“Умид” манзур бўлди

Ўзбекистон давлат драма театрига Бакен Кидикеева номидаги Қирғиз давлат Ёш томошабинлар ва ўсмирлар театри жамоаси ташриф буюрди.

Қардош халқнинг театр ижодкорлари қирғиз драматурги Кайрат Иманалиевнинг “Умид” номли моноспектаклини пойтахтимиз томоша санъати  ихлосмандлари эътиборига ҳавола этди.

Бир актёр томошаси сифатида намойиш этилган ушбу спектаклда муштипар онанинг урушга кетиб қайт­маган фарзандлари дийдорини кўришдек орзу-армонлари ғоят таъсирчан, ҳаяжонли, табиий тарзда очиб берилган.

Ёлғиз қолган она баъзан ўғилларининг болалигини эслаб ширин хотиралар қуршовида қолса, гоҳи фарзанд соғинчидан қалби чексиз изтиробга, кўзлари ёшларга тўлади. Фақатгина фарзандларини яна бир бор кўришдек умид мушфиқ онага тасалли, яшаш учун куч-қувват беради.

Мазкур спектакль режиссёр Уланмирза Карипбаев томонидан саҳналаштирилган. Бош ролни Қирғизистон халқ артисти Назира Мамбетова ижро этган. Тинч-осуда, хотиржам кунлар, соғлиқ, омонлик, бағрибутунликнинг қадрига етишга чорловчи ушбу спектакль ўзбек томошабинларига ғоят манзур бўлди.

Н.Усмонова,

 ЎзА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten + 12 =