Рамазон — эзгулик ва меҳр-оқибат ойи

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев куни кеча Муборак Рамазон ойи муносабати билан Ўзбекистон халқига табрик йўллади. Унда “Инсон қадри – улуғ” деган олижаноб тамойилдан келиб чиққан ҳолда, мазкур фазилатли ойда халқимиз манфаатларини таъминлаш, ёш авлодни билим-маърифат, яхши хулқ-одоб соҳиблари этиб тарбиялаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятимиз, эл-юртимиз ўртасида меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини янада мустаҳкамлаш сингари вазифалар алоҳида таъкидлангани бежиз эмас.

Дарҳақиқат, Рамазон эзгу амаллар, меҳр-мурувват, хайру саховат, покланиш ойидир. Саҳардан шомгача еб-ичишдан тийила олган одамда сабр-қаноат туйғуси ортади. Иродаси мустаҳкамланади. Иродали, сабр­­ли инсонлар хотиржам бўлишади. Хотиржам кишилар тилларини ғийбатдан, беҳуда гап-сўзлардан тия­­ди. Кўнгилларидан ҳасаду ғаразни, гина-кудуратни ҳайдайди. Одамларга эътиборли, раҳм-шафқатли бўлишга интилади. Шу сабабдан ҳам Рамазон ойи номига маърифат, мағфират, тинчлик, хотиржамлик, сабр ойи каби сифатлар қўшиб айтилади.

Ҳужжатул Ислом Имом Ғаззолий таърифича: “Рўза тутиш жон учун закот, бадан учун риёзат, яхшилик учун даъват, гуноҳлардан сақланиш”, демакдир. Исломнинг беш устунидан бири бўлмиш рўза туфайли ўзаро аҳиллик, тотувлик, бағрикенглик туйғулари жўш уради. Ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликка интилиш ортади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Рамазон рўзаси (фарз экани)ни тасдиқлаб, уни савоб умидида, Аллоҳ учун холис тутса, олдинги гуноҳлари кечирилади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Ҳадиси қудсийда эса бундай дейилади: Аллоҳ таоло: “Одам боласининг ҳамма иши ўзи учун, фақат рўза Мен учундир. Унинг савобини Ўзим билиб бераман”, деб марҳамат қилган (Имом Байҳақий ривояти).

Шу ўринда бир биродаримизнинг эътирофини келтириб ўтиш ўринли бўлса керак: “Рўзанинг фойдаси жуда кўп экан. Буни ўз ҳаётимда ҳис қилдим. Ибодат, тақво, соғлик, ҳатто одамлар билан бўладиган муомалада ҳам жуда манфаатли экан. Илгари иш битириш учун деб, ёлғон-яшиқни гапираверардим. Ихлос билан рўза тутган одам ёлғон гапиришга ботинолмай қолар экан. Ёлғон гапирмай қўйдим. Иш битириш пайти келганда “рўза оғиз билан ёлғон гапираманми?” деб тилимни тийдим”.

Муқаддас Қуръони каримнинг Бақара сураси 185-оятида очиқ-ойдин баён қилинади: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жо­йида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир”.

Кўриниб турибдики, бу ойнинг ҳар дақиқаси ғанимат, инсонга бир фурсатдир.

Айтиш жоизки, Рамазонда садақа ва хайр-эҳсонларнинг савоби янада ортади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ойда ҳар доимгидан кўпроқ саховат қилганлар. Шу боисдан ҳам аҳли мусулмонлар закотини шу ойда адо этишга одатланишган. Яна бу ойда банда олий фазилатлардан бўлмиш сабрни ўрганади. Нафсининг ҳар хил истакларига сабр қилади. Шу боис бу ойни “сабр ойи” ҳам деб атайдилар. Ана шундай чиройли сабр-қаноат, улуғ савоблар, эзгу амаллар, бағрикенглик ойи барчамизга қутлуғ бўлсин!

Фарҳод ЖЎРАЕВ,

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ўқитувчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven − ten =