Даладаги фожиа

ёки туман ҳокимлигидаги “ўйин”лар

2024 йил 12 апрель куни соат 23 ларда Оҳангарон туманида кўнгилсиз воқеа юз берди: “Х-Фарус” фермер хўжалигининг иш бошқарувчиси Тоҳир Сагдиев далада ер ҳайдатаётган жойга кутилмаганда кайфи тароқ, қовоғидан қор ёғиб турган уч-тўрт киши қаёқдандир келишди. Тоҳир уларнинг бирини — Абдулазиз Маҳсуловни яхши танир, у бир неча йил олдин шу фермер хўжалигида иш бошқарувчи бўлиб ишлаган, айрим қонунга хилоф ишларни содир қилганлиги ошкор бўлгач, фермер томонидан ишдан бўшатилиб, унинг ўрнига Тоҳир иш бошқарувчи этиб тайинланганди.

Тоҳир ўз вазифасидан келиб чиқиб 2023 йил сентябрь ойида буғдой экиш ташвишлари билан юрган пайтда Абдулазиз уни чақиртирган ва ўзининг бир гуруҳ шериклари олдида Тоҳирга: “Сен бу фермерда ишлама, гапимизга кирмасдан ишингни давом эттиргудай бўлсанг…” — деб таҳдид қилган, унинг гапини шериклари ҳам пўписа қилганди.

Тоҳир Абдулазизнинг дағдағаси ҳақида фермерга маълум қилди. У туман ИИБ раҳбари номига қуйидаги аризани берди: “Мен “Х-Фарус” фермер хўжалиги раҳбари муқаддам менда ишлаган Маҳсулов А. ни ишдан бўшатиб, унинг ўрнига Сагдиев Тоҳирни ишга олган эдим. Маҳсулов А. ўзининг жиноий гуруҳи билан 2024 йил ҳосили учун буғдой экишга тўсқинлик қилиб, 2023 йил 19 сентябрь куни Сагдиев Т. ни кўчага чақириб, фермер хўжалигида ишламаслигини, буғдой экишга ёрдам бермай, уйда ўтиришни талаб қилиб, акс ҳолда, ўзига ва оила аъзоларига тан жароҳати етказишлари мумкинлигини айтиб, фермер хўжалигида ишламасликни талаб қилган…”

Ички ишлар бўлимида фермернинг аризасига ўз вақтида эътибор бериб, Абдулазизни тартибга чақирганларида, балки, фожиа юз бермасмиди?

Гапнинг индаллосини айтадиган бўлсак, фермернинг хати эътиборсиз қолдирилганидан фойдаланган Маҳсулов Абдулазиз ўзининг танишлари билан Тоҳирнинг адабини бериш учун далага келган эди.

— Сенга биз бу ишни қилмагин, деб огоҳлантирган эдик. Аммо сен бизнинг таклифимизни қабул қилмадинг. Энди ўзингдан кўр! — дея уни аямай дўппослай бошлашди. Тоҳир юз-кўзларига тушаётган мушт ва тепкилар зарбидан ҳушдан кетиб ерга йиқилди.

Абдулазиз ва унинг шерикларига бу камлик қилгандай, Тоҳир далага миниб келган “Дамас” русумли машинасига ва фермерга қарашли дала шийпонига ўт қўйиб кетишади.

Яхши одамлар бор экан, Тоҳирга ёрдам кўрсатишади ва уни бир амаллаб уйига, сўнг Оҳангаронга касалхонага олиб боришади. У ерда Тоҳирга биринчи ёрдам кўрсатилиб, юз берган жиноят ҳақида ички ишлар идорасига хабар берилади. Тоҳирнинг аҳволи оғир бўлгани учун отаси — Тўлқин Сагдиев ўғлини “Эски ТошМИ”га ётқизди. Бу ерда унинг мияси чайқалганлиги, жағ суяги синиб жойидан силжиганлиги аниқланиб, мураккаб жарроҳлик операцияси ўтказилди…

ЖИНОЯТ СОДИР БЎЛИШИНИНГ САБАБИ ҚАЕРДА?

Бу саволга фермер Рустам Тўлаганов шундай жавоб берди: “2019 йилда Абдулазиз Маҳсуловни дастлаб иш бошқарувчи, кейин эса унинг қоп-қоп ваъдаларига ишониб, ижрочи директор қилиб тайинладим, менинг номимдан имзо қўйсин деб фермер хўжалигининг муҳрларини ҳам бергандим. Лекин у ишларни талаб даражасида олиб боришни эмас, менга тегишли фермер хўжалигини ўз номига ўтказиб олиш учун Оҳангарон туман қишлоқ хўжалиги бўлим бошлиғи Жавлон Юсупалиев, туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари Тўлқин Тўраев ҳамда туман ҳокими А.Абдуллаев (ҳозирги собиқ) билан жиноий тил бириктириб, менинг номимдан “…нафақа ёшига етганим учун фермер хўжалигини ўз ихтиёрим билан Абдулазиз Маҳсуловга топшираман” деган қалбаки ариза ҳамда фермер хўжалиги аъзоларининг бўлмаган умумий йиғилишини бўлган деб қалбаки баённома тайёрлаб, Жавлон Юсупалиевга топширган ва шу асосда 2021 йил 21 декабрда туман ҳокимининг қарори, таъкидлаб айтаман, қалбаки қарори асосида менга тегишли фермер хўжалигини ўзининг номига ўтказиб олибди…”

Ўша туман ҳокими томонидан чиқарилган ҳужжатнинг қарор қисмини биргалашиб ўқиймиз:

  1. “1. “Х-ФАРУС” фермер хўжалиги раҳбари Тўлаганов Рустам Мухсимовичнинг нафақа ёшида бўлганлигини инобатга олиб, фермер хўжалиги раҳбари этиб, фермер хўжалиги бошқарувчиси Маҳсулов Абдулазиз Ғуломжонович сайланганлиги тўғрисидаги фермер хўжалиги аъзоларининг 2021 йил 1 декабрдаги 1-сон йиғилиш баённомаси тасдиқлансин.
  2. “Х-ФАРУС” фермер хўжалигининг 2021 йил 1 декабрдаги 1-сонли буйруғига асосан, Маҳсулов Абдулазиз Ғуломжонович фермер хўжалиги раҳбари этиб сайланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
  3. “Х-ФАРУС” фермер хўжалиги раҳбари А. Маҳсулов мазкур қарорга асосан, белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилган ҳолда зарур ҳужжатларни туманнинг тегишли бўлимларида қайта рўйхатдан ўтказиш чораларини кўрсин.
  4. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари Т.Тўраев зиммасига юклатилсин.

Туман ҳокими А. Абдуллаев”

Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади, деганларидек, 2023 йилга келиб бу қинғир ишнинг қийиғи 40 йилда эмас, тезда чиқди. Фермер хўжалиги раҳбари Рустам Тўлаганов томонидан туман ҳокимининг қарорини бекор қилишни сўраб маъмурий судга ёзилган ариза 2024 йил 9 январда Нурафшон туманлараро маъмурий судида тегишли тартибда кўриб чиқилди ва туман ҳокимининг қалбаки қарори бекор қилинди. Натижада нафақат Абдулазиз Маҳсуловнинг, балки Оҳангарон туман ҳокимлигидаги масъул раҳбарларнинг “ўйин”лари ҳам кўпчиликка ошкор бўлди.

Абдулазиз Маҳсуловнинг фермер хўжалигини эгаллаб олишга қаратилган ҳаракатлари фош бўлганидан кейин, у ўзининг жиноий шериклари билан фермер хўжалигига зарар етказиш мақсадида сув чиқарадиган насоснинг муҳим қисмларини ўғирлаб, насосни ишдан чиқарди, бу камлик қилгандай, сув қувурларини ҳам ўғирлаб олиб кетиб, фермерни экинларни суғориш имкониятидан маҳрум қилишга уринди. Абдулазиз Маҳсуловнинг ўғирликлари юзасидан фермер Рустам Тўлаганов Ички ишлар бошқармаси бошлиғи номига ариза ёзиб топширди. Қуйида шу аризадан бир парча:

“Маҳсулов А. ўз ҳамтовоқлари билан бир гуруҳ бўлиб 2023 йил 1 ноябрь куни кечаси фермер хўжалигига яширин равишда кирди ва электр трансформаторнинг бир қатор қисмларини ҳамда электр энергиясини автомат улагич ва кабель симларини ҳамда сув қувурларини ўғирлади ва бу билан буғдойларни суғориш имкониятидан маҳрум қилиб, фермер хўжалигига катта зарар етказди…”. Ички ишлар бўлими фермернинг бу аризасини ҳам эътиборсиз қолдирди. Қуйида ИИБ терговчиси Ф.Н.Ҳалқулов томонидан тайёрланган “Тўпланган ҳужжатларни жиноят ишига бирлаштириш тўғрисида”ги тергов ишидан қуйидагиларни ўқиймиз:

“2024 йил 12 апрель куни соат 20.00 лар атрофида 12.04.1984 йилда туғилган, Тошкент вилояти, Оҳангарон тумани, Янги ҳаёт МФЙ, Ҳамза кўчаси, рақамсиз уйда яшовчи, Маҳсулов Абдулазиз Ғуломжонович Оҳангарон тумани, Ғаллақудуқ маҳалласида жойлашган очиқ дала майдонида 11.08.1979 йилда туғилган, Тошкент вилояти, Оҳангарон тумани, Янгиҳаёт МФЙ, Бирлик кўчаси, 19-уйда яшовчи, Сагдиев Тоҳир Тўлқинович билан ўзаро жанжаллашиб қолиб, Т.Т.Сагдиевнинг танасининг турли жойларига қўли билан уриб тан жароҳати етказганлиги аниқланди…”

Бу ерда воқеа анчагина соддалаштирилган, Т.Т.Сагдиевни Маҳсулов А. бир ўзи эмас, жиноий гуруҳ билан биргаликда уриб тан жароҳати етказганлиги, бундан ташқари, улар Т.Т.Сагдиевнинг “Дамас” русумли машинасига ва фермер хўжалигининг дала шийпонига ўт қўйиб юборганликларига доир фактлар ҳамда Абдулазиз Маҳсулов ва унинг жиноий шериклари томонидан электр трансформаторнинг бир қатор қисмлари ҳамда электр энергиясини автомат улагич ва кабель симларини, шунингдек, сув қувурларини ўғирлаганликлари ИИБ терговчиси Ф.Н.Ҳалқуловнинг қарорида нима учундир тилга олинмаган.

Қизиқ, нима учун?

Бунинг қандай сабаби бор?

Бу саволлар ўз жавобини кутади.

Умуман олганда, Тоҳир Сагдиевга тан жароҳати етказган А.Маҳсулов бошчилигидаги жиноий гуруҳ қилмишига яраша жазоланиши, шунингдек, А.Маҳсулов ва жиноий шериклари томонидан ўғирлаб кетилган фермер хўжалиги мулки бўлган трансформаторнинг зарур қисмлари ҳамда қувурлар қисқа муддатларда эгасига қайтарилиши ва А.Маҳсулов бошчилигидаги жиноий гуруҳ қошида белгиланган тартибжа жавобгарликка тортилиши керак эмасми?

Яна бир гап. Фермерга тегишли ер майдонини бировдан олиш ва уни қарор чиқариб бошқага бериш ваколати туман ҳокими ваколатидан чиқарилганлигига анча бўлган. Шунинг учун ҳам юқорида биз ўқиган қарор қалбаки қарор деб ҳисобланади. Шундай экан, уни чиқарган туман ҳокими, унинг ўринбосари ва бўлим бошлиғи қарорни ғараз мақсадларда, яъни ўз манфаатларини ўйлаб қалбакилаштирганлар. Туман ҳокими А.Абдуллаев, туман ҳокимининг ўринбосари Т.Тўраев, туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Ж.Юсупалиевлар айни шу қинғир ишлари бўйича эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 228-моддасида ҳужжатларни қалбакилаштиришга қарши жиноий жазо чоралари кўрсатилган. Демак, бу ишда қонунни оёқ ости қилган кимсаларга тегишли тартибда  жазо муқаррарлиги белгиланса, ажаб эмас.

Шоҳрух АКБАРОВ,

иккинчи даражали адлия маслаҳатчиси,

ҳуқуқшунос-журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 1 =