Бошингга не бало келса…
Одам боласи бошига тушадиган кўп фалокатларнинг аксариятига ўзи сабабчи бўлади, лекин баъзи бировлар ҳеч қачон юз берган кўнгилсиз воқеа учун ўзини эмас, кўпинча бошқаларни айбдор деб ҳисоблайди. Шокир Асқаров ҳам шундайлар жумласига киради. У 1994 йилда Фарғона шаҳрида туғилган бўлиб, ўсмирлик чоғларида чет элларда ишланган олди-қочди кинофильмларни роса кўп кўргани учун ниҳоятда кучли, кўпчилик ҳам қўрқадиган, ҳам ҳурмат қиладиган, ўрни келганда юзингда кўзинг борми деб шартта-шартта гапириб ташлайдиган, гапини қайирадиганларни ер тишлатиб қўйишдан ҳам тоймайдиган фильм қаҳрамонларига ўхшашни жуда -жуда орзу қиларди. Лекин ҳаёт бошқа, кино бошқа эканлигини у тушуна олмади.
У ишдан эртароқ чиқди ва таксига ўтириб уйи томон йўл олди. Шокир, одатда такси билан келган пайтларда катта йўл ёқасидаги яқинда қурилиб ишга туширилган қурилиш моллари дўкони ёнидаги йўлак орқали тўғри уйи томон кириб кетар эди. Дўкон ёнига келганда у ерда бир қанча машиналар тўпланиб қолганлигини, ҳатто машиналардан бири йўлак яқинига қўйилгани ва у йўлакка кириш-чиқишга халақит бераётганини кўриб ўзини ҳақоратлангандай ҳис қилди, бундан жаҳли чиқди. “Бефаросат, машинангни қўйишга топган жойингни қара-ю”, деб ғудранди, сўнг ичида дўконнинг эгасини ҳам, машиналарнинг эгаларини ҳам бўралаб сўкди, қўллари мушт бўлиб тугилди, пешонаси тиришди, лаблари гезарди. Аслида уйи катта йўлдан унча узоқмас, пиёда юрсаям бир неча дақиқада етиб оларди. Аммо бугун уйининг ёнигача таксида бормоқчи бўлди. Машинадан тушиб, таксичига пулини берди-да, йўлак томон юрар экан, дўкон олдида уймалашаётганларга қарата:
— Машиналарингни тартиб билан қўйишсанг бўлмайдими? — деб бақирди.
Унинг томдан тараша тушгандек тўсатдан бақиришга тушгани ҳеч кимга ёқмади, аммо ҳеч ким гап қайтармади. Худди шу пайт одамлар орасидан биров:
— Овозингни ўчир, нима, сен бизга хўжайинмисан? — деб қолди.
Шокир овоз келган томонга шарта қаради, қаршисида ўзидан-да тикроқ давангирдай бир одам ҳўмрайганча турарди. Бу гапдан Шокирнинг рангги ўчди, бориб ҳиқилдоғидан оламан деб турганда судлангани, суд тайинлаган жазо муддати ҳали ўтмагани ёдига тушди-ю, шаштидан қайтди ва аста-секин уйига кета бошлади. Унинг қовоқлари уюлган, қарашлари хомуш эди. “Энди у мени қўрқоқ деб ўйлайди, мен билан олишишга юраги дов бермади деб керилади” деб ўйларди у алам билан.
Уйига кирди, устини алмаштириб диванга ўтирди, чойдан бир-икки хўплади, шу пайт қулоғи остида яна “Овозингни ўчир, нима, сен бизга хўжайинмисан?”, — дея айтилган гап янграгандек туюлиб ўрнидан туриб кетди. У изига қайтгиси, ўша одамни тавбасига таянтиргиси келаётган эди.
У аслида айб ўзидан ўтганини, дўкон ёнидаги одамларни биринчи бўлиб ўзи сенлаб ҳақорат қилганини ёдидан чиқарган эди. Бундай пайтларда, у шайтонга ҳай бериши, ҳеч қаерга чиқмаслиги, уйида ўтириб телевизор кўрибми, китоб ўқибми ўзини чалғитиши керак эди. Шунда вужудини эгаллаб олган ёмон ўйларни қувиб юбориши, миясини пармалаётган аламни унутиши мумкин эди.
Лекин миясини пармалаётган ўйларни қувиб юборишга кучи етмади. Аста юриб ошхонага кирди. Ошхонадан ошпичоқни олиб қўйнига солди.
Ичида биров: “Шокир пичоқни жойига қўй, кўчага чиқма, уйингда ўтир, ўзингни бос, шу ҳолатда кўчага чиқсанг, ўзингга ёмон бўлади, бир марта суд сени аяди, ишинг яна судга тушса энди сени аяб ўтирмайди” дегандай бўларди. Аммо у қайсар эди, мана шу бемаъни қайсарлик уни кўчага чиқишга ундаётган эди. У бор иродасини тўплаб, дилини қамраб олган интилишни қайтариши, кўчага чиқмаслиги керак эди. Шунда у ўзи томонидан содир этилиши мумкин бўлган жиноятнинг олдини олган, ўз уйида, ўз маҳалласида тинчгина юрган, оила қуриб бахтли ҳаёт кечириш имкониятини қўлга киритган бўлар эди.
Аммо унинг барибир миясини қамраб олган ёмон ўйларни ҳайдаб юборишга кучи етмади, қайтангга ўзини унинг ихтиёрига топширди ва кўчага чиқишга, ўзига гап қайтаришга журъат қилган одам билан орани узил-кесил очиқ қилишга қатъий қарор қилди. Кўчага чиқиб амалга оширмоқчи бўлган ёвуз нияти ўзининг келажагини барбод қилишини ўйлаб ҳам кўрмади.
Кўчага — одамлар тўпланиб турган жойга бориб, боя унга танбеҳ берган давангирдай одамни кўзлари билан қидира бошлади. Топиб унинг олдига борди-да:
— Боя мени ҳақоратлаган одам сенмидинг? — деб унинг ёқасидан олди.
— Ўзингни тийиб ол! — деди у жаҳл билан, сўнг бир силтаниб қўлидан чиқиб нари кетди. Шокир унинг ортидан бораркан, қўйнидаги хўжалик пичоғини чиқариб унинг чап биқинига зарб билан санчди.
У ерга йиқилди. Ярасидан эса тизиллаб қон отилиб чиқди. Одамларнинг бири “Тез ёрдам” чақирди, яна бирлари унинг ярасини маҳкам қилиб боғлади. Кимдир милицияга хабар берди.
Шокир уйига қайтди ва ўзининг яқин танишлари Шоҳобоз ва Санжарларга қўнғироқ қилиб, юз берган воқеани гапириб берди ва уларни тезда олдимга етиб келинглар деб чақирди.
Энди Шокирнинг ўзи ва унинг оғайнилари ҳақида бир оз тўхталамиз: Шокир жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2021 йил 7 октябрдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 104-моддасининг 2-қисми “л” бандида кўзда тутилган қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятини содир этганликда айбланиб, судланган.
Суд жазо тайинлашда муқаддам судланмаганлигини эътиборга олиб унга нисбатан Жиноят кодекси 57-моддасини, яъни — “Суд содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатларни эътиборга олиб, алоҳида ҳолларда ушбу Кодекс Махсус қисмининг моддасида назарда тутилган мазкур жиноят учун белгиланган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ ёки шу моддада назарда тутилмаган бошқа енгилроқ турдаги жазони тайинлаши мумкин” деган талабдан келиб чиқиб 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади, жазони ўташ жараёнида жиноят ишлари бўйича Оҳангарон туман суди 2022 йил 9 февралдаги ажрими билан, жазонинг ўталмаган 1 йил 3 ой 27 куни Жиноят кодексининг 74-моддасига асосан иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда шу муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирганди. У яна 1 йил 1 ой 22 кун давомида жазо муддатини ўташи лозим эди. Демак, у биринчи марта содир қилган жинояти учун суд томонидан тайинланган жазони тўлиқ ўтаб бўлмасдан яна янги жиноятга қўл урди.
1995 йилда Қўқон шаҳрида туғилган Шоҳобоз Йўлдошев ҳам судланган, Фарғона шаҳар судининг 2013 йил 26 август кунги ажримига кўра Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми “б” банди билан, яъни бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб босқинчилик жиноятини содир этганликда айбланиб жиноий жавобгарликка тортилган, лекин 2013 йил 12 декабрдаги амнистия актига асосан жиноят иши тугатилган эди, Нишонов Санжар Сухроб ўғли эса 2000 йил 6 июнда Фарғона шаҳрида туғилган, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2021 йил 11 июнь кунги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “в” банди билан, яъни бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, ўғрилик жиноятини содир қилганликда айбланган ва иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган, шу суднинг 2022 йил 26 март кунги ажрими билан жазонинг ўталмаган 1 йил 4 ойидан Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли озод қилинган.
Кўрганимиздек Шокир, Шоҳобоз ва Санжарнинг уччаласи ҳам судланган, уччаласига ҳам қонун томонидан белгилаб қўйилган имтиёзлар туфайли енгиллик берилган. Уччаласи ҳам ўзларига суд томонидан берилган енгилликлардан тўғри хулоса чиқаришлари, жиноят кўчасига минбаъд қадам босмасликлари керак эди.
Агар Шоҳобоз ва Санжарнинг эси-ҳуши жойида бўлганида эди, Шокирни дўконнинг олдига боришдан қайтаришарди. “Бўлар иш бўлибди, энди уччаламиз пул тўплаб сен пичоқ билан яралаган одамнинг тезроқ оёққа туриб кетиши учун дори-дармон олиб берайлик, бирга бориб ундан узр сўрайлик, шунда иш балки яхши томонга юриб кетиши мумкин” деб тўғри йўл кўрсатишлари керак эди. Бундай деб айтиш қаёқда, “Бошла, ўшатдагиларни бир тавбасига таянтириб қўяйлик, деб биргалашиб яна дўкон томонга йўл олдилар.
Дўкон эгасини бир четга олиб чиқиб, машиналар дўкон ёнида нотўғри қўйилаётгани ва ҳоказолар бўйича унга навбатма-навбат танбеҳ бера бошлаган эди. Ўша ерда бўлган бир йигит Шокирга:
— Отанг тенгги одамни четга тортиб нима қиласан, айтадиган гапинг бўлса шу ерда айтавер, — деб айтган эди, Шокир югуриб келиб унинг юзига мушт билан урди, у йиқилиб тушди. Бир йигитнинг оёғига пичоқ санчди, сўнгра қабристон томон қочиб қолишди.
Худди шу пайт дўкон ёнига ички ишлар ходими, профилактика инспектори Ж.Убайдуллаев етиб келди ва вазиятни аниқлашга киришди. Айб кимдалигини билганидан сўнг Шокир, Шоҳобоз ва Санжарни қидириб улар қочган қабристон томонга йўл олди.
Қабристон ёнида Шокир билан Санжар ва Шоҳобозни кўриб ички ишлар ходими уларга:
— Сизлар мен билан бирга ички ишлар бўлимига бориб бўлиб ўтган воқеани гапириб беришингиз керак, — деб айтди.
— Йўқ, биз ҳеч қаерга бормаймиз! — дейди Шокир. Ушлаб олмасин деб қочишга тушдилар.
Инспектор Ж.Убайдуллаев уларнинг ортидан қувлаб Санжарга етиб олиб уни ушлайди, ерга ётқизиб, қўшимча ёрдам келишини кутди.
Шокир ва Шоҳобоз қўлга тушиб қолган Санжарни қутқариш мақсадида Ж.Убайдуллаевнинг олдига келиб, Санжарни қўйиб юборишини талаб қилишади. Бу пайтда Шокирнинг танишлари “Спарк” ва “Нексия-3” машинасида етиб келишганидан ва ўрни келиб қолганида машинага ўтириб қочиб қолиш имконияти туғилганидан фойдаланиб Шокир Санжарни қутқармоқчи бўлиб, яна бир жиноят содир қилди. У милиция ходимига ташланади, унинг оёғи ва биқинига тепиб Санжарни “Спарк” машинасига ўтқазади. Машина ўрнидан силжиганда ўзига келган Убайдуллаев машинани тўхтатиб қолиш учун унинг эшигига ёпишади, бироқ машина тезлигини оширгани учун йиқилади.
Шокир Асқаров, Шоҳобоз Йўлдошев ва Санжар Нишоновлар Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “а” банди, яъни безорилик жинояти ва 219-моддаси 1-қисми, яъни Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш деган айблар билан жиноят иши қўзғатилди ва уччаласи ҳам ҳибсга олинди. Дастлабки терговда уларнинг жиноий қилмишлари ўз тасдиғини топди. Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан Шокир Асқаров 4 йил 6 ой муддатга, Шоҳобоз Йўлдошев 2 йилу бир ой муддатга, Санжар Нишонов 2 йилу бир ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди.
Бошингга не бало келса ўзингдан кўр деб шуни айтсалар керак-да.
Шуҳрат КАМОЛОВ,
Фарғона вилоят суди раиси,
Шоҳрух АКБАРОВ,
журналист