Инсон қадр-қиммати унинг гултожи

Ғафур Ғулом таваллудининг 120 йиллиги

 

Уни баралла ва бор овоз билан Шарқнинг буюк шоири дейишади. Шарққа ўз даврида азаматларча арслондай наъра тортарди   шеърий шавқу завқлари билан! Шунга яраша келбати, савлати, виқори, унча-мунча қиёс билан ўлчаб бўлмайдиган иқтидорининг қудрати бор эди. Ғафур Ғулом яйраб-яшнаб куйлаган, кенг миқёсда ижод қилган ХХ асрда собиқ Совет Иттифоқи империясини Ернинг олтидан бири деб аташарди. Унинг бепоёнлиги, иккита даҳшатли ва ваҳшатли жаҳон урушида қатнашганлиги, миллионлаб-миллионлаб одамларнинг ҳаётини бегуноҳ қуритганлиги. Тинимсиз экспериментларда жуда кўп халқларнинг толеларини барбод қилганлиги, дунёни ўзининг термоядро қуроллари билан доимо таҳдид ва хавф-хатарга солиб туриши – уни Ер юзида қўрқинч ва сиғиниш манбаига айлантирган эди.

Ғафур Ғулом мана шу машъум империяда яшаб, ижод қилиб ўзини бениҳоя бахтли инсон деб сезар, мислсиз фахрланар, ҳар бир сатрини фахрланиш ва мислсиз ғурур туйғулари билан тўлдирарди. Унинг овози ўша пайтларда Клайпедадан тортиб Сахалинларга етиб борар, собиқ советлар мамлакатининг жанговар шоири деб тан олинарди. Унинг асарларида ҳар бир сўзи мана шу поёнсиз маконларнинг шукуҳларига тўла бўлар ва тинмай ўз нав­батида ижтимоий-сиёсий шукуҳ яратарди. У якка эмас эди. Совет империяси ўз маконлари ва ҳатто узоқ-узоқ хорижларда ҳам шундай шоирларни ўз сиёсий доираларига тортган, улар доим социа­лизмнинг жаҳонга ғолибона юриши ва бутун дунё миқёсида ғалабаси ҳақида тинмай- тўхтамай конференциялар ўтказар эдилар. Социализм – уларга беҳад жозибали туюларди. Бундай улуғ халқаро анжуманларда Ғафур Ғулом ҳамиша ўз сўзи ва ўз минбарига, таъсир доирасига эга эди. Мартин Андерсен Некседан тортиб Пабло Нерудагача, Лоҳутийдан тортиб Нозим Ҳикматгача – ўрталарида абадий қон-қардошлик туйғулари энг олий оҳангларда ифодаланар эди. Ғафур Ғулом дунё адабиётлари миқёсларига чиққан ва ўзини уларда ғоятда табиий ва улуғ юрт фарзандига хос муносиб тутарди. Аммо ватандошлари – ХХ аср ўзбеклари Ғафур Ғуломнинг буюклигини қандай тушунар ва буни нималарда кўрардилар? Буюклик – унинг Ўзбекистон, ХХ аср ўзбек халқи – ХХ аср инсони қадр-қимматини энг юксак пардаларда куйлаганида намоён бўларди. Мана шу инсон қадр-қимматини энг юксак пардаларда куйлагани учун ҳам ҳозир ҳам – Янги Ўзбекистон одамлари учун ХХI асрнинг 23-йилларига келиб ҳам у – ватанимизнинг буюк шоири – ҳар биримизнинг қадрли ижодкоримиз, ватан тупроғи зарраларини толе дастуримизга жо қилолган шоир каби эъзозли. Унинг инсоннинг энг юксак қадр-қиммати куйланган асарлари шеъриятимизнинг ўлмас шоҳ байтларидир. Миллионлаб ўзбекларнинг юрак­ларига бир умрга жо бўлган ва ҳозир ҳам давраларда севилиб ўқилиб турган ўша ҳаммамизга нондек азиз сатрларни гарчи ҳаммага таниш бўлса ҳам, бу ўринда эсламай сира иложимиз йўқ:

Азиз асримизнинг азиз онлари,

Азиз одамлардан сўрайди қадрин.

Фурсат ғаниматдир шоҳ сатрлар-ла,

Безамоқ чоғидир умр дафтарин.

Ҳаммамизни ўзига жамулжам қилмаганми бу сатр­лар, ҳаммамизни бизга ўзбек эканлигимизни ва ўзбек қачон бўлмасин азизлик мақомларида яшамоғи, ватанини юксалтирмоғи, унга хизмати том билан жавоб бермоқлигини ҳар дамда эслатиб турмайдими бу ёмби олтин каби сатрлар. Улар — бугун тирик! Ҳамон ва бундан кейин ҳам озодлик, мус­тақиллик хизматида бўлажак. Биз бугун ва эртага буни эсимиздан чиқарсак, ўзимизни эсдан чиқарган, муқаддас манбалардан баҳра олмай қолган бўламиз.Бундай ўлмас шоҳ сатрлар “Турксиб йўлларида”, “Яловбардорликка”, “Мен Яҳудий”, “Сен етим эмассан”, “ВАҚТ”, “Соғиниш”, “БУГУН ЧИН АРАФА”, “Аввал Ўқи”. “Йигитларга”, “Бари сеники”, “Кузатиш”, “Чаман” ва яна қанчадан-қанча забаржад жонбахш сатрлар ва яна гўзал наср намуналари “Ёдгор”, “Нетай”, “Тирик мурда”, ”Шум бола”, “Ҳасан Кайфий”, “Афанди ўлмайдиган бўлди” – дарё каби донишманд наср Ғафур Ғулом ижодида турфа оҳангдорликлар билан оқиб ётади. Шоҳ асарлар булар! Замонлардан замонларга ўз қудратли бадиияти билан етиб боражак! Яна ҳеч эсдан чиқармайликки, булар адабиётимизда қанчалар авлодлар, қанчалар талантларни тарбиялади, уларни ватан, унинг туп­роғи, келажагидан фахрланишга, ватандан илҳом олиб яшаш ва ижодкорликка ўргатди, бошлаб, етак­лаб борди.

Ғафур Ғулом фавқулодда етимпарвар одам эди. У инсонпарвар, маърифатли, адабиёт ва санъат шайдоси бўлган оилада тарбияланган эди.У кўп айрилиқларни бошидан кечирди. Ота-онадан эрта жудо бўлди. Мадрасалар, эски мактаблар, янги замонда ўқитувчилар курсларида ўқиб даврининг энг жонкуяр муаллимлари, журналистлари, ташкилотчиларидан бўлиб етишди. Босмахоналарда ҳарф терувчилик қилиб укаларини ўқитди. Етимпарварлик — инсонпарварликнинг энг юксак даражаси бўлса керак. Ғафур Ғулом ҳали ўн саккизга кирмасдан илк бошланғич мактаблар, етимхоналарда тарбиячи, муаллим бўлди. Юраги эзилган, хўрланган, ёлғиз азоблар гирдобида қолган болаларни бутун меҳри, ақл қувватини бериб тарбиялади: уларнинг мурғак маъсум қалбларида ишонч, ирода уйғотди. Мен “Сен етим эмассан” ёзилган 43-йилларни эслайман. Болалик назаримизда бутун дунё­ни, юртимизни етимлар босгандек эди. Тошкентнинг Иккинчи Оҳангузаридан шимолга — бизнинг Тешик-қопқоқ, Чуқурсой, Қорасарой, Қумлоқ, Чувалачи, Тахтапул томонларга тикка тор йўл тушган, йўлнинг икки четида етимхоналар, қадим мозорлар, мактабхоналар, патиллаб ишлайдиган тегирмонлар бўларди. Йўл Калковуз кўпригидан ўтиб тўғри бизниг Тешик-қопқоқ бозорлари ва талай етимхоналарга етиб келарди. Катта боғларда уруш етимлари учун ётоқлар, мактаблар ташкил этилганди. Бир куни маҳаллада кўчада ариқда чўмилаётсак, Чувалачи томондан уч қатор бўлиб юзлаб етим болалар саф тортиб кела бошлади. Уларнинг бошлари тақир қирилган, ёд суртилган, эгниларида енги калта оқ кўйлак ва оқ калта шимча кийган эдилар. Улар ёнида сафларга қараб баланд барваста бўйли бошига новвотранг юлдузчали пилотка кийган Ғафур Ғулом ҳам борар, у саккиз яшар чамаси бир украин боланинг бошига чап қўлини қўйган, кўзларидан дув-дув ёш ёғиларди. Ҳалиги бола эса: “Шо дида, плачешь. Ал голодний? Потерпи, сейчас приедем в сад, тебе урюки дадим”, дерди ширин бир тилда. Ғафур Ғулом эса бунга сари ҳўнграб юборай деб йиғларди. Ҳовлимизда қора радио карнай ўрнатилган бўлиб ундан биз Ғафур Ғуломнинг “Сен етим эмассан” шеърини ўзи ўкиригини босолмай ўқиганларини бир неча марталаб эшитган эдик. Биз ҳам, оналаримиз, опаларимиз йиғлашардик. Шунчалар таъсирчан одамий сўзлар эди. Ғафур Ғулом ижодида етимпарварлик, инсонпарварлик бир умр тўхтамай давом этган теран мавзулардан бири. Бу Ғафур Ғуломни бошқа ҳамма шоирлардан ажратиб турарди.

Ғафур Ғуломнинг бошқа яна бош фазилатларидан бири – бу унинг фавқулодда қизиқ одам эканлиги эди. Худди Қодирий, Ҳамза, Сўфизода, Ҳамид Олимжон каби. Унинг бу фавқулодда хусу­сияти барча насрий, шеърий асарларида тўла намоён бўлади. “Шум бола”, “Ҳасан Кайфий” эса қизиқликнинг тамомила чўққиси. Бошқа асарлари ҳам кам эмас. Мен унинг барча шоҳ назмий асарларидаги патетика, гўзалдан гўзал муболағалар, жон олгучи шеърий санъатлар бари унинг талантининг шу ажойиб қизиқ йўналишидан куч-қувват ва илҳом олади, деб ўйлаб юраман. Барча шеър­ларидаги оламшумул патетикани мен шу шоирнинг табиатан юксак даражадаги қизиқлигидан ва шу билан боғланган деб биламан. Зеро, патетика ифрот (ортиқ) даражадаги ёрқин қизиқликдир. Бунинг жаҳон адабиётидаги даҳолари Шекспир ва Вольтердир. Ғафур Ғулом эса бу донишмандларни жуда севиб ўқирди: яна Марк Твенни. Гапим исботсиз қолмасин деб унинг ўзидан иккита мисол келтирмоқчиман.

Ғафур Ғулом 1937 йил 31 августдаги саккиз кун давом этган пленум,да нутқ сўзлаган. Бу нутқ биринчи марта шоирнинг Мукаммал Асарлар тўпламининг ХII томига киритилган. Қаттол, қаҳри қаттиқ замонлардан бир нишона. Мажлисда “троцкийчи-бухаринчи халқ душманлари, миллатчи, аксилинқилобчиларга қарши кураш” деган ўта уйдирма масала қўйилган. Ёзувчилар мажлиси эмас, ағдар-тўнтар, қирпичоқ. Мажлисда Ғафур Ғуломнинг шаънига ҳам бир қанча айблар ёғдирилган. Ғафур Ғулом ушбу кўп одамлар тақдири ҳал бўлаётган машъум мажлисни тамомила кулгига айлантиради. Болаларча қилиқлар, болаларча баҳона сабаблар топади ўз айбларига. Чунончи 34 яшар Ўзбекистоннинг етук адиби ва шоири ўзини турли миллатчилар ғараз ният билан ичирганларини иддао қилади. Мажлис аҳли қотиб-қотиб кулади. “Шундай ичиб юришлигимни кўрган Жулқунбой ва бошқа миллатчилар бўлсин, мендан фойдаланди, чунки мен ҳаммаларингизга маълумки, жуда ҳам ичкиликка берилган эдим”… (ХII том). Ғафур Ғулом эса бу пайтларда “Тошкент”, “Боғ”, “Чаман”, “Бари сеники” деган гўзал мундарижали шеърларини ёзиб донг таратган эди. Ўзининг ўша пайтлар эркаланиб ичкиликка берилганини гўёки “миллатчилар”дан кўргани ва уларни балогардон қилишга урингани Ғафур Ғулом патетикаси ва муболағадор тафаккур усулининг кулгили салбий томонларидан бири эди. Иккинчи мисол ҳам қизиқ: Қозоқ ёзувчиси Қувондиқ Шанғитбоевнинг 1963 йилда “Правда Востока” газетасида бир хати босилади. Ғафур Ғуломнинг шу хатга жавобан Совет Ўзбекистонининг социалистик ютуқлари ҳақида жавоб хати эълон қилинади. Ғафур Ғулом бу хатида қизиқ бир усул қўллайди. Қувондиқ укам, сенга битта Ғафур Ғуломнинг ўзи эмас, балки менинг шеърхонамда суратлари қатор тизилиб турган жаҳон айвонида танилган дўстларим – Маяковский, Горький, Самад Вурғун, Берди Кербобоев, Комил Яшин, Павло Тичина, Александр Твардовский сингари қардошларим ҳам бирга қалам тебратиб ёзмоқдамиз. Улар менинг гапларимни тасдиқлаб қўллаб-қувватламоқдалар деб жаҳон адабиёти намояндаларини ҳам ўз хат ёзиш жараёнига тортади. Албатта, бу билан улуғ яратувчилик ва тинимсиз ижод жараёнларида Ғафур Ғулом бу каби дўстлари билан доим ҳамнафас, ҳамдард, сафбаста бўлганлигини кўрсатади. Ғафур Ғулом ўз фаолиятида шундай оламшумул патетик ҳодисаларни ғоятда севар ва бу ҳодисаларни ижодининг пафосига айлантирарди.

Тарихни бўяб бўлмайди, уни бошқача қилишнинг ҳам иложи йўқ. Бошқача қиламан деганлар оламаро кулги ва ҳажвга қолмоқдалар. Ғафур Ғуломнинг барча улуғвор томирлари Ер юзига, жонажон Ўзбекистонимизга теран сингиб чирмашиб кетган. У истиқлол ислоҳотчилари, келажак парвозларга отланган миллионлаб ёшларимиз билан биргадир.

Тарихий шахс, унинг фаолияти, илмий, адабий-бадиий ижодиётини ҳеч қачон даврдан, у яшаган вақтдан, муҳит ва макондан асло ажратиб бўлмайди. Бизнинг бу мақоладан кузатган мақсадимиз шу ҳақда бўлди. Ўтганларнинг руҳи шод ва тинч бўлсин.

Иброҳим ҒАФУРОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 3 =