Ҳийлакор «маклер»

Миродил Даминов уй-олди-сотдиси билан шуғулланишни ўзига касб қилиб олган эди. “Маклер”лик анчагина сердаромад соҳа экан, омади юришиб, бирон-бир уй сотилгудай бўлса харидор ҳам, сотувчи ҳам уни қуруқ қўймайди. Шунинг учун у ўзининг ишидан мамнун эди-ю лекин бир киши қарзини қистаб ҳол-жонига қўймаётгани дилини ғаш қилиб тураётганди. Эрталаб уй бозорида   юрганида олдига бир аёл келиб:

— Менга бир хонали уй топиб беринг, нархи арзонроқ бўлсин, — деган эди қувончдан кўзи гўё чарақлаб кетди. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек,   хаёлидан “Шу аёлдан пул ололсам қарзимга бераман. Кейин Худо бир йўлга бошлар…” деган фикр ялт этиб ўтди.

— Менинг бир танишим бор, ҳокимликда ишлайди. Уларда ордерли уйлар бўлади, агар хўп десангиз, уйли бўлиб қоласиз.

— Қанийди, шундай бўлса… — деди аёл мамнун бўлиб.

Аёлнинг қувончдан юзи ёришиб кетганини кўрган Мир­одил пул ишлаб топиш билан боғлиқ режаси амалга ошиши мумкинлигини ўйлаб янада хурсанд бўлди.

Аёл қаршисидаги одамни уй-бозорда бир-икки марта кўрганини ҳисобга олмаса, яхши танимас эди.

Миродил эртасига аёлга қўнғироқ қилди.

— Сизнинг ишингиз билан шуғулландим, — деди у комил ишонч билан, — имкониятлар топилди. Арзимаган чиқим билан уйли бўлиб қолишингиз мумкин. Бугун соат ўн бирда бозор ёнига келинг, гаплашамиз.

— Албатта бораман, — деди мамнуният билан аёл.

У белгиланган пайтда бозор ёнига етиб келди.

— Омадли аёл экансиз, ишингизнинг тез юришганини қаранг, баъзи пайтларда бир ишни битказиш учун ойлаб елиб-югурамиз, иш битмайди, аммо сизнинг ишингиз битди, фақат   сиз оламан деган уйнинг озроқ харажати бор.

— Қанча?

— 3700 АҚШ доллари берсангиз, улар бир хонали уйни номингизга расмийлаштириб беришади. Агар бозордан бир хонали уй оламан десангиз унинг нархи   анча баланд бўлади.

— Пулни қачон беришим керак?

— Қанча эрта бўлса, шунча яхши.

— Хўп, эртага пулни олиб келаман, — деди аёл.

— Уйни кўрсам бўладими?

Миродил бундай савол берилишини кутгани боис шаҳар марказидаги бир хонали уйни кўрсатишни мўлжаллаб қўйгани учун дарров жавоб берди.

— Бўлади. Хоҳласангиз ҳозирнинг ўзида олиб боришим мумкин.

Боришди. Уй аёлга жуда ёқди.

— Ёққан бўлса, мен айтган пулни олиб келинг, мана шу уй сизники бўлади.

Аёлнинг ички ишлар идорасида   ишлайдиган бир   дугонаси бўлиб, анчадан бери қўшни давлатга малака ошириш учун жўнаб кетган эди. Аёлнинг дугонаси хизмат сафаридан қайтиб келганидан сўнг уникига борди.

— Мен уй оляпман, — деди дугонасига.

— Муборак бўлсин, қаердан олаяпсан?

Сўнг у   Миродил билан бўлган суҳбат ҳақида гапириб берди. У гапирган сайин негадир дугонанинг юзи жиддийлашиб бораётган эди.

— Менга қара дугонажон, сен айтган одам сени чув тушириб кетадиган фирибгарлардан бўлмасин, тағин. – Сен   у айтган пулни бермай тур, шошма, мен бир суриштириб кўрай, исмини Миродил дедингми?

Хуллас, у қаергадир   қўнғироқ қилди, уй сотувчининг   исмини айтди, ярим соатлардан кейин   дугонанинг   телефонига маълумотнома келиб тушди. Дугона   маълумотномага кўз ташлаб лабини тишлади, сўнг бош чайқади.

— Сенга уй сотмоқчи бўлган Миродил 1997 йилда бировни ўлдирмоқчи бўлгану аммо ўлдиролмай қолган экан, шу жинояти учун Фарғона вилоят судининг ҳукми билан узоқ йил муддатга озодликдан маҳрум этилиб, жазони ўтаб чиққан, кейинчалик у яна тўрт марта фирибгарлик жинояти билан судланган. Бу одамдан уй сотиб олиш у ёқда турсин, уни кўрганингда бир неча чақирим жойдан айланиб ўтишинг лозим. Шу чоғ дугонанинг миясида бир фикр туғилди.

— Шошма, у билан яна бир марта кўришишинг мумкин, — деди у. — Бунинг учун унинг олдига ўзингнинг пулингни эмас, мен берган пулни олиб бориб берасан, уқдингми?

Кўп ўтмай Миродил аёлга қўнғироқ қилди ва учрашиш жойини тайин қилди.

— Пулни олиб келдингизми? — сўради Миродил мулойимгина саломлашганидан сўнг. Уйталаб харидор бўлган аёлнинг қўлидан пулни олди-да, биттама-битта санаб чиқди, сўнг уни киссасига солди.

— Эртага шу ерда учрашамиз, Худо хоҳласа, сизга уйингизнинг калитини олиб келаман, — деди ишонч билан.

У шундай деб бир неча қадам юриши билан унинг қаршисида икки нафар одам пайдо бўлди.

— Сиз ҳозиргина бир аёлдан алдов йўли билан 3700 АҚШ доллари олдингиз? Қани ўша пул?

Уни икки қўлидан ушлаб машинага ўтқаздилар ва   хизмат гувоҳномасини кўрсатганидан кейингина “маклер”   қўлга тушганини тушунди…

Судда унга қўйилган айблар ўз тасдиғини топди ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан Миродил Даминовга   озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Товламачилик. Қаллоблик. Бундай жиноятлар бугун нега кўпайиб бормоқда? Чунки ўз ҳақ-ҳуқуқларини билмайдиган одамлар кам эмас. Фирибгарлар учун эса бу айни муддао. Юқоридаги жиноят тафсилотини эълон қилишдан мақсад шуки, турли ёлғон ваъдаларга ишониб, кейин жабрини тортманг, огоҳ бўлинг.

Шуҳрат КАМОЛОВ,

Фарғона вилоят

судининг раиси,

Шоҳрух АКБАРОВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 2 =