлари кўз олдимдан ўтяпти. Кузатганман, баъзи бир раҳбарлар хонасидан чиқиш тугул, курсисидан қўзғалишни истамайди. Лекин Абдуқодир Ниёзовни ҳали мусаҳҳиҳ хонасида, ҳали саҳифаловчилар ёки мухбирлар ёнида учратиш одатий ҳол эди.

Устоз ҳар доим талаба ижодкорларни имкон қадар қўллаб-қувватлардилар, чоп этилган ижодий ишлари учун қалам ҳақини ҳам бошқаларга нисбатан кўпроқ миқдорда белгилаш кераклигини таъкидлардилар. Бу эса кунлик харажатини тийинлаб ҳисоб­лаб, вақти келса тушлик ҳам қилмайдиган биз сингари талабалар учун катта ғамхўрлик эди, аслида.

Одатда газета саҳифаланиб, босмахонага топшириладиган кунлари таҳририятдан жуда кеч қайтишга тўғри келарди. Мен сингари талаба ёшлар навбатчи бўлиб қолган кезларимиз Абдуқодир Ниёзов бизни ўз хизмат машинасида талабалар ётоқхонасига элтиб қўйишни ҳеч канда қилмасди.

Мақолани қандай ёзиш ёки суҳбат саволларини қай тарзда тузишни ўргатиш, ёзган мақолангизнинг камчилигини топиб, устидан кўриб беришни, таҳрир қилишни ҳамма ҳам уддалаши мумкиндир, бироқ бундай кутилмаган меҳрибонлик, бағрикенглик ҳаммада ҳам учрайвермайдиган хислат эди, назаримизда.

Абдуқодир Ниёзов жамоада ёшларнинг фикрлари, таклифлари билан ҳам ҳисоблашар, янги ташаббусни қўллаб-қувватлашдан чўчимасдилар. Мамлакатимиз бўйлаб “Туркистон” кунлари” — маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари ҳам шу тарзда пайдо бўлган эди. Бу тадбирлар бора-бора катта анжуманга айланиб, барча вилоятларда кўтаринки руҳда ўтгани, қанчалаб истеъдодли ёшлар кашф этилиб, юзага чиққани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Бу эзгу анъана кейинчалик ҳам анча давом этди.

Ойнинг ўн беши ёруғ бўлса, ўн беши қоронғу дейишади. Устоз Абдуқодир Ниёзов кейинроқ айрим тушунмовчиликлар, баъзи идораларнинг таъзиқи остида ишдан олинди. Ошкора адолатсизлик уларнинг қанотини қа­йирди, руҳини чўктирди. Эр бошига иш тушса, дўстлар сафи ҳам камайиб кетар экан. Турли узунқулоқ гапларга, миш-мишларга ишонувчилар ҳам топилди. Тақдирнинг бу шафқатсиз зарбалари устознинг қаддини букди, уни хаста қилди.

Лойқа сувлар тиниб, юзлари ёруғ бўлиб, Навоий кўчаси, 30-уйда жойлашган ўша пайтдаги Матбуот ва ахборот агентлигига ишга қайтганларида, яна қадр топганлари учун қувонганмиз. Ўша даргоҳда ҳам аввалгидай барчага эътиборли, меҳрибон устоз сифатида фаолият олиб бордилар. Чунки Абдуқодир ака ана шундай бош­қалардан меҳр кўрмаса ҳам, ўзгаларга меҳр-эътибор кўрсата оладиган, бағри кенг, оқибатли инсон, улкан   қалб эгаси эдилар.

Одатдаги кунларнинг бирида устоз­нинг ишхоналарига бордим. Бироз суҳбатлашгач, бирга уйга қайтишга келишдик. Шунда устоз пиёда кетишни таклиф қилиб қолдилар. Менга бу таклиф унча ёқмаса ҳам, устознинг юзидан ўтолмай рози бўлдим. Навоий кўчасидан Форобий кўчасига қадар яёв суҳбатлашиб кетдик. Устоз­нинг гап-сўзлари, гоҳ ўйчан, гоҳ болаларча беғубор кулгу билан айтган фикрларидан ўзимга сабоқ олиб борардим. Азбаройи суҳбатнинг қизғинлигидан метронинг “Беруний” бекатигача қандай етиб борганимизни ҳам пайқамай қолибман. Манзилимизга етгач ҳам анча суҳбатлашиб турдик. Кейин эса устоз доимгидай “Сениям вақтингни олдим-а” дедилар хайрлашув чоғимизда. Мен хижолат бўлиб, аксинча, уларга миннатдорлик билдирдим. Ўша кунги суҳбат, ибрат ва ўгитлар мен учун охирги дарс бўлиб қолганини, бу сўнгги дийдорлашувимиз эканини совуқ хабарни эшитгач англадим. Ҳа, биз хом сут эмган бандалар ўзимиз учун қадрли бўлган инсонларнинг ғанимат эканлигини шунақа, доим кечикиб, уларни йўқотиб қўйганимиздан сўнг тушуниб етарканмиз, энди билсам…

Бугун Абдуқодир Ниёзов гарчи ҳаёт бўлмаса-да, уларнинг ўнлаб, юзлаб қалбларга эккан эзгулик уруғлари бўй чўзиб турибди. Устозни таниган, билган борки, яхши инсон эдилар, деб эслайди. Аслида бу фоний ҳаётдан яхши одам деган сифатга эришиб ўтмоқ ҳам катта бахт бўлса керак. Ушбу улуғ ойда устозни ёд этиб, руҳи пок­лари шод бўлишини Яратгандан сўраб қоламиз.

Хуршидбек РЎЗИЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × three =