Нобакорнинг қилмиши

“Босқинчилик, яъни ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида   ҳужум қилиб, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб содир этилган бўлса,

— беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Босқинчилик:

а) қурол ёки қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа нарсаларни ишлатиб содир этилган бўлса,

— саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.

 

Ўзбекистон Республикаси

Жиноят кодексининг 164-моддаси

1-қисми ва 2-қисми “а” банди.

Эрта тонг. Кўчада одам кам эди. Катта йўл ёқасидаги қатор тушган бинолар ёнидаги йўлак бўйлаб ўрта ёшлардаги бир аёл, қўлида сумка, шошганича бормоқда. Худди шу пайт аёл кетаётган   йўлакда бир ёшгина йигит   ҳам пайдо бўлди,   унинг кўзи илдам юриб кетаётган аёл ва унинг қўлидаги сумкага тушди-ю   нима учундир атрофга аланглади.

“Аёлнинг қўлидаги сумкасида пул борга ўхшайди…”

“У… пул меники бўлиши керак…”

Йигитнинг хаёлига тўсатдан келган бу ўйдан юраги дуккилаб уриб кетди, кўзлари бежо бўлди, яна орқа олдига қараб қўйди.

“Кўча кимсасиз. Дод-вой қилади, албатта, аммо унга ёрдам берадиган одам йўқ…”

У хаёлида туғилган бу ўйни миясидан қувиб ташлаши, “Нималарни ўйлаяпман, ахир бу   жиноят-ку, жиноят бўлганда ҳам жуда оғир жиноят… Мен бундай қилмаслигим керак, ахир номим қора бўлади, мен бу   қабиҳ режани қилмаслигим керак” деган хулосага келиши керак эди.

Аммо… кўнглида бош кўтарган ўйни   қувиб ташлашга кучи етмади. Қувиб ташлаш қаёқда, қайтанга дилига ўрнашиб олган шайтоний истакни амалга ошириш, сумкадаги пулни эгаллаш нияти борган сари кучайиб бораётган эди.

“Кўчада ҳеч ким йўқ, аёлга бир зарба бериб, сумкани тортиб оламан-да қочиб кетаман. Йўқ, бу бўлмайди, у мени таниб қолади ва кейин милицияга айтиб беради.

“Бўлмайди…”

“Бошига бирон оғир нарса билан урсам дод ҳам дея олмайди…”

Шунда ичида кимдир, “Эй, хумпар, жиноятинг бир кун эмас, бир кун очилади, ана ўшанда қилмишингга минг марта пушаймон бўласан, аммо фойдаси бўлмайди, жиноятчи, босқинчи деган тавқи лаънатдан ҳеч қачон қутула олмайсан, ота-­онанг ҳам, ака-укаларингнинг бошлари ҳам бўлади, юзларини ерга қаратасан, ундан кўра шайтонга ҳай бер-да ўз йўлингда тўғри кетавер, аёлга ҳам, ўзингга ҳам жабр қилма “ деб хитоб қилгандек бўлди.

Аммо у парво қилмади. Аксинча, аёлга тўсатдан зарба бериб ҳушидан кетказадиган нарса қидира бош­лади.

Сабаби у нафс кўчасига, қийналмасдан, меҳнат қилмасдан пул топиш, кайф-сафо қилиб юриш кўчасига аллақачон кирган, фақат бунга эришиш учун қулай имконият вужудга келишини кутиб юрган эди.

Эрта тонгда ишига кетаётган аёлнинг қўлидан сумкасини зўравонлик билан эгаллаб олишни эса у қулай имконият деб билаётган эди.

Шу чоғ кўзи йўлак четида ётган бир тош бўлагига тушди ва шошиб уни қўлига олди…

Аёл эса бугун ишга эртароқ бориб, юмушларини тезроқ тугатиш, сўнг дўконларни айланиб фарзандига кийим олиш ниятида бўлгани учун сумкасига пича пул солиб олган, улгурса катта қизининг бузилиб қолган қўл телефонини таъмирлатиш нияти ҳам бор эди.

У орқасига қиё қараб, йигитни кўрди, лекин у ҳам мен сингари ишига шошиб кетаётган бўлса керак, деб парво қилмай йўлида давом этди. Агар йигит ишга эмас, қўлидаги сумкасини тортиб олиш учун ўзига ҳужум қилишини, соғлиғига жиддий зарар етказиши мумкинлигини билганида эди, шубҳасиз ўзини ҳимоя қилишга ҳаракат қилган бўлар, бақириб-чақириб бўлса-да босқинчидан ҳимоя қилишларини   сўрарди.

Бу орада йигит қадамини тезлатиб аёлга етиб олди, кўз очиб юмгунча   бир қўли билан сумкани ушлади, иккинчи қўлидаги тош билан   аёлнинг бошига зарб билан урди, аёл зарбага чидаб сумкани қўйиб юбормаган эди, шунда унинг юз-кўзларига мушти билан бир неча марта урди,   аёл кучли зарбалардан инграб ерга йиқилар экан, сумкаси қўлидан сирғалиб чиқиб кетганини ўзи ҳам сезмай қолди.

Йигит сумкани олиб орқага қараб жон-жаҳди билан қочди. Хавфсиз жойга   етгач, сумкани очди, унинг ичидан   иккита қўл телефон, бир қанча банк   карталари ва 350 000 сўм нақд пул чиқди. Телефонлар ва пулни олиб чўнтагига солди, сумкани эса ташлаб юборди, сўнг ўзи ишлайдиган қурилиш объектига йўл олди.

Пулни тез кунда кайф-сафо қилиб   йўқ қилди.   У   қилган қилмишимни ҳеч ким билмай қолди деб хурсанд бўлиб юрган эди, аммо хурсандчилиги узоққа бормади. Ички ишлар ходимлари Ахтам Салимов (исми-шарифи ўзгартирилган-таҳр.) содир этган жиноятни фош этди. У ҳибсга олиниб, Ўзбекистон Респуб­ликаси Жиноят кодексининг 164-моддаси, 2-қисми, “а” банди билан айбланди.

Олдинига Ахтам Салимов содир этган жиноятига иқрор бўлмади, аммо терговчи   камера орқали олинган фото суратларни   кўрсатгандан кейин айбини бўйнига олишдан бошқа чораси қолмади. У яшаётган уйдан эса ашёвий далиллар: босқинчилик қилиб қўлга киритган икки дона қўл телефони ҳам топилди.

Жабрланган аёл ўша куни 1-сон клиник шифохонасига ётқизилди ва   бурун суяклари синган, бошида йиртилган жароҳатлар бор деган ташхис қўйилди. Бир қанча вақт шифохонада ётиб даволанишига тўғри келди.

Шу йил 24 январь куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида Ахтам Салимовга тегишли жиноят иши бўйича суд мажлиси бўлиб ўтди. Судда судланувчининг ўз айбига тўлиқ иқрорлик билдириб берган кўрсатмаларидан ташқари жабрланувчи Б.нинг кўрсатмалари билан ўз исботини топди.

Суд судланувчи Ахтам Салимовга жазо тури ва муддатини белгилашда унинг ёшлигини, муқаддам судланмаганлигини, айбига иқрор бўлиб қилмишидан пушаймонлигини, оилавий шароитини, жабрланувчининг буюмлари   тўлиқ қайтарилганлиги,   етказилган моддий зарар қисман қопланганлигини эътиборга олди ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли қарори 37-бандидаги амалий тушунтириш­ларга амал қилган ҳолда унга нисбатан Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган саккиз йил муддатга   озодликдан маҳрум қилиш жазосини камайтириб тайинлашни лозим топди ва Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб унга беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Жабрланувчига етказилган моддий зарарни тўлиқ ундириш белгиланди.

Халқимизда “Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади” деган доно мақол бор. Ахтам Салимов ёвузлик йўлига кирган эди. Шайтоний нафс уни шундай жиноятга ундади. Аёл кишига, ўз онаси тенги бўлган аёлни уриб, моддий жиҳатдан нимадир қўлга киритиш ниятида қабиҳ йўлдан қайтмади. Ҳатто ана шу кир ниятда қотилликка қўл уриши ҳам ҳеч гап эмас эди.

Ҳа, бахтли тасодиф туфайли аёл ўлмай қолди. Очиқ айтганда бу набакор кимсага тайинланган жазо жуда енгил бўлди. Бу адолатни, кечиримлиликни бундай нусхалар тушунармикин? Тўғриси, бунга ишониш қийин.

Шоҳрух АКБАРОВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × three =