Қўшни
Улуғ ва саодатли кунлар арафасида қўшни ва қўшничилик амаллари ҳақида сўз юритмоқни ният қилдик. Негаки, қўшни ҳар бир инсон учун энг яқин киши, биродар. Халқимизда “Қўшнинг тинч — сен тинч”, “Узоқдаги қариндошдан, яқиндаги қўшни афзал”, деб бежиз айтишмаган.
Ислом дини қўшнининг ҳаққини улкан қилди. Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшнига яхшилик қилиш ҳақида шунақанги кўп гапирдиларки, ҳатто Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шариат қўшнини ҳам мерос оладиганлар қаторига қўшса керак, деб ўйладилар.
Муборак ҳадисда бу ҳақида шундай дейилган: “Жибрил менга қўшнига яхшилик қилиш ҳақида тўхтамай гапираверди, ҳатто мен “Қўшнини ҳам меросхўр қилса керак” деб ўйладим”. Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда қўшнига яхшилик қилиш ҳақида кўплаб оятлар келган.
Хўш, қўшнилар деб, фақатгина уйимизнинг ўнгу-сўли, орқа-ю олдига яқин турган уйларга айтамизми?! Аслида ҳам, қўшни ким? Қўшни – сизга ёндош бўлгани, уйи уйингизга туташганидир. У мусулмон бўладими ёки кофир бўладими, сизга уйи туташган бўлса, қўшни ҳисобланади. Қўшничиликнинг чегараси ҳақида уламолар турли гапларни айтганлар. Урфга кўра, бир маҳаллада яшаётган кишилар ўзларига қанча хонадонни қўшни деб билсалар, шулар қўшни ҳисобланади.
Дарҳақиқат, муқаддас ислом динида яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиб келинади ва бу борада кўплаб ривоятлар ворид бўлган. Агар эътибор кўзи билан қарайдиган бўлсак, ҳаётимиз давомида аччиқ-ширин, яхши ва ёмон кунимизда ёнимизда турадиган, доимо қўллаб-қувватлаб, ўзларининг қимматли, меҳрга тўла илиқ тавсия ва ўгитларини ҳам аямайдиганлар, айнан мана шу жонажон яқин қўшниларимиз бўладилар.
Қуръони Каримда қўшниларга яхшилик қилиш ҳақида кўплаб оятлар бор. Аллоҳ таоло ўз Каломида марҳамат қилиб шундай деган: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” (Нисо, 36).
Ушбу оятда қўшни мўмин ёки кофир деб ажратилмаган. Шунинг учун муфассирлар кофир қўшнига ҳам яхшилик қилиш лозим, дейдилар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қўшнига яхшилик қилиш, уни икром қилишга қандай ундаганларига назар солинг! У зот: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, банда, то ўзига яхши кўрган нарсани қўшнисига ҳам яхши кўриб, раво кўрмагунча комил мўмин бўлмайди” деганлар.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга қўшниларга яхшилик кўрсатишда энг катта ўрнак эдилар, агарчи ўша қўшни зулм қилса ҳам. Ривоятларда келадики, Набийимиз алайҳиссаломнинг мушрик бўлган амакилари бор эди. Амакиларининг исми Абу Лаҳаб, аёлининг исми эса Уммул Жамийл бўлиб, улар Набий алайҳиссаломга қўшни эдилар. Бу икки эр-хотиннинг Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга адоватлари ниҳоятда катта бўлиб, қўллари, тиллари ила ҳазратимиз алайҳиссаломга кўп озорлар етказишар эди. Жумладан, уйларидаги чиқиндию-ахлатлар, тиканли ўт-ўланларни тўплаб Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳужраи саодатлари олдига тўкиб кетишар эди. Шундай бўлсада, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларидан индамай чиқиб, ахлатларни йиғиштириб олар эдилар. Уларнинг зулмларига қарши жавоб қайтармас, балки мулойим бўлар эдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Аллоҳнинг Расули! Фалон аёл кечаси намоз ўқийди, кундузи рўза тутади, тилида қўшнисига озор берадиган нарса бор” дейилганда, у зот алайҳиссалом: “У аёлда яхшилик йўқ. У аёл дўзахдадир” деганлар. Бошқа бир ҳадисда: “Ёмонликларидан қўшниси омонда бўлмаган киши жаннатга кирмайди” деганлар.
Яна бир ривоятларда келадики, Ҳабибимиз алайҳиссаломнинг яҳудий аёл қўшнилари бўлар эди. У аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қачонки уйларидан масжидга чиқмоқчи бўлсалар, деразасидан ахлатларини ташлаб озор етказар эди.
Кунлардан бир куни у аёлдан дарак бўлмай қолди, табиийки аввалги ишларини қилмай қўйди. Шунда, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига у аёлдан хабар олиб келишга буюрдилар. Қачонки у аёлнинг бетоб эканлигидан хабар топгач, дарҳол қўшниларига энг яхши дори-дармонларни олиб бориб беришга буюрдилар.
Чунки Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилган: “Сиз (улар қилаётган) ёмонликни гўзал (сўзлар) билан даф этинг!” (Муъминун, 96). Яна бир оятда Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилган: “Албатта, кимки (азиятларга) сабр қилса ва (Аллоҳ учун) кечириб юборса, албатта, бу пухта ишлардандир” (Шўро, 43).
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан қуйидаги гап ривоят қилинган: “Яхши қўшничилик озор беришдан тийилиш эмас, балки, яхши қўшничилик озорга сабр қилишдир”.
Шундай экан, ҳар биримиз қўшниларимиз билан бўлган ўзаро муносабатларимиз ҳақида ўйлаб кўришимиз зарур. Хўш, биз қўшниларимизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатганларидек муомала қилаяпмизми?! Уларнинг биздаги ҳақларига қанчалик эътиборлимиз? Ваҳоланки ҳадиси шарифларда: “Ён қўшниси очлигини била туриб, қорни тўқ ҳолда тунаган киши менга иймон келтирмабди” дейилган. Шу сабаб, келинг бугун ё эртадан эмас, балки ҳозирданоқ Набавий ўгитларга эргашган ҳолда қўшниларимиз билан яқин алоқаларимизни тиклайлик ва ўзаро меҳр-муҳаббат уммони узра бирга шўнғийлик! Ана шунда ислом динининг қўшничилик ҳақларига тўлақонли риоя қилган бўламиз.
Ҳусайн ЁДГОРОВ,
“Саййид Муҳйиддин махдум”
мадрасаси талабаси