Намуна

Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ

 

Муаллиф ҳақида:

Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ — 1962 йили туғилган. 1990 йилдан “Сирли олам”, “Қалб кўзи”, “Ёшлик”, “Hurriyat”, “Моҳият”, “XXI аср” сингари газета-журналларда ишлаб келмоқда. Айни пайтда “Адолат” газетасида бош муҳаррир ўринбосари вазифасида хизмат қилади.

1993 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. “Шуҳрат” медали ва “Ўзбекис­тон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони билан тақдирланган.

Йигирмадан ортиқ насрий китоблари чоп этилган. “Кичкина одамлар”, “Уқубат”, “Иқтидор”, “Виждон”, “Қадамлар”, “Нигоҳ”, “Бурч ва муҳаббат”, “Устюртга йўл”, “Тинчлик ортида”, “Опа” каби бадиий фильмларнинг, “Ҳаёт жилғалари”, “Синов”, “Одамлар орасида”, “Она дарё” сериалларининг сценарий муаллифи.

 

НАМУНА

(Ҳикоя)

Журналимизга одамлар оқиб келади десам лоф бўлар-ов, ҳар қалай, кунига камида биз оғзимизни тўлдириб “мухлисимиз”, “ўқувчимиз” ва ҳаттоки кўксимизга ургудай бўлиб “муштарийимиз” деб атайдиган уч-тўрт киши қадам ранжида қилиб туради.

Масъул котиб телефонда “Бир опа ўзингиз билан учрашмоқчи экан” деганида аввалига тайсалланиб турдим-у, сўнг рози бўла қолдим. Барибир, қиладиган ишим йўқ, агар пичоққа илинадиган “мухлис-ўқувчи-муштарий” бўлса, баҳонада йиллик обунани бўйнига илвораман.

Ўттиз ёшлар атрофидаги хушсурат аёл ийманибгина кириб келди. Салом-аликдан сўнг одатдаги саволни бердим:

— Журналимизни ўқиб турасизми, опа?

Табиийки, бунақа пайтлари жавоб ҳам одатдагидек ва эҳтимолки андаккина ўтрик ҳам аралашган бўларди, дейлик “Албатта… ҳар сонини… қўлдан қўймай…” тарзида.

Бироқ кутилмаганда жувон:

— Йўқ, – деб қолса бўладими. – Кеча киоскада кўриб қолиб, олдим.

Дарҳол отни қамчиладим:

— Жудаям яхши-да. Ҳойнаҳой, ичидаги мақола, шеър-ҳикоялар сизга маъқул келиб қолгану, биз билан ҳамкорлик қилиш ниятидасиз.

Афтидан, жувон “ҳамкорлик” сўзининг мағзини тушунмади. Шунгами, менга ҳайрон бўлиб қарагач, гапни чувалаштириб ўтиргиси келмади чоғи, мақсадга ўта қолди:

— Бир илтимос билан келгандим. Агар вақтингиз бўлса, гапни бошидан бошласам.

Ҳали айтганимдай, шу кунлари менда вақтдан бошқа нарсанинг ўзи йўқ эди. Шу боис, ишқилиб шикоятчи бўлмасин-да, деган ўйдан ҳафсалам пир бўлганини яширишга уринганча:

— Бемалол, – дедим. – Қўлимиздан келганча, қонун доирасида, ваколатларимиздан четга чиқмаган ҳолда ёрдам берамиз, албатта.

Дарҳақиқат, аёл гапни узоқдан бошлади:

— Эрим шошилинч хизмат сафарини рўкач қилиб туриб олдию, эринмасдан бориб, мени ўзининг қишлоғига ташлаб келди.

Келишувимизга кўра, бу ерда бир ҳафта туришим, сўнг шанба куни эрталаб йўлга чиқишим керак эди. Содиқжон акам мени автобекатда кутиб турадиган бўлганди.

Аммо очиғини айтай, шаҳарнинг қулай шарт-шароитларига анча ўрганиб қолган эканман. Қишлоқда оддийгина газни айтмай қўя қолай, чироқнинг тез-тез ўчиб туриши, айниқса, совуқ сувнинг вақти-вақти билан келиши асабларимни ўйната бошлади.

Уч кун чидадим, тўрт кун, қарасам, жуда қийналиб-эзилиб кетаяпман. Шаҳарнинг муздай сувларини соғина бошладим. Бу ернинг илиқ, таъми аллақандай ғалати сувига ҳеч кўника олмадим. Чойини-ку, ичиб чанқоғим қонмасди.

Ахийри қайнонамга жума куни қайтишим лозимлигини, чунки худди шу куни Содиқжон акам мени шаҳардаги автобус бекатида кутиб туришини билдирдим.

Ишқилиб, бир кун бўлсаям эртароқ қайтмоқчийдим. Зеро, қишлоққа келганимдан буён ҳар куни терлайман. Гўё вужудимга ачимсиқ тер иси ўрнашиб қолгандай.

Содиқжон ака мени шу аҳволда кўрмасин, деган ўйга ҳам бордим. Ахир онангни отангга бепардоз кўрсатма деганлар. Яхшиси уйга бориб, ювиниб, кийимларимни алмаштириб, атир-упаларнинг ёқимли исига бурканаман-да, эримни кутиб ўтираман. Содиқжон акамга бир “сюрприз” тайёрлай.

Ишқилиб, уйдагиларни ишонтирдиму, эски бир автобусда терлаб-пишиб шаҳарга етиб келдим.

Пулни ҳар қанча иқтисод қилишга уринмай, барибир сабрим чидамади – автобекатдан уйга қадар таксида келдим.

Тўртинчи қаватга учиб чиқдим ўзиям. Эшикни ичкаридан ёпдиму, ўзимни қушдай енгил сездим!

Ниҳоят ўз маконимга етиб келдим! Ўз уйинг – ўлан тўшагинг, деб бежиз айтмаганлар ахир. Уйимнинг ҳар бир қаричи кўзимга ўтдай кўриниб кетди.

Чуқур нафас олдим ва бахтиёр қиёфада деворга суянарканман, ҳозир ваннага кириб, муздай сувда маза қилиб чўмилишимни тасаввур қилдиму, баданим ҳузурдан жимирлашиб кетди.

Бир пайтлар раҳматли онам айтардилар:

— Эрга теккан аёлдан ҳеч нарса қочиб қутулмайди, энди у териси билан ҳам кўра бошлайди.

Тўғриси, бу гапга асло ишонмагандим. Ўзи доим шунақа бўларкан, бошингга тушмагунча…

Хуллас, энгашиб пойабзалимни ечаётган пайтимда… Мен аввалига ҳис қилдим. Бегона исни… Ҳа, бу бегона ис эди ва, адашмасам, аёл кишига тегишли эди. Ҳар қалай, бунақа ўткир ҳидли атирни ишлатмаслигим аниқ. Содиқжон акам ҳам ҳеч қачон бунақа ҳид таратиб юрмаган.

Бирдан бўшашиб кетдим. Туфлимни апил-тапил ечдиму, нарсаларни шу ерда қолдирган кўйи ётоқхонага отилдим.

Кўнглим бир нарсани сезган экан… Ётоқхонада бу ҳид даҳшатли даражада ҳамма жойни эгаллаб олган эди.

Бўғилиб кетдим. Аммо энг даҳшатлиси ҳали олдинда эди. Менинг… бизнинг тўшагимизда биров ётгани аниқ-тиниқ кўриниб турарди. Ғижимланган кўрпа дивандан сирғалиб, пастга тушиб қолган. Оппоқ чойшаб беҳаёларча очилган…

Нима қилишимни билмай қолдим. Кўнгилда эса битта, биргина истак: “Ҳозир ошпичоқни оламану, Содиқжон акамни қиймалаб ташлайман!..”

Беихтиёр пичирлаб юборибман:

— Мана, қанақа экан эржонимнинг хизмат сафари…

Аёл кишининг қонида борми изқуварликка мойиллик ёки бунақа пайтлари яширин истеъдодлар очилиб кетадими, ҳайтовур, мен энгашиб, нимагадир хонага тўшалган гиламни диққат билан кузатиб чиқа бошладим. Нима излаяпман, ўзим ҳам билмасдим.

Йўқ, тезда топдим. Бу яна бир далил эди – аёл кишининг узун-узун соч толалари. Қўнғиртоб. Демак, бўялган. Демак, “модница” жувонлардан. Беихтиёр Содиқжон акам бир-икки маротаба ишдан шундай қизларнинг рангли суратлари туширилган журналларни олиб келганини эслагандим.

— Ҳа, тинчликми, маллавойларни кўтариб қопсиз? – деб сўрагандим ҳам ўшанда.

— Ҳа, энди булар гўзаллик тимсоллари, санъат асари, – деб қутулганди эрим.

Демак, ўша пайтлариям кўнгли суст кетиб юрган. Демак, хизмат сафари баҳона мен оми, бефаросат хотинидан қутулгану, шартта биттасини бошлаб келган!

Ким билади, қачондан бери юради! Ким билади, қаерларга бирга боришган!..

Тутақиб кетдим. Аста-секин кўзимга қон тўла бошлади. Ўзимча ўч олиш режасини тузишни истардим, аммо ҳозирча буни эплай олмаётган эдим. Мен эримга қўшиб ўша малла сочли ойим­чанинг ҳам боплаб таъзирини беришни истардим. Лекин қандай қилиб?..

Тан олай, саратонда ёққан қордай бу кутилмаган ҳолатдан эсанкираб қолгандим. Бу менинг хотиржам мулоҳаза юритишимга халақит берарди. Кўзимга кўрингани қон ва яна қон эди, холос. Истагим ҳам шунга яраша: қонли қасос!

Шу турган ҳолатимда қотиб туриб қолдим.

Ахийри қўрғошиндай оғирлашган оёқларимни аранг судраб, ошхонага ўтдим. Холодильник эшигини очдим. Кутганимдай, иккита коньяк, биттасининг оғзи очилган, сув, қази-қарта, шоколад ва торт. Иссиғим чиқиб кетди.

Мен у ёқда юрибман терга ботиб, бу ерда эса Содиқжон ака маишатнинг зўрини қилиб, коньяк ичиб, газагига шоколад еб юрибди!..

Столга қарадим. Иккита финжон. Беихтиёр шивирлаб юбордим:

— Кофе ичишибди, яшшамагурлар!

Ҳолбуки, бу финжонларни эримнинг ўзи 8 мартда совға қилганди. Ўшанда ҳатто мақтаниб:

— Қиш келса, совуқ тушса буларда маза қилиб кофе ичиб ўтирамиз, – деб мақтанганди ҳам.

Шу гапларни айтгунча тилгинанг узилиб тушса бўлмасмиди, аблаҳ!

Дастурхонга қўл теккизишга ҳам жирканардим.

Ана шунда… Ана шунда ташқаридаги темир эшикка кимдир калит солганини эшитгандай бўлдим. Асаб толаларим бениҳоя зўриққан эди, ҳар бир нарсани кўриб, ҳис қилиб, кўрмаганларимни тасаввур этиб турардим.

Адашишим мумкин эмас эди. Мен шамолдек елиб бордим ва қишлоқдан ўлай деб кўтариб келган халталарни кўтариб балконга ўтқазиб қўйдим. Ўзим эса… эшик ортига ўтиб, яшириниб олдим.

Мен ниманидир кутардим. Ўлай агар, нима кутаётганимни ўзим ҳам билмасдим. Бироқ ҳозир нимадир содир бўлишини сезиб-ҳис қилиб турардим.

Мана, темир эшикнинг иккинчи қулфи ҳам очилди. Нимадир шиқирлади, тақиллаган товуш эса полга баланд пошнанинг урилганига ўхшарди.

Орадан мен учун йиллардек чўзилиб кетгандек туюлган бир неча сония ўтди ва мен… Мен кўрдим. Ўз кўзларим билан кўрдим. Йигирма беш ёшлардаги, елкасига тушган силлиқ сочлари малла, роса бўяб-безанган, торгина, ёқаси ўйиқ қора кўйлаги баданини сириб, қоматини кўз-кўзлаб турган жувон… тасаввур қиласизми, ҳуштак чалганча, бепарво тарзда кириб келди!

Нима қилишни ҳам билмай қолдим. Аммо ҳамон эшик тирқишидан кўзимни узмасдим.

Аёл шу кўйи ётоқхонага кириб кетди ва зум ўтмай гулдор халатни елкасига ташлаб чиқдию, ваннахонага ўзини урди.

Мен жойимда шамдай қотиб турардим.

Ваннадан сувнинг шовуллагани эшитилди. У… мегажин менинг ваннамда чўмилмоқда эди. Мен олислардан терлаб-пишиб, орзу қилиб келган ваннамда!

Миямга қон тепди.

— Ўлдираман! – дея пичирладим ўзимга ўзим. – Иккаласини ҳам!

Айни дамда дилимда шундан ўзга истак йўқ эди. Ошхонага ўтдим ва тортмадан эрим гўшт майдалаган кезлари ишлатадиган болтачани олдим. Болтачанинг муздай дастаси менга қувват бағишлагандай бўлди.

Оёқ учида бориб, аста, шиқирлатмасдан ваннани устидан қулфладим. Энди эримнинг ўйнаши қопқонда эди. Ичкарида ҳамон сув шовулларди. Манжалақи бир нималарни хиргойи қилганча чўмилмоқда эди.

Миям жуда тез ишларди. Нимадир қилишим керак эди. Эрим келадими ёки йўқми? Келса, қачон келади?..

Аста юриб кичкина хонага ўтдим.

Бунақа пайтлари аёл киши кимга ҳам дардини айтарди? Энг яқин, сирдош дугонасига-да.

Эримнинг – энди у кишини хаёлимда ҳам “Содиқжон акам” деб айтолмасдим – йигирма йиллик қадрдон дўсти Муроджон аканинг хотини Лобар билан жуда апоқ-чапоқ эдим. Тўғриси, ҳамманинг бу оилага ҳаваси келарди. Эри хотинига қанчалар меҳрибон, хотини эрига! Ўзиям ярим кун кўришмай қолишса бас, бир-бирини соғиниб ўлишарди! Эр-хотиннинг бир-бирига муҳаббати тилларда достон эди, кўпчилик уларни орқаворатдан ҳам, олдиларида ҳам “Лайли-Мажнун”, қисқароқ қилиб эса “ЛМ” деб аташарди. Худди атайин қилгандай, Муроджон ака айнан шунақа номли сигарета чекарди.

Хуллас, бу эр-хотиннинг садоқатига, меҳрига, муҳаббатига тасаннолар айтмай илож йўқ эди. Ҳамма қатори мен ҳам уларга ҳавас қилардим ва тез-тез бу Лайли-Мажнунни эримга ибрат қилиб кўрсатардим:

— Ўртоғингизни қаранг! Хотинини бошига кўтаради-я, бошига! Икки соат кўрмаса соғиниб, тентакка ўхшаб қолади! Оила дегани шундай бўлса-да…

Тўғриси, кўп масалаларда Лобарга маслаҳат сўраб мурожаат қилардим. Бу гўзал жувоннинг оқилалигига ҳам тан берардим. Бир сўз билан айтганда, Лобар билан Муроджон бир-бирига узукка қўйилган кўздай муносиб эдилар. Ҳеч ким уларни бир-биридан айро тасаввур этолмасди.

Нима қилай, дунё кўзимга қоронғи кўриниб турган маҳали биринчи бўлиб аблаҳ эримни эмас, оиласидан бахт топган гўзал, оқила Лобарни эсладим.

Лобарга қўнғироқ қилдим. Аммо у қўл телефонини кўтаргандан кейин ҳам бир неча сония нима дейишни билмай, энтикиб туриб қолдим.

Қўл телефонида рақам пайдо бўлган шекилли, ниҳоят Лобарнинг ўзи:

— Бу сизмисиз, Дилрабо? – деди. Индамай турганимни англагач эса хавотир билан сўради: – Тинчликми, дугонажон.

Мен аранг лабларимни қимирлатдим ва ўлимга маҳкум қилинган асира янглиғ садо бердим:

— Мен эримни ўйнаши билан тутиб олдим…

Лобар ҳам бир зум жим қолди. Кейин оҳиста сўради:

— Энди нима қилмоқчисиз?

— Ўлдираман! – дедим.

— Кимни? – ҳайрон бўлиб сўради Лобар.

— Иккаласини ҳам! – дедим пичирлаб.

— Тўхтанг, тўхтанг, – деди Лобар шошиб. – Аввал ўзингизни босиб олинг. Ўлдириш қочмайди.

— Барибир ўлдираман! – деб шивирладим қатъийлик билан.

— Ўлдириш қочмайди, – дея такрорлади Лобар. – Аввал бу хиёнатнинг сабабини аниқлаш керак.

— Хиёнатда… сабаб бўладими? – дедим довдираб.

— Албатта-да, – таъкидлади Лобар. – Одатда, эр киши уйида ёки хотинида етишмаган нарсани кўчадан, бошқа аёлдан излайди. Келинг, Содиқжонни бу йўлга бошлаган сабаблар ҳақида гап­лашайлик.

— Мен ҳеч нарсани билмайман, Лобар опа, – дедим довдираб.

— Сизни тушунмаяпман, – деди Лобар хавотирланиб.

— Бундай кун сизнинг бошингизга икки дунё­даям тушмайди. Шунинг учун мени тушунишингиз қийиндир. Лекин мен…

Ортиқ гапира олмай қолдим. Томоғимга муштдай бир нима келиб тиқилганди.

— Тўхтанг, шошманг! – деб қолди Лобар. – Мен ҳозир етиб бораман. Биргаликда хотиржам ўтириб, ҳаммасини муҳокама қиламиз. Иложи бўлса Содиқжон ака билан ўзим гаплашаман…

Лобар ҳамон алланарсаларни куйиб-пишиб тушунтирарди. Мен гўшакни аппаратнинг ёнига қўйдим ва болтани чангаллаган кўйи аста ванна томон юрдим…

Ҳали айтганимдай, бунақа маҳаллари минг титраб-қақшаманг, баъзи лаҳзаларда миянгиз худди соатдай аниқ чиқиллаб ишларкан. Бўлмаса гўшакни жойига қўймаслигим лозимлигини, чунки унда Лобар қўнғироқ қилавериб безор қилишини ўйлаб ҳам ўтирмадим, шунчаки бу ишни беихтиёр бажардим.

Кейин ванна ёнига келдим. Ичкарида малласоч манжалақи ҳамон сувни шовуллатиб, бир нимани бақириб хиргойи қилганча чўмилмоқда эди.

Ичкаридан ҳаром иси келарди! Мен… чироқни ўчирдим. Ванна ичи қоп-қоронғи бўлиб қолди. Бирдан сувнинг шовуллаши тинди. Кейин манжалақининг нозли овози эшитилди:

— Бунақа ҳазилмашманг, акажон! Қоронғида бирон нарсани синдириб қўйсам, кейин ўзингиз балога қоласиз севимли хотинчангиздан!

Вой “акажон” деган тилларинг узилиб тушсин! Хотини борлигини билиб туриб…

Лекин индамадим. Жимликдан хавотирланди шекилли, жувон энди сал ҳайиққан оҳангда овоз берди:

— Ўзингизмисиз?

Мана шунда “сичқон-мушук” ўйинини бас қилиб:

— Бу менман! – дедим.

— Вой! – деб юборди жувон жон ҳолатда. Кейин ичкари жим-жит бўлиб қолди.

— Қани у? – дедим.

— Ҳозир келиб қолади… – ахийри садо берди жувон. – Машинамга бензин солай деб кетганди…

Истеҳзоли кулиб қўйдим. Эрим бечора бир… хотиннинг олдида ўзини бой кўрсатиш учун бирон ўртоғининг машинасини ҳам олиб турганга ўхшайди. Кимникини олдийкин? Тўғри, дўсти Муроджон аканинг “Нексия”си бор. Лекин Муроджон ака ҳеч қачон бунақа ишлар учун машинасини бериб турмаслиги аниқ. Аксинча, эримни уришиб-сўкиб ташлаган, дарҳол бу йўлдан қайтарган бўларди. Демак, бошқа бировдан олиб турган у ярамас! Ўл-а, сичқон сиғмас инига-ю…

Худди шу пайт темир эшик очилгандай бўлди.

Бу эрим эди! Бошқа биров бўлиши мумкин эмас!

Мен жон ҳолатда атрофга алангладим. Нимагадир ишни бирдан болтадан бошламайин деган қарорга келдим. Аввал иккаласини юзлаштириб…

Кўзим ошхона эшиги ёнида турган чиқиндилар солинган пақирга тушди. Пақир ичида битта бўш коньяк шишаси, бодринг-помидорлар, тухум пўчоқлари кўринди.

Шахт билан оғиргина челакни кўтардиму кириш йўлагига отилдим.

Аллақачон ичкарига кириб олган эрим энди энгашиб туфлисини ечаяпти экан.

Кўзимга ҳеч нарса кўринмасди. Алам устида жон-жаҳдим билан челакни эримнинг бошига солдим.

Челак даранглади. Ичидаги нарсаларнинг бир қисми эримнинг бошига, устига сочилди.

Эрим мункиб кетди, аммо йиқилмади. Бир амаллаб қаддини ростлади.

Шу даражада қаттиқ урибманки… Эримнинг чаккасидан қон оқарди. Юзида бодринг-пиёз пўчоқлари… Усти-боши чиқинди…

Эрим чайқалиб кетди ва мувозанатини йўқотиб, гурсиллаб йиқилди.

Мен қасос онлари етиб келганини ўйлаб, нафрат билан унинг юзига қарадим. Аммо… Бу менинг эрим эмас эди. Бу эримнинг энг яқин ўртоғи Муроджон ака эди…

Бироқ мен ҳатто ҳайратланишга ҳам улгуролмадим. Худди шу маҳал зиналардан кимнингдир тапиллаб, шоша-пиша чиқиб келаётганини эшитдим. Зум ўтмай йўлакда ранг-қути қув ўчган Лобар пайдо бўлди ва ўша ерда турибоқ менга қараб бақирди:

— Улгурдимми?

Лекин мен жавоб бермасимдан бурун Лобарнинг кўзи ерда узала тушиб ётган эркакка тушди.

Лобар жон аччиғида:

— Содиқжон ака! – деганча эркакка отилди.

Айтганимдай, бу Содиқжон ака эмасди…

Чиқиндига беланиб, чаккасидан қора қони оқиб ётган эрини кўрган Лобарнинг эсхонаси чиқиб, кўзлари ола-кула бўлиб кетди…

Шу лаҳзада эса ванна ичида, қоронғуликда ўтирган бояги манжалақи эшикни гурсиллатиб урди ва бор овозда:

— Муроджон ака! Келдингизми? – деб бақирди. – Қутқаринг мени псих хотинингиздан!

Ҳаммаси аралаш-қуралаш бўлиб кетгандай эди.

Аммо бизнинг бошимизга тушган савдолар шу билангина тугамаган экан. Мана шу ғавғонинг устига қўлида одатда сафарларга чиққанда олиб кетадиган каттагина жомадонини кўтарган эрим келиб қолди!..

Хуллас, воқеа бундай бўлган экан. Эрим чиндан ҳам хизмат сафарига кетаётган экан. Бундан хабар топган Муроджон ака “Уйингнинг калитини бер, иш вақти озгина дам олишга кирарман”, деб туриб олган. Содиқжон акам ҳайрон бўлган, лекин барибир калитни берган… Малласоч жувон эса Муроджоннинг янги котибаси экан…

Уйни уч кун тозаладим ўзиям. Барибир ниманингдир ёмон иси ўрнашиб қолгандай, ҳеч уйга киргим келмасди. Назаримда, бу хиёнатнинг иси эди…

Эримга ҳам аввал ишонмадим. У қасам ичиб, ҳар бир гапини юзлаб далиллар билан исботлаб ташлашга уринарди. Ҳатто у киши хизмат сафарида бўлган жойларга ҳам бориб келдик.

Энг ажабланарлиси… Энг ажабланарлиси, менинг кутганимнинг буткул аксича, Муроджон билан Лобар ажрашишмади.

Улар ҳамон бахтиёр эр-хотин… Кўпчиликка ибрат. Ҳамма уларни ҳамон ҳавас билан тилга олади.

Ўзларини бир кўрсангиз эди, сиз ҳам бунга иқрор бўлардингиз. Меҳрибонликда эр хотинидан ўтган, хотин эридан… Бир-бирларига меҳр билан, муҳаббат билан боқишадими-ей…

Фақат нимагадир мен уларни бу аҳволда кўрсам ўз-ўзимдан уялиб кетавераман…

Балки шу сабаблидир, кейинги пайтларда ҳамманинг ҳурмат-эътиборига сазовор бу бахтиёр оила билан борди-келди қилмай қўйдик. Шуниси бизга маъқулроқдай…

Бизнинг оиламизда эса… Билмадим, балки янглишаётгандирман, аммо ўша воқеадан кейин оиламизда нимадир дарз кетгандек. Бўлмаса юрган биров, хиёнат қилган биров…

Лекин барибир нимадандир кўнглим тўлмайди. Баъзан “Муроджон нима учун айнан бизнинг уйни танлаган? Демак, тилларинг бир бўлган!” деб эрим билан жиқиллашиб оламан. Содиқжон акам куйиб-пишиб ўзини оқлашга тушиб кетади, ота-­онасини ўртага қўйиб қасамлар ичади. Буларни эшитиб, сал таскин топгандай бўламан. Лекин бу туйғу вақтинча эканини сезиб тураман. Зеро, уч-тўрт кун ўтиб, бари бошидан бошланади…

Шундай пайтлари Лобарни ўйлайман. Нимагадир унга… ачинаман. Ачиниш баробарида йиғлаб-йиғлаб оламан…

Кеча…

Аёл энтикиб, жим қолди. Унинг сумкасига қўл чўзаётганини кўриб ғаладондан журналимизнинг сўнгги сонини олдим. Муқовада шаҳар миқёсидаги “Энг намунали оила” танловида фахрли биринчи ўринни қўлга киритган Муроджон ва Лобар Халиловларнинг рангли сурати. Елкаларини бир-бирига текизиб расмга тушишган. Ёддан биламан: учинчи-олтинчи саҳифада бахтиёр эр-хотин хусусида каттагина очерк, суратлари билан. Мақола сўнггида бундан кейин журналимизда эр-хотин Халиловларнинг қандай қилиб мустаҳкам оила қуриш ҳақидаги қимматли ўгитлари сонма-сон бериб борилиши, йил якунида эса мазкур мақолалар жамланиб, китоб ҳолида чоп этилиши хусусида эълон.

— Шуларми? – деб сўрадим.

Аёл унсиз бош ирғади.

Бир фурсат жимликда ўтди. Ахийри сўрадим:

— Мақсад, опа?

Аёл қийналиб гапирди:

— Ахир… қанча одам ўқийди буни… Кўради… Бу… алдаш-ку…

Темирни қизиғида босдим:

— Яқинда телевизорда бу намунали оила ҳақида ярим соатлик телелавҳа берилди, кўрмадингизми?

Аёл йўқ маъносида бош чайқади.

— Радиода эр-хотин ҳар ҳафта “Намунали оила мактаби” деган эшиттириш олиб боришади. Айтишларича, тингловчилардан қоплаб хатлар олишармиш. Бундан ҳам хабарингиз йўқми?

Аёл яна бошини сарак-сарак қилиб чайқади.

— Шунақа… – деб қўйдим.

Сўнг, вазиятдан силлиққина чиқиб кетиш учун одатда бунақа маҳаллари айтиладиган қисир ваъдани такрорладим:

— Хўп, опа, фикрларингизни албатта инобатга оламиз. Қимматли вақтингизни ажратиб келганингиз учун раҳмат сизга. Журналимизни мунтазам ўқиб туринг, фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз биз сиздан миннатдор бўламиз.

Шу билан жувон кетди. Ниманидир ҳис қилди чоғи, миннатдорчилик билдирмади, хайрлашмадиям.

Кўнгилларининг кўчаларидан… Алдаш эмиш… Нима қилай бўлмаса? Муроджон Халилович кичкина одам эмас, кимсан Фалончи Пистончиевичнинг тус жияни. Каттакон тоғанинг эса бағри кенг: газета-журналда чиқишни ўлгудай яхши кўрадиган, китоб деса ўзини томдан ташлайдиган жиян сабаб ҳар йили бизга бирон минг дона атрофида обуна уюштириб беради. Йиллик!

Шундай одам ҳақида битта очерк нима экан, керак бўлса китоблар ёзамиз, чиқариб берамизам. Ахир, аслини олганда, шаҳар танловида бош совринни қўлга киритган намунали оилани тарғиб-ташвиқ қилиш бизнинг вазифамиз эмасми?! Оғзига кучи етмаганлар эса нима деса деяверишсин… Шунақа, опажон… Ана, ўзлари бизнинг журналимизга ҳаттоки обуна бўлмаган эканлар-у, яна осмондан келишларини. Уялиш керак…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − four =