Умидбахш лойиҳалар

Ўзбекистон энергетика тизимида илк бор йирик гидро тўплаш электр станциялар (ГАЭС) барпо этилади

 

Ёруғлик, аниқроғи, электр энергияси инсониятнинг турмуш тарзига шу қадар сингиб кетганки, ҳаётимизнинг бир кунини ҳам бугун усиз тасаввур қила олмаймиз. Аммо йилдан-йил аҳоли сони ошмоқда, йирик саноат корхоналари кўпайиб бормоқда, янги уй-жой қурилишлари давом этмоқда. Демакки, электр энергиясига бўлган бугунги эҳтиёж эртага янада ошиб бориши турган гап. Бу эса соҳа масъулларининг олдида катта масъулият юклайдики, кечиктириб бўлмайдиган ечимлар таклиф қилиниши, зарур лойиҳалар амалга оширилиши давр талаби бўлиб турибди. Зотан, ўтган қишда кузатилган аномал совуқ шароитида электр энерсияси билан бўлган муаммолар самарали ва тезкор чораларни амалга ошириш заруратини кўрсатмоқда. Шу боис, бугунги кунда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан юртимиз аҳолисини электр энергияси, иссиқлик қуввати билан узлуксиз таъминлаш борасида бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Қуйида ана шундай самарали битимлар ҳақида мухтасар сўз юритмоқчимиз.

Чунончи, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан мамлакатимиздаги мавжуд сув салоҳиятидан самарали фойдаланиш ҳамда электр энергияси тақчиллиги шароитида узлуксиз электр энергияси ишлаб чиқариш борасида ГТЭСларни ишга тушириш юзасидан Хитой Халқ Республикаси компанияси билан англашув меморандуми имзоланилишига эришилди.

Хусусан, куни кеча “Ўзбекгид­роэнерго” АЖ Бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов ҳамда ХХРнинг “China Southern Power Grid International (HK) Co., Ltd” компанияси Бошқаруви раиси Чжан Танжи томонидан Юқори Пскем ГТЭС, Қаратерен ГТЭС, Юқори Пскем ГЭС лойиҳалари бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Аввало, ушбу компания ҳақида икки оғиз маълумот: Хитойнинг “China Southern Power Grid International (HK) Co., Ltd” компанияси ГТЭС қуриш бўйича юқори тажрибага эга ҳамда Халқаро Fortune Global-500 рейтингида 89-ўринда туради.

Мазкур компания юқори даражадаги тажрибага эга ҳисобланиб, бир қатор йирик гидро электр станциялар барпо этган. Шу жумладан, “Уч дара” (қуввати 22,5 ГВт, ўртача йиллик ишлаб чиқариши 105 млрд. кВт соат электр энергияси) ГЭС қурилишида ҳам иштирок этган.

Мазкур меморандумга асосан Ўзбекистон гидроэнергетика соҳасида давлат-хусусий шерик­лик тамойили асосида хорижий инвестициялар ҳисобига юқори энергетик салоҳиятга эга, умумий қиймати 1 млрд. 640 млн. АҚШ долларига тенг бўлган, умумий қуввати 820 МВт бўлган 3 та ло­йиҳа: Юқори Пскем ГТЭС (қуввати 200 МВт), Қаратерен ГТЭС (500 МВт) ҳамда Юқори Пскем ГЭС (120 МВт) – гид­роиншоотлари бунёд этилади.

Меморандум доирасида дастлаб ўзбек-хитой компаниялари томонидан қўшма ишчи гуруҳи таркибини шакллантириш борасида келишиб олинди.

Жорий йилда томонлар ўртасида тузилган қўшма ишчи гуруҳи томонидан лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилиши назарда тутилмоқда. Бу жараёнга халқаро тоифадаги эксперт-мутахассисларнинг ҳам жалб этилиши кўзда тутилган. Мазкур лойиҳалар тўлиқ қувватда 2030 йилга қадар ишга туширилиши белгиланган.

ГТЭСларнинг ишга туширилиши натижасида йиллик ўртача 3 млрд. кВтсоат электр энергияси ишлаб чиқарилиши натижасида 835 млн. 655 минг м3 ўртача йиллик табиий газ тежалади. Шунингдек, атмосферага чиқувчи зарарли ис гази миқдори камайишига эришилади.

Энг муҳими, ушбу лойиҳалар тўлиқ қувватда ишга туширилганидан сўнг 500 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади ҳамда 1 млн. 600 мингдан ортиқ аҳоли узлуксиз электр энергияси билан таъминланади.

Бунинг натижасида Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар чекка ҳудудларидаги аҳоли сифатли ва узлуксиз электр энергиясига эга бўлади. ГАЭСларнинг ишга туширилиши истеъмолнинг энг юқори юклама (тиғиз) пайтида, айниқса, совуқ ва иссиқ мавсум чоғларида содир бўладиган электр энергиясидаги узилишларнинг олдини олишга муҳим ҳисса қўшади.

Юқори қувватдаги мазкур лойиҳаларда асосий эътибор электр таъминотидаги муаммоли ҳудудларга йўналтирилади. Бугунги кунда ўсиб бораётган мамлакатимиз аҳолисини ҳисобга олган ҳолда, энергия истеъмолининг тобора ортиб боришида юзага келаётган электр энергияси муаммоларига ижобий ечим бўлади. Айтиш жоизки, мазкур амалий ҳамкорлик натижасида мамлакатимиз гидроэнергетик салоҳияти янада ортади ҳамда кўзда тутилган янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш орқали тоза ва арзон электр энергия манбаини ишлаб чиқариш ҳаж­ми кескин ошишига замин яратилади.

Албатта, соҳа ҳали муаммолардан бутунлай холи бўлгани йўқ. Аммо мана шундай умидбахш лойиҳалар халқимиз хонадонларида, иш жойларида ва элга хизмат кўрсатадиган муассасаларда чироқлар ўчмаслигига ишонч уйғотади. Президентимиз раҳнамолигидаги бу каби кенг кўламли изланишлар бардавом бўлиши шубҳасиз. Бундай лойиҳалар аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжларининг қондирилиши баробарида ишлаб чиқариш ва саноат ривожига ҳам самарали таъсир кўрсатади. “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан ГТЭСларни ишга тушириш юзасидан Хитой Халқ Республикаси компа­нияси билан англашув меморандуми имзоланилишига эришилгани бу йўлдаги дадил қадамлардандир.

Равшан БОЙҚУЛОВ,

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ

Ахборот хизмати раҳбари

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − thirteen =