“Ўт қўювчилар” ким?

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Баҳодир Йўлдошев номидаги “Дийдор” театр-студиясида навбатдаги янги спектакль премьераси бўлиб ўтди. Тожикистонлик атоқли режиссёр Барзу Абдураззоқов швециялик адиб Макс Фришнинг “Бидерман ва ўт ёқувчилар” пьесаси асосида “Ўт қўювчилар” спектаклини тақдим этди. Спектакль бадиий раҳбари – Бобур Йўлдошев, адабий маслаҳатчи – Нигора Умарова, рассом – Доно Ғаниева, либослар бўйича рассом – Севара Зуннунова, режиссёр ёрдамчиси – Саломат Зарифбоев, чироқлар бўйича рассом – Ҳусанбой Мамашарипов.

 

Инсон ўзинг, инсон ўзинг!

Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг ушбу сатри бутун аҳли башар учун огоҳлик қўнғироғи бўлиб жаранглаб турибди. Инсоннинг бошига келувчи барча кўнгилсизликлар ҳам, қувончли онларнинг ҳаммаси ҳам ўз қўли билан келади…

Спектакль воқеалари домла (Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фарҳод Абдуллаев талқинида)нинг хонадонида бошланади. У газеталар ўқийди. Матбуот шаҳардаги кўплаб хонадонларга ўт кетаётгани, ёнғин бутун шаҳарни қоп­лаб бораётгани, ўт қўювчилар кимлиги тўғрисидаги мақолалар билан тўлиб-тошганди. Шу пайт бир девона (актёр Жўрабек Арзиев) домланинг эшигини қоқади. У домладан аввал егулик, сўнг бошпана сўрайди. Девона Абду домланинг уйига яхшилаб ўрнашиб олгач, унинг (жиноий) шериги Адолат (артист Юлдуз Ражабова) ҳам пайдо бўлади.

Домланинг рафиқаси Клара (артист Ирода Қосимова)нинг оҳ-воҳи сунъий ваҳимадек бостирилаверади, бостирилаверади. Хуллас, оиланинг дўстига айланиб олган Абду ва Адо домланинг уйи кулини кўкка совуради. Энг қизиғи, уларнинг қўлига гугуртни домла ўз қўллари билан топширишида.

— Ўзбекистонда иммерсив театр борми? – дей­ди журналист ва педагог Беруний Алимов. – Ҳозирги ахборот тўфонлари, айниқса, фейк янгилик­лар жамиятни ич-ичидан ёндириб, кул қилаётган оловга ўхшайди. Энг ачинарлиси, одамларнинг ўзлари ана шу ўт қўювчиларни ҳеч иккиланмасдан ўз уйларига чақиришади. Ҳатто, бошларига кўтариб меҳмон қилишади, чексиз эҳтиром кўрсатишади. Ваҳоланки, халқ, хусусан, бош қаҳрамон – домла (Фарҳод Абдуллаев) ва унинг уйидагилари, яъни танноз қизи ва жингалак сочли хотини ҳам шаҳардаги хонадонларга бирма-бир ўт кета бошлаганини жуда яхши билишади. Нимага шундай? Нима учун домла ва унинг уйидагилари бу қадар бефарқ? Бу билан спектакль ижодкорлари бизга ойна тутишмаяптими? Қай аҳволга келиб қолганимизни очиқчасига кўрсатиш, юзимизга аямасдан шапати уриш шартми? Тўғриси, бу сафар саҳна асарини томоша қилмадик, балки унинг ичида бевосита яшадик.

Газета керак! Газетани мунтазам ўқиб бориш ҳодисаларга тўғри ташхис қўйиш ва воқеликларни холис таҳлил қилишга ўргатади. Умуман, ахборотларни доимий кузатиб бориш шунинг учун керак, назаримизда.

Домланинг қўлида газета бор эди. У ҳамма-ҳаммасидан воқиф эди. Лекин тўғри хулоса чиқариш, оқни қорадан ва қорани оқдан ажратишга келганда у ожиз қолди. Эҳтимол, ҳаммамиз ҳам шундай бўлсак керак. Балки ўзимизга бу сезилмас. Ахир, спектакль аввалида “Биз сизларга кўзгу тутамиз” деб бекорга айтилмаганди.

Олов ҳамиша ҳам ёниб турган. Унинг тафти гоҳ юракларга оташин ишқ солса, гоҳ куйдиради; баъзан ботинан, баъзан зоҳиран олов бизни таъқиб этади. Лекин бу жараён доимий давом этувчи ҳолат. Инсоннинг умри олов билан ёнма-ён, қадамма-қадам кечса, не ажаб? Муҳими, интиҳонинг оловсиз бўлиши. Спектаклда Солиқ (Анвар Ҳамроқулов) Парвардигори оламга илтижо қилиб, нур сўрайди: қалбига, йўлига, ниятига, дунё­сига. Нурнинг манбаи эса олов…

Қўлимиздаги газета — ўтқич, ўзимиз эса ўзимизга ўт қўювчи бўлиб қолмаслигимиз керак!

— “Ўт қўювчилар” спектакли ҳақида узоқ гапириш мумкин ва айтилган фикр-таассуротлар албатта, субъектив. Бу саҳна ижодини ҳар ким ўзича талқин этади; буни спектакль давомида томошабинларнинг турлича реакцияларидан ҳам билса бўлади. Театр саҳнаси юморли эпизодларга бой. Кўпчилик шундай пайтлари кулди, лекин бу саҳналар ҳам менга бошқача таъсир қилди. Кулганлар кўпчилик эди, бундан мен ҳафсалам пир бўлиб, ҳайратландим ҳам. Одамда ички туғёнга қарши кучсизликдан туғиладиган реакция бўладику, мен айнан шу туйғуни ҳис қилдим. Образлар орқали кўрсатилган сатира-юмор худди муаммо олдидаги ожизона истерик кулгудай, таслим реакциясидек гўё – бу эса ҳолатни янада аянчлилигини бўрттириб кўрсатгандек… Умуман, спектаклдан олган таассуротларимни тўлалигича баён қилишга кучим етмаяпти… Уни ҳар ким ўз кўзи билан кўриб, ҳис қилиши керак. Масалан, мен спектаклдан бўғзимда ҳазм қилолмайдиган алам билан, жуда оғир бўлиб чиқдим. Лекин санъат ошёнидан кўпчилик хурсанд ва кўтаринки кайфият билан чиққанини ҳам кўрдим… Лекин хулоса ҳар бир одамнинг ўзида, “ўт қўювчилар”ни уй-онгига киргазмаслик қанчалик қийин бўлмасин, нима бўлганда ҳам, тақдир йўли ўзимизнинг қўлимизда… – дейди Жалолиддин Саъдинов. – Актёрлар маҳоратига тўхталиб ўтмоқчиман. Ким агар ўзбек актёрлари истеъдодига шубҳа қилса, “Ўт қўювчилар” спектаклига, борингки, “Дийдор” уюштираётган бир спек­таклга тушиб кўрсин! Шахсан ўзимнинг бу борадаги фикрларим тубдан ўзгариб кетди. Тасанно!

Ҳа, ажойиб ва ноёб спектакль тақдимоти манзур бўлди, соҳа мутахассислари ва “Дийдор”чи томошабинлар томонидан ҳам илиқ кутиб олинди. Уларнинг барчаси “ўт қўювчилар одамнинг ўзи бўлиб қолмаслиги”ни истаганча театрни тарк этишди. Премьерадан сўнг кўп вақт ўтмаган эса-да, янги саҳна асари театр репертуаридан томошабинбоп спектаклга айланишга улгурди.

Отабек ИСРОИЛОВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 3 =