Тасбиҳ ҳикмати

Тасбиҳни кекса отахон ва онахонларимизнинг   қўлларида кўп бора кўрганмиз. Лекин унинг тарихи ва тасбиҳ нега ўгирилиши ҳақида ҳамма ҳам билмаса керак. Яқинда тасбиҳнинг тарихи ҳақида дин вакилларидан бирининг нима дегани ҳақида ўқиб   қолдим.

Ҳозирда мўмин-мусулмонлар ичида мазҳабга қарши бўлишга ва баъзи бир амалларни бидъат-хурофотга чиқаришга ишқибоз бўлган кишилар тасбиҳ ўгириш бидъатдир, бу ишни Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаганлар, деган маънодаги гапларни тарқатиб, мўмин-мусулмонларнинг хаёлларини паришон қилиб, ихтилофлар, тушунмовчиликлар келиб чиқишига сабаб бўлганлар.

 Лекин мужтаҳид уламоларимиз тасбиҳни тутиш жоизлиги ва ундан фойдаланиш мумкинлигини айнан Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилинган ривоятдан олганлар. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир аёлнинг олдига данаклар ёки майда тошларни тўплаб, ўшалар ила тасбиҳ айтаётганига гувоҳ бўлганлар. Шунда Тасбиҳ тутиш ҳақида латиф бир жуз ёзиб, уни “Ийқодул масобийҳ, лимашруиати иттиҳозил масобийҳ”, яъни тасбиҳ тутишнинг шаръий экани ҳақида ёқилган чироқ деб номладим, деганлар. Ушбу ҳадисда зикрни кўп такрорлаш ва уни қўлдан бошқа нарса билан ҳам санаш мумкинлигига далил бор. Худди шу маънони англатиш учун машҳур муҳаддис имом Абу Довуд ўз китобида “майда тош билан тасбиҳ айтиш” бобини очган ва ушбу биз ўрганаётган ҳадисни келтирган. Маълум бир ададдаги данак ёки думалоқ нарсаларни ипга тизиб ясаладиган, араблар “субҳа” деб номлаган нарса пайдо бўлган. Бизда эса у “тасбиҳ”   деб аталади.

Ҳар гал тасбиҳ ўгираётган табаррук кексаларни кўрганимда, онажоним Хожарбиби мулла Қунназар қизи ҳам ёдимга тушади. Эсимни таниганманки, онамнинг намоздан сўнг ва   бошқа уй юмушларидан бўш пайтларида қўлларида тасбиҳ кўрардим. Мен бу ҳолатга кўникиб   қолганим учун ёшлигимда тасбиҳ нималиги, унинг нима учун ўгирилиши ҳақида онамдан сўрамасдим. Бир куни: “Онажон, тасбиҳ ўзи нега ўгирилади, бу тасбиҳ доналарини қаердан оласиз, шунақа мунчоқлар сотиладими?”, деган саволларни берганимда “Сен ҳеч бу ҳақда сўрамасдинг, мана энди пайти келди”, деб мени ёнига ўтқазиб, аввал нима учун тасбиҳ ўгиришнинг савобини соддагина   қилиб тушунтириб бергандилар, сўнгра ҳовлидаги гулзорнинг четида ўсиб турган бир ўсимликнинг олдига етаклаб бориб, “мана шу тасбиҳ ўсимлиги бўлади, узоқ йиллари уни уйга садақа сўраб келган бир дарвишнамо кекса киши — гадо бериб кетган” дедилар. Ўшанда гадо “Қизим, намоз ўқийсанми, тасбиҳинг борми” деб сўраган экан. Онам “Ҳа, ўқийман отам Зоминда катта мулла бўлганлар, биз у пайтда   бола эдик, намозни ўрганмаганмиз. Мана, энди Аллоҳ дилимга солиб, ўқияпман, лекин тасбиҳим йўқ”, деганида ҳалиги киши бир нечта тасбиҳ доналарини бериб, “Буларни эрта баҳорда ҳовлининг бир чеккасига эк, у униб чиқиб, гуллаб мевалар солади. Шу меваларини ҳар йили териб олиб, санаб ипга тизиб тасбиҳ яса, агар қунт билан тизиб бораверсанг неча авлодингга етади. Бу табаррук неъмат, ўзинг ўстириб, тизсанг савоби катта бўлади”, деб онам берган нон ва пулни олиб, дуо қилиб кетган экан. Шу-шу онажоним ҳар йили томорқанинг бир четига ёки гулзор ичига тасбиҳ ўсимлигини экиб, ўстирадиган бўлганлар. Худди нўхатдек бўлиб мева тугадиган бу ўсимликни онам ҳатто гуллардан ҳам (онам аслида турли хил гулларни парваришлашни жуда суйганлар) аъло билиб, жуда авайлаб ўстириб, ҳар йили ҳосилини йиғиб олиб, битталаб артиб, тозалаб, ялтиратиб, бир идишга солардилар. Бўш пайтларида, айниқса, узун қиш кунларида пишиқ ипга тизиб, тасбиҳ ясардилар, яъни 33тадан санаб ўтказиб, орасига бир каттароқ мунчоқми, тугманими ўтказиб, белги қўйиб, 99 та бўлгач, ипак иплардан   чиройли попук тайёрлаб, тугиб, ишларини якунлардилар. Энг муҳими, тасбиҳларнинг бир нечтасини ўзига яқин тутган, иймон-эътиқодли, намозхон қўшни аёлларга, қариндошларга улашардилар. Биз — қизлари учун эса алоҳида атаб чиройли қилиб тизиб бергандилар. Яна бир нарса – табиий ўсадиган тасбиҳнинг худди мунчоқдек (мунчоқлар инсон томонидан ишлаб чиқарилади) ип ўтказиладиган табиий тешиги борлиги кишини ҳайратга солади.

Буни чин маънода мўъжиза дейиш мумкин.

Ёдимда, онажоним ёнимда   бўлсин деб, Гулистон шаҳрининг 1-мавзесидаги 30 йил яшаган қадрдон ҳовлисидан   2-мавзедаги кўп қаватли уйдаги хонадонга кўчириб келганимда мунисгинам ҳовлидаги ҳамма нарса – токлар, мевали дарахтлардан ҳам ўша тасбиҳларини кўзи қиймай, анча вақтгача ачиниб юргандилар. Онажоним 85 ёшида оламдан ўтдилар. Волидамнинг буюмлари орасида бир халтачада тизилмаган тасбиҳлар борлигини кейин кўрдим. Онажоним уларни кексайиб, кўзи ўтмай қолгани учун ипга тизмаган эканлар. Орадан анча йил ўтди. Ўз ташвишларим билан бўлиб ўша тасбиҳлар ёдимдан кўтарилибди. Яқинда онажонимнинг табаррук қўллари теккан ўша ҳали тизилмаган тасбиҳ доналарини топиб олдим. Халтачада чиройли   қилиб тизилган 2 та тайёр тасбиҳ ҳам бор эди. Уларни қайта-қайта ўпиб, кўзимга сурдим. Онажоним тирилиб келгандек эди назаримда. Шу тобда тасбиҳ ўгиришнинг савобли эканлиги билан бирга онамнинг табаррук қўли теккан бу буюмнинг доимо ёнимда эканлигидан таскин топиб, кўзимга ёш келди. Ҳар гал намоздан сўнг онам тизиб берган тасбиҳни қўлимга оларканман унинг доналарида онажонимнинг сийратини кўргандек бўламан. Қаерга саёҳат ва зиё­ратга бормай, оилам аъзолари, дугоналарим учун совғага тасбиҳ харид қиламан. Лекин ўзим фақат ўша табаррук тасбиҳни ўгираман. Айни Рамазон кунларида эса бу қадрли буюмни қайта-қайта қўлга оларканман, ҳар бир донаси ушбу покланиш ойининг фазилатлари, ҳислатларидан сўзлагандек бўлаверади.

Холида ПАРДАБОЕВА,

Ўзбекистонда хизмат

кўрсатган журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − 5 =