Қамишзорда

Сулаймон САМАД

 

Қамишзорда

(воқеий ҳикоя)

Санаторий ҳамшираси мени бешинчи палатага келтириб қўйди. Хонада бир кекса отахон дераза олдидаги каравотда ўтирарди. Кўришиб олгач, қўлимдаги нарсаларни тумбочкага, курткамни шкафга илгач, бироз ўтириб даволовчи врач қабулига киришим кераклигини айт­дим.

— Шошилманг, врачингиз яна бир соатдан кейин қабул қилади, — деди отахон   кўнглимдан кечганларини сезгандай.

— Яхшиси танишиб олайлик. Мен Сурхондарёданман, Термиз шаҳрида яшайман.   Исми-шарифим Соли Воҳидов, ёшим 82   да. Шу санаторий шуҳратини эшитиб, келдим. Айтганларидек, ажойиб шифо маскани экан. Ҳаммаси менга ёқди. Хурсанд бўлдим. Энди ўзларидан эшитсак, укам, — дея қўлидаги пиёласини тумбочка устига қўйди-ю, ёстиқни баланд қўйиб, унга суянди.

— Шу вилоятданман — Ромитанда тураман. Ўқитувчиман. Асабларим толиққан шекилли, тўрт-беш кун дам олиб даволанай деб шу шифохонага келдим, — гапни қисқа қилдим.

— Яхши касбингиз бор экан. Худо баракасини берсин, — чол жойидан қўзғала бошлади. “Вақт бўлди, свет олишим керак, тушдан кейин массаж­га бораман. Кейин суҳбатимизни яна давом эттирамиз…

Орадан бир неча кун ўтди. Қария билан иноқлашиб кетдик. Соли бобо кўпни кўрган, қишлоқда ҳосилот, бригадир, боғбон бўлиб ишлаган, иккинчи жаҳон урушида қатнашган, хушсуҳбат, камтарин инсон экан. Аммо отахон кечаси яхши ухлолмас, алаҳсираб чиқарди. Гоҳида тунда ўрнидан туриб анчагача пишиллаб турар, қон босими ҳам бе­зовта қиларди. Баъзан навбатчи врачни чақириб келишимга тўғри келарди.

— Узр, болам, сизни ҳам ухлашга қўймаяпман. Номи ўчсин ўша урушни. Унинг асорати 60 йилдан бери мени тинч қўймайди, бомба портлаганида тупроқ остида қолиб, контужин бўлганман. Унинг асоратидан ҳозир ҳам қўрқиб уйғонаман, деб хижолат чекарди бобо.

— Мен учун сира афсус чекманг, бобожон, сизнинг ярим ёшингиздаман, ўзимни баъзан эплай олмай изза бўламан-у, сиз эса ўзингизни ко­йияпсиз.   Ҳали даволаниб яхши бўлиб кетасиз, хафа бўлманг.

— Шунисига ҳам шукур, оёқда юрибмиз. Бошга тушганини кўз кўраркан. Тақдиримга шу ёзилган экан. Худо атаганини кўраверамиз-да, ўғлим…

Бир куни тушдан кейин муолажаларни олиб хонага келдик. Мен чой дамлаб, қанд-қурс, майиз олиб столга қўйдим. Бобога чой қуйиб бердим. Сўнг:

— Отахон, агар эриш туюлмаса, болалик хотираларингиздан бирор воқеани айтиб берсангиз. Ҳали айтдим-ку ўқитувчиман деб. Болаларга ибрат бўладиган қизиқроғи бўлса янада яхши. Унинг тарбиявий аҳамияти зўр бўларди-да, — дедим бобонинг кайфиятини кўтариш мақсадида. Отахон мийиғида кулиб қўйди-да, гап бошлади:

— Қизиқ воқеалар болалик чоғларимда кўп бўлган, қай бирини айтсам экан… Яхшиси, орган ходимларига бир жиноятчини тутишга ёрдам берганим ҳақида гапириб бера қолай. Ўша пайтларда тўртинчи синфда ўқирдим. Ёз пайти — каникулда эдик. Вали деган бир жўрам билан қиш­лоғимиздан икки чақирим наридаги кўлдан балиқ тутардик. Сув тиниқлигидан ўйнаб юрган балиқлар шундоқ кўриниб турарди.

Шундай кунларнинг бирида “колхоз”нинг озиқ-овқат омборига кимдир ўт қўйибди. Кўп одам тўп­ланган   бўлса-да,   сув камлигидан   оловни   ўчириб бўлмади. Омбор биноси ёниб кулга айланди.

Бундан илгари ҳам қишлоқда кимнингдир қўйи, эчкиси йўқоларди. Жиноятчилар топилмасди. Милиция ходимлари, ишламай юрган уч-тўрт кишини шаҳарга олиб кетишди. Барибир жиноят очилмай қолди. Омборга ўт қўйиш бундан ҳам ўтиб тушди.   Кечалари кўчаларга навбатчилар қўйилди, ҳар гуруҳга милиционер ёки ҳарбий аскарлар раҳбарлик қиларди. Одамлар топилмаган жиноятчини “шпион” деб аташарди. Анча вақт ўтгач, Валиникига бордим, у отаси билан бўрининг терисини шилаётган эди. Бўри “колхоз”нинг қўйлар подасига ҳужум қилиб бир неча қўй-қўзиларни қийратган экан. Валининг отаси яхши мерган эди. Шу куни Вали билан балиқ овига боришни келишиб олгандик. Кўпроқ чувалчанг тўп­лашни, нон, сув олишни ҳам тайинладим. Чамаси соат ўнларда эски макон – кўлдаги тепачага йўл олдик. Овда омадимиз чопди, қармоғимизга каттароқ балиқлар илинди, қизиқиб кетиб вақтнинг қандай ўтганини ҳам билмай қолибмиз. Мен нон, чакки олгандим, Вали эса сув, патир олган, еб олдик. Шу пайт қармоқ пўкаги “чўлп” этиб сувга тушиб кетди, балиқ илинган экан. Вали шартта ўзини сувга ташлаб қармоқ билан балиқни олиб чиқди.

— Лаққа балиқ илинибди! — қувонч билан қичқирди у, — сен бўлсанг бу кўлда лаққа бўлмайди девдинг, ана бор экан-ку!

Шу пайт бирдан ов милтиғининг “пақ” этган овози эшитилди: қамишзорлар устидан учаётган тўрт-бешта ўрдакннг бири кўлга   думалаб тушди. Тепаликнинг устига чиқиб қарадик: ҳеч ким кўринмасди. Шунда икковимиз кетма-кет юриб қамиш­ларни қайириб, ўрдак йиқилган жойга қараб интилдик. Сув аввал тиззамиздан, кейин кўкрагимизгача чиқди, юриш қийинлашди. Ялангоёқ эдик, роса қийналдик. Шунда Вали: “орқага қайтайлик, тутган балиғимизни ҳам биров илиб кетмасин тағин” – деди. Мен унга: “Сен орқага қайт, мен яна бир оз ахтариб кўрай, бўлмаса изингдан етиб бораман”, дедим. Вали орқага қайтди. Мен яна ўн метрча олдинга қараб юрдим. Бирдан йиқилган қамишларга кўзим тушди. Демак, овчи ўрдакни олиб кетган, деган фикрга келдим. Ҳалиги издан бир оз юрган эдимки, кўлнинг саёз жойида икки киши кўринди. Бири ўрдакнинг патини юлаяпти, иккинчиси ўчоққа ўтин тиқиб олов ёқаётган эди. Тўғриси, бир оз қўрқдим. Агар улар сезиб қолишса, мени ҳам отишлари мумкин эди-да! Сувга томоғимгача чўмиб, аста-секин орқага тисарилдим. Улар ўз иши билан банд, мени сезишмади ҳам. Ортга қайтсам, Вали кийимларини кийиб қармоқларининг ипини чўпга ўраётган эди.

— Намунча қолиб кетдинг? — сўради у.

— Жим!.. — бармоғимни оғзимга қўйиб белги бердим, — иш чатоқ, жўра, кўлда икки барзанги, соқол-мўйловлари ўсган, жуда шубҳали одам бор экан.

Кийимларимни кийдим, иккимиз уйга томон йўлга тушдик.

Биздан анча узоқда ўнг томондан бир киши қўлида сумка, орқасида ўтин кўтарганича кўл томон кетаётган эди. Лапанглаб юришидан кимгадир   ўхшатдим-у лекин эслай олмадим. Ҳалиги одам чапга бурилиб биз ўтирган тепаликдан нарига қараб кетди. Уйга яқинлашгач, биз тутган балиқларимизни иккига бўлиб олдик.

Кечаси яхши ухлай олмадим, кўзим юмилди дегунча кўлдаги одамсимон маҳлуқлар милтиқни менга тўғрилаб отмоқчи бўлишарди. Ҳа, айтганча, сумка, ўтин кўтариб кетаётган одамнинг кимлиги ҳам эсимга тушди. У кўлдан беш чақиримча нарида жойлашган катта қабристоннинг қоровули мулла Боқи эди. Унинг қабристонни ташлаб бу ерда санғиб юриши менга шубҳали туюлди.

Эртаси уйғониб Вали билан бирга кўрганларимизни қишлоғимиздаги   милиционерга айтиб бердик. У қувониб кетди: “Бу ҳақда ҳеч кимга чурқ этманглар, балиқ овига ҳам борманглар, хўпми? Мен ҳозир шаҳар милицияси билан боғланаман”.

Янги ўқув йилига ҳам саноқли кунлар қолган эди. Тушдан кейин колхоз идораси олдига бир неча милиция кийимидаги кишилар ва беш юлдузли қалпоқ кийиб олган аскарлар тўпланишди. Қишлоқ оқсоқоли бошлиқ бир неча киши уларнинг сафига киришди. Жанговар операцияда Валининг отаси Салим бобо ҳам бор эди. Ҳалиги ҳарбийлар кўлнинг шимолий-шарқий ҳудудини ўраб олиб қамишзордаги нотаниш шахсларни қўлга олишди. Мулла Боқи ўшаларнинг шериги бўлиб чиқибди.

Ёзги таътилимиз ҳам тугади, дарслар бош­ланиб кетди. Бир куни ўқитувчимиз синфга кириб: “Бугун катта танаффусда мактаб ҳовлисида мажлис бўлади, ҳамма қатнашиши шарт”, деди. Мактаб ҳовлисига чиқдик. Ҳамма ўқитувчи ва ўқувчилар тўпланишган. Давранинг четига битта стол, учта стул келтириб қўйишди. Унга мактаб директори, участкавой Эрматов, погонида тўртта юлдузли ҳарбий киши (биқинида тўппончаси ҳам кўриниб турарди) қўйилган стулларга ўтиришди. Йиғилишни мактаб директоримиз очди. У сўзни ўша тўппончалик ҳарбийга берди. У тўпланганларни янги ўқув йили билан табриклади. Ҳамма болаларни яхши ўқишга, интизомли бўлишга, ботир, жасур бўлишга даъват этди. Охирида у: “Шундай ҳушёр болалардан икки нафари мактабингиздан етишиб чиққанлиги билан фахрланинг”, — деди болаларга қараб, — ана шундай ўқувчилардан бири Соли Воҳидов, иккинчиси Валижон Салимов бўлади. Уларнинг маълумоти боис бир неча йилдан бери қочиб юрган ўта хавфли жиноятчиларни қўлга олдик. Ҳозир улар устидан жиноят иши қўзғатилган”.

Сўнг участкавой Эрматов бизни даврага таклиф қилди. У бизга қизил лентага боғланган дафтар, альбом, қаламдондан иборат совға берди. Ҳамма қарсак чалди. Ана шу воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди.

Отахон пиёладаги қолган чойни ҳўплаб, энди пича дам оламан, дегандай бошини ёстиққа қўйди.

Ўйлайман: яхшилигу ёмонлик, мардлигу қўрқоқлик, жасорату лоқайдлик одам боласида ёшлигиданоқ намоён бўларкан-да. Болалигида шундай мардлик кўрсатган инсон иккинчи жаҳон урушида не-не фидойиликлар кўрсатган экан- а?!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen + ten =