Жавоб: “Таълимдан ўзга нажот йўқ!”

Газетамизнинг шу йил 19 апрель (15-сон) сонида педагог Завқибек Маҳмудовнинг юқоридаги сарлавҳали мақоласи эълон қилинган эди. Унда соҳа ривожини таъминлаш ва таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича кўплаб аниқ таклиф ва мулоҳазалар билдирилганди.

Қуйида ушбу мақола юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ахборот хизматининг таҳририятимизга йўллаган узундан-узоқ жавобга ўхшаш баённомасини жузъий қисқартиришлар билан эълон қиляпмиз.

 

“Таълимдан ўзга нажот йўқ” сарлавҳали мақолада билдирилган соҳага доир фикрлар ва таклифлар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди.

Мақола муаллифи томонидан юртимиз мактаб таълимидаги муҳим жиҳатлар, хусусан, таълим сифатини ошириш, ўқитувчиларнинг педагогик фао­лиятига кўмак берувчи, ўқув масканларидаги тар­биявий муҳитни янада яхшилашга хизмат қилувчи фикрлар ўртага ташланган.

Жумладан, “Педагог ходимнинг мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасининг қабул қилинишига доир фикрларга жавобан айтиш лозимки, ушбу ҳуқуқий ҳужжат ўтган вақт давомида таълим соҳаси мутахассислари томонидан берилган тавсиялар асосида янада такомиллаштирилди.

Педагог ходим мақомини белгилаш, уларнинг обрўсини янада кўтариш, шаъни ва қадр қимматини ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳаси Ўзбекис­тон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим қилинган бўлиб, жорий йилнинг 2 май куни Қонунчилик палатаси ялпи йиғилишида қонун лойиҳаси 1-ўқишда қабул қилинди, ҳозирда ло­йиҳани 2-ўқишда кўриб чиқиш учун қўмита ва фракцияларда муҳокама қилиш жараёнлари кетаётганидан хабардормиз.

Мактаблар ва ота-оналар ўртасидаги ҳамкорлик ишлари, ўқувчиларнинг бўш вақтларини назорат қилиш, таълим масканларидаги тадбирларни ўтказилишига доир қуйидагиларни маълум қиламиз.

Қайд этиб ўтиш жоизки, мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактаблари ва ота-она (васий)лар ўртасида ўзаро доимий ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.

Хусусан, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари билан биргаликда намунали ҳамкорлик қилиб келаётган ота-оналарга таълим муассасаларининг “Миннатдорчилик хати” тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилди.

Шунингдек, “Умумий ўрта таълим муассасаларининг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидалари” янги таҳрирда қабул қилиниб амалиётга татбиқ этилди. Ушбу қоидаларга асосан, ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши, унинг тарбиясини шакллантиришда ота-оналар ва ўқитувчиларнинг муҳим вазифа ва бурчлари белгилаб қўйилган.

Мазкур қоидалар мамлакатимиздаги 500 мингдан зиёд педагог ходимлар ҳамда 6 млн. 400 мингдан ортиқ ўқувчиларнинг ота-оналарига бевосита таништириб чиқилди.

Муаллиф болаларнинг мактабдан ташқари вақтларидаги бўш вақтларини қай даражада ўтказиш­лари, бу вақтда улар томонидан содир этилган маъмурий ёки жиноий ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари хусусида ҳам фикр билдирган.

Ўтган вақт давомида бу муаммоли вазиятларга ечим топиш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги ПҚ-5050-сон қарорига мувофиқ, туман, шаҳар ички ишлар органлари таркибида 2 000 та штат бирликларидан иборат вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психолог (кейинги ўринларда — инспектор-психолог) лавозимларини жорий этиш ҳамда уларнинг бевосита хизмат ўташ жойи этиб умумий ўрта таълим муассасалари белгиланган.

Ушбу инспектор-психологлар зиммасига ўқувчиларнинг турли жиноят кўчаларига кириб қолишини олдини олиш баробарида, ҳар бир ўқувчи кесимида умумий ўрта таълим муассасаларида психологик муҳитни яхшилаш, вояга етмаганлар орасида қонунбузилишларга муросасиз муносабатда бўлиш ҳиссини шакллантириш, муаммоли ўқувчилар билан уларнинг яшаш жойларида ота-оналари иштирокида манзилли ишлаш вазифаларини юклатилган.

Қайд этиш лозимки, мактабларда ўтказиладиган маънавий-маърифий, спорт, ватанпарварлик ва турли тадбирлар вазирликнинг тегишли қарор, буйруқлари ёки иш-режалари билан тасдиқланади.

Бундан ташқари, ҳудудий ҳокимликлар, маънавият ва маърифат бўлимлари ва бошқа ташкилотлар ташаббуси билан ҳам режага киритилмаган тадбирлар ўтказилиши мумкин. Мазкур турдаги тадбирларга ўқитувчи ёки ўқувчиларни мажбуран жалб этилишига йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддасига таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлишини белгиловчи норма киритилди.

Сўнгги йилларда юридик хизмат кўрсатиладиган умумтаълим мактабларининг марказларга юбориладиган ҳужжатлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва қабул қилиш жараёнларини электрон шаклга ўтказувчи “Э-ҳуқуқшунос” электрон тизими яратилган бўлиб, бу иш юритувини тўлиқ рақамлаштириш ҳамда қоғозбозликка барҳам бериш мақсадида ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5168-сон қарори билан республиканинг барча туман ва шаҳарларида юридик хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилган бўлиб, марказлар юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларнинг фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаб, сифатли ва малакали юридик ёрдам кўрсатиб келмоқда.

Мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларининг алоҳида ҳуқуқшунос штати мавжуд эмаслиги, туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб бўлимлари юрист штати қисқартирилганлиги муносабати билан уларга марказлар томонидан бепул юридик хизмат кўрсатилади ҳамда шу билан уларнинг раҳбарияти томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг қонунийлиги таъминланмоқда.

Мактаб директорларини лавозимига тайинлаш тартиби ва шартлари хусусида эса қуйидагиларни маълум қиламиз:

Вазирликнинг 2022 йил 10 майдаги тегишли буйруғи асосида тасдиқланган “Умумий ўрта таълим муассасалари директори лавозимига номзодларни очиқ танлов асосида саралаб олиб тизимини йўлга қўйиш тўғрисида Низом”га кўра, мактаб директори лавозимига номзодлар камида бакалавр даражасидаги олий маълумотга эга, хорижий тиллардан бирининг бошланғич босқичи ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни билишлари зарур.

Шунингдек, ушбу талабларда номзоднинг таълим соҳасида камида 5 йиллик педагогик стаж ҳамда раҳбарлик лавозимида ёки халқ таълими бошқаруви органида 2 йиллик иш стажига ёхуд 5 йиллик ҳарбий стажга, камида миллий даражадаги сертификатга эга бўлиши кўрсатиб ўтилган.

Низомга мувофиқ, мактаб директори лавозимига номзодлар келишиш учун тегишли Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига тавсия этилади. Мазкур кенгашларнинг тегишли қарорига асосан муносиб номзод тасдиқлангандан сўнг, вазирликнинг ҳудудий бўлинма раҳбарлари томонидан мактаб директори лавозимига тайинланади.

Мақоладаги соҳа ривожини таъминлаш ва таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида билдирилган тегишли таклифлар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

— Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сон қарори билан тасдиқланган тегишли Низомда олий маълумотли ўқитувчилар навбатдаги мажбурий аттестациядан кетма-кет уч маротаба ўта олмаган ёки узрли сабабсиз аттестацияда иштирок этмаган тақдирда, у билан тузилган меҳнат шартномаси ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли бекор қилиниши белгилаб қўйилган.

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 майдаги ПФ-134-сон Фармонига мувофиқ, халқаро тан олинган сертификат ҳамда халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган миллий баҳолаш тизимида олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга — уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида устама тўланади. Бунда миллий баҳолаш тизимининг халқаро стандартлар талабларига жавоб бериши ваколатли халқаро ташкилотлар томонидан тасдиқланган бўлиши лозим.

— Вазирликнинг тегишли буйруғига кўра, вазирликнинг ҳудудий бўлинма бошлиқлари ҳуқуқий мажбуриятларига мактаб директорлари ва фан ўқитувчиларининг эркин фаолият олиб бориши, таълим сифатига тўсиқ бўладиган турли текширув ва ортиқча қоғозбозликларнинг олдини олиш, бола тарбияси учун, аввало, ота-она жавобгарлигини таъминлаш каби қатор вазифалар ижросини таъминлашга доир зарур ҳаётий нормалар киритиб ўтилган.

— Умумтаълим мактабларидаги “Давлат ва ҳуқуқ асослари” фани 2019-2020 ўқув йилида 339 соатдан 327 соатга, 2020-2021 ўқув йилида 327 соатдан 314 соатга, жами 25 соатга қисқартирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 апрелдаги 128-сон қарори билан ташкил этилган Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази томонидан белгилаб берилган таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурларига қўйиладиган талаблар асосида “Давлат ва ҳуқуқ асослари” фани ўқув дастурлари таҳлил қилиниб такомиллаштирилиши режалаштирилмоқда.

— Мактабларда ўтиладиган “Тарбия” фанининг ўқув мақсадларидан келиб чиқиб, ўқувчиларга уларнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда ҳар ойда бир марта тегишли мавзуларда бадиий китоблар ўқиш ва таҳлил қилиш вазифасини бериш мақсадга мувофиқ.

Вазирлик мутахассислари томонидан умумтаълим муассасаларидаги расмий иш ҳужжатларининг адабий тил меъёрлари ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида юритилиши юзасидан доимий ўқув семинарлари ташкил этиб келинмоқда.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − 16 =