Китобга дўст бўлайлик

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистонда  хизмат кўрсатган журналист Қўчқор Норқобил ўзи туғилиб ўсган Олтинсой туманида бир гуруҳ юртдошлари билан китоб ва китобхонликни, адабиётни тарғиб этувчи учрашувлар ўтказди. Бу заминда китобга, адабиётга, сўзга ўзгача меҳр билан қаралади. Бу гўша ўзбек адабиётининг забардаст вакили Тоғай Муродни ҳам камолга етказган.

Дастлаб адиб Қўчқор Норқобил тумандаги 13-сонли ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида бўлди. У ерда Тоғай Мурод асарлари бўйича туман мактабларидаги юқори синф ўқувчилари ўртасидаги “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” шиори остидаги иншолар танлови жараёни билан танишди.

Юқорида таъкидлаганимиздек, таниқли адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Мурод ҳам шу замин фарзанди. Унинг “Ойдинда юрган одамлар”, “От кишнаган оқшом”, “Отамдан қолган далалар”, “Юлдузлар мангу ёнади” каби асарларини ўқимаган, ўқиб ҳаяжонга тушмаган юртдошларимиз бўлмаса керак.

Ёзувчи Қўчқор Норқобил ёшлар билан бўлган суҳбатида ўқувчиларга бадиий адабиёт, сўз қадрини улуғлаш, китобга меҳр, ёш ижодкорлар ўз қобилиятини ривожлантириш учун нималарга эътибор бериш кераклиги борасида фикр­лари билан ўртоқлашди. Тумандаги  15-сонли Болалар мусиқа  ва санъат мактабида она тили ва адабиёти фани ўқитувчилари ҳамда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар билан дилдан суҳбат қурди.

Адабий кечада ТерДУ ўқитувчиси Аҳад Шукуров, вилоятдаги тармоқ нашрларидан бири бўлган “Халқ  ва ҳаёт” газетаси муҳаррири Нормурод Темиров, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ходими Ортиқ Элмуродовлар қатнашди.

— Ўзинг ўсиб улғайган юрт одамлари билан дилдан суҳбат қуриш жуда-жуда  мароқли, — деди Қўчқор Норқобил. — Бир неча кундирки, туман раҳбари Баҳром Махматраимов билан мактаб­ларда, янги лойиҳалар амалга оширилаётган манзилларда  бўлдик. Ўзгариш­ларни кўриб кўзим қувонди. Бугун эса сиз ёшлар ва устозлар билан дийдорлашиб турганимдан бахтиёрман. Энг асосийси китобхонлик  ҳақидаги суҳбатлар кишига завқ беради. Биз уяли алоқа воситаларидан чарчадик, зада бўлдик. Айниқса, эртанги кун эгаларини китоб­­га ошно этмасак, меҳр-оқибат йўқолади. Катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилиш нималигини билмай қоламиз. Шундай экан, китобга дўст бўлайлик. Ана шунда Янги Ўзбекистонимиз эгалари илмли, тўла саводли бўлиб воя­­га етишади.

Ҳақ гаплар. Инсон тафаккурининг бойиши, камол топишида китобнинг, адабиётнинг ўрни беқиёс. Севимли адибимиз ҳам қўлида қалами, сўзида илм булоғи бўлган ижодкор сифатида “Кафтимдаги қизғалдоқ”, “Хосиятли туш”, “Дераза раҳидаги гул” каби бир нечта шеърий тўпламлар муаллифи саналади.

Бундан ташқари ёзувчи Қўчқор Норқобилнинг “Дарё ортидаги йиғи”, “Кулиб тур, азизим”, “Қуёшни ким уйғотади?..”, “Кўзларингни кўргани келдим”, “Афғон: 2-рота”, “Осмон остидаги сир”, “Биз жангдан қайтмадик…”, “Самодил”, “Урушнинг биринчи куни”, “Уруш тугаса, айтинг, қайтиб келаман”, “Олисларда осмон йўқ эди” деб номланган насрий китоблари ўз мухлисларига эга.

Шу билан бирга адибнинг “Тақдир синовлари”, “Қуёшни сен уйғотасан”, “Нур сояда қолмайди”, “Омад биз томонда”, “Сув кўрмай этик ечма”, “Заминдан олис кетма”, “Дилдаги доғ”, “Ўз уйингдан бахт изла”, “Айёргина аёллар”, “Тоғлардек баланд бўл!” каби драмалари респуб­лика ва вилоят театрларида саҳналаштирилган.

Хуллас, мазкур учрашув таассуротли воқеаларга бой бўлди. Якунда эса Тоғай Мурод хотирасига  бағишланган иншолар танлови ғолиблари аниқланиб, уларга туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг фахрий ёрлиқлари, эсдалик совғалари ҳамда Қўчқор Норқобилнинг китоблар жамланмаси топширилди.

Йўл-йўлакай тумандаги Ахборот-кутубхона  марказида бўлган адиб унинг фаолияти билан танишар экан, яхши бир таклифни ҳам ўртага ташлади. Тумандаги барча корхона, ташкилот ҳамда ўқув муассасалари раҳбарларини ушбу кутубхонага тез-тез таклиф этиш, уларни жалб қилган ҳолда китобхонликни янада кенг тарғиб қилишни йўлга қўйиш керак.

Ушбу таклиф кўпчиликка маъқул бўлди.

Тўрамурод РАҲМОНОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси,

Олтинсой туман ҳокимлиги

Ахборот хизмати бош мутахассиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine + 2 =