Назария ва амалиёт уйғунлиги
Хўжамушкент ота зиёратгоҳи. Асрлар силсиласидан муждалар сўйловчи ушбу қадамжога ҳеч бўлмаганида бирор марта ташриф буюрган киши борки, ўзини узоқ мозийга кириб бораётганини ҳис қилади. Бу гўшадаги сувпопукли чашма, ўнлаб булоқлардан ҳосил бўлган шарқироқ сой, табиати бус-бутун сақланган қишлоқ манзаралари, булбуллар хониши –буларнинг бари кишига экзотик завқ бағишлайди. Айниқса, табиатнинг мафтункор ажойиботлари ижодкорларга, хусусан, ёш журналистларнинг ижодий маҳоратини ўстириш, борлиқ ҳақидаги тасаввурларини кенгайтириш, экожурналистика бўйича амалий кўникмаларини шакллантиришда муҳим ўрин тутади.
Яқинда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Аҳмадали Шерназаров устозлик қилаётган маҳорат мактабининг бир гуруҳ аъзолари иштирокида Жиззах вилоятининг Янгиобод туманидаги Хўжамушкент қишлоғига қилинган медиасаёҳат ҳам шу мақсадда ташкил этилди. Маҳорат мактаби томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Табиат ва журналист” деб номланган лойиҳада журналистика соҳасида таълим олаётган талабалар, мазкур йўналишда ўқишни мақсад қилган умумтаълим мактабларининг битирувчи ўқувчилари, ёш журналистлар иштирок этди.
Журналистика соҳасида устоз-шогирд анъанасининг аҳамияти беқиёс. Айниқса, медиатур шаклидаги, яъни табиат қўйнига ва бошқа манзилларга уюштирилган саёҳатларни бўлажак журналистларнинг касб маҳоратини оширишда фойдаси катта. Хусусан, ёш журналистлар саёҳат билан бирга бугунги куннинг энг глобал муаммоларидан бири бўлган табиатни асраб-авайлаш, флора ва фаунани муҳофаза қилиш бўйича ҳам амалий ва назарий кўникмаларга эга бўлишади.
— Саёҳат дастурига кўра, иштирокчиларимизнинг ўз таассуротлари асосида мақолалар ёзиш, видео ва фотолавҳалар тайёрлаш амалиётини ҳам ўтказдик, — деди устоз журналист Аҳмадали Шерназаров. — Таъкидлаш жоизки, журналист табиат билан қанчалик яқин бўлса, унинг ижодида ўзига хослик, теранлик, шаффофлик бўлади, ранг-баранглик ифодасини топади. Қолаверса, бундай манзилларни ўз кўзлари билан кўриб, бевосита танишишлари асносида Ватанимизнинг бетакрор гўзаллиги ҳақида жўшиб ижод қилиш қобилиятлари янада ошади.
— Ушбу саёҳатдан кейин журналистиканинг кенг қирралилиги, яъни журналист учун кўп нарсани билиш, дунёқарашини кенгайтириб бориши жуда муҳим эканлигига яна бир бор амин бўлдим, — дея ўз ҳаяжонини яширолмайди маҳорат мактаби аъзоси Вазира Хўжамқулова. — Устозимиз журналист қайси йўналишда, хоҳ теле, хоҳ босма, хоҳ интернет журналистика йўналишида бўлсин, аввало, яхши ёзиш қобилиятига эга бўлиши керак, негаки, соҳанинг қай бир йўналишини олманг, ҳар бирида бош воситамиз, бу — сўздир, деб бизга бот-бот уқтирадилар. Биз саёҳат давомида табиат билан боғлиқ кўплаб халқона ва илмий талқинларни ҳам билиб олдик. Хўжамушкент қишлоғи ва зиёратгоҳи тарихи билан ҳам яқиндан танишдик.
Айтиш жоизки, публицист Аҳмадали Шерназаров кўп йиллардан буён ёш журналистларнинг ижодий қобилиятини оширишда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Айни дамда унинг ижодий маҳорат мактабида 50 дан зиёд талаба журналистлар ва ўқувчилар назарий ҳамда амалий жиҳатдан соҳага оид билим ва кўникмаларини ошириб келишяпти.
Занжилой АБДУСАЛОМОВА,
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари
университети талабаси